Ўзбекистон ХДП фракцияси Давлат дастурига таклифлар тайёрламоқда
Ўзбекистон ХДП фракцияси Давлат дастурига таклифлар тайёрламоқда

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси йиғилишида жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш” йили муносабати билан ишлаб чиқилган Давлат дастури лойиҳаси, унга қўшимча таклифлар бериш масаласи атрофлича муҳокама қилинди.

Давлат дастури лойиҳасида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг 5 та йўналиши бўйича 2024 йилда амалга ошириладиган чора-тадбирлар ва ишлаб чиқилиши лозим бўлган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар рўйхатлари белгиланмоқда. Лойиҳада, шунингдек, ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш, ижтимоий-иқтисодий, экология, давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ, хавфсизлик ва ташқи сиёсат йўналишларида жорий йилга мўлжалланган ислоҳотлар назарда тутилмоқда.

Айни пайтда турли ташкилот ва идоралар қатори, ХДПнинг энг қуйи бўғинларидан бошлаб, марказгача бўлган тартибда партия фаоллари ҳамда депутатлар давлат дастурига ўз таклифларини билдирмоқда.

Хусусан, туғма ногиронларни, шунингдек ўзгаларнинг парваришига муҳтож бўлган 80 ёшга тўлган нуронийларга қараб келаётган кишиларга ёшга доир пенсия таянч миқдорини олиши учун қонуний кафолатларни кучайтириш, бу борада қонунчилик ўзгартириш киритиш таклиф илгари сурилди.

Бундан ташқари, инклюзив таълимни ривожлантириш, соҳага олий маълумотли кадрлар тайёрлашни назарда тутиш кераклиги билдирилди.

Кенгайтирилган йиғилишда фракция аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, партиянинг ҳудудий ташкилотлари фаоллари Давлат дастури лойиҳасини қўллаб-қувватлаган ҳолда, қўшимча таклифларини маълум қилишди.

Йиғилишда барча даражадаги партия ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари, шунингдек, ҳамкор ташкилотлар таклифларини умумлаштириш ҳамда Давлат дастури лойиҳаси учун юборишга қарор қилинди.

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш