Миллий армиямиз — осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолати
Миллий армиямиз — осойишта ҳаётимизнинг мустаҳкам кафолати

 

Тинчлик барча соҳалар ривожи, халқ турмуши фаровонлиги ва юрт тараққиёти учун пойдевордир. Шу боис, бутун дунёда тинчлик доимо энг улуғ неъмат сифатида қадрланади. Уни асраш ва Ватанни ҳимоя қилиш чинакам мард инсоннинг шарафли бурчи ҳисобланади. Мамлакатимизда ҳам бу борадаги эзгу қадриятлар бардавомлигини таъминлаш доимий эътиборда. Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатини юритишда тинчлик ва тараққиётга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қолаверса, кунни тунга улаб юрт сарҳадларини қўриқлаб, халқимизнинг тинч ва осойишта ҳаётини таъминлаб келаётган Ватан ҳимоячиларини шарафлаш, уларнинг масъулиятли касбини улуғлаш жамиятимиздаги ислоҳотларнинг муҳим йўналишига айланган, Юртимизда 14 январь — Ватан ҳимоячилари куни сифатида кенг нишонланиши тинчлигимиз ва осойишталигимиз посбонларига бўлган юксак эҳтиром нишонасидир.

Бу йил Қуролли Кучларимиз ташкил топганининг 32 йиллиги кенг нишонланмоқда. Шу муносабат билан мамлакатимиз бўйлаб байрам тадбирлари ташкил этилмоқда. Айтиш керакки, ўтган йиллар мобайнида Қуролли кучлар тизимида улкан ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, янги Мудофаа доктринаси қабул қилиниб, ҳарбий тузилмаларнинг таркиби ва вазифалари чуқур қайта кўриб чиқилди. Қўшинларни бошқариш тизими такомиллаштирилди, миллий армиямиз замонавий қурол-яроғ ва техника воситалари билан таъминланди.

Тарихимизда илк бор ўз моҳиятига кўра ноёб тизим — ҳарбий-маъмурий секторлар ташкил этилди. Бундай иш усули жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мамлакатимиз мудофаа қудратини мустаҳкамлашга фаол жалб этиш имконини берди. Мудофаа саноатида маҳаллийлаштириш ишлари йўлга қўйилди.

Натижада соҳанинг моддий-техник базаси янгиланди. Ҳарбий хизматчиларнинг касбий билим ва маҳорати оширилиб, моддий таъминоти янги даражага кўтарилди. Шунингдек, ҳар томонлама билимли, маҳоратли, жасур ва довюрак, иродали Ватан ҳимоячиларини тарбиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Ҳарбий хизматчиларнинг назарий билимини мунтазам ошириш, замонавий техника, қурол-яроғлардан юқори савияда фойдалана олишини таъминлаш мақсадида таълим стандартлари ривожланган давлатлардаги каби юқори даражага кўтарилди. Амалий машғулотлар мунтазам ўтказилиши йўлга қўйилди. Ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш ҳамда республикамиз Қуролли Кучлари тизимидаги маънавий-маърифий ишлар самарадорлигини оширишда билимдон, халқига, Ватанига хизмат қилишга содиқ ёшларни тарбиялаш бўйича кенг миқёсли ишлар амалга оширилмоқда. Замонавий фикрлайдиган, давлатимиз манфаатлари ва суверенитетини фидокорона ҳимоя қилишга тайёр бўлган жисмонан соғлом ва маънан етук ёш авлодни тарбиялаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Мудофаа, Ички ишлар, Фавқулодда вазиятлар вазирликлари, Давлат хавфсизлик хизмати ва Миллий гвардия таркибида “Темурбеклар мактаби” ҳарбий-академик лицейлари ташкил этилди.

Ушбу таълим даргоҳларида бўлажак ҳарбийлар ёшлигиданоқ сараланиб, маънавий-ахлоқий ва ҳарбий-ватанпарварлик руҳида, жисмонан баркамол этиб тарбияланмоқда. Ўқувчиларда кенг дунёқараш, интеллектуал салоҳият, ижодий ва таҳлилий фикрлаш ривожлантирилиб, табиий ва аниқ фанлар, хорижий тиллар ва замонавий ахборот технологиялари бўйича мустаҳкам билим берилмоқда. Ҳарбий ишдаги бошланғич билимлар ўқитиляпти. Уларга бутун жаҳон талаблари асосида таълим олиш имконияти яратилмоқда.

Эътироф этиш керакки, мазкур жараёнлар юртимизда миллий профессионал армиямизни шакллантириш учун қўйилган муҳим қадамлардан биридир. Зеро, дунёнинг ҳар қандай замонавий қурол-яроғи ва техникаси интеллектуал салоҳиятга эга, билимли ва маънан баркамол кадрлар томонидан бошқарилади. Шу боис, бугун мамлакатимиз мудофаа тизимида кадрлар миллий захираси профессионал мутахассислар билан тўлдирилмоқда.

Шунингдек, Президентимизнинг тегишли қарорига мувофиқ, олий ҳарбий таълим тизимида ҳам бир қатор ислоҳотлар амалга оширилди. Жумладан, Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти негизида хорижнинг илғор технологиялари ва замонавий ўқув воситаларини ўзида мужассам этган Қуролли Кучлар Академияси, Қуролли Кучлар Ҳарбий тиббиёт академияси ҳамда Жамоат хавфсизлиги университети ташкил этилди.

Бошланғич ҳарбий таълимни ўзлаштирган ёшлар мазкур ҳарбий олий таълим муассасаларида, шунингдек, Чирчиқ олий танк қўмондонлик-муҳандислик билим юрти, Олий ҳарбий авиация билим юрти, Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институтида профессионал билим ҳамда кўникмаларга эга бўлмоқда. Меҳнат фаолияти давомида эса жаҳоннинг ривожланган мамлакатларида малака ошириб, энг сўнгги ҳарбий ахборот технологиялари ва қурол-аслаҳаларидан амалиётда кенг фойдаланяпти. Чинакам ҳарбийча ҳаётга мослашиб, ўз юрти ва халқига садоқат билан хизмат қилмоқда.

Миллий армиямизнинг ташкилий тузилмалари такомиллаштирилиши натижасида қўшинларнинг жанговар тайёргарлиги, ҳарбий қудрати ва салоҳияти янада оширилди. Ҳарбийларимиз халқаро ҳарбий ўқув-машғулотлар, армия ва спорт мусобақаларида фахрли ўринларни эгалламоқда. Мамлакатимизда олиб борилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз ҳар қандай хавф-хатарга муносиб зарба бера оладиган қудратли, тезкор ва самарали кучга айланди. Халқимиз ва ҳарбийларимизнинг ҳамжиҳатлиги тобора мустаҳкамланмоқда. Юртдошларимиз орасида фарзандини ҳарбий соҳага ўқитиш иштиёқи тобора ошяпти. Армия сафларида йигитлик бурчини ўташ ҳозирги ёшларнинг катта мақсадларидан бирига айланди.

Минтақамизда очиқлик ва миллий манфаатларни ўзаро ҳисобга олиш тамойилларига асосланган ҳолда, Марказий Осиёдаги қўшни давлатларнинг юқори даражадаги ҳарбий делегация раҳбарлари билан ҳарбий соҳада яқин шериклик алоқалари ўрнатилди, қўшма меморандумлар имзоланди. Шунингдек, ҳарбий дала ўқув майдонларида амалий қўшма ўқув машғулотлари биргаликда ўтказилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзолари ижтимоий қўллаб-қувватланиб, ҳарбий шаҳарчалар ободонлаштирилмоқда. Уларда замонавий инфратузилмалар барпо этиш бўйича тизимли ишлар изчил давом эттирилмоқда.

Хусусан, ҳарбий шаҳарчалар ҳудудида маҳалла фуқаролар йиғинлари фаолияти йўлга қўйилмоқда. Ҳарбий шаҳарчалар замонавий қиёфага эга бўлди. Моддий таъминот хизматлари соҳасига аутсорсинг тизими жорий этилди. Ўтган йиллар давомида ҳарбий хизматчилар оиласини хонадонлар билан таъминлаш учун кўп қаватли уй-жойлар барпо этилди. Ҳарбий хизматчиларнинг оила аъзолари учун қўшимча равишда кўплаб янги иш ўринлари яратилди. Ҳарбий хизматчиларнинг фарзандларига олий ўқув юртларида таълим олишлари учун давлат грантлари ажратилди.

Мазкур ислоҳотлар бугунги кунда ҳам давом эттирилиб, Мудофаа вазирлиги қўшинларининг жанговар шайлиги ва тайёргарлиги ҳамда ўқув моддий техник базасини янада такомиллаштиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Янги Ўзбекистоннинг 2022—2026 йилларга мўлжалланган Тараққиёт стратегиясига кўра, замонавий жанг ва ҳарбий санъатни ҳамда хорижий армияларнинг илғор тажрибасини ўрганиш асосида қўшинлар жанговар шайлигини ривожлантириш кўзда тутилган.

Шу билан бирга, мазкур стратегияга мувофиқ, Ўзбекистон мудофаасини бошқариш Миллий маркази замонавий алоқа ва ахборотлаштириш воситалари билан жиҳозланди. Мамлакат ҳарбий хавфсизлигини таъминлаш ва мудофаа салоҳиятини мустаҳкамлаш борасидаги қонунчилик ҳужжатлари такомиллаштирилаётир. Шу йил 2 январь куни Президентимиз раислигида мудофаа қурилиши ва Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларини ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ҳам ушбу масалага алоҳида эътибор қаратилди. Қўшинларнинг жанговар шайлиги ва қобилиятини янада ошириш, замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника билан таъминлаш, мавжуд қурол-яроғ намуналарини модернизация қилиш, шунингдек, ҳарбий хизматчилар, оила аъзолари ва Қуролли Кучлар фахрийларини ижтимоий ҳимоя қилиш масалалари муҳокама қилинди.

Бу бежизга эмас. Чунки глобаллашув ва кескин рақобат даврида дунёнинг турли бурчагида, жумладан, минтақамизда юз бераётган қуролли можаро ва қарама-қаршиликлар, янги таҳдид ва хатарлар биздан доимо огоҳ ва ҳушёр бўлишни талаб этади. Ана шундай ғоят масъулиятли вазиятда мамлакатимизда тинчлик ва осойишталикни, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатлаш ҳамда ҳимоя қилишда Қуролли Кучларимиз, хавфсизлик ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг ўрни ва аҳамияти тобора ортиб бормоқда.

Жонажон Ўзбекистонимизда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги ишларни янада самарали ташкил этиш ҳар қачонгидан ҳам муҳим. Айнан шунинг учун ҳам “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида Қуролли Кучларнинг рақамли салоҳиятини ошириш ва ахборот хавфсизлигини таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш бўйича билим ва кўникмасини ошириш муҳим ишлардан бири этиб белгиланган.

Умуман айтганда, бундай ўзгаришлар туфайли миллий армиямиз ҳар қандай таҳдид ва хавф хатарга қарши муносиб зарба бера оладиган эл-юрт таянчи ва суянчига, ёшлар ва ҳарбий хизматчиларни ватанпарварлик ва садоқат руҳида тарбиялашнинг муҳим институтига айланмоқда. Бундан ташқари, ҳарбийларимиз мамлакат ижтимоий ҳаётида ҳам фаол иштирок этмоқда. Жумладан, минглаб умумтаълим мактаблари ҳарбий қисмларга бириктирилди. Айниқса, қўшинлардаги “Ватанпарвар” тарғибот-ташвиқот гуруҳлари ўз сафларига ёшларни жалб этган ҳолда ижтимоий ҳимояга муҳтож ва кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган, ёлғиз кекса ва ногиронлиги бўлган шахсларга моддий ва маънавий ёрдам берилмоқда. Энг асосийси, “Армия ва халқ — бир тану бир жондир” деган улуғ ғояни амалда таъминлаш борасида тизимли ишлар туфайли миллий армиямиз юрт тинчлиги ва халқ осойишталиги учун хизмат қилмоқда.

 

Ойбарчин АБДУЛЛАЕВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш