Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ҚОНУНИ

Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисида
 

1-боб. Умумий қоидалар

 

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади қишлоқ хўжалиги кооперацияси соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.

 

2-модда. Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

 

Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборат.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

 

3-модда. Умумий тушунчалар

 

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

дивиденд – кооператив фойдасининг кооператив аъзоларининг киритган пай бадалига мутаносиб равишда улар ўртасида тақсимлаш учун мўлжалланган қисми;

кооператив аъзоси – кооперативга пай бадали киритган ва овоз бериш ҳуқуқи билан кооперативга қабул қилинган ҳамда кооперативнинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликка эга бўлган жисмоний ва юридик шахс;

кооператив аъзоларининг субсидиар жавобгарлиги – кооперативнинг мажбуриятлари бўйича ҳамда кооперативга кредиторлар томонидан қўйилган талабни белгиланган муддатларда қондира олмаслик ҳолатларида юзага келадиган мажбуриятлар юзасидан кооператив аъзоларининг қўшимча жавобгарлиги;

кооперативнинг бўлинмас фонди – кооператив фаолияти давомида кооператив аъзолари ва кооперативнинг уюшган аъзолари пайларига бўлинмайдиган ёки уларнинг аъзолиги тўхтатилганда, тўловга тегишли бўлмаган ва уставда белгиланган мақсадлар учун фойдаланиладиган кооператив мулкининг бир қисми;

кооперативнинг уюшган аъзоси – кооперативнинг ишлаб чиқариш фаолиятида меҳнати билан иштирок этадиган, киритган пай бадали бўйича дивиденд оладиган, пай бадали қиймати чегарасида кооператив фаолияти билан боғлиқ зарарлар бўйича таваккалчиликни ўз зиммасига олувчи ҳамда ушбу Қонун ва кооператив уставида белгиланган чекловлар доирасида кооперативда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган жисмоний ёки юридик шахс;

кооперативнинг хўжалик фаолиятида иштирок этиш – кооперативга кооператив аъзолари томонидан маҳсулот, хомашё етказиб бериш, кооперативда улар томонидан товарларни сотиб олиш, кооператив хизматларидан фойдаланиш;

мажбурий пай бадали – мажбурий тартибда киритиладиган ва овоз бериш, кооператив фаолиятида иштирок этиш, уставда белгиланган хизмат ва имтиёзлардан ҳамда тўловларни олиш ҳуқуқини берувчи кооператив аъзосининг пай бадали;

пай бадали – кооператив аъзоси ёки кооперативнинг уюшган аъзоси кооперативнинг пай фондига пул, мулкий улуш ёки пул қийматига эга бошқа мол-мулк ҳамда мулкий ҳуқуқлар тарзидаги мулкий бадали;

пай фонди – кооператив аъзолари ва кооперативнинг уюшган аъзолари пайлари йиғиндисининг пулдаги ифодаси;

пай – кооператив мулкини яратишда, кооператив аъзоси ёки кооперативнинг уюшган аъзоси иштирокининг даражасини ифода этувчи ва қиймат кўринишида ҳисобга олинувчи кооператив мулкининг бир қисми;

пайни кўпайтириш – ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда пай бадалига қўшимча тарзда шаклланувчи ва тўлаб берилувчи кооператив аъзоси пай бадалининг бир қисми;

кооператив ходими – кооператив аъзоси бўлмаган ва маълум бир мутахассислик, малака ва лавозимга меҳнат шартномаси асосида жалб этиладиган шахс;

қишлоқ хўжалиги кооперативи (кооператив) – қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари томонидан биргаликда ишлаб чиқариш ёки бошқа хўжалик фаолиятини юритиш учун ўзларининг моддий ва бошқа эҳтиёжларини қондириш мақсадида ихтиёрий равишда мулкий пай бадалларини бирлаштириш асосида ташкил этилган ташкилот;

қишлоқ хўжалиги кооперацияси – қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришда юқори самарадорликка эришишни мақсад қилган ташкилотларнинг ўзаро бирлашуви, шунингдек, қишлоқ хўжалиги кооперативлари бирлашмалари тизими;

қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчиси – боғдорчилик, чорвачилик ва балиқчилик соҳасида қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқаришни амалга оширувчи жисмоний ёки юридик шахс;

қўшимча пай бадали – кооператив аъзосининг ушбу Қонун ва уставда кўзда тутилган миқдор ва тартибда дивиденд олаётган мажбурий пайига қўшимча равишда ихтиёрийлик асосида киритган пай бадали.

 

4-модда. Кооперативни ташкил этиш ва фаолият юритишининг асосий принциплари

 

Кооператив қуйидаги принциплар асосида ташкил этилади ва фаолият юритади:

кооперативга аъзоликнинг ихтиёрийлиги;

кооперативнинг ишлаб чиқариш ва бошқа хўжалик фаолиятида иштирок этаётган аъзолари учун ўзаро ёрдам ва иқтисодий манфаатнинг таъминланганлиги;

кооператив фойда ва зарарининг кооператив аъзоларининг киритган
пай бадалига мутаносиб равишда тақсимланиши;

кооперативнинг хўжалик фаолиятида унинг аъзоси бўлмаган шахслар иштирокини чеклаш;

кооперативнинг ҳар бир аъзоси, қўшган мулкий ҳиссасининг миқдоридан қатъи назар бир овозга эга бўлиши;

кооператив фаолияти тўғрисидаги ахборотлардан унинг барча аъзолари томонидан фойдаланиш имконияти мавжудлиги.

 

5-модда. Ишлаб чиқариш кооперативи

 

Ишлаб чиқариш кооперативи сифатида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сертификатлаш ва сотиш бўйича биргаликдаги фаолият учун, шунингдек қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа фаолиятни бажариш учун юридик ва жисмоний шахсларнинг мулкий пай бадаллари кўринишидаги пул маблағлари, мулкий улушлари ва бошқа мулкларини ихтиёрий бирлаштириш ҳамда уларни кооперативнинг пай фондига киритиш йўли билан ташкил этилган қишлоқ хўжалиги кооперативи тан олинади.

Ишлаб чиқариш кооперативи тижорат ташкилоти ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш кооперативининг фирма номи “ишлаб чиқариши кооперативи” сўзларини ўз ичига олиши лозим. Ишлаб чиқариш кооперативининг фирма номига қўйиладиган бошқа талаблар қонун ҳужжатлари билан белгиланади.

Ишлаб чиқариш кооперативининг аъзолари сони учтадан кам бўлмаслиги лозим.

 

6-модда. Кооперативлар бирлашмалари

 

Кооперативлар мустақил равишда ёки бошқа юридик шахслар – қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан биргаликда ўз фаолиятини мувофиқлаштириш, шунингдек умумий мулкий манфаатларни ҳимоя қилиш, кооперативлар, кооператив бирлашмалари – бирлашма аъзоларини тафтиш қилиш мақсадида ўзаро шартнома асосида бирлашмалар, иттифоқлар, уюшмалар шаклидаги нотижорат ташкилоти ҳисобланган кооперативлар бирлашмаларини ташкил этиши мумкин.

Агар кооперативлар бирлашмаси аъзолари қарори билан бирлашма зиммасига тадбиркорлик фаолиятини юритиш юклатилган бўлса, бундай бирлашма фуқаролик қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда хўжалик жамияти ёки ширкатига айлантирилади ёхуд тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун хўжалик жамиятини ташкил этиши ёки бундай жамиятда иштирок этиши мумкин.

Кооперативлар бирлашмаси аъзолари ўз мустақиллиги ва юридик шахс мақомини сақлаб қолади.

Кооперативлар бирлашмаси аъзолари томонидан имзоланган таъсис шартномаси ва тасдиқланган устав кооперативлар бирлашмаси таъсис ҳужжатлари деб ҳисобланади.

Кооперативлар бирлашмаси аъзолари, агар ушбу Қонунда бошқа ҳолатлар белгиланмаган бўлса, унинг хизматларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқига эгадирлар.

Кооперативлар бирлашмаси аъзоси молиявий йил якунланиши билан ўз хоҳишига кўра кооперативлар бирлашмасидан чиқиши мумкин.

Кооперативлар бирлашмаси аъзоси бирлашма таъсис ҳужжатларида белгиланган ҳолат ва тартибда бирлашманинг бошқа аъзоларининг қарори бўйича ундан чиқарилиши мумкин.

Кооперативлар бирлашмасига янги аъзони қабул қилишдан олдин унга бирлашманинг барча қарздорликлари, турли ташкилотлар олдида юзага келган жавобгарликлари, корхонанинг молиявий ҳолатлари тўғрисидаги ахборотлар тақдим этилади.

Кооперативлар бирлашмасига янги аъзоларни қабул қилиш, бирлашма уставида белгиланган тартиб бўйича амалга оширилади. Кооперативлар бирлашмасига янги аъзоларнинг киришида уларни қабул қилишгача бўлган даврда юзага келган бирлашманинг мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарлиги юзага келиши мумкин.

Кооперативлар бирлашмалари ўзаро шартнома асосида кейинги даражадаги бирлашмаларни ташкил этишга ҳақлидир.

Кооперативлар бирлашмасининг номи унинг асосий фаолият йўналиши ва жойлашган ҳудудини акс эттириши, “қишлоқ хўжалиги кооперативлари бирлашмаси” ёки “қишлоқ хўжалиги кооперативлари иттифоқи” ёхуд “қишлоқ хўжалиги кооперативлари уюшмаси” сўзларини ўз ичига олиши лозим.

 

7-модда. Кооператив ҳуқуқлари

 

Кооператив қуйидаги ҳуқуқларга эга:

ваколатхона ва филиаллар ташкил этиш, ўз ҳуқуқларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ва унинг ташқарисида амалга ошириш;

ушбу Қонуннинг 5 ва 6-моддаларида белгиланган ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа фаолият турларини амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартиб ва шартларда мулкка эга бўлиш, мулк ва ер участкаларига, шу жумладан, кооперативнинг пай фондига пай бадали кўринишида берилган мулкни сотиб олиш ёки бошқа йўл билан эга бўлиш, сақлаш, сотиш ва бошқа ҳуқуқларни амалга ошириш;

кооперативнинг захира ва бўлинмас фондларини ташкил этиш, захира фондлари маблағларини банкларга ва кредит муассасаларига қўйиш, қимматбаҳо қоғозлар ва бошқа мулкларни сотиб олишга йўналтириш;

шартномалар тузиш ҳамда кооператив уставида белгиланган мақсадларга эришиш учун зарур бўлган барча ҳуқуқларни амалга ошириш;

қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ташқи иқтисодий фаолиятни амалга ошириш;

давлат органлари ва бошқа органлар ҳужжатлари қонуний кучга эга эмаслигини (қисман ёки тўлиқ) тан олинишига ҳамда кооператив ҳуқуқининг бузилишига йўл қўйган мансабдор шахслар фаолияти қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги ҳамда бошқа ҳолатлар бўйича судга ариза билан мурожаат қилиш;

кооперативни қайта ташкил этиш ва тугатишни амалга ошириш.

 

8-модда. Давлат ва кооператив

 

Давлат ҳудудларни ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган мақсадли дастурлар, режа ва прогнозларга асосланган ҳолда Ўзбекистон Республикаси республика бюджети ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетларидан маблағлар ажратиш йўли билан кооперативларни ташкил этишни рағбатлантиради ва фаолиятини қўллаб-қувватлайди, илмий, ахборот ва кадрлар таъминотини амалга оширади.

Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар ҳамда уларнинг мансабдор шахслари кооперативларнинг қонун ҳужжатларига мувофиқ амалга ошираётган фаолиятига аралашишга ҳақли эмас.

Давлат органлари ва бошқа органлар ёхуд уларнинг мансабдор шахслари томонидан ноқонуний ҳаракатлар (ҳаракатсизлик) натижасида ҳамда кооперативга нисбатан ушбу органлар ёки уларнинг мансабдор шахслари томонидан қонунда кўзда тутилган вазифаларга тегишли бўлмаган ҳаракатларни амалга ошириш натижасида кооперативга етказилган зарар ушбу орган томонидан қопланиши шарт. Бундай зарарларни қоплаш бўйича низолар суд ёки уларнинг тегишли юқори органлари томонидан кўриб чиқилади.

 

2-боб. Кооперативни ташкил этиш

 

9-модда. Кооперативни ташкил этиш тартиби

 

Кооператив ташкил этиш ҳақидаги қарор кооперативни ташкил этиш хоҳиши бўлган юридик ва жисмоний шахслар (кооператив аъзолари)нинг умумий йиғилишида қабул қилинади.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши:

кооператив аъзолигига қабул қилиш тўғрисида қарорлар қабул қилади;

кооператив уставини тасдиқлайди;

кооперативни бошқариш органларини (кооператив бошқарувини ва ушбу Қонунда белгиланган ҳолларда кооператив кузатув кенгашини) сайлайди.

 

10-модда. Кооперативни давлат рўйхатидан ўтказиш

 

Кооператив қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Кооператив давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб ташкил этилган ҳисобланади.

 

11-модда. Кооператив устави

 

Кооператив устави қуйидаги мажбурий бўлган маълумотларни ўзида акс эттириши лозим:

кооператив номи;

кооператив манзили;

кооперативнинг фаолият юритиш муддати ёки кооперативнинг муддатсиз фаолият юритиши тавсифига эгалиги кўрсатилиши;

кооператив фаолиятининг мақсади ва предмети. Бунда кооперативни ташкил этиш даврида белгиланган мақсад доирасида ҳар қандай фаолият билан шуғулланиши мумкинлиги акс эттирилиши билан бирга кооператив фаолиятининг асосий йўналишларидан бирини аниқлаш етарли ҳисобланади;

кооперативга кириш тартиби ва шартлари, кооперативга аъзоликни тугатиш асослари ва тартиби;

кооператив аъзоларининг пай бадаллари миқдори тўғрисидаги шартлар;

пай бадалларини киритиш тартиби ва уларни киритиш бўйича мажбуриятларнинг бузилиши бўйича жавобгарлик;

бўлинмас фондларни ташкил этиш миқдорлари ва шартлари;

кооперативнинг бошқа фондларини ташкил этиш ва улардан фойдаланиш;

кооперативнинг фойда ва зарарларини тақсимлаш тартиби;

ушбу Қонунда белгилангандан кам бўлмаган миқдорда кооператив аъзоларининг субсидиар жавобгарлиги шартлари;

кооперативни бошқариш органлари таркиби ва мавқеи, улар томонидан қарорларни, шу жумладан, мутлақ қарор қабул қилиш ёки кўпчилик овоз билан қабул қилишни талаб этувчи масалалар бўйича қарор қабул қилиш;

кооператив аъзолари ва уюшган аъзоларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари;

кооперативни тугатиш ва қайта тузиш тартиби ва шартлари.

Кооператив устави қонун ҳужжатларига зид бўлмаган бошқа маълумотларни ҳам ўз ичига олиши мумкин.

Ушбу Қонунга белгиланган шартларда кооператив уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритишга рухсат берилади.

Агар кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги хабарномада кооператив уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тавсифи ҳақида баёнот ўз аксини топган бўлса, кооператив уставига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида қабул қилинади.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида уставга киритилган ўзгартиришлар ва қўшимчалар қонунда белгиланган тартибда давлат рўйхатидан ўтказилиши лозим.

Кооператив уставига киритилган ўзгартиришлар ва унга қўшимчалар учинчи шахслар учун кўрсатилган ўзгартириш ва қўшимчалар давлат рўйхатидан ўтган пайтдан бошлаб кучга кирган ҳисобланади.

Кооператив уставига киритилган қўшимча ва ўзгартиришлар давлат рўйхатидан ўтказилганлигига икки йил ва ундан ортиқ вақт ўтган бўлса, уларни қабул қилиш тартибига риоя қилинмаганлигига асосланиб бекор қилинишига йўл қўйилмайди.

Ушбу Қонунда белгиланган тартибга асосан кооператив уставига ўзгартиришлар ва қўшимчалар киритиш учун кооператив янги таҳрирдаги уставни қабул қилиши ва тасдиқлаши ҳамда давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи органга тақдим этиши мумкин.

 

12-модда. Кооператив фаолияти учун ер участкаларини ажратиш
ва ундан фойдаланиш

 

Кооперативнинг қишлоқ хўжалиги мақсадлари учун ер участкалари фақат ижара ҳуқуқи асосида эллик йилгача бўлган, лекин ўттиз йилдан кам бўлмаган муддатга захира ерлар, юридик ва жисмоний шахсларга берилмаган, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар, қайта тикланадиган ва фойдаланишга киритиладиган қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ер майдонларидан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ажратилади.

Кооперативга зарур бўлган бино ва иншоотларни қуриш учун ер участкалари қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ерлардан қонунчиликда белгиланган тартибда электрон-онлайн аукцион орқали ажратилади.

Кооператив фаолиятини ер участкаларини ижарага олмаган ҳолда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш ва етказиб бериш бўйича шартномалар тузиш орқали қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликда амалга ошириши мумкин.

Кооператив қишлоқ хўжалиги ерларининг унумдорлигини ошириш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш ҳамда ерларни муҳофаза қилиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида ажратилган ер участкалари умумий майдонининг 80 фоизидан кам бўлмаган қисмида ихтисослик бўйича, 20 фоизидан ошмаган қисмида алмашлаб экишни жорий этишга ҳақли.

Ер участкасига бўлган ҳуқуқ кредит олишда гаровга қўйилиши мумкин.

Ер участкалари фуқароларга иккиламчи ижарага, шунингдек, оила пудрати асосида бир йилгача бўлган муддатга берилиши мумкин.

 

 

3-боб. Кооператив аъзолари

 

13-модда. Кооператив аъзолари

 

Ишлаб чиқариш кооперативининг аъзоси 16 ёшга тўлган, ишлаб чиқариш кооперативи устави талабларига риоя қилувчи жисмоний ҳамда юридик шахслар бўлиши мумкин.

Агар кооператив уставида бошқа тартиб кўзда тутилмаган бўлса, жисмоний ва юридик шахслар бир нечта кооперативга аъзо бўлишлари мумкин.

Кооператив ўз уставига кооператив аъзолигига қабул қилиш шартлари тўғрисидаги қуйидаги қўшимча маълумотларни киритишга ҳақлидир:

ишлаб чиқариш кооперативи аъзолигига қабул қилинаётган фуқароларнинг малака даражаси ва шахсий сифатлари;

кооператив аъзолигига қабул қилинаётган шахсларнинг хўжаликдан узоқлиги;

ушбу Қонунга ва кооператив уставига зид бўлмаган ва кооператив уставида кўзда тутилган мақсадларга эришишни таъминловчи бошқа талаблар.

 

14-модда. Кооперативга уюшган аъзолик

 

Ишлаб чиқариш кооперативининг уставига асосан кооперативга уюшган аъзоликка киришга рухсат этилади.

Кооперативга пай бадали киритган жисмоний шахслар ҳамда юридик шахслар ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар кооперативнинг уюшган аъзолари бўлишлари мумкин.

Кооперативга уюшган аъзо сифатида киришга хоҳиш билдирган фуқаро ёки юридик шахс кооператив бошқарувига кооперативнинг уюшган аъзолигига қабул қилишини сўраб ариза беради. Кооператив бошқаруви органининг кооперативга уюшган аъзоликка қабул қилиш тўғрисидаги қарори кооперативнинг умумий йиғилишида тасдиқланиши лозим.

Ишлаб чиқариш кооперативи қуйидаги ҳолларда кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига асосан аъзонинг кооперативдаги фаолияти якунланганда уни уюшган аъзо сифатида қайта расмийлаштириш ҳуқуқига эга:

ҳақиқий муддатли ҳарбий хизматни ўтаётганда;

давлат органларига сайлаб қўйиладиган лавозимга сайланганда;

ишлаб чиқаришдан ажралган ҳолда ўқишга кирганда;

кооператив уставида белгиланган бошқа ҳолатларда.

Кооператив уставига ва кооператив билан уюшган аъзо ўртасида тузилган шартномага асосан кооперативнинг уюшган аъзолари пай бадаллари миқдори ва улар бўйича дивиденд тўлаш ҳамда кооперативдан чиқиш тартиблари белгиланади. Кооперативнинг уюшган аъзоси билан кооператив ўртасида тузилган шартномада кооператив аъзосининг ушбу Қонунга ва кооператив уставига зид бўлмаган бошқа ҳуқуқ ва мажбуриятлар ҳам кўзда тутилиши мумкин.

Кооперативнинг уюшган аъзоси кооперативнинг хўжалик фаолиятида иштирок этишга мажбур эмас.

Кооперативнинг уюшган аъзоси кооперативда овоз бериш ҳуқуқига эга, лекин кооперативнинг овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган уюшган аъзоларининг жами сони кооператив аъзоларининг умумий йиғилиш чақириш бўйича қарор қабул қилиш санасига кооператив аъзолари сонига нисбатан 20 фоиздан ошмаслиги лозим.

Кооперативни тугатишда кооперативнинг уюшган аъзоси ўз пай бадали қиймати тўлаб берилишини ва кооператив аъзоларига пай бадаллари тўлаб берилгунга қадар эълон қилинган, лекин тўланмаган дивидендлар тўлаб беришларини талаб қилиш ва уни ундириш ҳуқуқига эга.

Уюшган аъзо билан тузилган ёзма шаклдаги шартномага мувофиқ дивидендлар тўлиғича пул кўринишида ёки уюшган аъзонинг хоҳишига кўра пул ва бошқа хизматлар (ёнилғи билан таъминлаш, ер участкасига ишлов бериш, озиқ-овқат ва озуқа етказиш ва бошқалар) кўринишида тўланиши мумкин.

Уюшган аъзолар кооперативдан чиқишга ҳақлидирлар. Уюшган аъзоларга пай бадаллари ва дивидендлар бўйича тўловлар, кооператив уставига ва ушбу уюшган аъзо билан тузилган шартномага асосан амалга оширилади.

 

15-модда. Кооператив аъзолигига қабул қилиш

 

Кооператив давлат рўйхатидан ўтганидан кейин кооперативга кириш истагини билдирган жисмоний ва юридик шахслар кооператив бошқарувига кооперативга қабул қилишларини сўраб ариза берадилар. Кооперативга янги аъзони қабул қилиш тўғрисидаги кооператив бошқарувининг қарори кооперативнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланиши лозим.

Ишлаб чиқариш кооперативида кооперативга қабул қилиш ёки уни рад этиш тўғрисидаги кузатув кенгашининг (унинг мавжудлигида) қарори, кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида тасдиқланиши лозим.

Кооператив аъзолигига қабул қилишни сўраб ёзилган ариза кооператив устави тартибларига риоя қилиш мажбуриятини, шу жумладан, кооператив уставида белгиланган пай бадалларини киритиш, кооператив мажбуриятлари бўйича субсидиар жавобгарликка эга бўлиш ва бошқаларни ўз ичига олиши лозим.

Кооператив аъзолигига қабул қилишни рад этиш тўғрисидаги асосли қарор ариза берувчига ёзма равишда хабар қилинади. Ариза берувчи, ушбу қарорга норозилиги тўғрисида кооперативнинг умумий йиғилишига шикоят аризаси билан мурожаат қилишга ҳақлидир. Умумий йиғилиш томонидан кооператив аъзолигига қабул қилишларини сўраб берилган аризани рад қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилинганидан сўнг фақат рад қилиш сабаблари бартараф этилгандан кейин янгидан ариза берилиши мумкин.

Кооператив бошқарувининг қарори кооператив кузатув кенгаши ёки умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган кундан бошлаб ариза берувчи кооператив аъзолигига қабул қилинган ҳисобланади.

Кооператив аъзосига аъзолик дафтарчаси берилади ва унда қуйидагилар акс эттирилади:

кооператив аъзосининг фамилияси, исми, отасининг исми (жисмоний шахслар учун), номланиши (юридик шахслар учун);

кооперативга киришнинг асоси ва унга кириш санаси;

мажбурий пай бадалининг миқдори ва унинг киритилган санаси;

пай бадалининг тури (пул маблағи, мулк, шу жумладан, қишлоқ хўжалигига мўлжалланмаган ер участкаси, мулкий ҳуқуқ);

қўшимча пай миқдори, унинг ҳисобга ўтказилган ва қопланган санаси;

қайтарилган пай бадаллари миқдори ва уларнинг тўланган санаси.

Кооператив ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган маълумотлардан ташқари аъзолик дафтарчасида бошқа қўшимча маълумотларни ҳам кўрсатишга ҳақлидир.

 

16-модда. Кооперативга аъзоликнинг тугатилиши

 

Қуйидаги ҳолларда кооперативга аъзолик тугатилади:

кооператив аъзосининг аризасига асосан – мазкур аризани кўриб чиқиш муддати кооператив уставида белгилан бўлса, уставда белгиланган муддат ўтгандан сўнг, агар мазкур аризани кўриб чиқиш муддати кооператив уставида белгиланмаган бўлса, ариза кооператив бошқарувига тушган санадан икки ҳафта ўтганда;

кооператив аъзоси бўлган фуқаронинг вафотидан кейин – унинг вафот этган санасидан;

ишлаб чиқариш кооперативи аъзоси ушбу кооперативнинг бошқа аъзосига пайини ўтказганда – бундай ўтказиш тўғрисидаги кооператив аъзолари умумий йиғилишининг қарори қабул қилинган санадан;

кооператив аъзолигидан чиқарилишида – кооператив аъзолигидан чиқарилиши тўғрисидаги хабарни расмий шаклда олган пайтдан бошлаб.

Кооперативнинг ҳар бир аъзоси ўзининг кооперативдаги аъзолигини ушбу Қонунда ва кооператив уставида белгиланган тартибда тўхтатиш ҳуқуқига эга.

Ишлаб чиқариш кооперативи аъзоси ўз хоҳишига кўра ўзининг аъзоликдан чиқиш муддатидан икки ҳафта олдин, агар кооператив уставида бошқа муддатлар кўзда тутилмаган бўлса, кооператив бошқарувига ёзма шаклда ариза бериш йўли билан кооперативдан чиқишга ҳақлидир.

Ишлаб чиқариш кооперативи аъзоси, агар кооператив уставида бошқа тартиб кўзда тутилмаган бўлса, кооператив розилиги билан кооперативнинг бошқа аъзосига ўз пайининг бир қисмини беришга ҳақлидир. Ишлаб чиқариш кооперативи аъзолари орасидан пайни сотиб олиш бўйича ташаббускорлар мавжуд бўлмаган тақдирда, у кооператив аъзоси бўлмаган шахсга сотилиши мумкин.

Кооператив аъзосининг вафот этиши ҳолатларида унинг меросхўрлари кооператив аъзолигига қабул қилиниши мумкин.

 

17-модда. Кооператив аъзолигидан чиқариш

 

Кооператив аъзоси молиявий йил тугаши билан қуйидаги ҳолатларда ишлаб чиқариш кооперативи аъзолигидан чиқарилади, агар:

ёзма шаклда огоҳлантирилишига қарамасдан кооператив уставида назарда тутилган вазифаларни тизимли равишда бажармаса;

бухгалтерия ҳисоботига ишончсиз маълумотларни ёки агар шундай тартиблар кооператив уставида кўзда тутилган бўлса, ўзининг мулкий ҳолати тўғрисида асоссиз маълумотларни тақдим этса;

кооператив уставида белгиланган вазифалар кооператив аъзоси томонидан бажармаслиги оқибатида кооперативга зарар келтирилса ёхуд кооператив аъзосининг ўз мажбуриятларини бажармаслиги натижасида кооперативга даъво талаблари тақдим қилинган бўлса;

ушбу Қонун ва кооператив устави талабларга мувофиқ кооперативга аъзо бўлиб кириш ҳуқуқига эга бўлмаса;

у аъзо бўлган кооператив билан рақобатчи ташкилотда муассис ёки иштирокчи бўлса ёхуд кооператив билан рақобатчи ташкилот иштирокчиси, муассис ёки ушбу кооператив аъзоси иштирокчи бўлса;

Кооператив ўз уставида ушбу Қонунга зид бўлмаган кооператив аъзоси риоя этмаган ҳолда кооператив аъзолигидан чиқарилиши мумкин бўлган бошқа қўшимча талабларни ҳам кўзда тутишга ҳақлидир.

Ишлаб чиқариш кооперативи аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги масала дастлаб кооператив бошқаруви томонидан кўриб чиқилади ва унинг қарори кооперативнинг кузатув кенгаши, сўнг кооперативнинг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланади.

Кооператив бошқаруви ёки кооператив кузатув кенгаши аъзолари кооператив аъзолигидан фақат кооперативнинг умумий йиғилиши қарори билан чиқарилишлари мумкин.

Кооператив аъзоси кооператив бошқаруви томонидан унинг умумий йиғилиш олдида кооператив аъзолигидан чиқариш масаласининг қўйилиши сабаблари тўғрисида огоҳлантирилиши ва унга аъзоликдан чиқариш масаласи бўйича ўз фикрини билдириш ҳуқуқи билан умумий йиғилишга таклиф этилиши лозим.

Кооператив аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги қарор ушбу Қонунда ва кооператив уставида белгиланган асослар мавжудлигида қабул қилиниши лозим.

Кооператив аъзолигидан чиқариш тўғрисидаги қарор аъзоликдан чиқарилаётган шахсга кооператив бошқаруви томонидан икки ҳафта муддатда ёзма равишда хабар қилиниши лозим.

Кооператив аъзолигидан чиқарилган шахс кооператив бошқаруви ва кооператив кузатув кенгашининг қарори устидан кооперативнинг умумий йиғилишига ёки судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Кооператив аъзолигидан чиқарилган шахс белгиланган тартибда пайни олиш ҳуқуқига эга.

Кооперативнинг уюшган аъзоси кооператив билан тузилган шартнома шартларини бузган ҳолларда ёки кооперативга зарар келтирувчи ҳаракатларни амалга оширганда ушбу Қонун ва кооператив уставида белгиланган тартибда кооперативнинг уюшган аъзолигидан чиқарилиши мумкин.

 

18-модда. Кооперативдан чиқаётган аъзога пайни қайтариш

 

Кооперативдан чиқаётган аъзога молиявий йил якунланганидан ва кооперативнинг бухгалтерия баланси тасдиқлангандан сўнг пай бадали қиймати ёки пай бадалига тенг бўлган мулк тўлаб берилиши лозим. Шунингдек, кооперативдан чиқаётган аъзога кооператив уставида кўзда тутилган бошқа тўловлар ҳам кооператив уставида белгиланган муддат ва шартларда амалга оширилиши лозим.

Кооператив аъзоси томонидан ўз пайини бошқа шахсга ўтказиш ҳолатларида кооперативдан чиқаётган аъзога нисбатан тўловлар амалга оширилмайди.

Кооперативдан чиқаётган аъзога кўпайтирилган пай кооператив аъзолари учун белгиланган тартибда тўланади.

Кооператив аъзолигидан чиқаётган шахс билан ҳисоб-китобларни амалга оширишда кооператив унга тегишли бўлган қарз тўловлари кооперативнинг ҳисобига айириб қолинишига ҳақлидир.

Кооператив уставига асосан пай бадали қиймати аъзоликдан чиқаётган шахснинг танловига кўра кооператив мулк кўринишида натура шаклида тўлаб берилиши кўзда тутилиши мумкин.

Кооперативнинг вафот этган аъзосининг кооператив аъзолигига қабул қилинмаган меросхўрларига кооперативнинг вафот этган аъзосининг пай қиймати тўлаб берилади.

Агар кооператив уставига мувофиқ пай қийматини тўлаш ва кооперативдан чиқаётган аъзога тегишли бошқа тўловлар кооперативнинг бухгалтерия баланси тасдиқланган кундан олти ойдан ортиқ муддатда амалга оширилса, кооператив бошқаруви кооперативдан чиқаётган аъзога ушбу тўловларнинг суммасини, амалга ошириш муддати ва тартибларини тасдиқловчи ҳужжат бериши лозим.

 

4-боб. Кооперативнинг бошқарув органлари

 

19-модда. Кооперативнинг бошқарув органлари тузилмаси

 

Кооперативни бошқариш кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши (вакиллар йиғилиши), кооператив кузатув кенгаши, тафтиш комиссияси, кооператив бошқаруви ва (ёки) менежер томонидан амалга оширилади. Кооператив кузатув кенгаши кооператив аъзолари сони элликтадан кам бўлмаган тақдирда мажбурий тарзда ташкил этилади.

Кооперативнинг бошқарув органлари ваколатлари, тузилмаси, кооператив бошқаруви аъзолари, кооператив менежери ва кооператив кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш ҳамда чақириб олиш тартиби, шунингдек кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини ёки вакиллар йиғилишини чақириш ва ўтказиш тартиби ушбу Қонунга мувофиқ кооператив устави билан белгиланади.

 

20-модда. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ваколатлари

 

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши кооперативни бошқаришнинг олий органи ҳисобланади ҳамда кооператив фаолиятига тегишли бўлган ҳар қандай масалаларни ҳал қилишга, шу жумладан кооператив бошқаруви, кооператив менежери ва кооператив кузатув кенгашининг қарорларини тасдиқлашга ёки бекор қилишга ваколатли.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши мутлақ ваколатларига қуйидаги масалаларни кўриб чиқиш ва улар бўйича қарорлар қабул қилиш киради:

фаолиятнинг асосий йўналишларини белгилаш, шунингдек тижорат ташкилотларининг бошқа бирлашмаларида иштирок этиш тўғрисида қарор қабул қилиш;

уставни тасдиқлаш, унга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш;

кооператив менежерини, кооператив бошқаруви аъзоларини ва кооператив кузатув кенгаши аъзоларини сайлаш, уларнинг фаолиятига оид ҳисоботларни эшитиш ва ваколатларини тўхтатиш;

кооперативни ривожлантириш дастурларини, йиллик ҳисоботни
ва бухгалтерия балансини тасдиқлаш;

аъзолик пай бадаллари ва бошқа тўловларнинг миқдорини ва тўлаш тартибини, аъзоликдан чиқаётганда ушбу тўловларни қайтариш тартибини белгилаш;

аъзолар ўртасида фойда ва зарарни тақсимлаш тартибини белгилаш;

кооперативнинг асосий ишлаб чиқариш воситаларини ҳисобдан чиқариш (бошқа шахс ихтиёрига ўтказиш), уларни сотиб олиш, шунингдек битимларни амалга ошириш бўйича қарор қабул қилиш, агар мазкур масалани ҳал қилиш ушбу Қонун ёки кооператив устави билан аъзолар умумий йиғилиши ваколатларига киритилган бўлса,

кооператив жамғармалари турлари ва миқдорлари, шунингдек уларни шакллантириш шартларини белгилаш;

бошқа кооперативларга, шерикчиликка асосланган хўжалик ширкати ва жамиятига, бирлашма, уюшмаларга аъзо бўлиб кириш, шунингдек, улардан чиқиш;

ваколатхоналар ва филиалларни ташкил қилиш ва тугатиш;

аъзоликка қабул қилиш ва аъзоликдан чиқариш;

кооператив бошқаруви аъзолари ва (ёки) кооператив менежерини рағбатлантириш шартлари ва миқдорини белгилаш, кооператив кузатув кенгаши аъзоларининг харажатларини қоплаш;

кооператив бошқаруви аъзолари ва (ёки) кооператив менежерини, кооператив кузатув кенгаши аъзоларини жавобгарликка тортиш чораларини кўриш;

ушбу Қонун ва кооператив устави билан белгиланган ички ҳужжатларни (низомларни) тасдиқлаш;

кооперативни қайта ташкил этиш ва тугатиш;

ушбу Қонун ёки устав билан кооператив аъзолари умумий йиғилишининг мутлақ ваколатига кирувчи бошқа масалаларни ҳал этиш.

Ушбу модда иккинчи қисмининг иккинчи, бешинчи, олтинчи, еттинчи, ўнинчи ва ўн олтинчи хатбошиларида белгиланган масалалар бўйича қарорлар кооператив аъзоларининг учдан икки қисми овоз бергандагина қабул қилинган ҳисобланади.

Агар ушбу масалалар бўйича қарор қабул қилиш чоғида кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кворум таъминланмаган бўлса, умумий йиғилиш қайтадан чақирилади ва умумий йиғилишда қатнашаётганларнинг учдан икки қисми ёқлаб овоз бергандагина ушбу масала бўйича қарор қабул қилинган ҳисобланади.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши мутлақ ваколатига киритилган ёки улар бўйича овозларнинг учдан икки қисмни ташкил этувчи кўпчилик томонидан қабул қилиниши шарт бўлган масалалар рўйхати кооператив уставида кенгайтирилиши мумкин ва ушбу масалалар бўйича қарор қабул қилиш учун кооператив уставида нисбатан юқори кворум кўзда тутилиши мумкин.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши мутлақ ваколатига киритилган масалаларни ҳал этиш кооператив менежери, кооператив бошқаруви ёки кузатув кенгашига берилиши мумкин эмас.

 

21-модда. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш

 

Кооператив аъзоларининг биринчи умумий йиғилиши мумкин қадар қисқа муддатларда, аммо давлат рўйхатидан ўтгандан сўнг уч ойдан ошмаган муддат ичида чақирилади. Кооператив молиявий йил тугагандан сўнг камида икки ойдан кейин ва кўпи билан тўрт ойдан кечиктирмасдан кооператив аъзоларининг йиллик умумий йиғилишини ўтказиши шарт. Кооператив аъзоларининг йиллик умумий йиғилишидан ташқари ўтказилган умумий йиғилиш навбатдан ташқари ҳисобланади.

Кооператив аъзоларининг йиллик ва навбатдан ташқари умумий йиғилишларини чақириш вазифасини кооператив бошқаруви, кооператив бошқарувининг ваколати тўхтатиб турилганда эса – бу вазифани кооператив кузатув кенгаши амалга оширади.

Кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши, кооператив бошқарувининг ўз ташаббуси билан ёки кооператив кузатув кенгаши, кооператив аъзоларининг ўндан бир қисми ёки уюшган аъзоларнинг учдан бир қисмининг талабига биноан чақирилади.

Кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишининг чақирилишини талаб қилган кооперативнинг бошқарув органлари ёхуд бундай ҳуқуққа эга бўлган кооператив аъзолари ёки кооперативнинг уюшган аъзолари гуруҳи кўрсатилган умумий йиғилишнинг таклиф қилинган кун тартибини ва уни ўтказиш зарурлигининг асосланишини ёзма равишда кооператив бошқарувига тақдим қилишлари шарт.

Кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақирилишининг ташаббускори бўлмаган кооперативнинг бошқа бошқарув органлари ёхуд кооператив аъзолари ёки кооперативнинг уюшган аъзолари ушбу йиғилиш чақирилишининг ташаббускори розилигисиз кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши кун тартибига ўзгартиш ёки қўшимчалар киритишга ҳақли эмас.

Кооператив бошқаруви ёки унинг ваколати тўхтатилган тақдирда, кооператив кузатув кенгаши кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талабномани олган кундан эътиборан етти кун ичида кўрсатилган йиғилишни ўтказиш ёки уни ўтказишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилиши шарт.

Кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказишни рад этиш тўғрисидаги қарор фақат кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишининг таклиф қилинаётган кун тартибидаги масалаларнинг биронтаси унинг ваколатига кирмаса ёки қонун талабларига мувофиқ келмаса ёхуд кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини ўтказишга ушбу Қонунда белгиланган талабларга риоя этилмаган тақдирда қабул қилинади.

Агар кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишинг таклиф қилинаётган кун тартибидаги битта масала ёки бир неча масалалар унинг ваколатига кирса ва кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказишга ушбу Қонунда белгиланган бошқа талабларга риоя этилган бўлса, кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши ўтказилиши керак.

Агар кооператив бошқаруви кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш тўғрисидаги талабномани олган кундан эътиборан етти кун ичида бундай йиғилишни ўтказиш тўғрисида қарор қабул қилмаса ёки уни ўтказишни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилса ёхуд ушбу йиғилишни ўтказиш бўйича қабул қилинган қарорга мувофиқ белгиланган муддатларда ўтказмаса, кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишини чақириш ҳуқуқига эга бўлган кузатув кенгаши, ички аудит, кооператив аъзолари ёки кооперативнинг уюшган аъзолари томонидан кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилиши чақирилиши мумкин. Бундай ҳолатда кооператив бошқаруви кооператив аъзоларининг навбатдан ташқари умумий йиғилишининг ташаббускорларига кооператив аъзолари ва кооперативнинг уюшган аъзолари рўйхатини ва уларнинг манзилларини тақдим этиши шарт.

 

22-модда. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш тартиби

 

Кооператив аъзоси, кооперативнинг уюшган аъзоси кооператив бошқарувини ушбу Қонун ва кооператив уставида назарда тутилган ёзма шаклдаги билдиришнома ва хабарномалар юборилишини таъминлаш учун ўз турар жойи, манзили, манзилининг ўзгарганлиги тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилишлари шарт.

Кооператив аъзолари, кооперативнинг уюшган аъзолари кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши чақирилишидан камида ўттиз кун олдин ушбу йиғилишнинг ўтказиладиган жойи, куни, вақти ва кун тартиби тўғрисида ёзма шаклда хабардор қилиниши керак.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши тўғрисидаги хабарнома кооператив аъзосига қайд қилган ҳолда топширилади ёки почта орқали жўнатилади.

Кооператив аъзоларининг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига киритилиши лозим бўлган қўшимча масалалар молиявий йил якунлангандан сўнг камида ўттиз кун ўтгандан кейин кооператив бошқарувига киритилиши керак.

Кооператив бошқаруви кооператив аъзоларининг йиллик умумий йиғилиши кун тартибига киритилиши лозим бўлган қўшимча масалалар таърифини ўзгартиришга ҳақли эмас.

 

23-модда. Вакиллар йиғилиши

 

Аъзолари сони 200 нафардан кўп бўлган кооперативларда кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши вакиллар йиғилиши шаклида ўтказилиши мумкин.

Кооператив аъзоси ёки кооперативнинг уюшган аъзоси ҳисобланадиган ёҳуд кооператив аъзоси ёки кооперативнинг уюшган аъзоси бўлган юридик шахснинг вакили ҳисобланадиган жисмоний шахс вакил бўлиши мумкин. Вакил сифатида сайланмаган кооператив бошқаруви аъзолари, кооператив кузатув кенгаши аъзолари ёки кооператив менежери вакиллар умумий йиғилишида овоз бериш ҳуқуқисиз иштирок этади, бироқ йиғилишда сўзга чиқиш ва таклифлар киритиш ҳуқуқига эгадир.

Ушбу Қонунда ва кооператив уставида умумий йиғилиш тўғрисида белгиланган қоидалар вакиллар йиғилиши учун ҳам татбиқ этилади.

Кооператив аъзоларининг вакиллари ушбу Қонуннинг 34-моддасида белгиланган тартибга мувофиқ вакиллар йиғилишининг кун тартиби, ўтказиш куни, жойи ва вақти, ушбу йиғилишга вакиллар сайлаш меъёри кўрсатилган ёзма шаклдаги билдиришнома олганларидан сўнг вакиллар иш жойлари ёхуд яшаш жойларида ва (ёки) кооператив аъзолари ёки кооператив уюшган аъзоларининг турган жойларидаги йиғилишларда ҳар бир навбатдаги вакиллар йиғилишида очиқ ёки яширин овоз бериш йўли билан сайланади.

Вакил кооперативнинг 10 тадан кўп бўлмаган аъзоларидан сайланиши шарт. Кооперативнинг уюшган аъзоларидан сайланган вакиллар кооператив аъзоларидан сайланган вакиллар сонининг 20 фоизидан ошмаслиги шарт. Вакиллар сони, тегишли молиявий йил якунида мавжуд бўлган кооператив аъзолари сонидан ва кооперативнинг уюшган аъзолари сонидан келиб чиққан ҳолда белгиланади.

Вакиллар ўз ваколатларини кооперативнинг бошқа аъзосига беришлари мумкин эмас.

Вакилнинг сайланганлиги йиғилиш менежери ва котиби имзоси қўйилган йиғилиш баённомаси билан расмийлаштирилади. Йиғилиш баённомаси вакиллар йиғилишининг саноқ комиссиясига тақдим этилади.

 

24-модда. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши (вакиллар йиғилиши) қарорларини қабул қилиш тартиби

 

Агар уставда бошқача ҳолат белгиланмаган бўлса, қарор қабул қилишда кворум қуйидагилардан кам бўлмаслиги лозим:

кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида шахсан қатнашаётган аъзолар овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган аъзолар умумий сонининг учдан икки қисмидан;

вакиллар йиғилишида сайланган вакиллар умумий сонидан 50 фоизидан.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ушбу Қонунда кўзда тутилган аъзолар умумий йиғилишини чақириш бўйича ўрнатилган тартиб ва муддатларни бузган ҳолда эълон қилинган кун тартиби бўйича қарорлар қабул қилишга ҳақли эмас, ушбу йиғилишда аъзоларнинг барчаси иштирок этган аъзолар умумий йиғилиши иш регламенти бундан мустасно.

Агар ушбу Қонун ва уставда бошқа ҳолатлар кўзда тутилмаган бўлса, аъзоларнинг умумий йиғилиши қарорлари кўпчилик овоз билан қабул қилинади.

Белгиланган тартибда пай бадалини тўламаган аъзо овоз беришда қатнашиш ҳуқуқига эга эмас.

Аъзо уни сайланган лавозимидан четлаштириш ёки кооператив олдидаги мажбуриятидан озод қилиш тўғрисида қарор қабул қилишда, шунингдек, унга даъво талабномалари тақдим этилган ҳолатларда ҳам овоз беришда иштирок этмайди.

Кооператив аъзоси ёки уюшган аъзоси бўлган юридик шахс раҳбари ишончномасисиз ёки унинг ходими ишончнома асосида кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида вакил сифатида иштирок этиши мумкин.

Умумий йиғилиш (вакиллар йиғилиши) қарорлари, йиғилиш баённомаси билан расмийлаштирилади, ушбу йиғилиш давомида тузиладиган йиғилиш баённомаси умумий йиғилиш тугагандан сўнг ўн кундан кечиктирмасдан, камида икки нусхада расмийлаштирилади. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши (вакиллар йиғилиши) баённомаси қуйидаги маълумотларни ўзида акс эттириши лозим:

кооперативнинг номланиши ва унинг жойлашган жойи тўғрисидаги маълумотлар;

кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши ўтказилган жой, санаси ва вақти;

кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги билдиришноманинг санаси ва аъзоларнинг умумий йиғилиши кун тартибига киритилган масалалар бўйича ҳужжатларни тақдим қилиш санаси;

кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини ўтказиш тўғрисидаги билдиришнома санасидаги аъзоларнинг умумий сони, ҳал қилувчи овоз ҳуқуқига эга бўлган аъзоларнинг умумий йиғилишида қатнашган аъзолар ва кооперативнинг уюшган аъзолари сони;

вакиллар йиғилиши ўтказилаётганда – сайланган вакиллар сони ва ушбу йиғилишда қатнашаётганлар сони;

умумий йиғилишнинг қонунийлиги (қонуний эмаслиги) тўғрисидаги қайд;

эълон қилинган умумий йиғилишнинг кун тартиби;

умумий йиғилишда сўзга чиққан шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми ва лавозими, нутқининг асосий жиҳатлари;

умумий йиғилиш кун тартиби бўйича овоз бериш натижалари, ушбу йиғилишда эълон қилинган ва қабул қилинган қарорлар.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши баённомасига қуйидагилар илова қилинади:

кооператив бошқаруви органи ёки кооператив кузатув кенгаши ёхуд ташаббус гуруҳининг ёки уюшган аъзоларнинг умумий йиғилишни чақириш тўғрисидаги қарори;

умумий йиғилишда иштирок этган аъзолар ва овоз бериш ҳуқуқига эга уюшган аъзолар рўйхати. Вакиллар йиғилиши ўтказилган тақдирда, сайланган ва йиғилишида иштирок этган вакиллар рўйхати;

умумий йиғилишга тақдим этилган вакиллик ҳуқуқини берувчи ишончнома ёки вакилларнинг сайланганлиги тўғрисидаги баённома;

умумий йиғилиш кун тартиби бўйича тақдим этилган материаллар;

овоз бериш бюллетенлари;

аъзолар ва уюшган аъзолари томонидан умумий йиғилиш баённомасига қўшиб қўйиш талаби билдирилган аризалар, таклифлар ва асосий фикрлар;

устав, ички ҳужжатлар (низом) ёки умумий йиғилиш билан кўзда тутилган бошқа ҳужжатлар.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши баённомасининг ҳар иккала нусхасига ушбу йиғилиш менежери ва котиби, менежер ва аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига биноан кузатув кенгаши аъзолари ёки аъзоларнинг бошқа камида 3 нафар аъзоси томонидан имзо қўйилиши шарт. Агар аъзоларнинг умумий йиғилиши баённомасига имзо қўйиши лозим бўлган шахслардан биттаси имзо қўйишдан бош тортса, у умумий йиғилиш баённомасига имзо қўймаслик сабабини кўрсатиши лозим.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши баённомалари бир нусхадан кооператив бошқарувида ва кооператив кузатув кенгашида сақланиши шарт.

Аъзо ёки уюшган аъзо талабига мувофиқ кооператив бошқаруви уларни умумий йиғилиш баённомаси билан таништириши ёхуд уларга умумий йиғилиш баённомасининг тасдиқланган нусхасини бериши ёки умумий йиғилиш билан тижорат сири киритилган маълумотлардан ташқари йиғилиш баённомасининг тасдиқланган нусхасини ёки йиғилиш баённомасидан кўчирмани бериши шарт.

Агар аъзолар ёки уюшган аъзолар умумий йиғилиш баённомасини ишонарли эмаслиги ёки унинг тўлиқ эмаслиги тўғрисида ариза берган бўлсалар, ушбу ариза навбатдаги умумий йиғилишда кўриб чиқилиши шарт.

 

25-модда. Кооперативнинг ижро органлари

 

Кооператив менежери, кооператив бошқаруви кооперативнинг ижро органлари ҳисобланади. Агар кооператив аъзолари сони 25 нафардан кам бўлса, уставга мувофиқ фақат кооператив менежери ва унинг ўринбосари сайланиши кўзда тутилиши мумкин.

Кооператив менежери, кооператив бошқаруви органи умумий йиғилиш томонидан беш йилдан кўп бўлмаган муддатга иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, менежмент ва (ёки) бошқа соҳада юқори малакага ва кўп йиллик тажрибага эга шахслар қаторидан сайланади. Агар кооператив уставида бундай қоида назарда тутилган бўлса, кооператив менежери кооператив бошқаруви аъзоси ҳисобланади ва уни бошқаради.

Кооператив бошқаруви, агар уставда бошқа ҳолат кўзда тутилмаган бўлса, уч кишидан иборат бўлади.

Кооператив бошқаруви ваколати доирасига қуйидаги масалаларни
ҳал этиш киради:

кооперативнинг уюшган аъзолигига қабул қилиш тўғрисидаги, аъзолигидан ёки уюшган аъзоликдан чиқиш тўғрисидаги аризаларни қабул қилиш;

кооператив аъзолигидан ёки уюшган аъзоликдан чиқиш тўғрисидаги масалаларни дастлабки кўриб чиқиш;

уюшган аъзолар билан шартномалар тузиш;

кооперативдан чиққан тақдирда қайтариладиган пай миқдори ва шаклини белгилаш;

умумий йиғилиш кун тартибини шакллантириш ва уни чақириш;

кузатув кенгаши билан ҳамкорликда кўпайтирилган пайларни қоплаш, дивидендлар тўлаш ёки тўловларни амалга ошириш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш;

умумий йиғилиш ваколати доирасига кирмаган битимларни амалга ошириш;

кузатув кенгаши билан ҳамкорликда тафтиш комиссиясининг кооперативни тафтиш қилишга оид хулосаларини кўриб чиқиш ҳамда аниқланган қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш бўйича чораларни белгилаш;

пай бадали сифатида киритилаётган мулкларнинг бозор қийматини тасдиқлаш;

ушбу Қонун ва уставга мувофиқ ёки умумий йиғилиш қарори билан кооператив бошқаруви ваколатига киритилган бошқа масалаларни ҳал этиш.

Кооператив бошқаруви кооператив уставига ва агар бу уставда кўзда тутилган бўлса, кооператив кузатув кенгаши ёки кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши билан тасдиқланадиган кооператив бошқаруви йиғилишларини чақириш ва ўтказиш тартиби, муддатини белгиловчи кооператив бошқаруви қарорларини қабул қилиш ва йиғилиш баёнларини расмийлаштириш тартибини белгиловчи кооператив бошқаруви тўғрисидаги низомга мувофиқ фаолият олиб боради.

Кооператив устави ёки кооператив бошқаруви тўғрисидаги низомга мувофиқ кооператив бошқаруви аъзолари ўртасида вазифаларни тақсимлаш кўзда тутилиши мумкин.

Кооператив бошқаруви йиғилишлари кооператив менежери томонидан олиб борилади, агар уставда ёки кооператив бошқаруви низомида ушбу ҳужжатларга кооператив бошқарувининг бошқа аъзолари томонидан имзо чекишлари кўзда тутилмаган бўлса, у кооператив бошқаруви номидан қабул қилинган қарорларга ва кооператив бошқаруви баённомаларига имзо қўяди.

Кооператив менежери, кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши, кооператив кузатув кенгаши ва кооператив бошқаруви қарорига асосан ушбу органлар ваколатига кирган масалалар бўйича ишончномасиз, бошқа масалалар бўйича кооператив номидан якка ҳолда иш кўради.

Кооператив менежери ёки кооператив бошқаруви аъзолари исталган вақтда ушбу Қонун ва уставда белгиланган тартибга мувофиқ чақирилган кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қарори бўйича эгаллаб турган лавозимларидан озод этилишлари мумкин.

Кооператив бошқаруви органи ёхуд кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақириш ҳуқуқига эга бўлган ушбу йиғилиш кун тартибига кооператив менежерини муддатидан олдин эгаллаган лавозимидан озод этиш тўғрисидаги масалани киритишни таклиф этган кооператив аъзолари ёки кооперативнинг уюшган аъзолари гуруҳи ўз таклифини ёзма шаклда асослаб беришлари шарт.

Кооператив менежерини муддатидан олдин эгаллаган лавозимидан озод этиш тўғрисидаги тафтиш комиссиясининг хулосаси кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида эълон қилиниши шарт.

 

26-модда. Кооператив менежери, кооператив бошқарувининг мажбуриятлари

 

Кооператив менежери, кооператив бошқаруви аъзолари уларнинг манфаатлари йўлида самарали фаолият юритишлари лозим. Улар ўз ваколатларини амалга оширишлари давомида уларга маълум бўлган хизмат ва (ёки) тижорат сири бўлган ахборотларнинг махфийлигини сақлаш бўйича чоралар кўришлари лозим.

Кооператив бошқаруви аъзолари томонидан ўз мажбуриятларини тўлақонли бажармаслик оқибатида келтирилган зарарлар суд қарорлари асосида кооперативга қоплаб берилиши лозим. Бунда зарар келтирувчилар биргаликда жавобгар бўладилар.

Кооператив менежери у билан тегишли равишда кооператив ўртасида тузилган меҳнат шартномасида кўзда тутилган тартиб ва шартлар доирасида жавобгар бўлади.

 

27-модда. Кооператив кузатув кенгаши

 

Кооператив кузатув кенгаши кооператив аъзоларидан умумий йиғилишда сайланадиган уч кишидан кам бўлмаган таркибдан иборат бўлади. Кооператив кузатув кенгаши томонидан қарор қабул қилиш тартиби кооператив устави билан белгиланади.

Кооператив кузатув кенгаши аъзоси сифатида фаолият юритгани учун иш ҳақи ва мукофот олишга рухсат этилмайди ҳамда жамоатчилик асосида фаолият юритади. Кооператив кузатув кенгаши аъзосининг ўз ваколатларини бажариши билан боғлиқ харажатлари кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши қарорига мувофиқ қопланади.

Кооператив кузатув кенгаши аъзоларининг ваколатлари улар сайланган муддат тугашидан аввал умумий йиғилиш қарори бўйича тўхтатилиши мумкин. Бундай қарорни қабул қилиш учун кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида иштирок этувчиларнинг учдан бир қисми овози етарли бўлади.

Кооператив кузатув кенгаши аъзоси бир вақтнинг ўзида кооператив бошқаруви аъзоси ёки кооператив менежери бўлиши мумкин эмас.

Таркибдан чиқиш истагини билдирган кооператив бошқаруви аъзолари унинг ваколатлари тўхтатилиши тўғрисида кооператив аъзоларининг умумий йиғилишининг қарори қабул қилинмагунича кооператив кузатув кенгашига сайланиши мумкин эмас.

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишида кооператив кузатув кенгаши аъзоларига сайлаш ёки қўшимча сайлаш ўтказилаётганда кооператив менежери, кооператив бошқаруви аъзолари бундай номзодлар тўғрисидаги таклифларни киритишга ҳақли эмаслар.

Кооператив кузатув кенгаши менежери ва менежер ўринбосари кооператив кузатуви кенгаши мажлисида кооператив кузатув кенгаши аъзолари таркибидан уч йил муддатга сайланади. Кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши томонидан тасдиқланган низомга мувофиқ кооператив кузатув кенгаши менежерининг вазифалари кооператив кузатув кенгаши мажлисини тайёрлаш, чақириш, ўтказиш ва кооператив кузатув кенгаши фаолиятини ташкил қилишдан иборат.

Кооператив кузатув кенгаши мажлислари энг камида ҳар уч ойда бир марта ўтказилади ва ушбу мажлис иштирок этган кооператив кузатув кенгашининг барча аъзолари томонидан имзоланган баённома билан расмийлаштирилади.

 

28-модда. Кооператив кузатув кенгашининг ваколатлари

 

Кооператив кузатув кенгаши кооператив менежери ва кооператив бошқаруви фаолиятини назорат қилади, кооператив фаолиятини тафтиш қилади. Кооператив кузатув кенгаши кооператив бошқаруви, кооператив менежеридан уларнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни талаб қилишга ҳамда ҳужжатлар билан танишиш, кассанинг ҳолати, қимматбаҳо қоғозлар, савдо ҳужжатларининг (ишончнома, тўлов топшириқномаси, юк хати, ҳисоб-фактура) мавжудлигини текшириш, инвентаризация ўтказишга ва бошқаларга ҳақлидир.

Кооператив кузатув кенгаши бухгалтерия балансини, йиллик ҳисоботни текшириши, даромадларни тақсимлаш тўғрисида ва йиллик тақчилликни қоплаш чоралари тўғрисидаги таклифлар бўйича хулосалар бериши лозим. Кооператив кузатув кенгаши текшириш натижалари тўғрисида бухгалтерия баланси тасдиқлангунга қадар кооператив аъзоларининг умумий йиғилишига ҳисобот бериши лозим.

Кооператив кузатув кенгаши кооператив аъзолигига қабул қилишни ва аъзоликдан чиқишни сўраб ёзилган аризалар бўйича хулосалар беради.

Кузатув кенгаши, агар бу кооператив манфаатлари учун зарур бўлса, кооператив аъзоларининг умумий йиғилишини чақиради. Кооператив кузатув кенгаши менежери агар уставда бошқа тартиблар кўзда тутилмаган бўлса, кооператив аъзоларининг умумий йиғилиши мажлисини ўтказишда менежерлик вазифасини бажаради.

Кооператив уставида кооператив кузатув кенгаши аъзоларининг бошқа ваколатлари ҳам кўзда тутилиши мумкин.

Кооператив кузатув кенгаши аъзолари ўз ваколатларини бошқа шахсларга беришга ҳақли эмас.

 

29-модда. Кооператив бошқарув органлари қарорлари устидан шикоят қилиш

 

Кооператив аъзоларининг умумий йиғилишнинг ушбу Қонун ва Ўзбекистон Республикасининг бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари, устав талабларини бузган ҳолда қабул қилган ҳамда кооператив аъзоларининг қонуний ҳуқуқлари ва (ёки) манфаатларига зид бўлган қарорлари шикоят қилинаётган қарорни қабул қилишда иштирок этмаган ёки унга қарши овоз берган кооператив аъзолари ёки кооперативнинг уюшган аъзолари аризаси бўйича суд томонидан бекор қилиниши (қонуний кучга эга эмас деб тан олиниши) мумкин.

 

5-боб. Кооперативнинг мулки

 

30-модда. Кооперативнинг мулкини шакллантириш манбалари

 

Кооперативнинг мулкини шакллантириш манбалари ҳам мулкий, ҳам қарз маблағлар бўлиши мумкин. Кооператив мулкидаги қарз маблағлари улуши устав билан белгиланади.

Кооператив пай бадаллари, унинг фаолиятидан келадиган даромадлар ҳамда банкларга қўйилган маблағлари, қимматбаҳо қоғозлар ва бошқалар ҳисобидан ўз маблағларини шакллантиради.

Кооператив унга пай сифатида берилган мулклар ҳамда фаолият жараёнида ишлаб чиқарилган ва орттирилган мулкларнинг эгаси ҳисобланади.

Ишлаб чиқариш кооперативида захира фонди фойдадан 10 фоиздан кам бўлмаган миқдордаги йиллик ажратмалардан, кооператив уставида кўзда тутилган бошқа манбалар ҳисобидан шаклланади.

 

31-модда. Кооперативнинг пай бадаллари ва пай фонди

 

Кооперативнинг пай фонди ва мажбурий пай бадалининг миқдори аъзолар йиғилишида белгиланади.

Ишлаб чиқариш кооперативида мажбурий пай бадаллари бир хил миқдорда белгиланади.

Кооператив аъзолари қўшимча пай бадаллари киритишлари мумкин ва унинг миқдори ҳамда киритиш шартлари кооператив уставида кўзда тутилади.

Пай бадалларининг ҳисоби қиймат кўринишида юритилади. Кооперативга кираётган шахс пай бадали ҳисобига мулкий улушлар ва бошқа мулкларни ёки мулкий ҳуқуқларни киритиш ҳолатларида пай бадалининг пулдаги қиймати мустақил баҳоловчи томонидан баҳоланади ва умумий йиғилишда тасдиқланади.

Баҳоланаётган пай бадали қийматининг мажбурий пай бадалидан ошаётган қисми кооператив аъзоси розилиги билан унинг қўшимча пай бадали ҳисобига ўтказилади.

Кооператив давлат рўйхатидан ўтганидан кейин аъзоликка кираётган шахс уставда белгиланган тартиб ва муддатларда мажбурий пай бадалини тўлайди.

 

32-модда. Кооперативнинг фойда ва зарарини тақсимлаш

 

Кооперативнинг бухгалтерия баланси бўйича аниқланган ҳамда солиқлар, йиғимлар ва мажбурий тўловлар тўланганидан кейинги қолган фойдаси қуйидаги тарзда тақсимланади:

муддати кечиктирилган қарзларни қоплашга;

захира фонди ва уставда кўзда тутилган бошқа бўлинмас фондларга;

аъзоларнинг қўшимча пай бадаллари ва уюшган аъзоларнинг пай бадалларига дивидендлар бўйича тегишли тўловларга, ходимларни мукофотлашга, бунда тақсимланадиган умумий сумма кооператив фойдасининг 30 фоизидан ошмаслиги лозим.

Кооператив фаолиятидан орттирилган маблағлар қуйидаги тартибда ишлатилади:

ушбу маблағларнинг 70 фоизидан кам бўлмаган қисми аъзоларнинг шаклланган пай маблағлари улушини кўпайтиришга ва қолган қисми эса пайчилар орасида тақсимлашга йўналтирилади;

кўпайтирилган пайлардан шаклланган улуш – кооперативнинг бўлинмас фондини тўлдириш, ишлаб чиқариш ва бошқа фондларни ташкил этиш ҳамда кўпайтирилган пайларни кенгайтириш мақсадида фойдаланилади.

Бухгалтерия баланси бўйича аниқланган кооперативнинг зарари ишлаб чиқариш кооперативи аъзолари ўртасида эса кооператив аъзоларининг киритган пайлари миқдорига мос равишда тақсимланади.

Ишлаб чиқариш кооперативида зарарлар биринчи навбатда захира фонди ҳисобидан, иккинчи навбатда кўпайтирилган пайлари миқдорининг камайтирилиши ҳисобига ёки қўшимча киритилган пай бадаллари ҳисобига қопланади.

Кооперативнинг фойда ва зарарларини тақсимлаш тартиби молия йили якунлангандан кейин уч ой давомида умумий йиғилишда тасдиқланиши лозим.

 

33-модда. Кооператив ҳамда унинг аъзоларининг мулкий жавобгарликлари

 

Кооператив ўз мажбуриятлари бўйича ўзига тегишли бўлган барча мол-мулки доирасида жавобгардир ва ушбу Қонунда кўзда тутилган ҳолатлардан ташқари аъзоларнинг мажбуриятлари бўйича жавобгар эмас.

Илгари ташкил этилган кооперативга кираётган шахс, агар бу кооператив уставида кўзда тутилган бўлса, ушбу шахснинг кооперативга кириши пайтида мавжуд бўлган мажбуриятлар билан танишганлиги тўғрисида ёзма равишда тасдиқланган шароитда унинг ушбу кооперативга киришдан аввал пайдо бўлган мажбуриятлари бўйича жавобгар бўлади.

Кооператив аъзоси айби билан келтирилган зарар ушбу аъзонинг пайи миқдорини камайтириш ҳисобига ёки қонунда белгиланган бошқа тартибга мувофиқ қопланади.

Кооператив аъзоси ёки уюшган аъзосининг шахсий қарзларини ундиришни унинг пайига йўналтириш ушбу Қонун ва уставда кўзда тутилган муддат ва тартибларда, бундай қарзни қоплаш учун унинг бошқа мулклари етарли бўлмаганда рухсат берилиши мумкин. Кооператив аъзоси ёки уюшган аъзосининг қарзларини кооперативнинг бўлинмас фонди ва унинг ер участкаси ҳисобидан ундиришга рухсат этилмайди.

 

6-бобКооператив фаолиятининг асослари

 

34-модда. Кооператив битимлари

 

Кооператив ҳамда унинг аъзолари зарур ҳолларда 10 йилдан кўп бўлмаган муайян давр мобайнида етиштирилган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ёки унинг бир қисмини фақат кооперативга ёхуд филиалларга сотиш мажбуриятини юкловчи шартномалар тузиши мумкин.

Шартномада томонларнинг шартномада белгиланган мажбуриятларини бажармасликлари ёки етарли даражада бажармасликлари учун жавобгарлиги тўғрисидаги шартлар кўзда тутилиши мумкин.

Қиймати кооперативнинг ер участкалари ва асосий воситалари қийматини чиқариб ташлаганда умумий активлари қийматига нисбатан 10 фоизгачани ташкил этган битимлар (шу жумладан, асосий фондларни ижарага бериш, мулкни гаровга бериш бўйича) кооператив бошқаруви томонидан, 10 фоиздан 20 фоизгача – кооператив бошқаруви ва кузатув кенгаши ҳамкорлигида, 20 фоиздан юқори бўлганда умумий йиғилиш томонидан амалга оширилади.

Кооператив менежери, бошқарув органи ёки кузатув кенгаши менежерлари, уларнинг рафиқалари ва яқин қариндошлари ёки пай эгалари иккинчи томон сифатида қатнашган, миқдори пай фондига нисбатан 10 фоиздан кўпни ташкил этган битимлар аффилланган шахс билан тузилган битим ҳисобланади.

Ушбу моддада кўзда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган битим кооперативнинг ёки унинг аъзоси ёхуд уюшган аъзосининг даъвосига кўра қонуний кучга эга эмас деб тан олиниши мумкин.

 

35-модда. Йирик битимлар

 

Агар кооперативнинг уставида йирик битимларнинг анча катта миқдори назарда тутилган бўлмаса, бундай битимларни тузиш тўғрисидаги қарор қабул қилинадиган кундан олдинги охирги ҳисобот даври учун бухгалтерия ҳисоботлари маълумотлари асосида аниқланган кооператив мол-мулки қийматининг йигирма беш фоизидан ортиқ қийматга эга бўлган мол-мулкни кооперативнинг олиши, тасарруфидан чиқариши ёки кооператив бевосита ёхуд билвосита мол-мулкни тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган битим ёки ўзаро боғлиқ бир неча битим йирик битим деб ҳисобланади.

Кооперативнинг одатдаги хўжалик фаолияти жараёнида тузиладиган битимлар йирик битимлар деб эътироф этилмайди.

Йирик битим натижасида кооперативнинг тасарруфидан чиқариладиган мол-мулкнинг қиймати унинг бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида, кооператив оладиган мол-мулкнинг қиймати эса – таклиф қилинган баҳо асосида аниқланади.

Йирик битимни тузиш тўғрисидаги қарор кооператив иштирокчилари умумий йиғилиши томонидан қабул қилинади.

Кооператив кузатув кенгаши тузилган тақдирда, қиймати кооператив мол-мулки қийматининг йигирма бешдан то эллик фоизигачани ташкил этадиган мол-мулкни олиш, тасарруфдан чиқариш ёки кооператив бевосита ёхуд билвосита тасарруфидан чиқариши эҳтимоли билан боғлиқ бўлган йирик битимларни тузиш тўғрисидаги қарорларни қабул қилиш кооперативнинг уставига биноан кузатув кенгашнинг ваколатига киритилиши мумкин. Бунда кузатув кенгашининг айби билан йирик битим тузилиши натижасида етказилган зарар учун кузатув кенгаши умумий йиғилиш олдида жавобгар бўлади.

Ушбу моддада назарда тутилган талаблар бузилган ҳолда тузилган йирик битим кооперативнинг ёки унинг иштирокчисининг даъвосига биноан суд томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин.

 

36-модда. Кооперативда ҳужжатлар ва ҳисоботларни юритиш. Кооператив томонидан ҳужжатларни тақдим этиш

 

Кооператив бухгалтерия ҳисоботини ҳамда кооператив аъзолари умумий йиғилиши, бошқаруви ва кузатув кенгаши мажлислари баённомаларини, аъзолар ва уюшган аъзоларнинг реестрини, аъзолик дафтарчаларини тўғри юритиши лозим. Кооперативнинг аъзоси ёки уюшган аъзоси кузатув кенгаши томонидан белгиланган тартибда, кооператив ҳужжатлари ва бухгалтерия ҳисоботлари билан танишишга ҳақлидир.

Кооперативнинг ҳисоботи ва бухгалтерия баланси ички аудит томонидан текширилгандан кейин умумий йиғилишда тасдиқланиши ҳамда давлат солиқ ва статистика органларига тақдим этилиши лозим.

Кооператив қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳисобот ва бухгалтерия балансидаги ахборотларнинг тўғрилигига ҳамда давлат органлари, аъзоларга тақдим этилган ва расмий босма нашрларда чоп этилган маълумотларнинг ҳаққонийлиги бўйича жавобгардир.

Кооператив қонун ҳужжатларига мувофиқ солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлайди.

Кооператив ўз фаолияти тўғрисидаги ҳисоботларни тегишли давлат органларига белгиланган тартибда ва муддатларда тақдим этади.

 

37-модда. Кооперативда меҳнат

 

Кооператив ўз фаолиятини амалга ошириш учун ишчиларни ёллашга ҳақли.

Кооперативда меҳнат муносабатлари меҳнат тўғрисидаги қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади.

 

7-боб. Кооперативнинг фаолияти устидан назорат қилиш

 

38-модда. Кооперативнинг тафтиш комиссияси (тафтишчиси)

 

Кооперативнинг уставида тафтиш комиссиясини тузиш (тафтишчисини сайлаш) назарда тутилиши мумкин. Аъзолар ўн беш нафардан ортиқ бўлган тақдирда, кооперативда тафтиш комиссиясини тузиш (тафтишчисини сайлаш) шарт. Кооперативнинг аъзоси бўлмаган шахс ҳам тафтиш комиссиясининг аъзоси (тафтишчиси) бўлиши мумкин.

Агар уставда назарда тутилган бўлса, тафтиш комиссияси (тафтишчи) вазифасини кооператив билан, кузатув кенгашининг аъзолари билан, менежери ва бошқаруви билан мулкий манфаатлар билан боғлиқ бўлмаган аудиторлик ташкилоти амалга ошириши мумкин.

Кузатув кенгаши аъзолари, менежери ва бошқаруви тафтиш комиссияси аъзолари (тафтишчи) бўлиши мумкин эмас.

Тафтиш комиссияси (тафтишчи) кооператив иштирокчилари умумий йиғилиши томонидан уставда белгиланган муддатга сайланади.

Тафтиш комиссияси аъзоларининг сони уставда белгиланади.

Тафтиш комиссиясининг (тафтишчининг) талабига биноан кузатув кенгашининг аъзолари, бошқарув органи менежери вазифасини амалга оширувчи шахс, шунингдек, кооператив ходимлари оғзаки ёки ёзма шаклда зарур тушунтиришлар беришлари шарт.

Тафтиш комиссияси (тафтишчи) кооперативнинг йиллик ҳисоботларини ва бухгалтерия балансларини улар умумий йиғилишда тасдиқлангунига қадар мажбурий тартибда текширишдан ўтказади.

Тафтиш комиссияси кооперативнинг молиявий фаолиятини ва кооператив бошқаруви томонидан пул маблағлари тўғри сарфланаётганлигини ҳамда бошқа мол-мулкдан тўғри фойдаланилаётганлиги бўйича текширишни бир йиллик ёки кооператив Уставида белгиланган бошқа муддатдаги фаолияти якунлари бўйича амалга оширади.

Кооперативнинг бошқарув органлари фонд тафтиш комиссиясининг талабига биноан комиссияга фонднинг молиявий фаолияти тўғрисидаги ҳужжатларни тақдим этиши шарт.

Кооперативнинг молиявий фаолиятини текшириш натижалари асосида фонд тафтиш комиссияси қуйидагиларни ўз ичига олган хулоса тайёрлайди:

ҳисоботлардаги ва бошқа молиявий ҳужжатлардаги маълумотларнинг ишончли эканлигига берилган баҳо;

бухгалтерия ҳисоби юритилиши ва молиявий ҳисобот тақдим этиш тартиби бузилганлиги ҳоллари тўғрисидаги маълумот;

аниқланган қоидабузарликларни бартараф этиш юзасидан тавсиялар, шунингдек фонд молиявий фаолияти самарадорлигини оширишга оид таклифлар.

Тафтиш комиссиясининг (тафтишчининг) иш тартиби кооператив ҳужжатлари билан белгиланади.

 

39-модда. Кооперативнинг корпоратив маслаҳатчиси

 

Кооперативнинг уставида кооператив кузатув кенгашига ҳисобдор бўлган ва корпоратив қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан назорат қилиш вазифасини бажарувчи корпоратив маслаҳатчи лавозимини жорий этиш назарда тутилиши мумкин.

Корпоратив маслаҳатчининг фаолияти кооператив кузатув кенгаши томонидан тасдиқланган низом асосида амалга оширилади.

 

8-боб. Кооперативни қайта ташкил этиш ва тугатиш

 

40-модда. Кооперативни қайта ташкил этиш

 

Кооперативни қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) унинг муассислари (иштирокчилари) ёки таъсис ҳужжатларига мувофиқ умумий йиғилиш қарори асосида амалга оширилиши мумкин.

Қонунда белгиланган ҳолларда кооперативни бўлиш ёки унинг таркибидан бир ёхуд бир неча юридик шахсни ажратиб чиқариш шаклида уни қайта ташкил этиш умумий йиғилиш қарори билан ёхуд суд қарори билан амалга оширилади.

Кооперативни қайта ташкил этишда унинг уставига тегишли ўзгартиришлар киритилади.

 

41-модда. Кооперативни тугатиш

 

Кооперативни тугатиш унинг ҳуқуқ ва бурчлари ҳуқуқий ворислик тартибида бошқа шахсга ўтмасдан бекор қилинишига олиб келади.

Кооператив қуйидаги ҳолларда тугатилган ҳисобланади:

умумий йиғилиш қарори бўйича, шу жумладан, кооператив ташкил этилганда қўйилган мақсадга эришгандан сўнг унинг фаолият юритиши муддати тугаган бўлса;

уни ташкил этишда қонунни қўпол равишда бузишга йўл қўйилган ҳолларда суд қарори билан, агар қонунни қўпол равишда бузиш бартараф қилиб бўлмайдиган характерга эга ёки тегишли рухсат (лицензия) олмасдан фаолиятни амалга оширган ёки фаолияти қонунда тақиқланган ёхуд фаолиятида ушбу Қонунни ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир неча маротаба қўпол равишда бузган бўлса;

кооператив суд томонидан банкрот деб эълон қилинган ҳолатларда ёки қонунда белгиланган тартибда ўзини банкрот деб эълон қилган ҳолларда;

ушбу Қонун ва бошқа қонунларда назарда тутилган бошқа ҳолатларда.

 

42-модда. Кооперативни тугатиш тартиби

 

Кооператив бошқаруви умумий йиғилиш ёки кооперативни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган топшириғига асосан ижро ҳокимияти органига юридик шахсларни ягона давлат реестрига киритиш учун юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказишни амалга оширувчи вакилга ушбу кооператив тугатиш жараёнида эканлиги тўғрисида ёзма шаклда маълумотнома киритиши лозим.

Умумий йиғилиш ёки кооперативни тугатиш тўғрисида қарор қабул қилувчи орган тугатиш комиссиясини ва Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига ва ушбу Қонунга мувофиқ ушбу кооперативни тугатиш тартиби ва муддатларини белгилайди. Умумий йиғилишнинг расмий сўрови (аризаси) бўйича кооперативни тугатиш тўғрисидаги суд қарорига асосан унинг бошқарувига ушбу кооперативни тугатишни амалга ошириш бўйича мажбурият юклатилиши мумкин.

Тугатиш комиссияси (тугатувчи) белгиланган вақтдан бошлаб унга ушбу кооператив ишларини (фаолиятини) бошқариш бўйича ваколат тўлиғича ўтади. Тугатиш комиссияси (тугатувчи), тугатилаётган кооператив номидан судда даъвогар ёки жавобгар бўлади.

Кооперативни тугатиш ҳақидаги қарор қабул қилингандан сўнг ўзининг мажбурий пай бадалларини тўлиқ киритмаган аъзолар бадалларни умумий йиғилиш томонидан белгиланган муддатда тўлашга мажбур. Тугатиш балансини тузиш жараёнида кўрсатиб ўтилган пай бадаллари тўлиғича тўланган деб ҳисобга олинади.

Агар кооперативнинг мол-мулки кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаган ҳолларда аъзолар уставда белгиланган ҳажмда қўшимча пай бадалларини киритишлари лозим.

Қўшимча пай бадаллари миқдори мажбурий пай бадалларига мутаносиб равишда ёки уставда белгиланган тартибда аниқланади.

Кооперативни тугатиш даврида, мажбурий пай бадаллари миқдорини кўпайтириш ёки субсидиар жавобгарлик чегараси миқдорини оширишга йўл қўйилмайди.

Агар тугатилаётган кооперативдаги пул маблағлари, кредиторларнинг талабларини қондириш учун етарли бўлмаса, тугатиш комиссияси суд қарорини бажариш учун белгиланган тартибда, оммавий савдо орқали кооператив мол-мулкини сотишни амалга оширади.

 

9-боб. Якунловчи қоидалар

 

43-модда. Низоларни ҳал этиш

 

Қишлоқ хўжалиги кооперацияси соҳасидаги низолар қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳал этилади.

 

44-модда. Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

 

Қишлоқ хўжалиги кооперацияси тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.

45-модда. Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш

 

Қуйидагилар ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин:

1) Ўзбекистон Республикасининг 1998 йил 30 апрелда қабул қилинган “Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида”ги 600-I-сонли Қонуни (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1998 йил, № 5-6, 84-модда);

2) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 30 августда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 535-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2003 йил, № 9-10, 149-модда) XX бўлими;

3) Ўзбекистон Республикасининг 2003 йил 12 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 568-II-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 1-2, 18-модда) XIX бўлими;

4) Ўзбекистон Республикасининг 2008 йил 31 декабрда қабул қилинган “Солиқ тўғрисидаги қонун ҳужжатлари такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонунларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги ЎРҚ–197-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2008 йил, № 12, 640-модда) 20-моддаси;

5) Ўзбекистон Республикасининг 2009 йил 25 декабрда қабул қилинган “Қишлоқ ва сув хўжалигида иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштирилганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–240-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2009 йил, № 12, 472-модда) 7-моддаси;

6) Ўзбекистон Республикасининг 2012 йил 29 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–345-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2012 йил, № 12, 336-модда) 8-моддаси;

7) Ўзбекистон Республикасининг 2019 йил 20 мартда қабул қилинган “Мамлакатда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги ЎРҚ–531-сонли Қонунининг (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг Ахборотномаси, 2019 йил, № 3, 165-модда) 6-моддаси.

46-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

 

Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва бошқа манфаатдор вазирликлар ва идоралар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 

47-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

 

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 

48-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

 

Ушбу Қонун расман эълон қилинган кундан эътиборан уч ойдан сўнг кучга киради.

 

 

 

Ўзбекистон Республикаси
                       
Президенти                                                    Ш. Мирзиёев

 
← Рўйхатга қайтиш

Қонун лойиҳасига таклиф беринг!

Илтимос, жавобингизни киритинг

+