Сайловчиларга янада яқинроқ
Сайловчиларга янада яқинроқ

 

Қонунчилик палатаси депутатлари округларда аҳоли вакиллари билан учрашмоқда

 

Мурожаат эътиборсиз қолмайди

Севара Назарова Фарғона вилояти, Фарғона туманидаги «Кончилар» маҳалласида яшайди. У ҳам барча ўзбек аёллари каби ҳаётини фарзандлари, турмуш ўртоғининг бахти учун сафарбар этиб келмоқда. Бироқ шу кунларда оиланинг бошига ташвиш тушган. Сабаби, оила бошлиғи Дилшоджон Назаров хасталикка чалинган. Уни даволатиш учун анча маблағ керак. Севара Назарова моддий ёрдам сўраб мурожаат қилди. Унинг ҳолатини англаган масъуллар «Саховат ва кўмак» жамғармасидан ёрдам ажратилишини таъкидлашди.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Дилбар Мамаджанова, туман хокими, Халқ қабулхонаси мудири ҳамда тумандаги бошқа мутасаддилар иштирокида Фарғона туманидаги «Кончилар» МФЙда ўтказилган қабулда шу ва бошқа 10 га яқин масала ечим топадиган бўлди.

Жисмоний ва юридик шахслар томонидан 40 дан зиёд масалада мурожаат бўлди. Улар асосан даволаниш, кўмир ёқилғиси, ичимлик суви билан таъминлаш, кўчаларни шағаллаштириш, уй-жойни таъмирлаш, тадбиркорликни ривожлантириш ва бошқа масалаларга тааллуқли бўлди.

Хусусан, Комилахон Пўлатова ўзи яшайдиган кўчанинг асфальт қилинмаганини билдирди. Ёзда чанг, ёғингарчилик пайтлари лойга ботиб қолаётган автомобиллар ҳамда мактабга қатнайдиган болаларга енгиллик яратиш учун энг камида шағаллаштиришга эҳтиёж борлигини айтиб, масъуллардан амалий ёрдам сўради. Мурожаатни туман ободонлаштириш бўлими ўз зиммасига олди.

Муслимахон Азизова газ балони, Мунтазам Ҳошимова, Назокат Авазхўжаева, Роҳилахон Турғунова кўмир ёқилғиси бўйича кўмак сўради. Уларнинг масаласи ҳам жойида ҳал этилди ва шу куннинг ўзида баллон ҳамда кўмир етказиб берилди.

Яқинларига иқтисодий дастак бўлишни истаган Зарифжон Зокиров, Нилуфар Ашурматова туман ташкилотларига ишга жойлаштириладиган бўлди.

Қатор масалалар депутат назоратига олинди. Мутасадди раҳбарларга ҳар бир мурожаатни ўз вақтида, қонун доирасида кўриб чиқиш юзасидан тавсиялар ҳам берилди.

 

Болалар дастурхони

Депутат Зулайҳо Акромова Жиззах вилояти Дўстлик тумани «Мевазор» маҳалласидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида бўлди ва дастлаб ошхона ҳолати ўрганилди. Болаларга овқат тайёрланиш жараёни, тозалик ҳолати, озиқ-овқатлар ҳамда бошқа маҳсулотларнинг қай тартибда сақланаётгани кўздан кечирилди. Овқатнинг мазаси, солинган масаллиқлар ҳам эътибордан четда қолмади. Чунки соғлом овқатланиш саломатликнинг асосий гаровидир.

Маълумот ўрнида: айни пайтда мазкур муассасасада 180 дан ортиқ ўғил-қиз тарбияланади. ДМТТ таъмири учун 2023 йил маҳаллий бюджет хисобидан 4 миллиард, ташаббусли бюджетдан 800 миллион сўм маблағ ажратилиб, тўлиқ қайта таъмирланган ва замонавий жиҳозлар билан таъминланган.

Депутат муассасани кўздан кечирар экан, у ерда ишловчи ходимлар билан ҳам суҳбатлашди. Учрашувда 2023 йил 22 декабрь куни Президентимиз раислигида ўтказилган Республика Маънавият ва маърифат кенгашининг кенгайтирилган йиғилишининг мазмун-моҳияти ҳақида сўз борди. Мамлакатимизда маънавият ва маърифатни ривожлантириш, соҳанинг иқтисодий-ҳуқуқий асосларини янада такомиллаштириш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мазкур жабҳада Президентимиз томонидан 9 та йўналишда илгари сурилган ташаббусларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтилди.

Зулайҳо Акрамова халқ депутатлари Дўстлик туман Кенгашининг фаолияти билан ҳам танишди. Депутатларнинг ишини ортга суриши мумкин бўлган жиҳатлар, сайловчиларнинг манфаатлари йўлида ҳал этилиши зарур бўлган масалалар муҳокама қилинди.

 

Юзма-юз мулоқот

Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Фирдавс Шариповнинг сўзларига кўра, сайлов округида самарали иш олиб борилди. Сайловчилар билан маҳаллаларда учрашилиб, ижтимоий объектлар ўрганилди, тадбиркорлар, аҳоли вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиниб, уларнинг мурожаатлари, таклифлари тингланди.

Биринчи манзил Денов туманидаги «Истиқлол юлдузи» маҳалласи бўлди. Ушбу маҳаллада «Обод хонадон – обод кўча – обод маҳалла» мезонларини жорий этиш бўйича ички кўчалар, 1983 йилда қурилган маҳалла биноси таъмирланмоқда, кенг кўламли ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, маҳалладаги 18-сонли оилавий поликлиника фаолияти ўрганилди, беморлар билан суҳбат қурилди. Таъкидланишича, замонавий тарзда барпо этилган ушбу поликлиникада қулай шароит бор. Бироқ умумий амалиёт шифокори, педиатр, ЛОР каби мутахассис-шифокорлар етишмайди.

Денов туманидаги «Намуна», «Қорахон» ва «Элобод» маҳаллаларидаги «маҳалла еттилиги»нинг фаолияти билан бевосита танишилди, аҳоли вакиллари билан суҳбат олиб борилди.

Денов тумани Камбағалликни қисқартириш ва бандликка кўмаклашиш бўлимида бўлиниб, меҳнат ярмаркаларнинг самарадорлиги, мигрантлар, хорижий давлатларда ишлаш мақсадидаги аҳолини касб-ҳунар ва хорижий тилларга ўқитиш масалалари, бандлик дастури ижроси ҳамда норасмий бандликни легаллаштириш билан боғлиқ ишлар ҳолати ўрганилди.

Аксарият маҳалла мутасаддилари ҳар бир маҳалла учун алоҳида солиқ инспектори тайинланиши зарурлигини таъкидлади. Ҳозирда 4 тадан 7 тагача маҳаллада битта солиқ инспектори фаолият олиб бормоқда. Сабаб сифатида жорий йил 1 январидан бошлаб, «Маҳалла бюджети» тизими амалиётга жорий этилиши натижасида солиқларни ундириш ва маҳалла бюджетининг даромадини шакллантиришда иш ҳажмининг кенглиги, белгиланган муддатларда улгурмаслик ҳолатлари келтирилди.

Учрашувларда кўтарилган масалалар бўйича депутат қатор вазифаларни белгилаб олди.

 

Андижонда вазият қандай?

Депутат Елена Бабенко бошчилигидаги учрашув бу гал Андижон шаҳри 21-сайлов округидаги «Ўзгариш» ва «Ҳунарманд» МФЙ сайловчилари билан бўлиб ўтди. Учрашувда МФЙ раислари, масъуллари, фаоллар ҳам иштирок этди. Унда дастлаб мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида фикр алмашилди.

Депутат бир муддат аввал муаммоси ўрганилган ҳудудда ҳам бўлди. Гап шундаки, Андижон тумани «Бобоғози» оилавий поликлиникаси эски қурилиш ташкилотидан қолган бинода жойлашган эди. 2022 йилнинг кузида мазкур поликлиникада Қонунчилик палатаси депутати ачинарли ҳолатга гувоҳ бўлган. У ерда иситиш тизими ишламас, хоналар талабга жавоб бермасди.

Шундан келиб чиқиб, депутат маҳаллий ижро ҳокимияти, соғликни сақлаш идораларига мурожаат йўллайди. Амалий ишлар натижасида 3 та МФЙда истиқомат қилувчи 10 000 дан зиёд аҳолига хизмат кўрсатаётган бу даргоҳ замонавий усулда таъмирланиб, санитария талаблари асосида фаолият кўрсатишни бошлади. Айни пайтда у ерда 48 нафар шифокор ва ҳамширалар малакали хизмат кўрсатяпти.

Депутат ўзгаришларни кўздан кечирар экан, таклиф-мулоҳазаларни ҳам ўрганди. Сайловчиларнинг мурожаатларини белгилаб олди.

 

Қонунлар тарғиб қилинди

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракцияси аъзоси Қизилгул Қосимова Тошкент вилоятидаги Чиноз тумани «Барраж» маҳалласида жойлашган 4-умумтаълим мактабида сайловчилар билан жорий йилдаги биринчи учрашувини ўтказди. Унда Искандар ҳамда «Барраж» МФЙда истиқомат қилувчи аҳоли вакиллари қатнашди. Дастлаб қонунчиликдаги ўзгаришлар ҳақида сўз борди.

Депутат берган маълумотлар, янгиликларни йиғилганлар мамнуният билан қабул қилди. Фуқаролар ўзларини қийнаётган масалаларга қонунан ечим топиш юзасидан таклифларини ҳам ўртага ташлади. Айрим масалалар жойида ҳал этилди. Аҳоли вакиллари депутатлар кўпроқ маҳаллаларда бўлиши кераклигини ҳам таъкидлади.

Депутат маҳаллалардаги «еттилик» билан мулоқот қилиб, уларнинг фаолиятини самарали ташкил этиш юзасидан фикр алмашди. Ўрганиш давомида бир қатор муаммолар юзасидан тегишли вазирликларга таклифлар киритиш режалаштирилди.

Сайловчилардан қатор мурожаатлар бўлди. Баъзилари жойида ҳал этилса, бошқаларининг ечими юзасидан вазифалар белгиланди. Жумладан, колхоз-совхозларда ишлаган пенсионерларнинг нафақасини қайта кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди. 4-сон умумтаълим мактаби 1974 йилда қурилган бўлиб, таъмирга муҳтож ҳолатда. Ушбу муассасани дастурга киритиш ҳақида таклифлар тайёрланди.

Бундан ташқари, «Барраж» МФЙ марказий йўлдаги сув қувурини таъмирлаш билан боғлиқ масалаларнинг ечими бўйича ҳам вазифалар белгиланди. Маълум бўлишича, ҳудуддаги канал атрофига тўсинлар ўрнатилиши керак. Чунки бу мактабга қатнайдиган болалар учун хавфли. Аҳоли ушбу масалада ҳам амалий ёрдам сўради. Депутат масъулларга мурожаат йўллайдиган бўлди.

Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон ХДП фракциясининг барча аъзолари жойларда ана шундай учрашув ва ўрганишлар олиб борди. Сайловчилар кўтарган масалаларни ҳал этиш чоралари кўрилмоқда.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 31.01.2023, №4

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш