Қишлоқ хўжалиги инсон учун ҳам, давлат учун ҳам муҳим
Қишлоқ хўжалиги инсон учун ҳам, давлат учун ҳам муҳим

 

Мамлакатда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан қишлоқ хўжалигининг ривожланиш даражасига боғлиқ. Чунки қишлоқ хўжалиги мамлакатимиз учун ҳам ижтимоий-иқтисодий, ҳам сиёсий аҳамият касб этган соҳадир.

Қишлоқ хўжалиги мамлакатимизнинг озиқ-овқат фондини шакллантиради, юртимизнинг озиқ-овқат мустақиллигини таъминлайди, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлайдиган саноат учун хом ашё етказиб беради, энг асосийси, аҳолини иш жойлари билан таъминлашга хизмат қилади. Бу соҳа иқтисодиётнинг бошқа соҳаларини ривожлантиришда ҳам муҳим ўрин эгаллайди.

Тобора кучайиб бораётган иқлим ўзгариши, сув ресурсларининг танқислиги, ерларнинг мелиоратив ҳолати бузилиши каби муаммолар қишлоқ хўжалигини қатор муаммо ва таҳдидлар гирдобида қолдирмоқда. Узоқ йиллар давомида соҳада тўлақонли бозор муносабатларига асосланган ислоҳотларнинг амалга оширилмагани, давлат томонидан энг кўп тартибга солинадиган соҳа бўлганлиги, давлат буюртмаси, ердан фойдаланишга бўлган ҳуқуқларнинг чеклангани ва ҳимояланмагани каби муаммолар самарадорликнинг пасайишига олиб келган.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси 2019 йилги Парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловларда ушбу соҳани ривожлантириш, халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари маҳаллий бюджет маблағлари ва хусусий инвестициялар ҳисобига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича ҳудудий дастурларни амалга ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратган эди.

 

Қишлоқ хўжалигини жадаллаштириш

Озиқ­овқат борасида бирламчи зарур эҳтиёжларимизни таъминлаш қишлоқ хўжалигисиз бўлмайди.

Бугунги глобал иқтисодиёт шароитида рақобатда ютиш орқали жадал ривожланишга эришишнинг муҳим шарти – қўшилган қиймат занжирини яратиш ҳисобланади.

Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорликни кескин ошириш ҳисобига таннархни камайтириш, чуқур қайта ишлашга ва қўшилган қиймат яратишга кўпроқ инвестиция жалб қилиш орқали экспортни кўпайтириш долзарб масала ҳисобланади. Бунинг учун қишлоқ хўжалиги, бутун иқтисодий комплекс соҳасини қўллаб­қувватлаш бўйича янгича ёндашувларни, ташкилий ва молиявий инструментларни жорий қилиш зарур.

Шу мақсадда соҳани ислоҳ этишга қаратилган кўплаб норматив­ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинди. Хусусан, Президентнинг 2020 йил 18 майдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг сифат ва хавфсизлик кўрсаткичлари халқаро стандартларга мувофиқлигини таъминлашга доир қўшимча чора­тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди. Унга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида органик қишлоқ хўжалиги ва органик озиқ­овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни ривожлантириш концепцияси ҳамда концепцияни амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” тасдиқланди.

Шунингдек, Президентнинг 2021 йил 23 ноябрдаги “Мева­сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ ҳўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон хўжаликларининг улушини ошириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарор билан фермерлар ва кластерларнинг паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдони 2022­2025 йилларда захирага қайтарилади. Деҳқон ва фермерларга кичик интенсив боғ ва узумчиликка 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка ва сабзавотчиликка 3 ойгача имтиёзли давр билан 2 йилгача кредит ажратиш йўлга қўйилди.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 ноябрдаги “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер участкаларини ижарага бериш тартибига доир норматив­ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Унга мувофиқ, деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламенти қабул қилинди.

Натижада охирги 6­7 йилда қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва бозор механизмларини жорий этиш бўйича катта ишлар амалга оширилди. Ялпи ички маҳсулотининг тўртдан бири, 25,1 фоизи айнан мазкур соҳага тўғри келмоқда.

Шу билан бирга, республика бўйича банд бўлган аҳолининг қарийб 24,9 фоизи қишлоқ хўжалиги тармоғига тўғри келиб, бу кўрсаткич 3,5 млн. кишини ташкил этмоқда. Биргина 2023 йилнинг ўзида юртимизда 23 миллион тонна мева­сабзавот етиштирилиб, озиқ­овқат саноатида 86 триллион сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган. Ҳар йили қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини қўллаб­қувватлашга 700 миллиард сўм, ишлаб чиқаришни кўпайтиришга 1 триллион сўм йўналтирилмоқда.

Яна бир муҳим масала борки, бу – боғдорчилик тармоғи ва иссиқхона хўжаликларида юқори қўшилган қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш, етиштирувчиларни моддий ресурслар (хизматлар) билан узлуксиз таъминлаш ҳамда етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш тизимини яратиш ҳисобланади.

Ушбу масалада ҳам Президентнинг 2022 йил 27 апрелдаги “Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш харажатларини молиялаштириш ва уларни харид қилиш тизимини такомиллаштириш чора­тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, мева­сабзавотчилик соҳасини давлат томонидан қўллаб­қувватлаш учун ажратилиши кўзда тутилган маблағлар ҳисобидан Боғдорчилик ва иссиқхона хўжалигини ривожлантириш жамғармасига 12 ой муддатга, шу жумладан, 11 ойлик имтиёзли давр билан 2022 йилда 300 миллиард сўм, 2023 йилда 400 миллиард сўм бюджет ссудаси йиллик 10 фоиз ставкада ажратилиши белгиланди.

 

Озиқ-овқат хавфсизлиги

Озиқ­овқат хавфсизлиги бутун дунё мамлакатлари олдида турган энг долзарб вазифалардан биридир.

Бугунги кунда табиатга бефарқ муносабатда бўлиш, исрофгарчилик, илғор ва ривожланаётган давлатлар ўртасидаги озиқ­овқат баланси бўйича фарқнинг ўсаётгани, иқлим ўзгаришлари қатор салбий омилларни келтириб чиқаряпти. Ноз­неъматларимиз, чучук сув, ўрмонлар, биологик хилма­хиллик кескин суръатларда камайиб бормоқда, ер унумдорлиги пасайиб, тупроқ деградацияга учрашини кузатаяпмиз.

Аянчли оқибатларга олиб келмоқда. БМТ маълумотларига кўра, ҳозирда жаҳон аҳолисининг 815 миллион нафари оч қолаётган бўлса, 2050 йилга бориб бу сон 2 млрд. кишига етиши айтилмоқда. Уларнинг 12,9 фоизи ривожланаётган мамлакатларда яшайди.

Озиқ­овқат хавфсизлиги ҳар бир давлатнинг мустақиллигини, ижтимоий­иқтисодий ва сиёсий барқарорлигини таъминлашнинг муҳим гаровига айланиб бормоқда.

Республикамизда аҳолини сифатли озиқ-овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштирувчиларни қўллаб­қувватлаш бўйича стратегик чора­тадбирлар амалга оширилмоқда.

Озиқ­овқат хавфсизлиги масаласига давлат сиёсатининг асосий йўналишларидан бири сифатида қаралиб, Президентнинг “Мамлакатнинг озиқ­овқат хавфсизлигини янада таъминлаш чора­тадбирлари тўғрисида”ги, “Аҳолининг соғлом овқатланишини таъминлаш бўйича қўшимча чора­тадбирлар тўғрисида”ги, “Қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020­2030 йилларга мўлжалланган стратегиясини тасдиқлаш тўғрисида”ги каби қатор фармон ва қарорлари қабул қилинди. “2019­2024 йилларда мамлакатда озиқ­овқат хавфсизлигини таъминлаш Миллий дастури” ишлаб чиқилди.

Натижада йилига 20 миллион тоннадан ортиқ мева­сабзавот маҳсулотлари етиштириш йўлга қўйилди. Кейинги йилларда 800 минг тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш сиғимларига эга бўлинди.

Озиқ­овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажми 6,1 миллиард АҚШ долларидан, уларнинг йиллик экспорти ҳажми 510 миллион АҚШ долларидан ошди.

Шунингдек, охирги уч йилда импорт ўрнини босувчи 75 турдаги 289,9 миллион АҚШ доллари миқдоридаги озиқ­овқат саноати маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши таъминланиб, импорт ҳажми 7,4 фоизга камайди. Республика саноатида озиқ­овқат саноати улуши 14 фоиздан 16,6 фоизга ошди.

 

Қанча узум, қанча картошка хоҳлаймиз?

Тиббий меъёрлар бўйича аҳолининг мева­сабзавотларга талаби 10 млн 300 минг тоннани, шундан картошка 1 млн 784 минг тонна, сабзавотлар 4 млн 440 минг, мевалар 2 млн 479 минг, узум 593 минг, полиз маҳсулотлари 583 минг, дуккаклилар 115 минг, гуруч 332 минг тоннани ташкил этади.

Статистик маълумотларга эътибор қаратсак, 2020 йилда 24,8 млн. тонна (2019 йилга нисбатан 125 фоиз кўпроқ) 88 турдаги мева­сабзавотлар етиштириб олинган бўлса, ислоҳотлар ва имкониятларни кенгайтириш ҳисобига 2023 йилда етиштирилган деҳқончилик маҳсулотлари ҳажми янада ошди.

Хусусан, ўтган йили 8,4 млн тонна дон маҳсулотлари, 3,6 млн тонна картошка, 11,6 млн тонна сабзавотлар, 2,4 млн тонна полиз экинлари, 3,1 млн тонна мева ва резаворлар ҳамда 1,7 млн тонна узум етиштирилди.

 

Ҳам ўзимизга, ҳам экспортга

Қишлоқ хўжалигини тубдан ривожлантириш нафақат, 36 миллиондан зиёд аҳолининг озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган талабини тўлиқ таъминлаш, балки экспорт кўламини ҳам ошириш имконини бермоқда.

Ҳозирги вақтда юртимизда етиштирилаётган 80 турдан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари дунёнинг 60 дан зиёд мамлакатига экспорт қилиш йўлга қўйилди. Биргина мева­сабзавот ва дуккакли маҳсулотларнинг экспорт ҳажми охирги етти йилда қарийб 2 баробарга ошди.

2023 йилда Австралия, Янги Зеландия, Сингапур, Колумбия, Индонезия каби 10 дан ортиқ янги бозорларга чиқилди, маҳсулотларимиз экспорт қилинадиган мамлакатлар сони 85 тага етди.

Стратегияда белгиланган вазифалар ижроси доирасида 2022 йилда қатор қонун, фармонлар имзоланди. Ҳудудларни босқичма­босқич қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг муайян турларини етиштиришга ихтисослаштириш мақсадида 11 та норматив­ҳуқуқий ҳужжат ишлаб чиқилиб, ҳаётга жорий этилди.

Ушбу норматив­ҳуқуқий ҳужжатларга асосан аҳолининг кафолатланган озиқ­овқат маҳсулотига бўлган талабини тўлиқ қондириш ва экспорт ҳажмини ошириш мақсадида 226 минг гектар сабзавот (2016 йилга нисбатан 37 минг гектар кўп), 53 минг гектар полиз (2016 йилга нисбатан 1,1 минг гектар кўп), 105 минг гектар картошка (2016 йилга нисбатан 27 минг гектар кўп) экилди.

Натижада Ўзбекистон Глобал озиқ­овқат хавфсизлиги индекси (The Global Food Security Index — GFSI)да 12 поғона юқорилади. 2019-2022 йилларда озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича энг юқори ўсишга эришган 10 та мамлакат ичида биринчи ўринни эгаллади. 2022 йилда Глобал озиқ­овқат хавфсизлиги индекси рейтингида Ўзбекистон индекс кўрсаткичи 57,5 ни ташкил қилиб, 73­ўринни қайд этди.

2024 йилда мева-сабзавот 2,5 млрд долларга ва бошқа озиқ-овқат маҳсулот экспортини 1 млрд долларга етказиш мақсад қилинган. Бунда мева экспортини 45 фоизга, сабзавотни – 50 фоизга, полиз экинлари экспортини – 36 фоизга, узумни – 2,2 баробарга ва дуккакли маҳсулотлар экспортини 32 фоизга кўпайтириш учун чоралар кўрилмоқда.

 

Сифатли ва арзон

Жаҳон озиқ­овқат конъюктураси мураккаблашиб бораётган шароитда экин ерлари, томорқалардан самарали фойдаланиш орқали аҳолини арзон ва сифатли озиқ­овқат маҳсулотлари билан барқарор таъминлаш энг муҳим масала ҳисобланади.

Асосий турдаги озиқ­овқат маҳсулотларининг мўл ва арзон бўлишини таъминлаш чоралари кўрилиши, фермер ва тадбиркорларга яратилган имкониятлар натижасида маҳсулот етиштириш ҳажми ошмоқда. Аграр соҳада аҳолининг бандлигини таъминлаш мақсадида 200 минг гектар ер ажратилганлиги ҳамда 500 минг гектар қўшимча ерлар фойдаланишга берилганлиги ички бозорда нарх­навони барқарор сақлашга хизмат қилмоқда.

Аҳолининг харид қобилиятини мустаҳкамлаш, асосий турдаги озиқ­овқат ва истеъмол маҳсулотларига эҳтиёжни таъминлаш мақсадида 2023 йил 23 мартда “Истеъмол бозорларида нархлар барқарорлигини таъминлашга доир қўшимча чора­тадбирлар тўғрисида”ги ҳамда 2023 йил 28 декабрда “Истеъмол бозорларида асосий турдаги озиқ­овқат маҳсулотлари нархларининг барқарорлигини таъминлаш чора­тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонлари қабул қилинди. Натижада импорт қилинадиган 36 турдаги бирламчи озиқ­овқат маҳсулотлари (гўшт маҳсулотлари, балиқ, сут маҳсулотлари, тухум, мевалар, цитрус мевалар, ўсимлик ёғи, бош қа озиқ­овқат маҳсулотлари) учун импорт божхона божининг “ноль” ставкаларини қўллаш амалиёти йўлга қўйилди. Мазкур имтиёзлар туфайли ташқи савдо алоқалари географияси ҳам кенгайган. Жумладан, Эквадор, Эрон ва Норвегия давлатларидан озиқ­овқат маҳсулотлари импорт ҳажмлари ошди. Аргентина ва Сербия давлатларидан озиқ­овқат импорти амалиёти йўлга қўйилди.

2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида аграр соҳани янада ривожлантириш бўйича аниқ вазифалар, жумладан, қишлоқ хўжалигига бозор механизмларини жорий этиш орқали деҳқон ва фермерлар даромадини 2 баравар ошириб, аграр тармоқда йиллик ўсишни камида 5 фоизга етказиш белгиланди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг 2020-­2030 йилларга мўлжалланган стратегиясида ҳам қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини харид қилиш ва сотишда бозор тамойилларини кенг жорий этиш муҳим йўналиш сифатида белгиланди.

Кўриниб турибдики, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, озиқ­овқат хавфсизлигини таъминлаш соҳасидаги ислоҳотлар кўлами ва йўналиши кўпроқ аҳоли фаровонлигини таъминлаш ва мамлакат иқтисодини мустаҳкамлашга қаратилган. Бу йўлда аҳолининг муҳтож қатламини қўллаб­қувватлашга ҳам алоҳида урғу берилгани Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг ютуғи эканидан далолат.

Соҳада ислоҳотларни жадаллаштириш, албатта, келгусида мамлакатимиз аҳолисининг фаровонлигини ошириш ҳамда барқарор иқтисодий тараққиётни таъминлашга хизмат қилади. Бу Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг устувор дастурий мақсад ва ташаббуслари билан ҳамоҳангдир.

 

Аброр Қурбонов,

Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши бошқарма бошлиғи.

«Ўзбекистон овози», 17.04.2023, №16

 

 

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Сайлов Партия муносабати
← Рўйхатга қайтиш