Интилган уйсиз қолмагунча...
Интилган уйсиз қолмагунча...

 

Ҳеч бир ўзбекистонлик ҳеч жойда ўзини уйидагидек хотиржам сезмаса керак. Оила уйда, хонадонда палак отиб, униб-ўсади, куртак ёзиб, гуллайди. Бир бизда эмас, бутун дунёда уй-жой учун йиллаб меҳнат қилинади.

Ўзбекистон улкан пахта майдонига айланиб қолган мудҳиш даврда мамлакат мустақил бўлиб, минг-минглаб оилалар томорқага, ватанга эришган эди. Шу бўлди, бутун мамлакатда уй-жой билан боғлиқ катта янгиликлар кузатилмади, вазият мураккаблашиб борди. Йиллар ўтди, оилалар кўпайгандан кўпайди, ер ажратилмади, янги яшаш жойлар эса деярли қурилмади. Қишлоқ жойларда, ҳатто шаҳарларнинг ичида ҳам имкон топган оилалар мажбурликдан уй кўтарди, ҳовли-жой қилди. Лекин қанчадан-қанча оилалар тиқилишиб қолди, дарди ичида юрди, умумий вазият ижтимоий танглик ҳолатига келиб қолганди.

2019 йилда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Сайловолди дастурида аҳолининг ижтимоий заиф қатламига арзон турар жойлар қурилишини кенгайтириш масаласи ҳам бежизга қўйилмаганди.

 

Нима учун муҳим?

Бежизга, доно халқимиз уйи борнинг ўйи бўлмайди, деб айтмаган. Буни, ўз уй-жойига эга бўлмаган, йиллар давомида шу орзу билан яшаган одамлар кўпроқ ҳис қилади.

Ўзбекистон Марказий Осиёнинг аҳоли энг зич яшайдиган мамлакати ҳисобланади. Табиийки, тез ўсувчи демография давлат олдига одамларни уй-жой билан таъминлаш масаласини қўяди. Қолаверса, ўзбек халқи ўз уй-жойига эга бўлишни бирламчи эҳтиёж сифатида ҳисоблайди.

Ўтган даврда аҳолининг сонини ўсиш кўрсаткичи ва уй-жойларни харид қилиш қобилияти ҳисобга олинмаганлиги натижасида аҳолида уй-жойга бўлган узоқ йиллик эҳтиёж йиғилиб қолди.

Аҳоли сони йилдан-йилга ошиб бораётган бўлса-да, 2016 йилгача Ўзбекистонда, жумладан, пойтахтда янги турар жойлар деярли қурилмади. Халқ орасида “банк уйлари” деб ном олган кўп қаватли уйлар эса гарчи марказий ҳудудларда қурилгани ва сифати билан ажралиб турса-да, қиймати аҳоли ўртача даромадлари кўрсаткичларига нисбатан анча баландлиги, ипотека кредитлари бериш хизматининг деярли йўқлиги боис, турар жойга бўлган талабни ўта кичик фоизга ҳам қаноатлантирилмасди. Ипотека кредитлари берилса ҳам фоизлари жуда баланд ва талаблари жуда қаттиқ эди. Янги уйлар қурилмаслиги натижасида турар жойларнинг нархлари аҳоли даромадалари билан солиштирганда баландлигича қолаверди.

 

Нималар ўзгарди?

Аҳолини уй билан таъминлаш мақсадида 2017 йилдан бошланган ислоҳотлар самарасида катта муаммолар барҳам топмоқда. 2019 йилга келиб, ипотека тизими тубдан ислоҳ қилинди. Бунда аҳолига истаган уйни сотиб олиш имконияти яратилди. Ипотека дастурлари доирасида йилига ўртача 35 минг хонадонли уй-жойлар қурилмоқда.

Аҳолини уй-жой билан таъминлашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарор ва Фармонлари ҳамда ҳукумат қарорлари қабул қилинди. Натижада мамлакатнинг барча гўшалари кенг кўламли қурилиш майдонига айланди. Республикамизнинг қайси ҳудудига борсангиз, албатта, бунёдкорлик ишларига, замонавий уй-жой ва бинолар қурилишига гувоҳи бўласиз. Ҳозирда эски шаҳар ўрнини янги ва замонавий уй-жойлар ва аҳолига хизмат кўрсатувчи инфратузилма объектлари эгалламоқда.

Уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлганларга ипотека кредити бўйича дастлабки бадал ва фоизларнинг бир қисмини қоплаш учун Давлат бюджети маблағларидан субсидиялар тўланиши белгиланди. Буларнинг ҳисобига ҳудудларда 6 мингта кўп қаватли уй барпо этилиб, 250 минг оила янги бошпанали бўлди.

Даромади юқори бўлмаган 45 мингта оилага бошланғич бадал ва фоиз тўлови учун 2,4 триллион сўмлик субсидия берилди. Жумладан, ўтган йили мамлакатимиз бўйича 85 мингта ёки 2022 йилга нисбатан 1,5 баробар кўп хонадон қурилди. Аҳолига 17 триллион сўмлик ипотека кредитлари ажратилди.

 

Ёшларга эътибор

Давлат раҳбари 2022 йил 20 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида янги ипотека дастури масаласига тўхталиб ўтган эди. Дастур доирасида биринчи навбатда турар жойга эҳтиёжи бор ҳамда ёш оилалар учун энг қулай шартлар асосида уй-жойлар қурилиши белгиланди.

Дастур доирасида:

– имтиёзли уй-жойлар охирги 5 йил давомида мулк ҳуқуқи асосида уй-жойга эга бўлмаган оилаларга, 15 фоиз миқдорда бошланғич тўлов асосида 20 йил муддатга бўлиб-бўлиб тўлаш шартларида реализация қилиниши;

– уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган шахсларга имтиёзли уй-жойлар бўйича бошланғич тўловининг бир қисмини қоплаш учун – қатъий белгиланган 32 миллион сўм миқдорида, ойлик тўловларининг бир қисмини қоплаш учун – беш йил давомида ҳар ойлик қатъий белгиланган 1 миллион сўм миқдорида Давлат бюджети ҳисобидан субсидиялар берилиши назарда тутилди.

Ёш оилаларга уй-жой ажратиш шартлари 2020 йил ва кейинги йиллар учун шаҳарларда ва қишлоқ жойларида 1 йиллик имтиёзли давр билан ҳамда дастлабки 5 йил давомида ҳар йили фоиз ставкаси қатъий белгиланган 7 фоиздан Марказий банкнинг қайта молиялаштириш ставкаси даражасигача бир меъёрда ошиб борадиган ставкада берилиши белгиланди.

Ипотека дастури доирасида уй-жой сотиб олиш учун ёш оилаларга қўшимча 2 мингта квота ажратилиб, ушбу мақсадлар учун бюджетдан 60 миллиард сўм маблағ йўналтирилди. Шунингдек, ёш оилаларнинг ипотека кредитини қайтаришга тўлаган маблағлари даромад солиғидан тўлиқ озод қилинди.

Дафтарларга кирган оилаларнинг янги турмуш қураётган фарзандларига ўз хонадонида қўшимча уй-жой тиклаб олиши учун 33 миллион сўмгача гаровсиз кредит ажратиш тизими йўлга қўйилди.

 

Хотин-қизларга эътибор

Оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган хотин-қизларимиз кўзида оғир мунг бор эди. Ўзингиз ўйлаб кўринг, фарзандларини ёлғиз тарбиялаётган, ижарама-ижара сарсон юрган, камига ногиронлиги бўлган аёллардан ҳол сўралмади. Уларнинг дарди ичида эди.

Инсонпарварлик сиёсати асосида қийин довонлардан ўтилмоқда. Ногиронлиги бўлган, кам таъминланган, фарзандларини тўлиқсиз оилада тарбиялаётган ва уй-жой шароитини яхшилашга муҳтож оналар учун арзон уйлар қуриш ва уларга бериш тартиби жорий этилди.

Хотин-қизларга ажратилган 6 триллион сўмлик ипотека кредитлари ҳисобидан 25 мингдан зиёд оилалар ўз уйига эга бўлди. 6 минг 200 нафар аёлга уй-жой шароитини яхшилаш ва кредитнинг бошланғич бадалини тўлаш учун субсидия ажратилди.

Уй-жойини таъмирлашга муҳтож, биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган 5 минг 140 нафар хотин-қизга моддий ёрдам кўрсатилди. Нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган 11 минг хотин-қизга ижара компенсацияси тўлаб берилди, уларнинг 4 минг 769 нафари имтиёзли арзон уй-жой билан таъминланди.

 

Етим болалар, ота-онадан маҳрум болалар

Бундай болаларни қонунчиликка мувофиқ ижтимоий ҳимоялаш, давлат томонидан қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор бор.

Хусусан, 2021 йилдан бошлаб мамлакатимизда етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни уй-жой билан таъминлаш тизимининг жорий этилиши бу борада катта янгилик бўлди.

Мазкур тизимга мувофиқ:

– уй-жойга муҳтож ва 18 ёшга тўлган етим бола учун (25 квадрат метрдан кам бўлмаган) 1 хонали, улар ўртасида тузилган оила учун (50 квадрат метрдан кам бўлмаган) 2 хонали уй-жойлар ажратила бошланди. Бунда, уй-жой етим боланинг хоҳишига кўра, унинг қариндошлари яшайдиган ёки бошқа ҳудудда янги қурилган кўп квартирали уйлардан, ногиронлиги бўлган етим болаларга эса биринчи қаватдан «онлайн навбат» (2022 йил 1 сентябрдан «Ижтимоий ҳимоя ягона реестри») асосида ажратилиши йўлга қўйилди.

Бунда ўқув-тарбия муассасалари ва туман (шаҳар) ҳокимликлари болаларни муассасада бўлиш муддати тугашидан бир йил аввал уй-жойга муҳтож сифатида «онлайн-навбат»га киритиб боради.

– етим болаларга уй-жойлар мулкка эгалик қилиш ҳуқуқи билан, бироқ бола 30 ёшга тўлгунича уни сотиш, гаровга қўйиш, ижарага бериш, оила аъзоси бўлмаган шахсларни рўйхатга қўйиш ҳуқуқисиз берилмоқда.

“Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунга киритилган бир қанча ўзгаришлар натижасини бермоқда. Хусусан, мазкур қонунга етим ёки бутунлай ёлғиз болалар ўзлари илгари яшаган турар жой майдонига эга бўлиш ёки қонунчиликка мувофиқ турар жой олиш ҳуқуқига эга, деган меъёр киритилди.

2020 йил якунларига кўра, 610 нафар “Меҳрибонлик” уйи тарбияланувчилари турар жой билан таъминланган бўлса, 2021 йилда Давлат бюджетидан 120 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиб, 757 нафар етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган бола уй-жой билан таъминланди. 2022 йилда эса 397 та уй-жой харид қилинган. Шу мақсадда Давлат бюджетидан 57 млрд сўм маблағ йўналтирилган.

Жорий йилнинг 20 февраль куни Президент раислигида ижтимоий ҳимоя соҳасидаги устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу йўналишда амалга оширилаётган ишлар таҳлил этилиб, истиқболдаги вазифалар янада аниқроқ белгилаб берилди.

Айниқса, етим болаларни уй-жой билан таъминлаш масаласида вилоят ҳокимларининг масъулияти оширилмоқда. Жумладан, 1 июнга қадар навбатда турган 500 нафар етим болаларни уй-жой билан таъминлаш учун ҳокимларнинг шахсан масъул экани белгиланди. Бу масалада ҳокимлар ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ўзаро ҳамкорликда иш олиб боради. Бунда ҳокимлар – етим болалар учун уй-жой топиш ва уларни жойлаштиришга, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги эса уй-жой сотиб олишни молиялаштиришга масъул бўлади.

 

Янгиланган Конституция ва янги нормалар

Уй-жойли бўлиш ҳуқуқи Конституция даражасида мустаҳкамланди.

Янги таҳрирдаги Конституциянинг 47-моддасида “Ҳар ким уй-жойли бўлиш ҳуқуқига эга” эканлиги белгиланди.

Мазкур модда билан уй-жой мулкдорларига нисбатан икки турдаги муҳим конституциявий кафолат белгиланмоқда. Булар – суд кафолати ва уй-жой учун компенсация олиш кафолатларидир.

Суд кафолати уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи суд қарорисиз маҳрум этилишига йўл қўйилмаслигини англатади. Бу кафолат уй-жойга нисбатан мулк ҳуқуқи мулкдорнинг хоҳишидан қатъи назар, мажбурий тарзда бекор бўлаётганда қўлланилиши назарда тутилган. Мазкур тартиб мулкдор ҳар қандай ҳолатда ҳам асоссиз равишда уй-жойидан маҳрум этилмаслигини кафолатлайди.

Иккинчи кафолат мулкдорнинг иқтисодий манфаатлари ҳимоясига йўналтирилганлиги билан эътиборлидир. Мазкур норма қонунда белгиланган ҳолларда ва тартибда уй-жойидан маҳрум этилган мулкдорнинг шу уй-жой ва етказилган зарар учун тенг қийматда компенсация олишини кафолатлайди.

Норманинг яна бир хусусияти аҳолининг эҳтиёжманд тоифаларини уй-жой билан таъминлаш масаласидир. Давлат уй-жой қурилишини рағбатлантиради ва уй-жойга бўлган ҳуқуқнинг амалга оширилиши учун шарт-шароитлар яратиши белгиланди.

 

Айрим хулосалар

Факт ва далиллар, ислоҳотлар кўлами Халқ демократик партияси дастурида белгилаб олган вазифаларга босқичма-босқич эришилаётганини кўрсатмоқда.

Лекин масаланинг бошқа томони ҳам бор. Ҳар бир ислоҳот, кўзланган мақсад ва белгиланган кафолат ҳар доим ҳам биз кутгандек, биз ўйлагандек бўлавермайди. Жумладан, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар, “Меҳрибонлик” уйлари битирувчиларини турар жой билан таъминлаш назарда тутилган қонун ҳужжатларида турар жой бўш, алоҳида, қулай ва шинам бўлиши, белгиланган санитария ва техник меъёрларга, қонун ҳужжатларининг бошқа талабларига жавоб бериши лозимлиги белгиланган. Бундай қонуний талаблар кўп ҳолларда бузилаётгани, жойларда болани уйли қилиш эмас, боладан тезроқ ва осонроқ қутулиш пайида бўлинаётгани кузатилмоқда.

Қонун ҳужжатларининг ўз вақтида ва белгиланганидек бажарилиши учун ҳукумат ташаббуси билан бирга, депутатлик, жамоатчилик назорати ҳам тенг олиб борилиши керак. Бунда сиёсий партияларнинг ўрни беқиёсдир. Демак, бу масалага янада кўпроқ виждон, янада кенгроқ кўнгил билан ёндашиш зарурати сезилмоқда.

 

Аброр ҚУРБОНОВ,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 20.03.2023, №11-12

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш