Жиззах янги имкониятларга тўла диёр
Жиззах янги имкониятларга тўла диёр

 

 

Муҳтарам Президентимиз 8-9 апрель кунлари Жиззах вилоятида бўлди. Ташриф давомида саноатнинг юқори технологик тармоқлари, қишлоқ хўжалиги ва бошқа йўналишларда амалга оширилаётган лойиҳалар, маҳаллаларда аҳоли даромадларини ошириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан танишди. Янги корхоналар қурилишига старт бериш, вилоятни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг устувор вазифалари белгилаб берилди. Бугун бутун жиззахликлар шу ҳақида фахр билан гапиряпти. Бу галги ташриф сермаҳсуллиги билан, вилоят аҳлини қувонтиргани таъкидланмоқда. Ташриф давомида рўй берган воқеалар, билдирилган фикрлар вилоят аҳлининг кайфиятини янада кўтариб, катта мақсадлар сари руҳлантиргани сир эмас. Шуни таъкидлашим керакки, ташриф давомида, учрашувларда айтилган ҳар бир фикр, берилган топшириқ ва тавсиялар замирида инсон манфаати, инсон қадри устуворлиги, турмуш шароитини яхшилаш, фаровонликни янада ошириш мақсадлари мужассам бўлди. Одамлардан истаклари, ишни ривожлантириш учун зарур масала ва таклифлар ҳақида сўралди.

Давлатимиз раҳбари Шароф Рашидов туманида қурилаётган “Янги Ўзбекистон” массивини бориб кўрди, у ердаги ташкил этилаётган ишлар билан танишди. Вилоятда илгари ҳеч бундай кенг кўламли қурилишлар бўлмаган эди. Сўнгги йилларда ўнлаб заводлар ишга туширилди, янги саноат тармоқлари пайдо бўлди. Шунга яраша ижтимоий инфратузилма ҳам барпо этилмоқда. Олдин Шароф Рашидов туманининг бу ҳудуди адир ёнбағри, ундан деярли фойдаланилмас эди. Ҳозир 140 гектарли улкан майдонда жадал қурилиш кетмоқда. Лойиҳа уч босқичли бўлиб, 3 минг 936 хонадонли 105 та кўп қаватли уй барпо этилиши режалаштирилган. Уйлар 9, 12 ва 16 қаватли бўлиб, бу ҳам Жиззах шароитида янгиликдир. Давлатимиз раҳбари бу йил режалаштирилганига қўшимча уйлар қуриб, имтиёзли ипотека кредитлари орқали аҳолига харид имкониятини яратиш бўйича кўрсатмалар берди. Шунга мутаносиб равишда инфратузилма тармоқлари, мактаб, болалар боғчаси каби ижтимоий муассасалар қурилишини жадаллаштириш, савдо ва хизматларни, жумладан, йўл бўйида умумий овқатланиш шахобчаларини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.

Ташриф давомида Президентимиз Шароф Рашидов туманидаги Туёқли маҳалласида бўлиб, аҳоли турмуш шароити ва даромадлари билан қизиқди.

Маҳаллалардаги имкониятларни ишга солиб, аҳоли бандлигини таъминлаш бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Бунда энг қулай ва ҳаммабоп имкониятлардан бири томорқадан фойдаланишдир. Бундай омилкорликни Туёқли маҳалласида ҳам кўриш мумкин. 678 та хонадоннинг деярли ҳаммасида томорқа бор. Уларнинг жами майдони 36 гектар. Мевали дарахтлар, ток ва сабзавотлар яхши ҳосил беради. 314 та хонадондаги иссиқхоналарда полиз экинлари ва гул кўчатлари етиштирилмоқда.

Давлатимиз раҳбари шу ерлик Абдумўмин Каримов хонадонини кириб кўрди. Уйнинг томорқаси 12 сотих, шундан 7 сотихида иссиқхона барпо этилган. Бундан ташқари, чорва, товуқ, асалари боқилади. Хонадон эгаси рўзғорбоп экинлар етиштириб, йилига 200 миллион сўмдан зиёд даромад олаётганини сўзлаб берди.

Ўртача маҳалладаги шу оддий хонадон мисолида кўраяпмизки, оиланинг ўзида ҳаракат бўлса, яхши даромад топса бўлади. Аҳоли ихтиёрида томорқалар, ундан фойдаланаман деган инсонлар ҳам кўп. Фақат уларга ёрдам бериш керак. Масалан, маҳаллий корхоналарни жалб этиб, иссиқхона қурилмалари, воиш, асалари уяси, кўчат, уруғлик ва озуқаларни яхлит тўплам қилиб, арзон нархда етказиб бериш зарур - деди Шавкат Мирзиёев.

Биз учун энг қувонарли жиҳати шундаки, Ўзбекистон Президенти Жиззах вилоятига ташрифи чоғида саноат ва энергетика лойиҳаларининг бошланишига бағишланган маросимдa иштирок этганидир.

Маълумки, саноат ривожи барқарор энергетикага боғлиқ. Шу боис бу икки соҳа мутаносиб ривожлантирилмоқда. Биргина 2023 йилда мамлакатимизда 4 минг 600 та саноат корхоналари ишга туширилди. Саноат 6 фоизга ўсиб, 656 триллион сўмлик маҳсулотлар ишлаб чиқарилди.

Умумий қуввати 2,4 гигаватт бўлган 7 та йирик иссиқлик, қуёш ва шамол электр станциялари тармоққа уланди. Бундан ташқари, 14 миллиард долларлик хорижий инвестициялар ҳисобига 12 гигаваттли 31 та электр станцияси барпо этилмоқда. Бу йил Навоий, Бухоро, Наманган, Тошкент ва Қашқадарёда 2,6 гигаватт қувватлар тармоққа уланади. Умуман олганда, муқобил энергетикани ривожлантириш ҳисобига жорий йилда “яшил” энергиянинг генерациядаги улуши 30 фоизга етади.

Энг муҳими, берилган кўрсатма ва таклифлар яқин келажакда йирик корхоналар фаолияти самарадорлиги янада ошиши, кўплаб янги иш ўринлари яратилиши, ишчилар даромадлари сезиларли ўсишига хизмат қилишини англатади. Азми қатъий, шижоатли Жиззахликлар тавсия ва таклифларни дастуриламал қилиб, ташаббускорликни қўлга олган ҳолда улуғвор мақсадлар йўлида янада дадилланиб, куч-қувват олишди десак асло муболаға бўлмайди.

Вилоятимиз кейинги йилларда анча тараққий топди, ўсди, юксалди. Муҳими вилоятимиз, йил сайин эмас, ой сайин, кун сайин, соат сайин ўзгараётганидан кўнглимда завқ, қувонч, ифтихор туйғуларининг чек-чегараси йўқ. Ташриф давомида, ўтказилган учрашувларда билдирилган фикрлар, Жиззахни янада ривожлантириш йўлидаги, ташаббуслар, одамларимиз фаровонлиги ва даромадини оширишга қаратилаётган улкан режалар, албатта қувонтириши табиий-да. Бу галги ташрифнинг яна бир ўзига хос жиҳати шундаки, у шундай муборак ойларда ташкил этилганлиги бўлди.

 

Ўрол Ўразбоев,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзХДП фракцияси аъзоси.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Олий Мажлис Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш