Барчамизга маълумки, жорий йил 23-25 январь кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Хитойга давлат ташрифи доирасида Халқ сиёсий маслаҳат кенгаши Бутунхитой қўмитаси Раиси Чжао Лэцзи билан учрашув ўтказди. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Хитой Халқ Республикаси билан муносабатлари сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилди. Бинобарин, Ўзбекистон ташқи сиёсий фаолиятида Хитой билан бўлган муносабатлар долзарблигича қолмоқда.
Ҳозирги кунда Ўзбекистон ушбу мамлакат билан ташқи савдо, транспорт коммуникацияси соҳасидаги ҳамкорликлар жадал суръатлар билан ривожланаётгани ҳам сир эмас. Хитойнинг Ўзбекистонга қаратилган ташқи сиёсатида ўзаро манфаатли ва кўп қиррали муносабатларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Шунингдек, суҳбатда Ўзбекистон-Хитой муносабатларида юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилиб, бу галги ташриф ҳар томонлама стратегик шерикликни кенгайтиришга янги кучли суръат бағишлашига ишонч билдирилди.
Кейинги йилларда ўзаро савдо ҳажми 2 баробар, қўшма корхоналар сони 3 баробар ошди. Эътиборли жиҳати шундаки, Хитойнинг камбағалликка қарши курашиш борасидаги тажрибаси фаол жорий қилинмоқда.
Учрашувда мамлакатимиз техник йўналишлар бўйича мутахассислар тайёрлаш марказларини ташкил этиш, Хитойнинг ижтимоий ҳимоя ва суғурта, аҳолига манзилли ёрдам кўрсатиш борасидаги тажрибасини ўрганишдан манфаатдор экани таъкидланди.
Парламентлар ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш ва “Ўзбекистон-Хитой” дўстлик гуруҳларини фаоллаштириш зарурлиги қайд этилди. Бундан ташқари ХХР раиси билан 15 тадан ортиқ ўзаро келишув битим ва ҳужжатлари имзоланди.
Жумладан, Президентимизнинг Хитойга ташрифи амалий масалаларни ҳал қилишга қаратилган. Икки давлат раҳбарлари тор ва кенг доирада стратегик масалалар муҳокама қилинди. Ўзбекистон ўзининг кейинги истиқболи учун Хитойнинг асосий савдо ва бошқа соҳалардаги ҳамкорига айланишдан манфаатдор. Бугунги беқарор вазиятда ўз ўрнига, мавқеига, иқтисодий тараққиётига эга бўлган Хитой билан алоқалар Ўзбекистон учун манфаатли бўлади деб ўйлайман. Биргина энергетика таъминотини олсак ҳам, бугун Хитой компаниялари иштирокида қуёш панеллари ишлаб чиқариш, техник модернизация қилишда ишлар олиб бориляпти. Бундан ташқари, таълим, ижтимоий инфратузилма, ижтимоий сиёсат соҳаларида ҳам Хитой тажрибасини қўллаш назарда тутиляпти. Савдо, сармоявий соҳаларда алоқалар Ўзбекистон иқтисодий, ижтимоий нуқтаи назардан юқори босқичга кўтарилишида муҳим бўлади. Яна қўшимча қилиш мумкин, савдо-иқтисодий, сармоявий соҳаларда, бундан Ўзбекистон манфаатдор. Президентимиз ҳам давлатимизни ривожлантириш йўлида экспортни қўллаш, иқтисодиётни модернизация қилиш, транзит йўлларини кенгайтириш масалаларини кўтарди. Бу борада Хитой тажрибаси бизга қўл келади. Умуман олганда жаҳон бозорида Хитой капитал қўйилмалари бўйича биринчи ўринда туради. Шу билан бирга, дунё бўйича логистика имкониятлари ҳам жуда юқори, ташувчи компаниялари кўп. Шу маънода Хитой билан стратегик ҳамкорликдан манфаатдормиз. Ўзбекистон ва Хитой узоқ тарихга, ноёб маданият ҳамда улкан интеллектуал салоҳиятга эга. Бу давлатлараро гуманитар ҳамкорликни кенгайтириш, икки мамлакат олий ўқув юртлари ва илмий-тадқиқот институтлари ўртасида шериклик муносабатларини ўрнатиш, шунингдек, ўзаро маданий алоқаларни янада ривожлантиришни даврнинг ўзи тақозо этмоқда.
Ўрол ЎРОЗБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий масалалар қўмитаси аъзоси.