Овозимиз ҳаётимизни ўзгартириши мумкин...
Овозимиз ҳаётимизни ўзгартириши мумкин...

 

Юртимизда кейинги йилларда жамоатчилик орасида «Ташаббусли бюджет» лойиҳасичалик кенг оммалашган лойиҳа йўқ, деб айтсак муболаға бўлмаса керак.

Лойиҳа одамларни шахсий манфаатлар учун эмас, балки умумманфаат йўлида ҳаракат қилишга ундамоқда. Мазкур лойиҳа орқали одамлар йиллар давомида уларни қийнаб келаган муаммолар, имкони бўлса, қурби етса, амалга оширишни режалаштирган ишларини «таклиф» кўринишида билдириш орқали амалга оширишга одатланди.

 

«Ташаббусли бюджет»нинг 2024 йилдаги 1-мавсумига 1 февралдан старт берилган эди. Лойиҳаларга овоз бериш 13 мартдан 4 апрелгача давом этди. Портал маълумотларига кўра, 9443 та маҳалла фуқаролар йиғинидан 35 575 та ташаббус келиб тушган бўлиб, шундан 28 919 таси маъқулланган.

Энг кўп ташаббуслар Сурхондарё вилоятидан келиб тушган бўлиб, уларнинг умумий сони 3 603 тани ташкил қилади. Улар орасида саралашдан ўтган лойиҳалар сони 2 684 та бўлиб, овоз бериш натижаларига кўра, 965,3 минг овоз тўплаган. Шулардан 193 таси ғолиб, деб топилган.

Ҳудудлар кесимида олиб қараганда энг кам ташаббуслар Жиззах вилоятидан келиб тушган. Уларнинг сони 1 639 та. Саралашдан ўтган 1 401 та ташаббус 596 мингдан кўпроқ овоз тўплаган ҳамда шулардан 150 таси ғолиб бўлган.

Энг кўп ташаббуслари ғолиб бўлган ҳудуд Тошкент вилояти бўлди. Вилоятдан саралашда қатнашган 1 885 та лойиҳадан 313 таси ғолибликни қўлга киритди. Ташаббусларни ёқлаб жами 790 мингдан ортиқ овоз берилган.

Энг кам таклифлари ғолиб бўлган ҳудуд навоий вилояти бўлди. вилоятдан жами 1 884 та лойиҳа саралашда қатнашган. Улар деярли 365 минг овоз йиғиб, якунда 129 таси ғолибликни қўлга киритган.

Шу тариқа якунда республика бўйлаб 2 254 та маҳалла бўйича жами 2 770 та лойиҳа ғолиб, деб топилди. Уларни молиялаштиришга 3,3 трлн сўм йўналтирилиши кўзда тутилган. Лойиҳаларнинг энг юқори қиймати 1 млрд. 360 млн. сўм қилиб белгиланган. Бу мавсум овоз бериш жараёнларида 11,7 млн киши иштирок этди. Тан олиб айтиш керак, рақамлар катта. Сабаби, 2023 йилги Президентлик сайловида 20 млнга яқин сайловчи рўйхатга олинган эди. Демак, Ўзбекистонда аҳолисининг катта қисми «Ташаббусли бюджет»га овоз бериш жараёнларида фаол қатнашганини кўрсатмоқда. Қайсидир маънода одамлар ўзларининг овози кўп нарсани ўзгартиришга қодирлигини англаб етаётгандек кўринмоқда.

Бу мавсумнинг яна бир ўзига хос жиҳати, энди овоз бериш жараёнига «Бир фуқаро, бир овоз» тамойили жорий этилди.

 

Бу нима дегани?

Аввалги мавсумларда бир фуқаронинг номида қанча «сим карта» бўлса шунча овоз бериши мумкин эди. Жорий мавсумдан бир фуқаро унинг номида қанча сим карта бўлишидан қатъи назар битта овоз бериши мумкинлиги аниқ белгилаб қўйилди. Натижада одамларнинг ёппасига «сим карта» олиб, овозларни сунъий равишда оширишига имкон қолмади. Шу тариқа «Ташаббусли бюджет» лойиҳаси ҳам борган сари такомилига етиб бормоқда.

Натижалар эълон қилинганидан сўнг бир қизиқ ҳолат юз берганига гувоҳ бўлдик. Энг кўп овоз йиғиб ғолиб бўлган 10 та лойиҳанинг 9 таси Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманига тўғри келади.

 

Энг кўп овоз тўплаган 3 та лойиҳа

 

  1. Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани «Қўшчинор» МФЙ Ғуржоб қишлоғи «Ҳамдўстлик» кўчаси ички йўлларининг 3 кмни асфальт қилиш лойиҳаси 14 918 та овоз билан энг кўп овоз йиғган лойиҳа бўлди.
  2. Қашқадарё вилояти, Яккабоғ туманидаги Қайқи қишлоғининг 3 км ички йўлига асфальт қопламасини ётқизиш ташаббуси 14 718 та овоз тўплаган.
  3. Қашқадарё вилояти, Яккабоғ тумани «Қўшчинор» МФЙ да жойлашган Ғуржоб қишлоғи «Сокин» ва «Янги» аср кўчалари ички йўлларини асфалт-бетон қоплама ёрдамида таъмирлаш таклифи ҳам 14 497 та овоз олган.

Юқоридаги учала ташаббус учун жорий мавсумнинг энг юқори қиймати миқдорида, яъни 1 млрд 360 млн. сўм маблағ ажратилиши кўзда тутилган.

 

Энг кам овоз билан ғолиб бўлган 3 та лойиҳа

 

  1. Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри «Учқун» МФЙ ҳудудига «Гузар» кўчасининг 26-сонли мактабигача бўлган қисмида 1000 метр пиёдалар йўлакчасини барпо этиш лойиҳаси 32 та овоз йиғиб ғолиб бўлган ва унга 400 млн. сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган.
  2. Тошкент вилояти, Нурафшон шаҳри Нурафшон шаҳар маданият бўлимининг моддий техник базасини мустаҳкамлаш учун 30 кв. метр саҳна монитори харид қилиш таклифи 18 та овоз билан ғолиб, деб топилиб, 500 млн. сўм ажратилиши белгиланган.
  3. Жиззах вилояти, Дўстлик тумани А.Навоий МФЙ «Янги ҳаёт» кўчасидаги тунги ёритгич чироқларини ўрнатиш ташаббуси 12 та овоз билан мавсумнинг энг кам овоз тўплаб ғолиб бўлган ташаббуси бўлди ва унга 23 млн. сўм маблағ ажратиладиган бўлди.

 

2024 йилги 1-мавсум билан 2023 йилги 2-мавсумни солиштириб қарасак, ўтган йили республика бўйлаб 9426 та маҳалладаги инфратузилма яхшиланиши учун жами 49 464 та таклиф келиб тушган эди. Улардан 33 631 таси овозга қўйилган. Ўтган йили ҳам Тошкент вилоятининг 122 та лойиҳаси ғолиб бўлиб етакчилик қилган. Лекин ўтган йилги 1-мавсумда 1666 та лойиҳа, 2-мавсумда 1187 та лойиҳа ғолиб, деб топилган эди. Солиштириб қарасак, бу йилги 1-мавсумдаги ғолиб лойиҳалар сони ўтган йилги икки мавсумдаги ғолиблар сони билан деярли бир хил. демак, прогресс катта, деб айтишимиз мумкин.

Ҳар бир жамият турлича фикрлар асосида шаклланади ва бу нормал ҳолат, деб қаралади. Шундай экан, «Ташаббусли бюджет» атрофида ҳам фикрлар ва қарашлар хилма-хиллигини кўришимиз мумкин. Кимлардир масаланинг овоз йиғиш билан боғлиқ мажбурий меҳнатга йўл қўйилаётганига эътибор қаратса, кимлардир айнан «Ташаббусли бюджет» фуқароларга ўзаро манфаатларини бирлаштириш учун восита бўлаётганига урғу бермоқда. Теран фикр билан моҳиятга чуқурроқ назар ташласак, натижалар лойиҳанинг эзгуликка хизмат қилаётганини кўрсатмоқда.

 

Аҳмад Қурбонов,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 10.04.2023, №15

 

 

 

 

 
← Рўйхатга қайтиш