Камбағаллик чегараси нима?
БМТ камбағаллик чегарасини асосий товар ва хизматлар (озиқ-овқат маҳсулотлари, кийим-кечак, турар-жой ҳақини тўлаш, сув билан таъминлаш, электр энергияси, мактаб таълими, тиббий хизмат) учун зарур бўлган даромадлар сифатида белгилайди. Камбағаллик даражаси нисбий тушунча саналади ва муайян мамлакатдаги умумий фаровонлик даражасига боғлиқ. Камбағаллик мутлақ ва нисбий каби турларга бўлинади. Мутлақ камбағалликда кун кечирувчи одамлар биологик тирик қолишни таъминлайдиган минимал эҳтиёжларнигина қондиришлари мумкин.
Ҳукумат маҳаллий органлари аҳолининг кам таъминланган қатламларини аниқлаш, ижтимоий ҳимоя соҳасидаги вазифаларни аниқлаш мақсадида камбағаллик чегарасини белгилайди. Бунда турли мезонлардан фойдаланилади, бой мамлакатларда қашшоқлик чегараси, камбағал мамлакатларга қараганда юқорироқ.
Жаҳон банки методикаси
1990 йилда Жаҳон банки экспертлари камбағал давлатларда қўлланадиган стандартлардан фойдаланиб, дунёдаги камбағал аҳоли сонини ўлчашни таклиф қилишганди. 15та давлатдаги камбағалликнинг миллий даражасини ўрганиб, харид қобилияти асосида валюта курсларини қўллаган ҳолда (харид қобилияти; бутун дунёдаги ана шу нархлар асосида ҳисобланади) қайта ҳисоблашди. Товар ва хизматлар тўплами нархини барча мамлакатларда тўғри таққослаш учун ана шундай қилинган.
Натижада экспертлар ўрганилаётган қашшоқ мамлакатларнинг олтитасида камбағаллик даражаси кунига бир киши учун 1 долларга яқин кўрсаткични ташкил қилади. Бу кўрсаткич илк халқаро қашшоқлик чегараси сифатида қабул қилинади.
Дунё мамлакатларидаги ҳаёт қийматидаги тафовутлар ортиб боргани сабабли Жаҳон банки глобал камбағаллик кўрсаткичини вақти-вақти билан қайта кўриб чиқиш заруриятига дуч келди. 2005 йилда банк дунёнинг энг қашшоқ мамлакатларида қабул қилинган камбағаллик даражаси асосида ана шу кўрсаткични қайта ҳисоблади. Натижада глобал қашшоқлик чегараси 1,25 долларгача кўтарилди. 2015 йилда чегара қайта кўриб чиқилди ва 1,9 долларгача ортди.
Бундан ташқари, Жаҳон банкида ўртадан паст, ўрта ва юқори– 3,2 доллар, 5,5 доллар ва 21,7 доллар даромадларга эга мамлакатлар учун камбағалликнинг юқори даражалари қабул қилинган. Банк мутахассислари бу кўрсаткичлар пул мезонларига асослангани ва улар таълим олиш, соғлиқни сақлаш хизматлари ва сув ҳамда электр энергияси билан таъминланганлик каби жиҳатларни ҳисобга олмаслигини таъкидлашади.
Жаҳон банки маърузалари
1990 йилдан бошшаб ҳар йили Жаҳон банкининг «Камбағаллик ва ялпи фаровонлик» маърузалари эълон қилинади. Сўнгги маъруза 2018 йилнинг октябрь ойида чиқарилган. Ундаги асосий кўрсаткич қашшоқликнинг халқаро чегараси бир киши учун кунига 1,9 доллар миқдорида эканидир. Бироқ қашшоқлик бўйича янги таъриф ва ўлчамлар киритилмоқда. Жумладан, ижтимоий камбағаллик. Бу кўрсаткич мутлақ ва нисбий камбағаллик концепциясини бирлаштиради.
Бундан ташқари, камбағаллик даромадлар даражаси бўйича коммунал хизматлар (сув, электр энергияси), соғлиқни сақлаш ёки таълим олиш имкониятини акс эттирмагани учун кўп ўлчамли камбағаллик кўрсаткичи киритилди. Ана шу тушунчага мос равишда глобал даражадаги камбағаллар улуши монетар камбағаллик билан таққослаганда тахминан 50 фоизга юқорироқ.
Жаҳон банки маълумотларига кўра, 736 миллион киши (аҳолининг 10 фоизи) ўта қашшоқлик шароитида (кунига 1,9 доллардан кам киримга эга), дунё аҳолисининг деярли ярми – 3,4 млрд киши – кунига 5,5 доллардан кам тушумга эга. Қашшоқлик даражаси энг юқори қитъа Африка, сайёрадаги энг қашшоқ мамлакатлар – Конго демократик республикаси (ўта қашшоқлик даражаси – 77,1 фоиз) ва Мадагаскар (77,6 фоиз).
Ўзбекистонга тегишли кўрсаткичлар
Ўзбекистон камбағалликни қисқартириш бўйича Жаҳон банки ва БМТ Тараққиёт дастури билан биргаликда дастур ишлаб чиқишни режалаштирмоқда. Уни амалга ошириш учун 700 миллион доллар маблағ йўналтирилади.
27 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорликни ривожлантириш орқали камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора-тадбирлар бўйича видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистондаги камбағаллик даражасига оид статистика келтирилди.
«Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 12-15 фоиз ёки 4-5 миллион аҳолимиз камбағал. Бу уларнинг бир кунлик даромади 10-13 минг сўмдан ошмаяпти, дегани. Ёки бир оилада машина ҳам, чорва ҳам бўлиши мумкин, лекин бир киши оғир касал бўлса, оила даромадининг камида 70 фоизи уни даволатишга кетади. Хўш бундай оилани ўзига тўқ дейиш мумкинми? Президент сифатида мени одамларимизнинг овқатланиши, даволаниши, болаларини ўқитиши, кийинтириши каби ҳаётий эҳтиёжлари нима бўлаяпти, деган савол ҳар куни қийнайди», – деганди Шавкат Мирзиёев.