Бола ҳуқуқлари бўйича яна бир мустаҳкам ҳуқуқий асос
Бола ҳуқуқлари бўйича яна бир мустаҳкам ҳуқуқий асос

 

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) тўғрисида”ги қонун лойиҳаси обдон муҳокама қилиниб, қабул қилинди.

Қонун лойиҳасида Болалар омбудсманининг фаолияти, ҳуқуқлари, мажбуриятлари, вазифалари ҳамда давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги каби муҳим нормалар мустаҳкамлангани эътиборга молик.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя қилиниши ҳолати ҳақида маъруза тақдим этиши ҳам мазкур ҳужжатда акс этган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг маърузасини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг мажлисларида кўриб чиқиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади. Вакилнинг маърузасини кўриб чиқиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари томонидан қарорлар қабул қилинган тақдирда, мазкур қарорлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга юборилади.

Яъни, халқ уйи минбарида халқ вакиллари бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига оид масалани кўриб чиқишади. Буни мамлакатимизда бола ҳуқуқларига берилаётган эътиборнинг узвий ва амалий ифодаси сифатида баҳолаш мумкин.

Яна бир масала. Қонун лойиҳасига кўра, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг фаолиятига доир масалалар бўйича қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан тегишли давлат органларига таклифлар киритишга ҳақли экани мустаҳкамланмоқда. Энг муҳими, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қонунчилик ҳужжатлари лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этиши мумкин бўлади.

Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларига доир масалалар бўйича қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари мажбурий тартибда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан келишилиши энг муҳим янгиликлардан биридир. Ушбу қоидадан ҳам кўриниб турибдики, қонунчилик ҳужжатларида бола ҳуқуқлари қай даражада акс этиши бундан кейинги кун тартибидаги асосий жиҳатлардан бири бўлади.

Шу билан бирга, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан давлат органлари, ташкилотлар ва мансабдор шахсларга бола ҳуқуқларига риоя этилиши тўғрисидаги қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги ҳақида огоҳлантириш эълон қилиши, бола ҳуқуқларига риоя этилиши ҳақидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишлар, сабаблар ва уларга имкон берувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида эса тақдимнома киритилиши белгиланмоқда.

Қонун лойиҳасидаги муҳим жиҳатлардан яна бири, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган таълим, тарбия, тиббиёт муассасаларига, вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказларига, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига, тергов ҳибсхоналари ва тарбия колонияларига мунтазам кириб туриш орқали болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўриши мустаҳкамланмоқда.

Таклиф этилаётган ҳужжатда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги ўз аксини топмоқда. Хусусан, парламент назоратининг субъектлари, Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Олий суд, Вазирлар Маҳкамаси, суриштирув, тергов органлари, прокуратура ва Болалар масалалари бўйича миллий комиссияси кабилар билан ҳамкорлиги белгилаб қўйилмоқда.

Умуман олганда, мазкур қонун лойиҳасининг қабул қилиниши бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишда мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш