Болангиз телефонда нима билан банд?
Болангиз телефонда нима билан банд?

 

Биз бугун глобаллашув замонида яшамоқдамиз. Интернет ривожланиб, ахборот алмашинуви ривожланиб бормоқда. Бундай шароитда ёшларни маънавий баркамол этиб тарбиялаш, уларни турли зарарли оқимлар ва ёт ғоялар таъсиридан асраш энг долзарб масалалардан бири саналади.

Афсуски, аксарият ота-оналар фарзанди “виртуал олам”да нималар билан банд эканидан мутлақо бехабар. Гоҳида фарзандим анча улғайиб қолди, энди бирор машғулот билан банд бўлсин, ишимизга халақит бермасин, дея боласини глобал тармоқ билан ёлғиз қолдириб, ўзлари уларни “рағбатлантирмоқда”. Бундай ҳолатлар бора-бора болада ота-онанинг гапига қулоқ солмаслик, улардан узоқлашиш, қайсарлик, дангасалик, ёлғончилик каби иллатларни авж олдиради.

Ҳозир деярли барча ўсмирларнинг қўлида уяли телефон, планшет бор. Бу эса уларнинг эркинлигини, ўзбошимчаликка мойиллигини оширади. Чунки телефонни доимий назорат қилиш қийин.

Ҳар бир бола алоҳида индивид, демак, унга алоҳида эътибор ва ёндашув зарур. Ҳозир аксарият 13-16 ёшдаги ўсмирлар интернетда фаол. Улар учун интернет муҳим ахборот манбаси, фаол мулоқот воситаси, вақтичоғлик қилиш имконидир. Бу ёшни экспертлар айни “ахборотга ташналик даври” деб атайди. Боиси, ўсмир ўғил-қизлар барча нарсалар ҳақида, айниқса, тақиқланган “билим”лар тўғрисида кўпроқ билишни истайди. Уни ўқитувчисидан сўролмаса, ота-онасига оғиз ҳам очолмаса, ёши катталардан уялса, ким ёрдам беради? Интернет, албатта.

Ваҳоланки, кейинги пайтларда мутахассислар жаҳон “ўргимчак тўри”да болалар дуч келадиган ва уларнинг руҳиятига салбий таъсир этувчи жуда кўп таҳдидлар борлигини бот-бот таъкидламоқда. Улардан энг хавфлиси зўравонлик, ҳаёсизлик, ёвузлик, ахлоқсизлик, гиёҳванд моддалар, дискриминация, неофашизм каби ғайриинсоний, тарбиясизликни тарғиб қилувчи сайт ва материаллар бўлиб, афсуски, уларга кириш ҳам осон.

Улардаги ахборотлар бола онгини заҳарлаши аниқ. Шунингдек, нотаниш кишилар билан электрон почта, ижтимоий тармоқлар ва турли шубҳали форумлар воситасида мулоқот қилиш, хат-хабар ёзишиш ҳам хавфли саналади.

Биласиз, ўсмирлик даврида болалар жуда таъсирчан, жаҳлдор, тез хафа бўлиб қоладиган одат чиқаради. Бундай пайтда улар ўз ҳиссиётини жиловлай олмайди. Дўстлари, яқинлари билан мавжуд муаммолари хусусида суҳбатлашиб, таскин топишни истайди. Шундай паллада кўпинча ижтимоий тармоқлардаги беминнат мулоқотлар қизийди.

Табиийки, онлайн мулоқот жонли мулоқотдан фарқ қилади. Бу борада ўзгача хулқ-атвор меъёрлари ва мезонлари мавжуд. Форум ва чатлардаги мулоқотда анонимлик, яъни номаълумлик ҳолати фойдаланувчиларга реал ҳаётда айтолмайдиган гапларни виртуал ҳаётда айтиш имконини беради. Бола тарбиясида, аввало, ана шу мулоқот ва танишувларни назоратга олиш лозим. Чунки болаларнинг интернетда алдов қурбонига айланишига айнан шу омиллар сабаб бўлмоқда.

Шу маънода, ота-оналар ижтимоий тармоқда “кутилмаган” танишувлардан эҳтиёт бўлиши, беозор кўринган кимсалар, аслида, “ёвуз кучлар” эканини боласига албатта тушунтиришлари керак.

Ахборот хавфсизлиги бўйича экспертларнинг таъкидлашича, ўсмирлар ва ёшлар ҳақидаги энг муҳим маълумотлар айнан улар фойдаланаётган ижтимоий тармоқлардаги шахсий саҳифалардан олинади. Айниқса, ёш фойдаланувчилар ўзи тўғрисидаги шахсий маълумотларни, яъни туғилган куни, исми, телефон рақами, яшаш манзили, қайси жойларда бўлиши, ижтимоий аҳволи, нимани яхши кўриши, кайфияти, характери ҳақида ижтимоий тармоқда ёзишни хуш кўради. Лекин бугун болалар ва ўсмирларнинг интернет тармоғидан фойдаланиш вақтини назорат қилувчи аниқ меъёр ишлаб чиқилмаган.

Шу ўринда ҳақли савол туғилади. Хўш, бугун ота-оналар болаларига интернетни чеклаш керакми ёки ундан самарали фойдаланишни ўргатишлари зарурми?

Айтиш жоизки, интернетни вояга етмаган ёшларга чеклаш керак, деганлар тармоқнинг ахлоқ ва саломатликка салбий таъсир этишига эътибор беради. Яъни бола виртуал мулоқотларга ўрганиб, реал ҳаётдан узилади. Тушкун ҳолатда атрофдагилардан эмас, виртуал оламдаги номаълум кимсалардан нажот излайди. Бир гуруҳ олимлар эса болаларнинг интернетни билишини маъқуллайди. Чунки ундан тўғри ва меъёрида фойдаланилса, хорижий тиллар, математика, ҳисоб-китобни осон ўзлаштириш мумкин.

Бундан хулоса шуки, ҳамма гап интернетдан қандай мақсадда фойдаланишда экан. Бу мақсадни одатда ота-оналар белгилайди. Ушбу жараёнда катталар болаларга баджаҳл қоровул ва тақиқловчи золим эмас, балки меҳрибон дўст ва билимдон муаллим каби бўлиши лозим. Бунда ота-онага назорат дастурлари қўл келади. Яъни компьютер ёки мобиль қурилмаларга юклаб олинган фильтрловчи дастурлар орқали бола тез-тез меҳмон бўлаётган сайтларни, суҳбатдошларни назорат қилиш мумкин. Бу дастурлар ота-онага исталган вақтда боласи телефонда нималар қилаётганини кузатиш имконини беради.

Албатта, бу ота-оналар ўз юмушлари билан банд бўлиб болага фақат тақиқ ва таъқиб қилиш орқали эмас, балки фарзанди билан тез-тез очиқ ва самимий мулоқот қилиши, дилдан суҳбатлашиб туриши керак. Токи, бола тармоқдаги ҳаёт тарзини оила аъзоларидан сир тутмасин, оиласидан топмаган меҳрини виртуал дунёдан изламасин.

 

Дилбар МАМАЖОНОВА,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш