Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни эъзозлаш – инсоний фазилатдир!
Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни эъзозлаш – инсоний фазилатдир!

 

Хабарингиз борки, Вазирлар Маҳкамасининг 11 март кунги қарори билан “Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни эътироф этиш, индивидуал тартибда ижтимоий хизматлар ва ёрдамлар кўрсатиш режасини тасдиқлаш ва мониторинг қилишнинг маъмурий регламенти” тасдиқланди. Унга кўра, ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларнинг оддий ва мураккаб ҳаракатларни амалга ошириш имконияти баҳолаб борилиши белгиланди. Индивидуал ижтимоий хизматлар режасига мувофиқ ўз-ўзига хизмат кўрсатиш, мустақил равишда ҳаракатланиш имконияти чекланган ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий ходимлар ассистентларининг “соатбай” асосида ҳафтанинг барча кунлари хизмат кўрсатиши учун қонунчиликка мувофиқ мослашувчан иш тартиби жорий этилади. Бу бежизга эмас, албатта. Чунки кекса-нуронийлар хонадонимиз кўрки, дастурхонимизни эса файзу-баракоти, ногиронлиги бўлган шахслар ва кекса-нуронийларнинг қилган хайрли дуоси ҳаётимиз, оилаларимиз, Ватанимиз ҳамда йўлимизни нурафшон этиб туради, яхши ишларга ундайди.

Дарҳақиқат, ёши улуғ ўзгалар парваришига муҳтож кексаларни эъзозлаш ва уларни қадрлаш, уларнинг ҳурматини ўрнига қўйиш бизнинг узоқ асрлик урф-одатларимиз, миллий анъаналаримиз ҳамда яшаш тарзимизнинг ажралмас бир бўлагига айланган. Бу биринчи навбатда кекса авлод вакилларига бўлган ғамхўрлик ва эътиборни кучайтириш бўлса, иккинчидан ёш авлод учун улкан тарбия ва тажриба мактаби бўлади.

Бугунги кунда республикамизда ўзгалар парваришига муҳтож бўлган ёлғиз кексаларнинг сони 18 417 нафарни ташкил этади. Асосан уларни ёлғизлик, саломатлик ва хавфсизлик масалалари, ҳаракатланиш чеклангани, кундалик юмушларида қийинчиликларга дуч келаётгани, ўзгалар парваришига муҳтожлиги каби бир қатор муаммоларга учраши мумкин. Буларнинг олдини олиш мақсадида, эндиликда “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларининг маҳаллалардаги ижтимоий ходими, патронаж ҳамшира ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари раислари ўзгалар парваришига муҳтож шахсларни доимий аниқлаш ишларини амалга оширади ва бундай шахсларни реестрга киритиш бўйича “Инсон” марказига махсус шаклдаги сўровномани юборади.

Шунингдек, индивидуал ижтимоий хизматлар режасида белгиланган хизматларнинг кўрсатилган муддати, натижаси, сифати, самарадорлиги, бехатарлиги масъул ходим томонидан баҳоланса, ижтимоий хизматдан фойдаланувчи томонидан хизматдан қониқиш ҳосил қилганлиги даражаси шаффоф тарзда баҳоланади.

Ўзгалар парваришига муҳтож шахсларга давлат спорт тадбирларига, театр ва музейларга кириш бепул этиб белгиланади, давлат мулкида бўлган жисмоний тарбия-соғломлаштириш ва спорт иншоотларида ташкил этилган спорт тўгаракларида бепул шуғулланади, яшаш жойида дезинфекция тадбирлари, яшаётган жойларда санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги бўлимлари томонидан бепул амалга оширилади.

Инсон инсонга ғанимат аслида. Шундай экан ҳар биримиз бу каби ислоҳотларга бош қўшишимиз, бефарқ бўлмаслигимиз зарур. ана шунда ўзгалар парваришига муҳтож кишиларнинг кўнгли тўлади, ҳаётидан ва албатта одамлардан рози бўлади. Қариялар қадр топган, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатлами эъзозланган хонадон ва мустақил диёрда ҳамиша меҳр-оқибат, қут-барака ҳамда тинчлик-хотиржамлик бўлаверади.

 

Ўрол ЎРАЗБОЕВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси ҳамда Меҳнат ва ижтимоий

масалалар қўмитаси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш