Яхши ният билан бошланган ишлар хайрли бўлади
Яхши ният билан бошланган ишлар хайрли бўлади

 

Президентимиз 25-26 март кунлари Наманган вилоятида бўлди. Ташриф давомида иқтисодиётнинг турли тармоқларида амалга оширилаётган лойиҳаларни кўздан кечирди, йирик энергетика объектлари қурилишига старт берилди, маҳаллалар ҳаёти билан танишди. Шунингдек, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг келгуси вазифалари белгилаб берилди.

Ҳозир бутун наманганликлар шу ҳақида фахр билан гапиряпти, бу галги ташриф ҳам сермаҳсуллиги билан вилоят аҳлини қувонтиргани таъкидланмоқда. Ташриф давомида рўй берган воқеалар, билдирилган фикрлар вилоят аҳлининг кайфиятини янада кўтариб, катта мақсадлар сари руҳлантиргани аниқ.

Учрашувларда Халқ демократик партияси вакиллари, депутатлар, фаоллар ҳам иштирок этди. Улар билдирилган фикрлар, белгиланган вазифалар ҳақида ўз фикр ҳамда хулосаларини мухбиримиз билан бўлишди.

 

Илҳом АТАБАЕВ,

ЎзХДП Наманган вилоят кенгаши раиси,

Наманган шаҳар Кенгашидаги партия гуруҳи аъзоси:

– Аввало, таъкидлашим керакки, ташриф давомида, учрашувларда айтилган ҳар бир фикр, берилган топшириқ ва тавсиялар замирида инсон манфаати устуворлиги, турмуш шароитини яхшилаш, фаровонликни янада ошириш мақсадлари мужассам бўлди. Одамлардан истаклари, ишини ривожлантириш учун зарур масалалар ҳақида сўралди. Бу одамларимизда, ёшларимизда эртанги кунга ишончни мустаҳкамлаш, мақсадлари сари қўрқмасдан дадил одимлаши учун руҳлантиради, албатта.

Президентимиз Наманган вилояти уйчи туманидаги «Қумтепа» ёшлар кичик саноат зонасида ишлаб чиқариш жараёнини кўздан кечирди, темирчи ҳунармандлар билан суҳбатлашди. Мутасаддиларга саноат зонаси майдонидан самарали фойдаланиш, ёшларни ва ишсиз фуқароларни ҳунарга жалб этиш бўйича кўрсатмалар берилди. Шу ерда маҳаллабай ишлаш орқали ишсизликни камайтириш бўйича вазифалар муҳокама қилинди.

Бу нимадан далолат беради? Табиийки, ишлаб чиқариш кўпайиши, борлари ўз фаолиятини кенгайтириши минглаб иш ўринлари яратилиши учун хизмат қилади. Демак, ишлайман, иш ўрни яратаман, деган кишиларни қўллаб-қувватлаш, тармоқлардаги турли бюрократик тўсиқлар қўйилишини назорат қилиш, аҳолининг ижтимоий ҳимояси масаласидаги вазифалар ижросини доимий равишда ўрганиб бориш, умуман, халқ ичида бўлишимиз зарур.

Олдимизда улкан ва масъулиятли вазифалар турганини ҳис қилдик. Белгиланган ҳар бир лойиҳанинг халқимизга манфаатли бўлиб амалга ошиши учун бутун депутатлик корпуси, фаолларимиз билан ҳамжиҳатликда иш олиб боришимиз зарур. Партиямиздан сайланган 128 нафар депутатдан фаоллик ва қатъийлик талаб этилади.

Давлатимиз раҳбари «Қумтепа» маҳалласи марказида ҳам бўлди, аҳоли учун яратилган шароитлар билан танишди. Ушбу маҳаллада 5 минг 200 нафарга яқин аҳоли яшайди. Хонадонлар метални қайта ишлаш, деҳқончилик ва хизмат кўрсатишга ихтисослашган. Маҳалла идораси учун қурилган янги бинода Тадбиркорларга кўмаклашиш маркази ҳам ташкил этилди. Бу ерда аҳоли ва тадбиркорлар айрим давлат хизматларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлди. Президентимиз буни маъқуллаб, давлат идоралари билан боғлиқ масалаларни иложи борича маҳаллаларнинг ўзида ҳал этиш зарурлигини таъкидлади.

Депутат сифатида фаолиятим давомида амин бўлдимки, одамлар бирор бир масалага жавоб топиш учун, аввало, маҳалланинг эшигини тақиллатади. Чунки маҳалла одамларга энг яқин идора ҳисобланади, у фуқароларимиз билан ҳар доим ёнма-ён, ҳамнафасдир. Кишиларимиз қандайдир масала юзасидан маҳалланинг имконияти, ваколатлари етмаса, кейин бошқа каттароқ идораларга боришади. Бундан кўринадики, маҳалланинг «қўли узун» бўлса, одамларнинг мушкули осон бўлади.

Наманган туманидаги «Nam Motor Servis» корхонасидаги учрашув-мулоқот ғоят кўтаринки руҳда кечди. Президентимиз дастлаб корхона фаолияти билан танишди. Тўрт гектардан ортиқ ҳудудда жойлашган ушбу инвестицион лойиҳанинг дастлабки босқичи 2021 йилда ишга туширилган. Хитойдан замонавий технологиялар келтириб ўрнатилди. Натижада йилига ўн минг дона электр двигател, икки минг дона сув насоси ишлаб чиқариш қуввати яратилди. Юз киши иш билан таъминланди.

Президентимизга корхонанинг истиқболдаги режалари, навбатдаги босқичлар ҳақида маълумот берилди. лойиҳанинг иккинчи босқичи май ойида, якуний босқич эса йил охиригача ишга тушади. Натижада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар тури ортиб, ҳамкорлик географияси кенгаяди. яна 160 та янги иш ўрни яратилади.

Давлатимиз раҳбари бошқа тармоқлар ва корхоналар билан кооперацияни кенгайтириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш бўйича кўрсатмалар берди.

Энг муҳими, берилган кўрсатма ва таклифлар яқин келажакда йирик корхоналар фаолияти самардорлиги янада ошиши, кўплаб янги иш ўринлари яратилиши, ишчилар даромадлари сезиларли ўсишига хизмат қилишини англатади. Азми қатъий, шижоатли наманганликлар тавсия ва таклифларни дастуруламал қилиб, ташаббускорликни қўлга олган ҳолда улуғвор мақсадлар йўлида янада дадилланиб, куч-қувват олишди, деб ишонаман.

 

Зиёвуддин МАНСУРОВ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Наманган вилоят бўлими раҳбари, «Эл­юрт ҳурмати» ордени соҳиби, вилоят Кенгашидаги ЎзХДП депутати:

– Вилоятимиз кейинги йилларда анча тараққий топди, ўсди, юксалди. Янги саноат зоналари, айниқса, аҳоли зич истиқомат қиладиган чекка ҳудудлардаги кичик саноат зоналари ишсизликнинг қисқариши, одамларга қулай иш ўринлари яратиб беришда муҳим омил бўлмоқда. Муҳими, вилоятимиз йил сайин эмас, ой сайин, кун сайин, соат сайин ўзгараётганидан кўнглимда завқ, қувонч, ифтихор туйғуларининг чек-чегараси йўқ.

Ташриф давомида ўтказилган учрашувларда билдирган фикрлар, Наманганни янада ривожлантириш йўлидаги ташаббуслар, одамларимиз фаровонлигини ва даромадини оширишга қаратилган улкан режалар, албатта, қувонтириши табиий-да.

Президентимиз Наманган шаҳрида Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари ҳамда иқтисодий комплекс мутасаддилари иштирокида ўтказган йиғилишда Сайхунобод тажрибаси асосида маҳаллабай ишлаш, томорқа ва хонадонлардаги имкониятлардан фойдаланиб, аҳоли даромадларини ошириш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

Маҳаллаларда ишсизлар, эҳтиёжмандларга алоҳида эътибор қаратиш, ташкилий-молиявий кўмак бериб, бандлигини таъминлаш зарурлиги айтилди. Бунинг учун барча масъуллар ҳар бир корхона, тадбиркор ва хонадон билан яқиндан ишлайдиган тизимни йўлга қўйиши кераклиги қайд этилди. Маҳаллаларга ҳокимлик ва барча иқтисодий идора ходимлари бириктирилиб, улар хонадонларда бўлиб, имкониятларини таҳлил қиладиган бўлди.

Қаранг, қанча имконият. Бир замонлар одамларимиз ишлайман, тадбиркор бўламан, деган мақсад билан ҳокимликлар, мутасадди ташкилотлар олдида кунлаб, ойлаб муаммолари билан ўралашиб юрарди. Тўсиқлардан, қоғозбозликлардан чарчаб, раҳбарлар эшигини тақиллатавериш жонига теккандан қанча одамлар ишини охирига етказмай қўл силтаган ҳолатлар кўп эди. Ҳозир вазият тамомила бошқача. Ҳокимликлар, иқтисодий идоралар вакилларининг ўзи маҳаллаларга, хонадонларга боради, одамлар билан бевосита суҳбатлашади.

Томорқаси борларнинг ҳам даромади ошади, ҳунармандликка уқуви борларга хом ашё, ускуна ва айланма маблағдан ёрдамлашилади. Тадбиркорлик истаги бўлса, бизнес лойиҳалар қилиб берилади. Бир сўз билан айтганда, қўлидан иш келадиган одамлар қўллаб-қувватланади, ҳаракат қилган одам энди кам бўлмайди.

Бу галги ташрифнинг яна бир ўзига хос жиҳати шунда бўлдики, у шундай муборак ойларда ташкил этилди. Шу куни юртимизнинг барча ҳудудларида, вилоят, шаҳар ва туманлардаги ҳамма маҳаллаларда ифторлик дастурхонлари ёзилгани каби Наманганда ҳам ифторлик дастурхони ёзилди, вилоятдаги бу эҳсонга Фарғона ва Андижон вилояти нуронийлари ҳам ташриф буюрди. Президентимиз ҳам бу ифторликда иштирок этди. Улуғ кунларда қилинган ният ва мақсадлар рўёбга чиқишига ишонамиз.

Шу куни яна бир муҳим ташаббусдан вилоятимиз аҳлининг бош осмонга етди. Наманган вилоятида янги электр станциялари қурилишига бағишланган маросим бўлиб ўтди. Сўнгги йилларда электр истеъмоли анча ўсгани ва бу давом этиши инобатга олиниб, вилоятда жами қиймати 1,1 миллиард доллар, қуввати 1 минг 228 мегаватт бўлган учта мажмуа лойиҳалаштирилди. Булар гидроэлектр станциялар каскади ҳамда иккита қуёш электр станциясидир. Ушбу станцияларни шу йил якунига қадар тармоққа улаш кўзда тутилган. Уларда 120 киши доимий иш ўрнига эга бўлади.

Маросимда Президентимиз рамзий тугмани босиб, мазкур йирик энергетика лойиҳалари қурилишини бошлаб берди.

Одамларимиз фаровон яшашига шароит яратиш янги Ўзбекистон сиёсатининг асосий пойдеворларидан биридир. бунинг учун катта­кичик лойиҳаларни ўз вақтида ишга тушириш, уларнинг барқарор фаолияти учун узлуксиз энергия таъминоти ниҳоятда зарур. Шу маънода, бугунги маросим ҳам тарихий воқеа. барчангизни шундай янги лойиҳа ва ташаббуслар билан табриклайман, деди давлатимиз раҳбари.

Албатта, ният яхшилигида гап кўп. Яхши ният билан бошланган ишлар хайрли бўлади. Шу онда нимани ўйладим, биласизми? Асосий мақсад янгидан-янги имкониятлар эшигини очиш, инвестицияларнинг кириб келишига ҳамда қўшимча иш ўринлари яратилишига эришиш, аҳолининг турмуш даражасини оширишга қаратилганини яна бир бор тушуниб етдим. Бу оқилона сиёсатнинг биргина кўриниши, холос. Энг қувонарлиси, одамларда орзу қилишга, янги марраларни забт этишга имкон ҳам, иштиёқ ҳам етарли. Юқори кайфият билан ҳар қандай маррани забт этиш мумкин.

 

«Ўзбекистон овози» мухбири

Лазиза ШЕРОВА ёзиб олди.

«Ўзбекистон овози», 27.03.2023, №13

 

 

 

 

 

Теглар

Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш