Даромад 100 миллион сўмдан ошганда солиқ тўланиши тенг ҳуқуқлиликни таъминлайди
Даромад 100 миллион сўмдан ошганда солиқ тўланиши тенг ҳуқуқлиликни таъминлайди

 

Маълумки, 2023 йил 28 декабрдаги Ўзбекистон Республикасининг қонуни билан Солиқ кодексининг 369-моддасига ўзгартириш киритилди. Унга мувофиқ, якка тартибдаги тадбиркорлар ва ўзини ўзи банд қилган фуқаролар даромади 100 миллион сўмдан ошганда, солиқ тўлашни бошлайди.

Ушбу тартиб кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Бу ҳақда халқ депутатлари Юнусобод туман Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳи раҳбари Абдужаббор Очилов қуйидагиларни қайд этди:

– Аввал ўзини ўзи банд қилган шахслар солиқдан озод бўлган ва бир қанча имтиёзларга эга эди. Солиқ кодексининг 369-моддасига киритилган ўзгартиришга кўра, жорий йил 1 январдан бошлаб ўзини ўзи банд қилган шахсларнинг даромадлари юз миллион сўмдан ошгандан кейин уларга ҳам якка тартибдаги тадбиркорлар учун белгиланган тартибда солиқ солиниши белгиланди.  

Халқ демократик партияси вакили сифатида ушбу қонунда белгиланган тартибни тўла қўллаб-қувватлайман. Чунки бугунги кунда ўқитувчи ҳам, ишчи-меҳнаткаш, оддий фаррош ҳам ўзи олаётган ойлик маошидан даромад солиғи тўлайди. Бу солиқлар эса асосан ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсларга, ногиронларга кетади.

Бугун кўпгина юртдошларимиз Интернет, ижтимоий тармоқлар орқали ҳам даромад топмоқда. Ҳар бир чиқаётган реклама, берилаётган консультация, маҳсулот сотиш – барчасининг ортида даромад бор. Демак, тенг ҳуқуқлиликни таъминлаш учун улар ҳам қонунчиликда кўрсатилганидек, топаётганидан даромадидан даромад солиғини тўлаши керак. Бу тенг ҳуқуқлилик принципини ҳамда Конституциямизда белгиланганидек, қонун устуворлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Муҳтарама Комилова ёзиб олди.

ЎзА

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш