Мурожаатга эътиборсиз қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ
Мурожаатга эътиборсиз қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ

 

Ўзбекистонда кейинги йилларда фуқаролар мурожаатига муносабат тамоман ўзгарди. Бир пайтлар муаммоси бор кишилар кўп ҳолларда қўлида қоғози билан идорама-идора сарсон юрган, муаммосини кимга айтишни билмаган. Масъул раҳбарнинг йиғилишдан чиқишию хизмат сафаридан келишини кунлаб кутишган. Ҳозир вазият бошқача. Бунга эришиш осон бўлгани йўқ.

Узоқ вақт ёпиқ турган эшиклар очилди. Раҳбарлар хонасига қамалиб олмай, аҳоли орасида кўпроқ юряпти. Ҳатто бир пайтлар одамлар танимаган, фақат исмини эшитган, пойтахтда ўтирган вазирлару катта-катта идораларнинг раҳбарлари ҳам жойларга чиқиб, олис ҳудудларга бориб, сайёр қабуллар ўтказяпти. Одамларнинг ҳаёт даражасини, жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўз кўзи билан кўряпти. Парламент ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловчилари билан тез-тез учрашяпти, муаммоларни тинглаяпти, таклифлар, мурожаатларни ўрган япти.

Аксарият депутатлар жойлардаги реал вазиятни ўз кўзи билан кўриб, одамлар билан юзлашмоқда. Шунинг учун сайловчи мурожаатида кўтарилган масаланинг ипидан игнасигача билади, қоғоздаги маълумот билан уни алдаб ҳам бўлмайди. Сайловчиларга қулоқ тутиш, улар билан елкама-елка туришда гап кўп.

Мавзуга ҳамоҳанг тарзда Партиямизнинг маҳаллий Кенгашларига бўлаётган мурожаатлар, депутатларнинг сайловчилар билан мулоқотлари, муаммолар таҳлилига, уларнинг ечимига қаратилган амалий ҳаракатлар натижадорлигига эътибор қаратамиз.

 

10 мингдан ортиқ фуқаронинг қандай муаммоси бор?

Маълумки, Халқ демократик партияси тизимида мурожаатлар билан ишлашда катта тажриба тўпланган. Хусусан, партия Жамоатчилик қабулхонасида бир неча йиллардан бери қанчадан-қанча сайловчиларнинг, электорат вакилларининг мурожаатлари ижобий ҳал этилди. Айниқса, сайёр қабуллар, кўчма Жамоатчилик қабулхоналари орқали партия фаоллари ва депутатлар чекка қишлоқларга ҳам бориб, уйма-уй юриб, сайловчилар мурожаатларини тинглашяпти. Энг муҳими, мурожаатлар эшитиляпти, эътиборсиз қолмаяпти.

Бизга берилган маълумотларга кўра, жорий йилнинг ўтган 10 ойи давомида партиямиз ташкилотлари ва депутатларга 10215 та мурожаат тушган. Шундан 1732 таси коммунал соҳа, яъни йўл, газ, сув, электр энергиясига тааллуқли. Уй-жой ва ер олиш масаласида 523 нафар сайловчи мурожаат қилган бўлса, 1176 нафар киши ишга жойлашишда ёрдам сўраб келган. Ушбу рақамларнинг ўзиёқ бугун ҳудудларда аҳолини нималар ўйлантираётгани, одамларнинг кўпроқ нимага эҳтиёжи борлигини кўрсатиб турибди.

Таҳлилларга кўра, жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида парламент қуйи палатасидаги Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларига 2095 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1167 тасига ижобий ечим топилди, 775 та мурожаат кўриб чиқиш учун тегишлилиги бўйича мутасадди ташкилот ва идораларга юборилди, қолган 153 таси кўриб чиқиш жараёнида.

 

Дилбар МАМАДЖАНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик Палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси:

– Мурожаат қилиш фуқароларнинг муҳим сиёсий ҳуқуқларидан биридир. Эътибор билан кўриб чиқсак, уларда нафақат муаммолар, балки одамларимизнинг кайфияти, шарт-шароити, олиб борилаётган ислоҳотларга муносабати ҳам акс этади. Демак, мурожаатга эътиборсиз қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Агарда таққослайдиган бўлсак, бугунги кундаги мурожаатлар бундан 5-6 йил олдин қилинган мурожаатлардан кескин фарқ қилади. Авваллари одамлар кўпроқ шахсий муаммоларини ҳал қилиш учун ёрдам сўраб мурожаат қилган бўлса, ҳозир ундай эмас. Айни вақтда мурожаатлар асосан жамоавий, яъни маҳалла аҳолиси учун инфратузилмани яхшилаш, таълим ва соғлиқни сақлаш масканларини қайта қуриш ёки капитал таъмирлаш масалаларида бўлмоқда. Демак, одамларда яшаб турган қишлоғи, маҳалласи, ўз ҳудудига дахлдорлик кучайган.

Шу ўринда яна бир гап. Мамлакатимизда мурожаатларни ҳал этиш юзасидан турли лойиҳаларни жорий қилиш, маҳаллий муаммоларни аҳоли ташаббускорлиги асосида бартараф этиш мақсадида ташкил этилган «Ташаббусли бюджет», «Менинг йўлим» лойиҳалари асосида муаммолар сони камаяётгани кузатиляпти.

Яқинда Фарғона вилоятининг Фарғона тумани «Юқори Водил» маҳалла фуқарлар йиғини аҳолиси ҳамда 3-сонли ўрта умумтаълим мактаби жамоаси мактабга қўшимча бино қуриш масаласида, «Обод», «Юқори Водил», маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси тадбиркорликни ривожлантиришлари учун ҳудудга канализация тармоғини тортиш масаласида мурожаат қилишди. Мазкур мурожаатларни белгиланган тартибда юқори турувчи вазирликларга юбордик, албатта, шунинг ўзи билан чекланмай, мурожаатларга ечим топиш йўлларини қидирамиз.

«Новкент» маҳалла фуқаролар йиғинида яшовчи ногиронлиги бўлган шахс Д.Ўринов 3 ойдан буён кластердан ойлик иш ҳақини ололмаганлиги юзасидан мурожаат қилди ва фуқаронинг ойлик иш ҳақи ундириб берилди.

Ҳудудда фақат депутатлар эмас, туман ҳокими бошчилигида сектор раҳбарлари, туман ҳокимининг ўринбосарлари, фаоллар ҳар бир маҳалладаги муаммоларни ўрганиш ва бартараф этиш юзасидан тизимли ишларни олиб боришмоқда.

Кейинги пайтларда депутатлар ўз округларига тез-тез борадиган бўлди, муҳит ҳам, муносабат ҳам ўзгарди. Ҳозир депутатлар халқнинг олдига боришдан, дардини эшитишдан чўчимайди, қочмайди. Чунки муаммоларни ўрганиш, ҳал этиш юзасидан ваколат етарли. Фақат ҳар бир мурожаатга катта муаммодек қарасак ва ўрнида ҳал этилишига эришсак бўлди. Шунда одамлар ҳам ҳаётдан рози бўлиб яшайди. Бу янги ва халқчил қонунларнинг яратилиши учун ҳам замин яратади, албатта.

 

Энг кўп мурожаат коммунал соҳадан бўляпти

Махмуд ЕСЕНГЕЛДИЕВ,

ЎзХДП Қорақалпоғистон Республика кенгаши раиси ўринбосари:

– Албатта, ҳар бир мурожаат ортида инсон манфаатлари бўлади. Бир идора эшигини тақиллатиб, ўз муаммоларини айтаётган одамлар оғирини енгил қилишимиз, ҳар бир мурожаатга масъулият билан ёндашишимиз талаб этилади. Бугун халқ билан ҳамнафас бўлиш, унинг қувонч ва шодликларига шерик бўлиш, қийналган дамларида амалий ёрдам кўрсатиш учун бор куч-ғайратимизни ишга солишимиз керак.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Қорақалпоғистон Республика, туман ва шаҳар кенгашлари қошида ташкил этилган Жамоатчилик қабулхоналарига шу йилнинг ўтган 11 ойи давомида 732 та мурожаат келиб тушди. Шундан ҳозиргача 713 таси ижобий ҳал қилинди. Таҳлил қилиб кўрадиган бўлсак, 200 нафардан ортиқ электоратимиз вакиллари моддий ёрдам сўраб келган бўлса, 161 нафар сайловчилар коммунал соҳа билан боғлиқ масалада мурожаат қилишган. Уй-жой ва ер олиш масаласида 33 та, иш билан таъминлашда ёрдам сўраб 57 та, иш ҳақи, нафақа ва пенсияларни ўз вақтида ололмаётган фуқаролардан 13 та, ижтимоий масалалар ва соғлиқни сақлаш масалаларида 72 та, банк ва кредит масалаларида 57 та мурожаат келиб тушди.

Масалан, Нукус шаҳри «Жийдели байсын» МФЙ «Қыят қала» кўчасида яшовчи фуқаро Ғ.Бекбергенов кўчани асфальтлаб бериш масаласида Олий Мажлис Сенати аъзоси Гулистон Аннақиличевага мурожаат қилган. Сенатор ушбу масалада Нукус шаҳар ҳокимлигига сўров билан чиққан. Натижада «Қыят қала» кўчасини асфальт қилиш масаласи жорий йилги «Обод маҳалла» дастурига киритилиб, шаҳар ободонлаштириш бошқармаси томонидан тўлиқ асфальт қилиниб, масала ижобий ҳал этилган.

Қўнғирот тумани «Қўнғирот» ОФЙ ҳудудида яшовчи фуқаролар ҳудуддаги овулларни тоза ичимлик суви таъминлаш масаласида амалий ёрдам беришни сўраб, халқ депутатлари Қўнғирот туман Кенгаши депутати Олим Оринбаевга мурожаат қилган. Депутат масала юзасидан туман ҳокимлигига депутатлик сўрови билан чиқди. Натижада овулларни тоза ичимлик суви билан таъминлаш масаласи тегишли дастурга киритилиб, жорий йилда 1 млрд 156 млн сўмлик, 200 диаметрлик ичимлик сув тармоғи қурилди.

Албатта, булар депутатларимиз мурожаатларга жиддий эътибор бераётгани, уларни ижобий ечишда жонбозлик кўрсатаётганига мисол, холос. Энг муҳими, бу орқали қанчадан-қанча аҳолини ўйлантирган муаммолар ҳал этилди, одамларнинг оғири енгил бўлди. Албатта, мурожаатларни ҳал қилиш масаласида ҳали қиладиган ишларимиз кўп, депутатларимиз зиммасида катта масъулият турибди.

 

Мурожаатларни қоғозда ёпиб бўлмайди

Зулфия ТЎЙЕВА,

ЎзХДП Бухоро вилоят кенгаши раиси, халқ депутатлари вилоят Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

– Албатта, фуқаро мурожаатларига эътибор – биринчи галдаги вазифа. Негаки, ҳар бир масала ортида инсон тақдири ётади. Шундай ҳоллар бўладики, қоғозда мурожаат ҳал этилгани қайд қилинади. Лекин биз ҳудудларга борганимизда яна мурожаат қилишади, мурожаатчилар иши ҳал этилганидан хабари йўқ бўлади. Қандай қилиб? Чунки, баъзида фуқаролар билан учрашмасдан, муаммо ечилмасдан мурожаатлар қоғозда ёпиб юборилган бўлади. Энди ўйлаб кўрайлик, бундан кимга фойда, кимни алдаяпмиз? Масалани назоратдан чиқариш эмас, уни ечиш, одамларнинг оғирини енгил қилиш асосий масала бўлиши керак.

Ҳеч ким бировнинг эшигини шунчаки тақиллатмайди. Инсон қачонки, муаммога дуч келса, уни ҳал этиш учун ўзи ҳам чорасиз бўлсагина давлат идораси ёки жамоат ташкилотига боради. Янада оддийроқ қилиб айтганда, пичоқ суякка қадалганда.

Одамлар муҳтожликдан, қайсидир жойда ҳуқуқлари поймол қилинганидан нажот сўраб, катта умид билан мурожаат қилади. Бунинг ортида кўп ҳолларда инсон тақдири туради ёки бўлмаса ҳудуддаги юзлаб, минглаб инсонларни қийнаётган муаммо туради. Шунинг учун муаммоларга, мурожаатларга бармоқ орасидан қарашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Мурожаатлар кўпайишини ҳар бир мутасаддига берилган баҳо, деб қабул қилсаккина ижобий натижаларга эришилади, деб ўйлайман.

Депутатлар билан гаплашганимизда округларда сайловчилар билан учрашувларда, ҳудудларда сайёр қабуллар ўтказилганда аҳоли эътирозларига сабаб бўлаётган масалалар кўтарилаётгани таъкидланди. Мурожаатларни ҳал қилишда айрим тўсиқларга дуч келинаётгани айтилди.

 

Анвархон НАБИЕВ,

халқ депутатлари Фарғона вилоят Кенгашидаги ЎзХДП гуруҳи раҳбари:

– Мутасадди ташкилотларга мурожаат хати билан чиқилганда келган жавоб хатлари кишини таажжублантиради. Аксарият ҳолларда биз сўраган аниқ масала бир четда қолиб, унга бевосита алоқаси йўқ маълумотлар ёки «шаблон» жавоб жўнатилади. Мазкур ташкилотларнинг мутасадди ташкилотлари жойларда одамлар дуч келаётган муаммолардан яхши хабардор эмасми, деб ўйлаб қоласан киши. Кўп ҳолларда жавоб хати ҳам номига ёзилганга ўхшайди.

Депутат мурожаати ортида кўплаб инсонларнинг манфаати туради. Аммо айрим мутасаддилар ҳали-ҳамон бу муҳим масалага беписанд қарамоқда. Айрим ташкилотлар мутасаддилари бу ҳақдаги танқидий фикрлардан ўзларига хулоса чиқармаган, халқимиз олдида ҳисобдор эканини тўғри англамаган кўринади. Муаммога юзаки ёндашиш, мурожаатга номига жавоб ёзиш билан ҳурмат топиб, одамларни рози қилиб бўлмайди.

* * *

Маълумки, депутат ёки сенатор сўровига белгиланган вақтда жавоб бермаганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 193-моддаси билан жавобгарлик белгиланган. Унга кўра, давлат органларининг, фуқаролар ўзини ўзи бошқариш органларининг, мулкчилик шаклидан қати назар корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг мансабдор шахслари томонидан парламент сўровини, депутат, сенатор сўровини кўриб чиқмасдан қолдириш ёки уларни кўриб чиқиш муддатларини узрли сабабларсиз бузиш ёхуд улар юзасидан била туриб нотўғри маълумотларни қасддан тақдим этиш – мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 7 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади.

Ҳақиқатан ҳам, депутат сайловчи мурожаати, таклиф-мулоҳазалари, фуқароларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида мутасадди ташкилотларга депутатлик сўрови билан чиқади. Мутасадди ташкилотлар раҳбарлари бундай сўровларга жавоб беришга ҳам қонун, ҳам виждон олдида мажбурдир.

Шунинг учун Халқ демократик партияси 2024 йилда бу борада қатий сиёсат юритишни мақсад қилди. Депутатлар сўровларига эътиборсизлик, жавоб бермаслик ҳолатлари бўйича талабчанликни ошириш, бу борада қонуний чора қўлланилишига эришиш, мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг масъулиятини кучайтириш диққат марказида бўлади.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 13.12.2023, №49

 

 

 

 

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш