Фақат муҳтожлар учун
Фақат муҳтожлар учун

 

Баъзилар ижтимоий ҳимоя ҳақида жуда тор ўйлайди. Ижтимоий ҳимоя, аввало, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглиги масаласи, ҳар бир инсон инсондек муомалага лойиқ дегани ҳамдир.

Мамлакатимизда 2023 йилда кўп яхши ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш йўналишида ҳам бир қатор ўзгаришлар бўлди, тизимнинг қонунчилик асослари янгиланди, янада мустаҳкамланди.

Халқ демократик партияси аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож, эҳтиёжманд қатламлари манфаатларини ҳимоя қилади. Демак, тизимдаги кенг кўламли ислоҳотлар бевосита партиямиз электорати манфаатлари билан боғлиқ. Шунинг учун энг муҳимларига тўхталишни жоиз топдик.

 

Йилномани варақлаганда

– Ўтган йили ижтимоий соҳага ажратилган маблағлар 134 триллион сўмни ташкил этди. Бу 2016 йилга нисбатан 5,6 баробарга кўп дегани.

– Сентябрь ойидан бошлаб “Ижтимоий ҳимоя ягона реестри” ахборот тизими орқали хусусий секторда банд бўлган аёлларга ҳомиладорлик ва туғиш нафақаларини проактив шаклда тайинлаш ва тўлаш йўлга қўйилди.

– Ўтган йилнинг январь-июль ойларида 9,1 минг нафардан кўп аёлларга жами 18,2 млрд. сўмлик ҳомиладорлик ва туғиш нафақаси тайинланди.

– Республика бўйича оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган 78 мингга яқин ишсиз хотин-қизларнинг манзилли рўйхати шакллантирилиб, уларни ички меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касб-ҳунарга ўқитиш чоралари кўрилди.

– 2023 йилда пенсия ва ойликлар икки марта — апрель-май ойларида ва декабрда оширилди. Ҳар иккала сафар ҳам ошиш даражаси 7 фоизни (жами 14 фоизни) ташкил этди.

– Сўнгги йилларда Ўзбекистонда ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ЯИМга нисбатан 2 бараварга ошиб, кам таъминланган нафақа олувчи оилалар қамрови 5 баробарга кўпайди ҳамда ногиронлиги бўлган шахслар, болаларнинг парвариши билан банд бўлганлар учун янги нафақа турлари жорий этилди.

Мазкур йўналишда яна кўплаб маълумот ва рақамлар келтириш мумкин. Сир эмас, йиллар давомида кам таъминланган оилаларга нафақаларни белгилашда аниқ мезонлар йўқлиги, ажратилган маблағларнинг реал эҳтиёжга нисбатан камлиги каби муаммолар ижтимоий адолатга эришиш имконини бермай келаётган эди. Очиғи, шу пайтга қадар қайси оила қандай асосга кўра нафақа олиши керак, деган долзарб саволга қониқарли жавобнинг ўзи йўқ эди. Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг айнан муҳтож фуқароларга етиб боришида ҳам қатор тушунмовчиликлар юзага келганини ҳаммамиз яхши биламиз.

Бугун эса вазият тамомила яхши томонга ўзгарди. Ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалалар бўйича ҳам бутунлай янги тизим яратилди. Хусусан, оилаларга нафақа белгилаш асослари аниқ қилиб қўйилди. Тизимда очиқлик, тенглик, адолат тамойилларига қатъий амал қилиш вазифаси белгиланди.

 

Ўзбекистон – ижтимоий давлат

Ўтган йилдаги ўзгаришлардан зўрларидан бири Конституциямизнинг янги таҳрирда қабул қилингани, унда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор берилгани бўлди.

Конституциямизда Ўзбекистон тарихда илк бор ижтимоий давлат, деб эълон қилинди. Яъни, инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани конституциявий норма даражасида мустаҳкамланди. Давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар қарийб 3 баробар кўпайди. Хусусан, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, ҳар кимнинг уй-жойли бўлиш ҳуқуқига оид қатор мажбуриятлар киритилди.

 

Миллий агентлик тузилди

Ўтган йили июнь ойида «Аҳолига сифатли ижтимоий хизмат ва ёрдам кўрсатиш ҳамда унинг самарали назорат тизимини йўлга қўйиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармонига кўра, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ташкил этилди. Агентлик аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқиш, амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органи этиб белгиланди.

 

“Инсон” ижтимоий хизматлар кўрсатиш марказларида

«Аҳолига ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Президент қарорига кўра, 2023 йил 15 октябрдан бошлаб, дастлаб 28 та туман ва шаҳарда эксперимент тариқасида Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази ва ижтимоий ходимлар гуруҳи кўрсатадиган ижтимоий хизматлар тизими йўлга қўйилди. Улар оғир аҳволга тушиб қолган ва шундай ҳолга тушиб қолиш хавфи юқори бўлган шахслар ва оилаларга бевосита маҳалла даражасида профессионал ижтимоий хизматлар кўрсатади.

Шунингдек, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолининг эҳтиёжлари ва имкониятларини баҳолаш орқали уларга индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режаларини ишлаб чиқади. Аҳолига давлат томонидан кафолатланган ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар тўғрисида, шунингдек, аҳолининг мазкур хизматларни олишга бўлган ҳуқуқлари бўйича тушунтириш беради.

“Инсон” ижтимоий хизматлар марказларида ижтимоий ходимлар гуруҳлари ташкил этилади. Бу гуруҳлар ҳар бир хонадон аҳволини ўрганиб, оилалардаги ҳақиқий ҳолатни ҳамда уларнинг ижтимоий хизматлар ва ёрдамга бўлган эҳтиёжини аниқлайди. Ўрганиш натижасида уларнинг ижтимоий паспортларини шакллантиради.

– “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг ташкил этилиши Ўзбекистонда инсон ва унинг манфаатлари ҳар нарсадан устунлиги, аҳолининг ижтимоий ҳимоясига эътиборнинг яна бир исботи, дейиш мумкин, – дейди халқ депутатлари Косонсой туман Кенгашидаги ЎзХДП депутати, иккинчи гуруҳ ногирони Жавлон Абдуллаев. – Яқинда бизнинг вилоятимизда ҳам биринчилардан бўлиб Косонсой туманида шундай марказ иш бошлади. Ҳозир бу ерда мутахассис вазифасида фаолият юритяпман. Марказимиз замонавий бинода жойлашган, бу ерда маҳаллаларга мажмуавий хизмат кўрсатувчи 24 нафар малакали мутахассис фаолият олиб бормоқда. Бу ерда ишлашда кўнглимда қандайдир хотиржамликни ҳис қиламан. Чунки, ногиронлиги бўлган инсонларнинг оғирини енгил қилиш, уларнинг муаммоларини ҳал этиш, уларга ёрдамлашиш инсонга ўзгача сокинлик бағишлайди. Ўзим ҳам жисмоний томондан имконияти чекланган инсон сифатида бундай одамларнинг ички кечинмаларини, хаёлларини, ташвишларини яхши биламан-да. Авваллари муаммолар юзасидан кўп ташкилотларга, хизмат марказларига мурожаат қилинарди, кўп сарсон бўлардик. Ҳозир уларнинг ҳаммаси бирлаштирилиб, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигига йўналтирилди. Муаммо бўлса, идорама-идора юрмасдан, уларни битта жойда ҳал қилиш имконияти яратилди. Бундан мен қатори эҳтиёжманд барча одамларимизнинг кўнгли тоғдек кўтарилди.

 

Аёллар меҳнати қатъий муҳофазада

2023 йил 30 апрель. Шу куни Ўзбекистон Республикасининг янги Меҳнат кодекси кучга кирди. Кодексда, хусусан, ҳомиладор аёлларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлашга қаратилган бир қатор кафолатлар назарда тутилди. Яъни, ҳомиладор аёллар юқорироқ ижтимоий ҳимояга муҳтож шахслар сифатида баҳоланиб, уларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатилади.

– Кодекснинг 119-моддасига кўра, ҳомиладорлиги билан боғлиқ сабабларга кўра, ишга қабул қилмаслик ишга қабул қилишни қонунга хилоф равишда рад этиш саналади. Бунга эса йўл қўйилмайди, – дейди Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Мавжуда Ҳасанова. – Яъни, аёлнинг ҳомиладорлигини била туриб, уни ишга олишдан ғайриқонуний равишда бош тортган ёки ишдан бўшатган шахслар Жиноят кодексининг 148-моддасига асосан базавий ҳисоблаш миқдорининг йигирма беш бараваригача жарима ёки уч йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёхуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Шунингдек, ҳомиладор аёл ишга қабул қилинганда, унга дастлабки синов белгиланмайди.

Яна бир муҳим янгилик, Кодекснинг 403-моддасига кўра, иш берувчи ҳомиладор аёлларга бирламчи тиббий-санитария ёрдами муассасаларида антенатал (туғуруққача) парваришлаш (перинатал скрининг ва ташхис, мажбурий тиббий кўриклар ва бошқа мажбурий тиббий муолажалар) учун ўртача иш ҳақи сақланган ҳолда қўшимча бўш кунлар бериши шарт. Мазкур имтиёз аввал мавжуд эмас эди.

 

Ижтимоий нафақа энди фақат эҳтиёжмандларга берилади

Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда ижтимоий нафақа олувчи оилалар сони 2,1 миллиондан кўп бўлиб, уларга давлат бюджетидан 11 триллион сўмдан ортиқ маблағ ажратилмоқда.

2023 йил 10 ноябрда Вазирлар Маҳкамасининг «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри» ахборот тизими орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон шаклда ариза беришни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Қарори қабул қилинди.

Унга асосан ўтган йилнинг декабрь ойидан бошлаб болалар нафақаси ва моддий ёрдам тайинлангандан сўнг «Ягона реестр» АТ ёрдамида ҳар ойда оиланинг иқтисодий ҳолати автоматик равишда мониторинг қилинади ҳамда оиланинг иқтисодий ҳолати яхшиланган (иккинчи кўчмас мулк ёки нотурар жой, янги автотранспорт харид қилган ёки юқори иш ҳақи олишни бошлаган) бўлса, нафақа тўлови тўхтатилади.

 

Ушбу тартибни депутат Анвархон Темиров қуйидагича изоҳлади:

– Шу пайтга қадар ижтимоий нафақа олишни сўраб ариза берилган вақтда кам таъминланган деб белгиланган оилага болалар нафақаси 12 ойга, моддий ёрдам эса 6 ойга тайинланарди. Нафақа ёки моддий ёрдам тайинлангандан кейин даромад яхшиланиб, янги автомашина ёки қандайдир кўчмас мулк харид қилган ҳолатлар ҳам кузатилган. Лекин шундай шароит бўлса-да оила нафақа ёки моддий ёрдамни олишда давом этаверган. Масалан, йил бошида, яъни январь ойида болалар нафақаси тайинланган оила орадан 2-3 ой ўтиб, автомашина сотиб олган, лекин унга йил охирига қадар 12 ой давомида нафақа тўланади. Яъни, нафақа тайинлангандан кейин ҳам оиланинг иқтисодий аҳволи мониторинг қилинмасдан келган ва шароити, иқтисодий аҳволи яхшиланган бўлса-да, муддат якунига қадар тўлов амалга оширилган. Аниқки, бу одамлар орасида норозиликни ва тизимга нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради. Ҳақиқий муҳтож оилалар эса қийналиб юраверади.

Ана шундай ижтимоий адолатсизлик ҳолатларини бартараф этишда Вазирлар Маҳкамасининг ушбу қарори муҳим аҳамиятга эга бўлди, деб ўйлайман. Яъни, унга кўра оиланинг иқтисодий аҳволи автоматик равишда вазирлик ва идоралардан олинадиган электрон маълумотларга мувофиқ ҳар ойда мониторинг қилиб борилади, иқтисодий ҳолати яхшиланган оилаларга нафақаларни тўхтатиш амалиёти жорий этилмоқда.

 

Бандлик масаласи

– Жамиятда ривожланиш, барқарорлик бўлиши учун барча ресурслар халқ фаровонлиги учун йўналтирилиши керак. Бу партиямизнинг сиёсий қарашларидан биридир, – дейди парламент қуйи палатасидаги ЎзХДП фракцияси аъзоси Шоҳиста Турғунова. – Сўнгги 5-6 йил ичида Ўзбекистонда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга эътибор тубдан яхшиланди. Ижтимоий дастурларни молиялаштириш харажатлари ялпи ички маҳсулотга нисбатан икки бараварга ошди. Натижада нафақа олувчи оилалар қамрови бир неча баробарга кўпайди. Янги нафақа турлари жорий этилди.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги ташкил этилди, “Мономарказ”лар фаолияти йўлга қўйилди, “Темир дафтар”, “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари” ташкил этилди. Бу уйма-уй юрилиб, ижтимоий ҳимояга муҳтож инсонларга имкон қадар ёрдам кўрсатиш ишлари кўламини кенгайтирди. Ишлаётган пенсионерга юз фоиз пенсия тўлашга ўтилди. Ҳар бир ҳудуд кесимида камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни ривожлантириш, иш ўрни яратиш, аҳоли даромадини ошириш бўйича дастурлар қабул қилинмоқда. Ўтган 6 йил давомида аҳоли орасида пенсия ва нафақа олувчилар сони ошганини ҳам кузатиш мумкин. Бундай эзгу ишлар ҳақида узоқ гапириш мумкин.

Янги Ўзбекистонда ижтимоий давлат тамойили мустаҳкамланди. Демак, олдимизда ҳали қилиниши керак бўлган ишлар кўп. Маълумотларга кўра, ҳозирги кунда юртимизда ишсизлар сони 1 миллион 300 минг нафарни ташкил қилади. Бу йил яна 2 миллион 400 минг аҳоли меҳнат бозорига кириб келади. Жорий йилда 5 миллион аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсад қилинган.

Давлатимиз раҳбари халқимизга йўллаган Янги йил табригида ҳам жорий йилда янги иш ўринлари ташкил этиш, аҳоли даромадларини ошириш эътиборимиз марказида бўлишини алоҳида таъкидлади.

Шундан келиб чиқиб, фракциямиз ҳам бандлик масаласида назорат-таҳлил ишларини кучайтиришни, мутасадди вазирликларнинг ахборотини эшитишни, ҳудудларда маҳаллий Кенгаш депутатлари билан бирга ишлаб чиқариш, бизнесни ривожлантириш, ёшлар ва иш бошлаш ниятида юрган фуқароларга яқиндан кўмаклашишни режа қилди.

 

2024 йилда ҳам изчил давом этади

– Ҳар ҳафтанинг жума куни “Меҳр ва саховат куни” сифатида белгиланиб, барча давлат органлари ва ташкилотлари эҳтиёжманд аҳоли, ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ёлғиз кексалар ҳолидан хабар олиш, уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда хайрия тадбирлари ўтказади.

– 1 мартдан бошлаб «Маҳалла еттилиги» томонидан болалар нафақаси ёки моддий ёрдам олаётган оиланинг номига расмийлаштирилмаган, бироқ фойдаланувида бўлган автотранспорт воситалари, кўчмас мулклари ҳамда чорва моллари уларнинг аризаларида кўрсатган маълумотларга мувофиқлиги жойига чиққан ҳолда ўрганилади;

– Апрелдан бошлаб фуқаролар ортиқча оворагарчиликларсиз онлайн шаклда болалар нафақаси ва моддий ёрдамга ариза топширишлари мумкин. Ягона интерактив давлат хизматлари портали (ЯИДХП) орқали аризаларни юбориш имконияти яратилади. «Инсон» ижтимоий хизматлар марказларининг ижтимоий ходимларига фуқароларнинг бевосита розилиги билан «Ягона реестри» АТ орқали кам таъминланган оилаларни аниқлаш ва уларга ижтимоий нафақалар тайинлаш бўйича электрон шаклда ариза бериш ҳуқуқи берилади.

 

* * *

Албатта, ҳар бир ислоҳот, ўзгариш, дастурларда белгиланган ҳар битта йўналиш минглаб, миллионлаб одамларни ўзгаришга, юксалишга руҳлантиради.

Илгари муҳтож оилалар, муҳтож фуқароларнинг катта қисми турли сабаб ва баҳоналар билан нафақа ололмаслик ҳолатлари кўп кузатилган. Очиғи, бунга маблағлар ҳам камлик қилган бўлса, кейинги йилларда маблағ миқдори бир неча баробарга оширилди. Масалан, нафақа олувчи оилалар сони охирги 3 йилда тўрт баробарга ошиб, 1,9 миллионга етди. Бу рақамлар нафақага муҳтож оилалар сони ортганини эмас, балки ижтимоий ҳимоя манзилига етиб бораётганини англатади. Мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя масаласига муносабат, эътибор ва масъулият тубдан ўзгарди. Эндиликда муаммоларни кўриб, билиб туриб яшириш эмас, балки ҳал қилиш учун ҳам ҳуқуқий, ҳам амалий жиҳатдан изчил чоралар кўрилмоқда.

 

Лазиза ШЕРОВА.

«Ўзбекистон овози», 17.01.2023, №2

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш