Томошабин бўлиб туришга ҳаққимиз йўқ
Томошабин бўлиб туришга ҳаққимиз йўқ

 

Давлатимиз раҳбари 15-16 февраль кунлари Андижон вилоятига ташрифи давомида ижтимоий соҳа объектлари, таълим муассасалари, тадбиркорлик субъектлари ва бошқа қатор манзилларда бўлди. Ҳар бир ҳудудда фаоллар билан учрашиб, олдинда турган энг муҳим вазифаларни белгилаб берди. Учрашувларда Халқ демократик партияси вакиллари, депутатлар, фаолларимиз ҳам иштирок этди. Улар кўнглидаги гапларини, шукроналик ҳиссини, илиқ сўзларини барча ўзбекистонликлар билан бўлишишни истайди.

 

Абдухалил СОТВОЛДИЕВ,

ЎзХДП Пахтаобод туман кенгаши раиси,

халқ депутатлари туман Кенгашидаги партия гуруҳи раҳбари:

— Андижон мамлакатимизда аҳоли энг зич жойлашган вилоят ҳисобланади. Албатта, вилоятимизда ҳам кундан-кунга ўзгаришлар ва янгиланишлар бўй кўрсатяпти, ҳудудларимиз ривожланиб боряпти. Аҳоли бандлигини таъминлаш, камбағалликни қисқартириш, эҳтиёжманд оилаларнинг ижтимоий ҳимоясига алоҳида эътибор қаратиляпти.

Охирги йилларда вилоятимизда бу борада салмоқли ишлар амалга оширилди. 2018 йилдан бошлаб ишчи гуруҳи тузилиб, туманимизда катта ислоҳотлар бошланган эди. Биз партия гуруҳимиздаги депутатлар билан биргаликда бу масалаларни кўп ўрганамиз. Ўша пайтларда уй-жойга эҳтиёж катта эди, бандлик масаласи ҳам ниҳоятда долзарб эди. Қисқа давр ичида бу борадаги кўплаб муаммолар ҳал этилди.

Масалан, туманимизда 18 та кўп қаватли уй-жой қурилди. 44 та янги сув қудуқлари қазилиб, фойдаланишга топширилди. 236 км. масофага тоза ичимлик суви тармоқлари тортилди. Янги корхоналар барпо этилиши, тадбиркорлик ривожланиши, ўзини ўзи банд қилиш ишларига эътибор кучайгани боис 3000 дан зиёд фуқароларнинг бандлиги таъминланди. Ердан унумли фойдаланиш бўйича яхши тажрибалар йўлга қўйилди. Ҳозир ердан 3 марта ҳосил олиняпти. Буларнинг барчаси узоқни кўзлаб амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳаётдаги ёрқин ифодаси, деб биламан. Демак, биз тўғри йўлдамиз.

Ҳозир Андижон халқи ўзгача кўтаринкилик руҳида яшамоқда. Давлатимиз раҳбарининг вилоятимизга ташрифидан қалбимизда ҳам қувонч, ҳам фахр туйдик. 16 февраль куни Хонобод шаҳрида вилоятимизни иқтисодий-ижтимоий ривожлантириш масалалари муҳокамаси бўйича ўтказилган йиғилишда мен ҳам иштирок этдим. Ушбу учрашувдан ўзига хос таассурот, ҳаяжон хотирамда қолди.

Президентимизнинг нутқини тинглаб ўтирар эканман, уларнинг халқ учун қанчалар куюнаётгани, биз ҳам уларга қанот бўлишимиз шартлигини чуқур ҳис қилдим. Йиғилишга келганлар – фаолларимиз, депутатларимиз, ҳамшаҳарларимизнинг фикрларини, гапларини эшитиб, кўнглимиз кўтарилди. Вилоятимизда саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм ва ижтимоий соҳаларни янада ривожлантириш бўйича белгиланган вазифалар ҳар биримиздаги дахлдорлик ва масъулиятни янада оширди.

Айниқса, депутатлар жипслашиб, танқидий-таҳлил ва ташаббус кўрсатиб ишлаши керак, деб ўйлайман. Аҳоли манфаатларига қаратилган ҳар бир дастур тўлиқ бажарилиши, ажратилган маблағларнинг манзиллигини таъминлаш, саноат, тадбиркорлик, қишлоқ хўжалиги, туризм ва ижтимоий соҳалар ривожланишида иштирокчи бўлиш, маҳаллаларни обод қилиш ва кўкаламзорлаштириш каби муҳим ва кечиктириб бўлмайдиган вазифалар турибди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар инсон манфаатлари учун экан, уларни тўлақонли ва ўз вақтида бажарилишини таъминлаш, ижроси устидан жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш зарур. Асосийси, ҳеч кимнинг томошабин бўлиб туришга ҳаққи йўқ. Бу нафақат фуқаролик, балки инсоний бурчимиз ҳамдир.

 

Зулхумор КАРИМОВА,

ЎзХДП Қўрғонтепа туман кенгаши раиси:

– Йиғилишдан сўнг нимани ўйладим, биласизми? Президентимизнинг ҳар галги ташрифидан кейин ўзгаришлар рўй беради. Албатта, бу галги ташриф ҳам Андижон тарихида янги саҳифаларни очишига ишонаман. Юртбошимизнинг вилоятимиз билан боғлиқ ҳар бир қарори фахр ҳамда ғурурга, эртанги кунга ишончга туртки бўлади. Бундай самимий учрашувлар, очиқ мулоқот жараёнлари, режалаштирилаётган тарихий лойиҳалар ҳар бир хонадонга ўзгача меҳр, ифтихор олиб киради.

Тўғриси, мана шулар ҳақида ўйлар эканман, туманимизда одамлар ҳаётида акс этаётган ўзгариш ва янгиланишлар бирма-бир хаёлимдан ўтди.

Ҳозир туманимизда 7 минг кишини иш билан таьминлаган “Кхантех” корхонаси фаолият олиб бормоқда. 2017-2023 йилларда мингдан ортиқ хонадонни ўз ичига олган 21 та кўп қаватли уй-жойлар қурилди. “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури доирасида 2017-2022 йилларда туманнинг 13 та қишлоқ ва маҳаллаларида ободонлаштириш ишлари олиб борилди. 81 км ички йўллар таъмирланди, 79 км. сув тармоқлари ва 9 та сув қудуқлари, 36,8 км электр тармоғи қурилди.

Умуман айтганда, бугун андижонликлар улкан мақсадлар билан яшамоқда, эзгу ниятлар билан меҳнат қилмоқда. Президентимизнинг вилоятимизга бу галги ташрифи ҳам одамларимиз орасида бирдамлик руҳини янада кучайтирди.

Давлатимиз раҳбари томонидан ташриф доирасида белгилаб берилган вазифалар янги имкониятлар эшигининг очилишига, қўшимча иш ўринлари яратилиб, аҳолининг турмуши даражаси ошишига замин яратади, деб ўйлайман.

Муҳим ташаббуслардан бири Андижондан юртимизнинг бошқа шаҳарларига поезд ва автобус қатновини кўпайтириш бўлди. Шунингдек, кичик ва микро ГЭСлар қуриш, электр тармоқлари ва йўлларни таъмирлаш бўйича топшириқлар берилди.

Ижтимоий соҳалар таҳлил қилинар экан, аввало, мактаб таълими сифатини оширишга эътибор қаратилди. Шу мақсадда 10-11 синф ўқувчиларига аниқ, табиий ва чет тили фанларидан бирини чуқур ўрганиш ёки ишчи ва IT касбларга ўқиш имкони яратилади. Бунинг учун мактабларда устахоналар ташкил этилиб, амалий машғулотни тадбиркорлар ўтказиши таъкидланди. Асака агротехнология техникуми билан Андижон қишлоқ хўжалиги институти ўртасида “2+2” дастури жорий қилиниши, Андижон иқтисодиёт ва қурилиш институтида бошқарув ва ўқитиш методикалари янгиланиши қайд этилди.

Режалаштирилган ишлар, албатта, амалга ошади, янада яхши янгиликлар бўлади. Энг муҳими, одамларимизда интилиш бор, қатъият бор, ишонч бор.

 

“Ўзбекистон овози” мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 21.02.2023, №7

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш