Ёшлар ўзлари ҳақида
Ёшлар ўзлари ҳақида

 

2048 йилга бориб мамлакатимизда меҳнатга лаёқатли аҳоли сони энг юқори кўрсаткичга етади. Бу олиб борилган социологик сўров натижалари асосида берилган хабар. Унга кўра, 15-20 йилдан сўнг Ўзбекистон ноёб демографик дивидентни бошдан кечиради. Табиийки, бунда ишга лаёқатли аҳолининг асосий қисмини ёшлар ташкил қилади.

Мутахассисларнинг хавотири шундаки, бундай демографик ўзгариш ижтимоий вазиятни барқарорлаштиришда турли муаммоларни юзага келтириши мумкин. Ишсизлик даражаси билан бирга, салоҳиятли кадрлар миграцияси ортиб кетиши, фуқароларнинг турмуш даражаси пасайиши тахмин қилинмоқда. Эртага муаммолар келиб чиқмаслиги учун бугундан чоралар кўрилиши муҳим.

Халқ демократик партияси аъзолари, фаоллари ҳамда бир гуруҳ ёшлар айни шу масалада ўз фикрларини билдирди. Ёшларни қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, уларни ўйлантираётган масалалар ечимига оид мулоҳаза ҳамда таклифларини илгари сурди.

 

Ижтимоий тармоққа тобе ёшлар билан ишлаш оғир

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи:

– 20 миллионга яқин ёшлар бор деб ҳисобласак, уларнинг 4,4 миллиони иқтисодий фаол, яъни расмий секторда иш билан банд. 4 миллион 600 нафари эса ишсиз, аммо иқтисодий фаол. Яъни, ўзини-ўзи банд қилган. Қолган қисми фаол бўлмаганлар сирасига кириб қоляпти.

Афсуски, қарс бир қўлдан чиқмайди. Давлат узатган қўлни тутмаётган ёшлар ҳам оз эмас. Улар ўқитиляпти, касб-ҳунарга ўргатиляпти. Лекин ишлашга келганда, таклиф этилаётган ойлик маош уларни қониқтирмайди. Дарров катта миқдорда ойлик олишни исташади. Ваҳоланки, ер юзининг деярли барча нуқтасида ишига қараб, ҳақ тўланади. Камроқ ойлик билан иш бошласа, ўзини кўрсата олса, унга тез орада яхши маош берилиши ҳам ҳақиқат-ку.

Ачинарлиси, юртимиздаги ёшларнинг катта қисми ижтимоий тармоқларнинг кучли домига тушиб қолган. Ҳаттоки ҳоким ва ёшлар учрашувларида ҳам фаол бўлмаган қатламдаги йигит-қизларни жалб қилиш қийин. Жамиятдан узилиб қолган ижтимоий тармоқ асирлари виртуал оламда яшайди. Айнан ана шундай ёшлар билан жуда оғир бўляпти.

Бундай вазиятда нафақат ўқитувчи ёки маҳалла, аввало, ота-онага масъулият тушади. Фарзандининг нима билан бандлигини назорат қилиш, тергаш, насиҳат билан тўғри йўлни тушунтириш зарур. Чунки ташқаридаги одамдан кўра, ўз яқини, айниқса, ота-она тарафидан берилган танқид оғир ботмайди, холис қабул қилинади, болани агрессивлаштирмайди.

 

Маъмурий буйруқбозликдан воз кечайлик

Шоҳруҳ ЎКТАМОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бош маслаҳатчиси:

– Жамиятга кириб келаётган йигит-қизларнинг ҳали сиёсий иммунитети шаклланмаган. Кундалик, маиший ва ижтимоий муносабатларда қандайдир маъмурий буйруқбозликларга дуч келади. Бу ёшларда агрессив кайфиятни шакллантира бошлайди. Жамиятда ана шундай ҳолатлар бирлашиб, маргиналлашув, яъни ижтимоий зўриқишларни ҳосил қиляпти. Оқибатда айрим ёшларда ишончсизлик ҳам пайдо бўлмоқда.

Тўғри, ислоҳотлар бор ва улар қуйи тизимгача етиб борган. Ёшларга бериладиган 20 дан ортиқ турдаги ёрдамларнинг ҳар бири учун 5 тадан мезон белгиланган. Моддий ёрдамни олишда ўша мезонга мос тушишини исботлаш жараёнида ҳам йигит-қизлар яна агрессияга йўлиқади. Яъни, қунт деган тушунча бироз шаклланмай қоляпти.

Шу сабабли ёшларда сиёсий иммунитетни шакллантириш ва ҳаёт босқичларидан сабр билан ўтишини таъминлашдан иборат. Ёшлар базаси шакллантирилди, кўриб турибмизки, бу жуда катта база. Ҳар бир турдаги ёшлар билан горизонтал, вертикал ишлаш тизими йўлга қўйилди. Уларни тўғри йўналтириш – долзарб масала. Агар ижтимоий муносабатларни ўрнатишда учраётган турли зўриқишларнинг олдини ололсак, мақсадимизга эришамиз. Энг муҳими, маъмурий буйруқбозликка тўла чек қўйиш зарур.

 

Ички миграция учун ҳам имтиёзлар керак

Муҳсиддин НИЗОМИДДИНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши сектор мудири,

Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзоси:

– Меъёрий ҳужжатларга асосан бугунги кунда мамлакатни вақтинча ишлаш учун тарк этаётган фуқаролар учун 1000 АҚШ доллари эквивалентида истеъмол кредити берилади. Меҳнат мигрантларига хорижда ишга жойлашиш билан боғлиқ харажатларни тўлаш учун бир банк куни давомида тез расмийлаштирилган ҳолда 2 млн сўм миқдорида бир йил муддатга кредит берилади. Чет элга вақтинча ишлаш учун кетаётгани сабабли уларга имтиёзли чипталар бериш амалиёти ҳам йўлга қўйилган.

Шунингдек, “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида” Президент фармони қабул қилинган. Унда ташқи миграцияга оид кўплаб масалалар қамраб олинган. Мисол учун, йўл ҳақи, патент ва суғурта учун 10 миллион сўмгача кредит ажратилади. Ташқи мигрантлар учун тақдим этилаётган бундай имкониятлар уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватламоқда. Аммо ички миграцияда ҳам ечимини кутаётган масалалар бисёр.

Бугунги кунда мамлакатимизда ички миграция ҳам мавжуд. Лекин уларнинг меҳнат ҳуқуқлари кучли ҳимояланмагани ёшлар билан олиб борган мулоқотларимизда маълум бўлмоқда. Мисол учун, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятига ишлаш учун келган ёшлар иш вақти тугаганидан кейин кўчада эркин юришга қийналмоқда. Айтайлик, улар ҳам дам олиши ёки кечки соатларда савдо нуқталарига ёки бошқа ишлар учун кўчага чиқиши мумкин. Ана шундай вазиятларда ички ишлар ходимлари томонидан кўчада бемақсад юрибди, деган баҳоналар билан ИИБ идораларига олиб кетиш ва ёшларни жаримага тортиш ҳолатлари кузатилмоқда экан. Жарима тўламаган ёшлар 7 суткадан 15 суткагача қамоққа олинмоқда.

Масалан, яқинда ўзимда ҳам шунга ўхшаш воқеа кузатилди. Соат 18:30 да тўғридан-тўғри эфир орқали намойиш этиладиган кўрсатувга бордик ва уйга одатдагидан анча кеч қайтдим. Соат 22 лар атрофида кўчада ИИБ ходими тўхтатиб, мендан ҳужжатларимни талаб қилди. Ишдан қайтаётганимни тушунтирдим.

Бугунги кунда ички миграцияни тартибга солиб, ички мигрант сифатида ишлаётган ёшларнинг ҳуқуқларини муҳофаза қилиш керак, деб ҳисоблаймиз. Масалан, махсус платформа қилиб, ёшларнинг барча маълумотлари киритилса, норасмий равишда ишласа, иш берувчи томонидан рўйхати тасдиқланса, ягона маълумотлар базасида сақланса.

Чунки пул топиш учун пойтахтга келган йигит-қиз рўйхатдан ўтиб қўйиш учун вақт ҳам, маблағ ҳам сарфлашни истамайди. Бунда масъулият иш берувчига тушади. Ана шунда яширин иқтисодиётнинг ҳам олдини олиш имкони юзага келади. Ёшлардаги чет элга кетиш каби хаёлларига барҳам берилади, деб ўйлайман.

 

Бюджетдан ташқари маблағлар баъзи муаммоларга ечим

Нодир ЖУМАЕВ,

халқ депутатлари Когон туман Кенгашидаги Ўзбекистон ХДП гуруҳи аъзоси:

– 2 йил давомида маҳаллада ҳоким ёрдамчиси бўлиб ишладим. Ёшлар етакчиси билан ҳамкорликда йигит-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларнинг фаоллигини оширишга қаратилган қатор тадбирлар амалга оширилди. Гувоҳи бўлдикки, муаммолар ҳам бор.

“Ёшлар дафтари”даги йигит-қизларга 25 турдаги ёрдамлар кўрсатилиши белгиланган. Афсуски, бир-бирини такрорлайдиган тизим ҳам мавжуд. Масалан, тўғридан-тўғри ёшлар етакчиси тавсиясига асосан бериладиган субсидия тури ҳоким ёрдамчисида ҳам бор. Бу эса бюджет маблағларининг нотўғри сарфланишига сабаб бўлиши мумкин.

2024 йилдан ҳудуддаги ҳар бир биринчи раҳбарга ёшлар бириктирилди ва уларга касб-ҳунар ўргатиши, бандлигини таъминлаши бўйича вазифалар юклатилди. Бу ишларни амалга ошириш учун маблағга эҳтиёж туғилади. Масала бориб, яна бюджет пулига тақалади.

Шу бўйича таклифим бор эди. Ҳар бир идора ва ташкилотда бюджетдан ташқари жамғармалари ёки фондлари бор. Махсус ҳисоб рақамларидаги маблағ эвазига раҳбарга бириктирилган ёшларнинг масалаларини ҳал қилиш имкони бор. Бу орқали бюджет пулларининг тежалишига ҳамда бюджетдан ташқари маблағлар самаралироқ, фойдалироқ сарфланишига эришилади, деб ўйлайман.

 

Битирувчидан стаж сўраманг

Нурислом ОЛАМОВ,

Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети Ижтимоий фанлар факультети Сиёсатшунослик йўналиши учинчи босқич талабаси:

– Ёшларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш аввало уларнинг ўқиши ёки ишлаши билан боғлиқ баъзи бюрократик тўсиқларни бартараф қилишдан бошланади, деб ўйлайман.

Мисол учун, 4 йил давомида ўқиб, олий маълумот эгаси бўлган битирувчидан ишга киришда стаж сўралади. Ахир унинг ўзи энди олий таълим муассасасини тамомлаган бўлса, қаерда стажга эга бўлади? Яна бир томони, кадрлар захирасини шакллантиришда ихтиёрий йўналишни танлаш имконияти берилиши лозим, менимча. Ана шунда ҳар бир мутахассис ўз иқтидорини тўғри ва тўлиқ намойиш қила олиш имконига эга бўлади. Натижада ҳар бир кадр ўз жойида ўтириши таъминланади.

 

Қизларингизга кўпроқ эътибор беринг

Кумушбиби КАРИМОВА,

Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети 1-босқич талабаси:

– Ҳозирги кунда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин-қизлар учун олий таълим муассасаларига киришда кўплаб имтиёзлар белгиланган. Бу уларнинг билимли, касб-ҳунарли ва албатта ишли бўлишига хизмат қилади. Бироқ бу имкониятларнинг барчаси ҳам ўз эгаларига етиб боряптими, деган савол бор. Афсуски, амалиётда имтиёзлар айнан шунга муҳтож хотин-қизлар учун эмас, ўзига тўқ оила фарзандларига ҳам берилмоқда. Агар ҳар бир оила индивидуал тартибда ўрганилса, имтиёз ўз эгасига етиб борган бўлар эди.

Эрта турмушнинг олдини олиш чораларини ҳам кучайтириш, бу борада ота-оналарга тушунтириш керак. Чунки айрим ҳудудларда мактаб давриданоқ қизлар унаштириб қўйилар экан. Қашқадарёлик курсдошларимнинг айтишича, бир синф да 15 нафар қиз ўқиса, мактабни битиргунига қадар уларнинг камида 12 нафари унаштирилар экан. Бу ўз-ўзидан ўқишга, касб-ҳунар эгаси бўлишга қизиқишни ҳам, интилишни ҳам сўндиради. Ўқувчилигиданоқ қизларнинг хаёли фақат оила қуриш бўлиб қолади. Уларнинг ижтимоий фаоллиги камаяди, ҳуқуқлари бузилади. Шунинг учун бу борада кескин ва қатъий қонуний чоралар кўрилиши керак, деб ҳисоблайман.

 

Бугунги кунда мамлакатимизда ички миграция ҳам мавжуд. Лекин уларнинг меҳнат ҳуқуқлари кучли ҳимояланмагани ёшлар билан олиб борган мулоқотларимизда маълум бўлмоқда. Мисол учун, Тошкент шаҳар ва Тошкент вилоятига ишлаш учун келган ёшлар иш вақти тугаганидан кейин кўчада эркин юришга қийналмоқда. Айтайлик, улар ҳам дам олиши ёки кечки соатларда савдо нуқталарига ёки бошқа ишлар учун кўчага чиқиши мумкин. Ана шундай вазиятларда Ички ишлар ходимлари томонидан кўчада бемақсад юрибди, деган баҳоналар билан ИИБ идораларига олиб кетиш ва ёшларни жаримага тортиш ҳолатлари кузатилмоқда экан.

 

«Ўзбекистон овози», 17.01.2023, 2

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Ёшлар қаноти Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш