ПРЕСС-РЕЛИЗ

ЎзХДП фракцияси қонун лойиҳалари юзасидан ўзининг муносабатини билдирди.

2019 йил 13 август куни парламент қуйи палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда электорат манфаатлари билан боғлиқ бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама этилди.

Дастлаб фракция аъзолари “Мактабгача ёшдаги болаларга мактабгача таълим бериш ва тарбиялаш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини кўриб чиқишди. Таъкидланганидек, қонун лойиҳаси Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 30 сентябрдаги қарори билан тасдиқланган “2018-2019 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштиришга доир қўшимча чора тадбирлар” Дастурида белгиланган топшириқ ижроси юзасидан ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасида бир қатор ўзгартиришлар назарда тутилмоқда.Унга кўра, мактабгача ёшдаги болаларни ривожланишининг асосий принциплари ва мақсадини, мактабгача таълимнинг давлат кафолатларини белгилайди. Биринчи марта миллий қонунчилик мактабгача ёшдаги болаларни эрта ривожланиш жараёнини алоҳида босқичларда бўлишини, яъни болаларни тарбиялаш ва уларга ғамхўрлик қилиш ҳамда боланинг мактабгача таълим олишини белгилаб бермоқда. Мактабгача таълим муассасаларининг таснифи, мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгилаб қўйилмоқда.

Йиғилишда, шунингдек, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун лойиҳаси ҳам депутатлар томонидан кенг муҳокама этилди. Сўзга чиққанларнинг қайд этишича, ҳозирги кунда Ўзбекистонда 700 мингдан ортиқ ногиронлиги бўлган шахслар, жумладан, 100,0 мингдан ортиқ 16 ёшгача ногиронлиги бўлган болалар истиқомат қилмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил “Ногиронлиги бўлган шахсларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига мувофиқ, “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ишлаб чиқилган.

Мутахассислар қонун лойиҳаси қабул қилиниши зарурлигини асослаб беришди. Таъкидландики, юртимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларининг таҳлили қонун ижодкорлиги амалиётида икки хил йўналишли тенденциялар мавжудлиги тўғрисида хулоса чиқариш имконини беради. Ушбу қонун лойиҳаси ногиронлиги бўлган шахсларнинг барча ҳуқуқларини тартибга солади, ногиронлиги бўлган шахслар учун жамият ҳаётининг барча жабҳаларида ногиронлик асосида камситилмасдан, жамиятнинг бошқа аъзолари билан тенг равишда иштирок этиш учун тенг имкониятлар яратишни назарда тутган ва инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларига риоя этишга асосланган. Бу ЎзХДП электорати ҳисобланган жисмоний имконияти чекланган фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга эканлиги фракция аъзолари томонидан алоҳида таъкидланди.

Фракция аъзолари “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги қонуни лойиҳасини ҳам атрофлича кўриб чиқди. “Гендер тенглик” термини қонун ҳужжатларида ва олиб борилаётган сиёсатда мустаҳкамланган эркаклар ва аёллар ҳуқуқлари ҳамда имкониятларининг тенглигини, шунингдек оила, жамоа ва умуман жамият доирасида ресурслар ва хизматлардан тенг фойдаланишни англатади. Гендер тенглик эркаклар ва аёллар ҳаётнинг барча соҳаларидан тенг фойдалана олиши ва уларда, шу жумладан демократик бошқарув, қарорлар қабул қилиш ва хавфсизлик сектори соҳасида тенглик асосида иштирок эта олишини назарда тутади.

Лойиҳа жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларни таъминлаш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Лойиҳада гендер тенглик, жинсий камситиш тушунчаси ва турлари, ваколатли органларнинг вазифалари ва функциялари, давлат бошқарувида иштирок этишда, ишга қабул қилишда ёки ёллашда, кредитлар олишда ва тадбиркорлик билан шуғулланишда гендер тенгликни таъминлаш бўйича нормалар, гендер тенглик бузилишининг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек бунга олиб келадиган қилмишлар содир этганлик учун жавобгарлик ўз аксини топган.

Бундан ташқари, лойиҳада давлат хизмати соҳасида эркаклар ва аёлларнинг тенг иштирокини, давлат хизматида лавозим эгаллаш учун танловда тенг иштирокини таъминлаш, сайлов ҳуқуқини амалга оширишда, маърифат, таълим, фан ва маданият ҳамда соғлиқни сақлаш соҳасида, иқтисодий соҳада ва тадбиркорлик фаолиятида, меҳнат мажбуриятларини ва оилавий мажбуриятларни бирга бажаришда ўз аксини топган.

Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлаш соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш мақсадида ваколатлари аниқ белгиланган ягона тизимни ташкил этувчи барча давлат органлари, муассасалар, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари ваколатлари назарда тутилган.

ЎзХДП фракцияси аъзолари таъкидлаганидек, эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларга эга бўлиш масаласини қўллаб-қувватлайди. Бу ижтимоий ҳимоя соҳасида уларнинг тенглигини таъминлашда ҳам муҳим ўрин тутади.

Депутатлар “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни лойиҳаси бўйича ҳам фикр-мулоҳазаларини баён қилди.

Қонун лойиҳаси хотин-қизларни турмушда, иш жойларида, таълим муассасаларида ва бошқа жойларда тазйиқ ҳамда зўравонликдан ҳимоя қилиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишга қаратилган. Унда тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олишга қаратилган чора-тадбирлар, шунингдек бундай қилмишларни содир этганлик учун жавобгарлик, тазйиқ ҳамда зўравонликни бошидан ўтказган шахсларни ҳимоя қилишни назарда тутувчи процессуал кафолатларни шакллантиришга қаратилган чора-тадбирлар кўрсатилган.

Бугунги кунда 220 мингдан зиёд хотин-қизлар Ўзбекистон ХДП сафида, унинг дастурий мақсад ва вазифаларини ҳаётга тадбиқ этиш борасида фаол ишлар олиб бормоқда. Қолаверса, партия дастурида хотин-қизларнинг ҳимояси билан боғлиқ масалаларга алоҳида эътибор қаратилган. Шу жиҳатдан, “Эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятлари кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳалари партия дастурий мақсадларига ҳамоҳанглигидан келиб чиқиб фракция аъзолари ушбу қонунларни бир овоздан қўллаб-қувватлади.

Йиғилишда кўриб чиқилган барча қонун лойиҳалари бўйича фракция ўз позициясини белгилаб олди.

 

Теглар

Тошкент
← Рўйхатга қайтиш