Болаликнинг катта ўйинлари
Болаликнинг катта ўйинлари

 

Умумхалқ байрамимиз Наврўз миллий ўзлигимизнинг ажралмас қисмидир. Ушбу бетакрор айём азал-азалдан инсонлар қалбига шоду хуррамлик олиб келиши билан бирга, яратувчанлик завқи ва шижоатини уйғотиб келган. Байрам арафасида юртимиз бўйлаб ўтказилаётган турли тантанали маросимлар, халқ сайилларини қадим анъаналар ўзгача шукуҳ билан безайди.

Байрам яқин, шундай кунларга етказганига шукр, деб яна сайиллар ҳақида ўйлаймиз. Шу паллада хаёлимга миллий ўйинларимиз келди. Қизиқ, биз болалигимизда фақат Наврўзда эмас, ҳар куни шу ўйинларни ўйнар эдик.

Болалигимизни, дўстларимиз, тенгдошларимиз, ака-ука, опа-сингилларимиз билан талашиб, тортишиб ўйнаган миллий ўйинларимиз ҳақида ёзмоқликка қарор қилдим.

 

Ўйин аслида тарбиядир

Маълумотларга қараганда, болаликда ўйланган ўйин кишининг камолотида муҳим ўрин тутади. Шунинг учун ўйинлар ҳордиқ чиқариш, мароқли вақт ўтказиш билан бирга тарбиялаш воситаларидан биридир. Инсоният яралибди унинг ҳаётида турли ўйинлар пайдо бўлган, ривожланган, такомиллашиб борган. Кейинчалик ўйинлар турли маросимларга айланган, ҳаттоки, улар орасида санъат даражасига кўтарилганлари ҳам бор.

Бугунга келиб биз анча замонавийлашиб, халқаро майдонда ўрин топишга тобора куч ва ғайратимизни кўпроқ сарфлаяпмиз. Бунинг учун аввало болаларимизни бир нечта хорижий тил ўргатяпмиз, компьютер технологиялари, IT, робототехника, муҳандислик ва яна бошқа кўплаб замонавий касбларга қизиқтиришга уриняпмиз. Ҳозир ҳали бир ёшга тўлмаган бола ҳам уяли телефонга ёпишади, ундаги ранг-баранг ҳаракатлар, видеоларни томоша қилади. Бир томондан бу яхши.

Замон билан ҳамнафас бўлиш, у бераётган имкониятлардан самарали фойдаланиш яхши, ҳатто бу эҳтиёж ва талабдир. Лекин меъёрни ҳам унутмаслик керак. Бугун аксарият болалар онлайн ўйинлар, виртуал ҳаётга шу қадар ишонадики, ташқаридаги ҳақиқий ҳаётни унутиб қўймоқда.

Таълим-тарбиянинг муҳим йўналишларидан бири жисмоний тарбия саналади. Табиатнинг барча омиллари, яъни қуёш, сув, ҳаво сингари ҳаракат ўйинларининг ҳам тарбияда аҳамияти беқиёсдир. Чунки ўйинларда инсон ҳаёти, бошидан кечираётган воқеа-ҳодисалар ва уларга нисбатан муносабат намоён бўлади. Булар эса болаларда одоб, ахлоқ, жасурлик, мардлик, ватанпарварликни тарбиялашда катта ҳисса қўшади.

Деярли барча ҳаракат ўйинлари ақлий, эстетик, меҳнат ва ахлоқий тарбияга узвий боғланган бўлади. Шу асосда болалар нутқини ўстириш, тил бойлигини кенгайтириш, зукколик, қувноқлик, хурсандлик каби руҳий эмоционал ҳолатларни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Педагог олимлардан миллий ўйинлар борасида гап кетганда уларнинг инсон тарбиясидаги аҳамияти нақадар катта эканига эътибор қаратган. Хусусан, миллий ўйинлар ҳар бир миллатнинг қадриятлари кўзгуси экани эътироф этилади.

Масалан, миллий ўйинларда мағлуб бўлган рақиб устидан масхара қилиш мумкин бўлмаган. Аксинча, ўйиндаги рақибнинг хатоси ёки камчилиги бирга ҳал этилган. Шу сабабли ҳам ўртада адоват эмас, ҳақиқат, маҳорат ва ирода беллашган.

Болалар ўйин пайтида ижодий фаолият кўрсатиш орқали ўзларидаги ташкилотчилик қобилиятини ҳам шакллантириб борган. Айниқса, жамоавий ўйинларда бу яққол акс этган. Мисол учун, етакчи ва ақлли болалар мақсадга эришиш йўлида ўртоғига ёрдам беришни ўрганган ва бу борада тўғри қарор қабул қилиш кўникмасини оширган. Бу эса ижодий ташаббускорлик саналади.

 

Эрамиздан аввалги ўйинлар

Фольклоршуносларнинг ёзишича, тарихий манбаларда халқ ўйинларининг келиб чиқиши ҳамда ривожланишига доир қизиқарли ҳикоялар, воқеалар талайгина. Айрим олимлар халқимиз севиб ўйнаган ўйинлар эрамиздан аввалги даврларга бориб тақалишини ҳам асослаб берган. Уларнинг фикрини археологик, этнографик, фольклор ва бошқа манбалар тўла-тўкис тасдиқлашига тааллуқли манбалар мавжуд. Улардан бирида ёзилишича, саклар, массагетлар ва бошқа қабилалардаги ўйинлар, мусобақаларни бугун ҳам халқимиз севиб ўйнайди. Отлар иштирокидаги ёки кураш услубидаги ўйинлар ана шулар жумласидандир.

Кураш, кўпкари сингари ўйинлар қадимдан саховат белгиси сифатида қаралган. Сабаби, ўша пайтларда машҳур улоқчилар, полвонлар ва бошқа иштирокчилар тез-тез мусобақалар ўтказиб, тўпланган маблағ ёки совринни етим-есирлар, кўп болали оилалар ҳамда қарияларга ҳадя этган.

Шунингдек, болалар ўртасида мумтоз ўйинлар ҳам бўлган. Улар тарихий ҳужжат саналади. Масалан, «Қувламачоқ», «Беркинмачоқ», «Кўктерак», «Беш тош», «Ланка», «Подачи», «Чавандоз», «Чиллик» каби миллий ўйинлар бўлган. Бир номдаги ўйинлар турли ҳудудларда турлича усулда ўйналгани ҳам факт. Шунингдек, бир вилоятда учраган ўйинлар бошқа жойда учрамаслиги ёки камдан-кам кузатилиши ҳам мумкин.

Педагогика фанлари бўйича фалсафа доктори Гулжаҳон Мардоновага кўра, «Қармоқча» ўйини шофирконлик болаларнинг ижод маҳсулидир. У балиқ ови ҳақида бўлиб, балиқчи ҳам, балиқлар ҳам болаларнинг ўзи. Овчи образидаги бола ярим чўк тушганча қўллари билан учига қум тўлатилган қопча ўрнатилган арқонни айлантира бошлайди. Болалар эса рамзий маънодаги қармоққа тушиб қолмаслик учун жон ҳолатда сакрайдилар.

 

Мағлубият ҳам тарбиялайди

Шоштепалик болалардан ёзиб олинган «Жойингни топ» ўйини ҳам уларнинг кашфиёти. Теварак-атрофдаги катталар, тенгдош болалар ҳаёти, фаолияти бу ўйин мазмуни учун асос бўлган. Ўйинда қисқа масофа белгиланган. Ҳар бир бола тўғри тўртбурчак ичида тез ва чаққон ҳаракат қилиб ўзи истаган бурчакни эгаллаши керак. Ўртада турган қоровул эса бунга йўл қўймасликка интилади. Тўртта бурчакни ишғол этган болалар унинг қўлига тушмасликка ҳаракат қилади. Қоровул қайси болани ушлаб олса, у билан ўрин алмашади.

Бойсунлик болалар баҳор фаслига тегишли «Чучмомо» ўйини муаллифидир. Ўйинда ўғил ва қиз болалар иштирок этадилар. У баҳор бошланиши, табиат уйғониши билан боғлиқ бўлиб, бошидан то охирига қадар восита сифатида чучмомо ишлатилади. Бу эса яна кўкламга эсон-омон етганлик, шукроналик белгисидир. «Чучмомо» ўйинида иштирок этиш учун жисмонан бақувват бўлиш керак.

Халқимиз азалдан табиатни ардоқлаган. Турна, қарға, олмахон, лайлак билан боғлиқ ўйинлар халқимиз бисотида талайгина. Миллий ўйинларни ўрганар экансиз уларнинг аксариятида тошнинг иштирокини кўрасиз. Улар орасида қизлар ўйнайдиганлари ҳам бисёр. Ҳаракатли ўйинлар бўлиб, асфальтга чизилган катаклар ва рақамлар билан жанубий вилоятларда «Ҳаппак», водий тарафларда «Лаппак», майда тошчалар билан «Тўп тош», бир нечта иштирокчи ва копток ёрдамида «Жамбил» каби ўйинлар севиб ўйналган.

Умуман, ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослиги бўлгани каби ўйинлари ҳам шунга кўра оммалашган.

 

Дор ўйини

Бумайрам СОБИРОВА,

Ўзбекистон ХДП Фарғона туман кенгаши раиси:

— Шоҳимардонда йўқолиб кетаётган бир қанча миллий урф-одат, анъаналаримиз сақланиб қолган. Ана шундай авлоддан авлодга ўтиб, камол топаётган анъаналардан бири полвонлик ва дорбозлик ўйинларидир. Қадимдан Шоҳимардон полвон ва дорбозлари юртимиз ва жаҳоннинг кўплаб давлатларида бўлиб, ўзларининг куч ва маҳоратларини намойиш этганлар.

Айни пайтда Шоҳимардон марказидаги иккита дор майдонида навбат билан 3 та полвонлик ва дорбозлик труппалари ўз санъатини намойиш этмоқда. Булар Лочин Усмоновнинг набиралари, Турсунали полвон ҳамда Аҳад полвоннинг дорбозлик труппаларидир.

Аввал катталар ўз маҳоратини намойиш этади. Кейинги навбат энг ёш полвонларнинг ўйинларига берилади. Бунда 8-10 ёшли полвонлар полвонтошлар, турли акробатик ўйинлар билан томошабинларни баҳраманд этишади. 32 килолик тошларни юқорига кўтариш, отиб ўйнаш, ярим доира шаклида ўзидан 6-7 баравар оғир юкни кўтара олиш, автомобиль тортиш, пичоқли нарвонлардан кўтарилиш, юқоридан шишали ерга сакраш, олов ҳалқалардан акробатик усулда сакраб ўтиш, олов устида юриш каби трюклар бажарилади.

Баъзи томошалар кечқурун ҳам давом этади. Томошанинг охирида асосий ўйинлардан бири – дор бошланади. Бошловчи мухлисларни ўз эътиборига қаратиб, дорга чиқиб кетаётган дорбозга оқ фотиҳа беради. Дорбоз 10 килолик лангарни кўтариб мувозанат сақлаганча дорга кўтарилади.

Турсунали полвоннинг сўзларига кўра, одамларда ихлос бўлади полвонларга нисбатан. Уларнинг ихлосини сўндирмаслик, сақлаб қолиш қийин масала. Шунинг учун у шогирдларига билагида кучи бор одам, ҳамиша ақлини ишга сола билиши, одамларга камтарлик билан муносабатда бўлиши шартлигини таъкидлайди.

 

«Мак-мак»

Шаҳло ХУДОЙҚУЛОВА,

Ўзбекистон ХДП Қашқадарё вилоят кенгаши бўлим бошлиғи:

— Ёшлигимизда байрамда дугоналар билан кўришиш ва шу асносида тўдалашиб ўйинлар ўйнаш имкони пайдо бўларди. Улар орасида энг осони «5 тош» деб аталиб, 5 та тошни ҳар хил шаклда қўлдан қўлга ўтказиш, тўп ёрдамида 2 гуруҳга бўлиниб, ўртага кирган рақибларни тўп билан уриш, резинка ёрдамида ўйин қисмларини ўзимизча 1 дан 11 гача бўлган ҳолда сакраб рақиблардан ўзиб кетиш каби ҳаракатлар билан кун кечикиб қолганини ҳам сезмасдик.

Ерга рақамларни чизиб, тош отиб, бир оёқда ёки икки оёқда бўлсин сакраб-сакраб «мак-мак» деб аталган ўйиннинг қоидасига кўра белгиланган манзилга етиб бориш каби ҳаракатларни бажарардик.

Телефон ва гаджетлар йўқ замонда меҳр-оқибат ҳам бошқача эди. Ўйинлар ҳам жуда содда ва табиий бўлиб, улар болаларни ўзаро бириктириб, бирга меҳнат қилиш, бирга ясаш ва бир-бирига улашиш, дўстлик ва ҳамжиҳатликни тараннум этарди. Байрамлар дўстлар ва улар билан ўйналадиган ўйинлар сабаб янада завқли эди.

Истардимки, фарзандларимиз югурсин, қувласин, сакрасин, кулсин, куйласин, умуман, кўпроқ ҳаракатда бўлишсин. Бунда эса биз катталарнинг ўрни ва эътибори талаб этилади.

 

«Оқ шоли ва кўк шоли»

Нигора САФАРОВА,

Бухоро давлат педагогика институти профессори:

— Ўзбек фольклорининг бошқа жанрлари каби болаларнинг анъанавий ўйинлари ҳам ўзига хос тарихий-генетик илдизларга ва бадиий тадрижга эга. Уларнинг бадииятида ранг рамзийликларининг ҳам алоҳида ўрни бор.

Айтайлик, болалар ўртасида кенг тарқалган «Оқ теракми, кўк терак», «Оқ шоли, кўк шоли», «Бўёқлар» сингари ўйинлар шулар жумласидандир. Уларда ибтидоий аждодларимизнинг ранглар ҳақидаги мифологик қарашлари ўз аксини топган. Бу ўйинлар узоқ замонлардан бери болалар репертуарида яшаб келмоқда. Улар ҳақида ўзбек болалар фольклорига бағишланган деярли ҳар бир ишда маълум фикр билдириб ўтилган.

Жумладан, «Оқ теракми, кўк терак» ўйини ибтидоий инсонларнинг дарахт топинчига ишончи, қадимий маросимлар, оқ ва кўк рангларига нисбатан магик-эътиқодий қарашлари асосида келиб чиққанлиги айтилган, «Оқ шоли, кўк шоли» ўйинининг генезиси фақат ранг рамзийликлари билан боғлиқдир.

Аммо кейинги кузатишларимиз ва тадқиқотларимиз жараёнида узоқ даврлардан бери шоликорлик билан кенг шуғулланиб келаётган Хоразм халқи болалари орасида ҳамон фаол ўйналиб келинаётган бу ўйиннинг генезиси кўпроқ қадимги инсонларнинг мавсумларни ранглар воситасида талқин қилишга алоқадор тажрибаси асосида шундай номлаганлиги равшанлашди.

Бинобарин, «Оқ шоли, кўк шоли» ўйинида шолининг яхши ёки ёмон ҳосил берганлигига ишора қилувчи маъно етакчилик қилади. Бунда «оқ шоли» оппоқ, бўлиқ, сифатли, яхши гуруч доналарини англатса, «кўк шоли» бирикмаси касалланган, қорайган, сифатсиз гуруч доналарига ёки курмакка нисбатан қўлланган. Мазкур рангларда ҳам қадимги инсонларнинг оқ ва кўк ранглар ҳақидаги мифологик тасаввурлари, жумладан, оқ рангда бахт, омад, ёруғлик, яхшилик, кўк рангда эса мангуликка етакловчи рамзий маънолар акс этган.

Наврўз кунлари болалигингизни, табиатга яқин бўлган пайтларингизни эсланг, набирангиз, фарзандингиз, ука-сингилларингиз билан бирга табиатдаги шукуҳдан баҳра олинг. Қаранг, ташқарида осмон бўйи ҳаёт жўш урмоқда.

 

Зилола УБАЙДУЛЛАЕВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 20.03.2023, №11-12

 

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш