Маҳаллий Кенгашлар ваколатлари кўпаймоқда
Маҳаллий Кенгашлар ваколатлари кўпаймоқда

 

Куни кеча давлатимиз раҳбари яна бир муҳим ҳужжатни имзолади. Ўзбекистон Республикаси Президентининг мазкур Фармони маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятининг самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисидадир.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишга оид долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ваколатлари кенгайтирилиб, халқ ҳокимиятчилигини тўлақонли рўёбга чиқариш борасида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Маҳаллий Кенгашлар назорат фаолиятини кучайтиришга қаратилган ҳуқуқий асослар яратилди. Маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг фаолияти устидан халқ депутатлари Кенгашларининг назорат функцияларини кенгайтириш мақсадида, уларга ўндан ортиқ қўшимча ваколатлар берилди.

Шунингдек, прокуратура, адлия, ички ишлар, молия, солиқ, экология ва соғлиқни сақлаш органлари раҳбарларининг ҳисобдорлиги белгилаб қўйилди. Янги таҳрирдаги Бош қомусимизда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият органлари ваколатлари, маҳаллий Кенгаш раиси ва ҳоким лавозимлари бир-биридан ажратилганлиги ҳокимиятлар бўлинишига оид конституциявий тамойилнинг миллий даражада ижросини таъминлашда муҳим қадам бўлди десак айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Маҳаллий кенгаш депутатларининг иш фаолиятини мувофиқлаштирувчи туман, вилоят котибиятлари ташкил этилди. Мен ҳам икки чақириқ маҳаллий кенгаш депутати сифатида шуни айта оламанки, илгари депутат сессия бўлишини ярим соат олдин, борингки, бир кун олдин билиши мумкин эди. Депутатларнинг эгаси туман ташкилий назорат яъни кадрлар билан ишлаш бўйича масъул эди. Депутатлар туман ёки вилоят сессиясига келиб иштирок этиб, кун тартибига қўйилган масалаларни маъқуллаб овоз бериб кетарди. Эндичи? Энди эса сессия бўлишини бир неча кун олдин билиши ва кун тартибидаги масалаларни депутатларнинг ўзи ўрганиб, дастлаб, доимий комиссияда муҳокама қилиб, сўнг сессияга киритиляпти. Депутатлар сессияларда сўз олиб, ўз муносабатини билдиришмоқда. Жойларга, округларга борганимизда депутатларнинг жонланганлигини, ишларида силжиш борлигини кўряпмиз. Сайёр қабул дейсизми, тадбирлар ёки амалга оширилаётган ислоҳотларда уларнинг иштироки ва фаоллигини кўряпмиз. Ўз навбатида депутатларнинг ишини мониторинг қилиб борувчи ва мувофиқлаштирувчи туман ва вилоят котибиятлари ташкил этилганлиги айни муддао бўлди.

Шунинг билан бирга, “Ўзбекистон-2030” стратегиясида кўрсатиб ўтилган мақсадларда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органлари ва ижро этувчи ҳокимият вакиллик органларини халқнинг ҳақиқий “овозига” айлантириш, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари фаолиятини трансформация қилиб, ҳудудий бошқарувни “аҳоли манфаатларига хизмат қилиш” тамойили асосида йўлга қўйиш мақсад қилинган.

Мазкур Фармонда жамият ва давлат ҳаётининг муҳим масалаларини ҳал этишда маҳаллий давлат ҳокимияти вакиллик органларининг ролини ошириш мақсадида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига ўтказилиши таклиф этилаётган ваколатлар рўйхати аниқ кўрсатилмоқда. Шунингдек, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг тизимлаштириш таклиф этилаётган ваколат функциялари аниқлаштирилмоқда. Фармонда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари фаолиятини “Кучли Кенгаш, ҳисобдор ва ташаббускор ҳоким” тамойили асосида ташкил этиш юзасидан қонунчилик ҳужжатларини такомиллаштириш бўйича “Йўл ҳаритаси” тузилиб, иловада келтирилмоқда.

Фармондаги яна бир муҳим жиҳат шундаки, унда маҳаллий кенгашларга вазифалар фақатгина қонун ҳужжатлари билан юкланиши ва давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари томонидан маҳаллий Кенгашлар фаолиятига аралашишга йўл қўйилмаслиги қатъий белгиланмоқда. Бундан кўриниб турибдики, ҳокимлар маҳаллий Кенгашларга ҳисобдор бўлади ва Кенгаш фаолиятига босим ўтказишга ва ишига аралашишга йўл қўйилмайди. Ҳозирги кунда ижро ҳокимияти билан Кенгаш фаолиятини ҳокимлар бошқаради. Бу ўз ўзидан ишнинг самарадорлигига ва маҳаллий Кенгаш депутатларининг таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатишига салбий таъсирини кўрсатмоқда. Бу янгича тизим мамлакатимизда “Жамият - ислоҳотлар ташаббускори” деган янги ғоянинг амалдаги ижросини таъминлашга хизмат қилади.

Фармонда шунингдек, маҳаллий Кенгаш ваколатлари ва ҳокимларнинг ваколатлари аниқлаштирилиши ва уларнинг ҳуқуқий асосларини яратиш каби бир қатор вазифалар белгиланган.

Бир сўз билан айтганда, янги тизим ва янги механизм маҳаллий Кенгаш фаолияти ва ижро ҳокимиятининг масъулиятини ошириши шубҳасиз.

 

Мавжуда Ҳасанова,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш