Депутатимиз чинозлик аёллар билан учрашди
Депутатимиз чинозлик аёллар билан учрашди

 

Олий Мажлис Сенати Раиси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси аъзоси Танзила Нарбаева бошчилигидаги республика ишчи гуруҳи хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш бўйича ишларнинг бориши билан танишиш ва аҳоли билан бевосита мулоқот қилиш мақсадида Тошкент вилоятининг Чиноз туманида бўлди.

“Бирлик” МФЙда хонадонма-хонадон юриб, ишсиз хотин-қизлар, уларнинг бандлигини таъминлашга оид эҳтиёжлари, имкониятлари, тадбиркорликка қизиқиши бўйича ўтказилган ўрганишларнинг дастлабки натижалари таҳлил қилинди. Ўрганиш жараёнининг ўзида 54 нафар аёлнинг бандлиги таъминлангани, 11 нафарига кредит ажратилиб, тадбиркорлик фаолиятига жалб қилинганлиги айтиб ўтилди.

616 та хонадонга эга маҳалланинг драйвери иссиқхоначилик бўлиб, 90 фоиздан зиёд хонадон айнан шу йўналиш орқали даромад топади. Ўтган йилда маҳалладаги иссиқхоналарда етиштирилган 30 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортга чиқарилган.

Маҳалла еттилиги билан кечган суҳбат жараёнида камбағалликни қисқартириш, бунинг учун оилавий тадбиркорликни, томорқачиликни, маҳаллада хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш, айниқса хотин-қизлар орасида қўшимча касбларга ўқитиш ва иш билан таъминлаш орқали норасмий бандлик улушини камайтириш масалаларига эътибор қаратилди. Шунингдек, еттиликнинг ўзаро ҳамкорлиги, масалаларни биргаликда бир тизим бўлиб, ҳал этиш юзасидан тавсиялар берилди.

Шу ернинг ўзида хатлов жараёнида аниқланган эҳтиёжманд аёллар билан ҳам мулоқот ўтказилди. Айни пайтда хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш мақсадида уларга яратилаётган шароитлар, таълим олиши, тадбиркорлик фаолиятини йўлга қўйишлари учун берилаётган имтиёзлар ҳақида батафсил тушунча берилди. Тикувчилик ҳунари бўлган 9 нафар аёлга ўзини-ўзи иш билан банд қилиб, оиласига қўшимча даромад келтириш имкониятини яратиш мақсадида тикув машиналари тақдим этилди.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис
← Рўйхатга қайтиш