«Янги Ўзбекистон»: Норма бир, талқин турлича. Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар қабул қилиш вақти келди
«Янги Ўзбекистон»: Норма бир, талқин турлича. Тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар қабул қилиш вақти келди

 

Қонун ижодкорлиги Олий Мажлис фаолиятининг энг муҳим, асосий йўналишларидан бири. Албатта, қонунлар инсон ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Шу маънода, Олий Мажлиснинг бу борадаги фаолият сифатини ошириб бориш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Президентимизнинг 2018 йил 8 августдаги “Норма ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони мазкур фаолиятга замонавий ёндашув ва янгича мазмун олиб кирди. Шу асосда изчил ва кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди, янги тартиб-қоидалар жорий этилди.

Жумладан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқиш ва тўғридан-тўғри амал қилувчи қонунлар қабул қилишнинг демократик шаклларини жорий этиш, қонун лойиҳаларини кенг жамоатчилик вакиллари муҳокамаларидан ўтказиш, шунингдек, халқаро шартнома ва рейтингларга мослигини ўрганишга устувор аҳамият берилди. Бу самарасини берди: охирги 6 йил ичида Ўзбекистон “Қонун устуворлиги” (Rule of Law) индекси бўйича 5 ҳамда “Жаҳон бошқарув кўрсаткичлари” (WGI) индексида 24 поғона юқорилади.

Мазкур соҳа ривожига оид “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида”ги ҳамда янги таҳрирдаги “Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўғрисида”ги каби муҳим қонунлар қабул қилинди.

Шу ўринда қонун ижодкорлигининг ҳаётга жорий этилган айрим жиҳатларига тўхталиб ўтсак.

Янги таҳрирдаги қонун ҳужжатини қабул қилиш ўрнига янги қонун ҳужжатини қабул қилиш ва бир вақтнинг ўзида амалдаги қонун ҳужжатини ўз кучини йўқотган деб топиш амалиёти жорий этилди. Бу, ўз навбатида, турли чалкашликлар ва тушунмовчиликларнинг бартараф этилишига олиб келди.

Шунингдек, қонун лойиҳаларининг халқаро шартномаларга, Ўзбекистоннинг халқаро рейтинг ва индекслардаги ўрнини яхшилаш бўйича тавсияларга мослигини ўрганиш амалиёти йўлга қўйилди. Бу эса давлатимизнинг халқаро майдондаги ҳуқуқ ва мажбуриятлари тўлақонли бажарилишига, юртимизнинг инвестициявий жозибадорлиги ошишига, умуман, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини янада юксалтиришга хизмат қилмоқда.

Муҳим жиҳати, “қонуннинг бирдан-бир манбаи ва муаллифи том маънода халқ бўлиши шарт” деган устувор тамойил асосида қонун ижодкорлиги жараёнига жамоатчилик жалб қилинмоқда. Қонун лойиҳалари кенг муҳокамага қўйилиб, фуқароларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини ўрганган ҳолда тайёрлаш, аҳоли ўртасида очиқ муҳокамалар ўтказишга устувор аҳамият қаратилмоқда. Улар сиёсий партияларнинг ҳудудий органлари ҳамда Халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари депутатлари билан ҳам муҳокама қилиниб, таклифлар олиниши бу йўналишдаги фаолият самарадорлигини оширмоқда.

Шу билан бирга, тўғридан-тўғри амал қиладиган, яъни ижро этилиши учун яна бир ҳужжат ишлаб чиқилиши талаб этилмайдиган қонунларни қабул қилишга эътибор кучайди. Бу каби янги ёндашувлар татбиқ этилиши натижасида қонун ҳужжатларининг натижадорлиги ва ҳаётийлиги ошмоқда.

Қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектларининг қонун ижодкорлиги жараёнидаги масъулиятини янада ошириш учун қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасида биринчи ўқишда кўриб чиқилаётганда ташаббускор субъект ёки унинг вакили маъруза билан чиқиши ва ҳимоя қилиши белгиланди. Бу қонун лойиҳаси сифатини яхшилашга, субъектларнинг ушбу жараёндаги фаоллигини янада кучайтиришга ва муҳокаманинг жонланишига хизмат қилмоқда.

Жамиятдаги ўзгаришлар, ислоҳотлар шиддати ортиб боряпти. Ушбу жараёнларнинг қонуний базасини ўз вақтида мустаҳкамлаш зарурати нуқтаи назаридан қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳолатлари кўпаймоқда. Шундан келиб чиқиб, қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишни назарда тутувчи қонун лойиҳаларининг шакли ҳамда расмийлаштириш тартиби такомиллаштирилди. Яъни уларда ушбу ўзгартиш ва қўшимчаларнинг мазмун-моҳиятини халқимизга тушунарли, содда, халқчил ва равон тилда тушунтиришга қаратилган муқаддима жорий этилди. Муқаддимада эса киритилаётган янгиликнинг сабаби, мақсади, зарурати ва натижаси очиб берилади.

Қонун ижодкорлиги соҳасида айрим камчиликлар ҳам йўқ эмас. Жумладан, қонун лойиҳаларидаги ҳаволаки нормалар ёки ижтимоий муносабатларнинг аниқ механизмлари кўрсатилмасдан, асосан, қонуности ҳужжатлар билан тартибга соладиган нормалар ҳам қўлланилмоқдаки, бу амалиётда ҳуқуқни қўллашда турлича талқин қилиниши мумкин.

Ҳаволаки норма деганда у ёки бу қоидани қонун ҳужжатларидаги бошқа моддаларга ёки илгари қабул қилинган қонун ҳужжатларига ҳавола қилиш ёхуд нормаларнинг ўзаро боғлиқлигини кўрсатиш, яъни агар норманинг ўзида қоидалар белгиланган бўлмаса, уларни ўзида мужассам этган бошқа нормага ҳавола этиш тушунилади.

Қонун ҳужжатларида ҳаволаки нормалар бир неча мақсадда фойдаланилади. Жумладан, норматив кўрсатмаларнинг ўзаро боғлиқлигини ифодалаш зарурати бўлган ҳолларда ёхуд тартибга солинган муносабатни қайта такроран тартибга солишнинг олдини олиш учун қўлланилади. Бундан кўринадики, ҳаволаки нормалар керак. Фақат қонун даражасида белгиланиши лозим бўлган қоидаларни қонуности ҳужжатга ҳавола этмаслик лозим. Сабаби, ҳаволаки нормаларнинг хавфли жиҳати у ёки бу масалани тартибга солишни бошқа мансабдор шахснинг ихтиёрида қолдиришдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам юқорида таъкидлаганимиздек, кейинги йилларда тўғридан-тўғри ишлайдиган қонунларни қабул қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Қонун ижодкорлигини янада ривожлантириш бўйича аниқ истиқболли режалар мавжуд. Хусусан, “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида тўғридан-тўғри амал қиладиган қонунларни қабул қилиш амалиётини кенгайтириш, уларнинг мониторинги ва тартибга солиш таъсирини баҳолаш ҳажмини ошириш, барча учун қулай, содда ва ихчам қонунчилик тизимини яратиш мақсадида бир қатор самарадорлик кўрсаткичлари белгиланган.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 19 февралдаги “Қонунларнинг ижтимоий муносабатларни тартибга солишдаги ролини ҳамда норма ижодкорлиги жараёни сифатини янада ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан соҳадаги қатор масалалар ўз ечимини топмоқда.

Аввало, давлат ва жамият қурилиши, суд-ҳуқуқ, иқтисодиёт ва ижтимоий соҳалардаги қонунларнинг ҳаволаки нормаларини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар режаси тасдиқланиб, 2 та кодекс ва 21 та қонундаги 41 та ҳаволаки нормани амалга ошириш бўйича масъул ижрочилар ва аниқ муддатлар белгиланган.

Иккинчидан, 2024 йил 1 мартдан бошлаб агар қонун лойиҳасида ҳаволаки норма қўлланилса, уни амалга оширишнинг аниқ муддати ва масъул ижрочи лойиҳанинг ўзида мажбурий тартибда белгиланади. Яъни энди умумийлик, мавҳумликдан аниқликка ўтилади.

Учинчидан, қонуности ҳужжатлар билан тартибга солинган муносабатларни қонун даражасига кўтариш имкониятини муҳокама қилиш шартлиги белгиланиб, бу ҳақда қонун лойиҳасининг тушунтириш хатида баён этилади.

Тўртинчидан, қонуннинг самарадорлиги, мақсади ва кутилган натижаларига эришилганини аниқлаш учун қонун кучга кирган кундан бошлаб беш йил ўтиб, масъул давлат органи ва Олий Мажлис палаталарининг қўмиталари томонидан унинг тартибга солиш таъсирини баҳолаш амалиёти жорий этилади.

Бешинчидан, янги таҳрирдаги Конституцияни ишлаб чиқиш жараёнида лойиҳани тайёрлашдан олдин халқнинг фикри олиниб, ундан сўнг лойиҳа умумхалқ муҳокамасига қўйилган эди. Мазкур ижобий тажрибадан келиб чиқиб, энг муҳим иқтисодий ва ижтимоий-сиёсий аҳамиятга эга норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар энди худди шу тартиб асосида ишлаб чиқилиши белгиланмоқда. Бу орқали жамоатчиликнинг кенг иштироки ҳамда ҳужжатнинг халқчил бўлиши таъминланади.

Умуман олганда, қонунлар халқ манфаати, фуқаролар учун яратилади. Шундай экан, уни ҳамма тушунадиган шаклда ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва уни амалда қўллай олиш имкониятини ошириш асосий вазифа ҳисобланади.

 

Фирдавс ШАРИПОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси қўмита раиси ўринбосари,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

«Янги Ўзбекистон», 13.03.2023, №52

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш