Аввал ҳам, ҳозир ҳам кўзга кўринарли ўзгариш йўқ. Қашқадарёда депутатлар нимадан норози?
Аввал ҳам, ҳозир ҳам кўзга кўринарли ўзгариш йўқ. Қашқадарёда депутатлар нимадан норози?

 

Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги депутатларимиз ташаббуси билан аҳолининг алоҳида тоифаларига ажратиладиган дори-дармон, протез-ортопедия воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий ёрдам хизматларининг тақдим этилиш ҳолатини ўрганиш тўғрисидаги масала вилоят Кенгашидаги партиямиз гуруҳи ҳамда Ижтимоий-маданий соҳани ривожлантириш, оила, хотин-қизлар ва ёшлар масалалари бўйича доимий комиссиянинг қўшма йиғилишида кўриб чиқилди.

Йиғилишда партиямиз гуруҳ раҳбари Олим Равшанов депутатлар маҳаллаларда уйма-уй юриб, мурожаатларни ўрганганда,  ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини рўёбга чиқаришда бир қатор муаммолар борлигини маълум бўлди. Жумладан, ногиронлиги бўлган шахсларни ўз вақтида ҳисобга олишда, тиббий-ижтимоий ёрдам сифатини ошириш, протез-ортопедия буюмлари ва дори воситаларининг қимматлиги билан боғлиқ муаммолар кўтарилган.

Вилоятда 2016 йилда 699 нафар ногиронлиги бўлган шахс ва пенсионерлар реабилитация техник воситалари ва протез-ортопедия буюмлари билан таъминланган бўлса, 2017 йилда бу кўрсатгич 916 нафарни, 2018 йилда 708 нафарни, 2019 йилда эса 1773 нафарни ташкил этган.

Ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерлар томонидан реабилитация техник воситалари ҳамда протез-ортопедия буюмларига бўлган эҳтиёж йилдан-йилга ортиб бормоқда.

Бугунги кунда амалга оширилаётган ижобий ишлар билан бир қаторда, вилоятда ногиронларни ҳисобга олишнинг комплекс тизими, ногиронларга имтиёзли шартларда бериладиган дори воситалари ва ортопедия буюмларининг ягона электрон ҳисоботи ҳамда ушбу соҳада шаффофликнинг мавжуд эмаслиги муаммолар кўпайишига олиб келяпти.

Депутатларнинг таъкидлашича, протез-ортопедия буюмлари ва реабилитация техник воситаларини ишлаб чиқаришда қўлланилаётган технологиялар ҳар томонлама эскирган. Ушбу соҳада аввал ҳам, ҳозир ҳам кўзга кўринарли ўзгариш йўқ.

Йиғилишда иштирок этган вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходими жорий йилда 1483 нафар ногиронлиги бўлган шахслар ва пенсионерларни махсус аравача, эшитиш мосламаси, ҳасса ва қўлтиқ таёқ каби реабилитация воситалари ҳамда 486 нафар шахсни 1048 турдаги протез-ортопедия буюмлари билан таъминлаш учун маълумотлар рўйхати шакллантирилгани, вилоят молия бошқармасига 381 млн. сўм маблағ ажратиш учун талабнома тақдим этилганини таъкидлади.

Атрофлича муҳокамалардан кейин қўшма йиғилишда масалани вилоят Кенгашининг навбатдаги сессияси кун тартибига киритиш юзасидан қарор қабул қилинди. Депутатлар масалани сессияга олиб чиқиб, амалий натижага, муаммоларни енгиллаштиришга эриша оладими-йўқми, бу ҳақда кейинроқ маълумот берамиз.

 

Жаҳонгир ОЛИМОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши маъсул ходими.

Теглар

Депутат Жамоатчилик қабулхонаси Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар
← Рўйхатга қайтиш