Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида

Лойиҳа

ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ ҚОНУНИ

Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида

 1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш, жинси бўйича камситилишининг ва тенгcизлигининг олдини олиш соҳасидаги ижтимоий муносабатларни тартибга солишдан иборат.

2-модда. Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари

Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари ушбу Қонун ва бошқа қонун ҳужжатларидан иборатдир.

Агар Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномасида Ўзбекистон Республикасининг эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисидаги қонун ҳужжатларида назарда тутилганидан бошқача қоидалар белгиланган бўлса, халқаро шартнома қоидалари қўлланилади.

3-модда. Ушбу Қонуннинг амал қилиш соҳаси

Ушбу Қонун жамият ҳаётининг сиёсий, ижтимоий, иқтисодий, меҳнат, маданий ва бошқа соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш билан боғлиқ муносабатларга татбиқ этилади.

4-модда. Асосий тушунчалар

Ушбу Қонунда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

гендер – жамият ҳаётининг барча соҳаларида, шу жумладан сиёсат, иқтисодиёт, ҳуқуқ, мафкура ва маданият, таълим ҳамда илм-фан соҳаларида намоён бўладиган эркаклар ва аёллар ўртасидаги муносабатларнинг ижтимоий жиҳати;

гендер-ҳуқуқий экспертиза – норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар ва жинси бўйича камситилишига йўл қўймаслик принципига мувофиқлигини текшириш;

жинси бўйича бевосита камситиш – жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёлларнинг ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини кучсизлантириш ёки тан олмасликка қаратилган ҳар қандай тарзда фарқлаш, истисно этиш ёки чеклаш, шу жумладан, оилавий ҳолати, ҳомиладорлиги, оилавий мажбуриятлари туфайли камситиш, жинсий тажовуз қилиш, тенг малакали ва тенг аҳамиятли меҳнат учун ҳар хил ҳақ тўлаш;

жинси бўйича билвосита камситиш – бир жинсдаги шахсларни бошқа жинсдаги шахсларга қараганда ноқулайроқ ҳолатга тушириб қўядиган вазият, ҳолат ёки мезонлар, шу жумладан, оммавий ахборот воситалари, таълим, маданият орқали гендер тенгсизликни тарғиб этиш, муайян жинсдаги шахслар учун салбий оқибатлар келтириб чиқарган ёки чиқариши мумкин бўлган шарт-шароитлар яратиш ёхуд талаблар қўйиш;

5-модда. Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашнинг асосий принциплари

Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашнинг асосий принциплари қуйидагилардан иборат:

қонунийлик;

демократизм;

эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлилиги;

жинси бўйича камситишга йўл қўйилмаслиги;

очиқлик ва шаффофлик;

аҳолининг ҳожатманд қатламларига алоҳида эътибор қаратиш;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш учун давлат органларининг жавобгарлиги ва ҳисобдорлиги.

6-модда. Жинси бўйича камситишга йўл қўймаслик

Эркаклар ва аёллар амалга ошириш учун уларга давлат томонидан кафолатланган тенг ҳуқуқлар ва имкониятларга эга.

Қуйидагилар жинси бўйича камситиш ҳисобланмайди:

бола туғиш ва кўкрак сути билан озиқлантиришга оид муносабатларни тартибга солишда ўзига хосликларни белгилаш;

муддатли ҳарбий хизматга фақат эркакларни Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда чақириш;

ушбу Қонун асосида жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида тенгликка эришишга қаратилган махсус чоралар кўриш;

эркаклар ва аёлларнинг репродуктив саломатлигини асраш билан боғлиқ улар меҳнатини ҳимоя қилиш хусусиятлари;

касбий малакага вазифаларни муайян жинсдаги шахслар томонидан бажариш имкониятларига асосланган тавсиялар белгилаш;

қамоқда сақлаш, жазони ижро этиш жойларида сақлаш тартиби ва шартларини ҳамда жиноий-ҳуқуқий таъсир кўрсатадиган бошқа чораларни тартибга солишдаги фарқларни белгилаш;

хотин-қизларнинг жамиятдаги ижтимоий мавқеини мустаҳкамлашга, эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларни таъминлашга қаратилган ижобий чоралар.

7-модда. Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш кафолатлари

Давлат эркаклар ва аёлларга шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларни амалга оширишда тенг ҳуқуқларни кафолатлайди.

Давлат жамият ва давлат ишларини бошқаришда, сайлов жараёнида тенг иштирок этишни, соғлиқни сақлаш, таълим, фан, меҳнат ва ижтимоий ҳимоя соҳаларида, шунингдек давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашни кафолатлайди.

Эркаклар ва аёллар ўртасида амалда тенгликка эришишни тезлаштириш, жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида уларнинг иштирокини кенгайтириш, бевосита ва билвосита камситишни бартараф этиш ҳамда уларнинг олдини олиш мақсадида давлат томонидан махсус чоралар кўрилади.

8-модда. Гендер-ҳуқуқий экспертиза

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фаолиятнинг тегишли йўналишлари бўйича ўтказилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжат эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш принципига мос келмаслиги аниқланган тақдирда, гендер-ҳуқуқий экспертиза хулосаси ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилган органга кўриб чиқиш учун юборилади.

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг гендер-ҳуқуқий экспертизаси қуйидагиларни ўз ичига олади:

норматив-ҳуқуқий ҳужжатнинг ёки лойиҳанинг жинси бўйича бевосита ва билвосита камситиш имкониятини яратадиган эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш принципига номувофиқлигини аниқлаш;

жинси бўйича бевосита ва билвосита камситишга имкон яратадиган лойиҳа қабул қилиш оқибатларини умумий баҳолаш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш жараёнида камситиш хусусиятига эга хавфлар пайдо бўлиши мумкинлигини аниқлаш;

жинси бўйича камситилишига йўл қўйиши мумкин бўлган нормалар аниқланганда уларни бартараф этишга қаратилган тавсиялар ишлаб чиқиш ва чоралар кўриш.

9-модда. Гендер статистикасини шакллантириш

Давлат статистика органлари гендер кўрсаткичлари асосида жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар ҳолатини акс эттирадиган статистика ахборотини йиғади, қайта ишлайди, тўплайди, сақлайди, умумлаштиради, таҳлил қилади ва эълон қилади.

Гендер кўрсаткичларни шакллантириш қуйидагиларга асосланади:

давлат статистика органлари томонидан олиб бориладиган давлат статистик кузатувлар;

давлат бошқаруви органларининг маълумотлари;

давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан мунтазам олиб бориладиган статистик кузатувлар.

2-боб. Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасини тартибга солиш

10-модда. Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари

Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги устувор йўналишларни белгилаш ва чора-тадбирларни амалга ошириш;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат дастурларини, Миллий ҳаракатлар режаларини ва бошқа дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга ошириш;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятлар маданиятини шакллантириш;

давлат бошқарувида эркаклар ва аёлларнинг тенг иштирокини таъминлаш;

меҳнат мажбуриятларини ва оилавий мажбуриятларни бирга бажаришда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш;

оилани ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш, масъулиятли оналик ва оталикни шакллантириш;

жамиятни жинс бўйича камситишни тарғиб қилувчи ахборотдан ҳимоя қилиш;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат дастурлари ва стратегияларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишга фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб қилиш;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер-ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашга доир чора-тадбирларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига молиялаштириш;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларга эришиш мақсадида миллий, минтақавий ва халқаро даражаларда самарали ҳамкорликни ривожлантириш.

11-модда. Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасида давлат бошқаруви

Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги давлат бошқаруви Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ўз ваколатлари доирасида амалга оширилади.

12-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати:

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашнинг асосий йўналишларини амалга оширишда иштирок этади;

қонун ижодкорлиги фаолиятида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш принципини қўллайди;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича қонун ҳужжатлари ижроси устидан парламент назоратини амалга оширади;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ишлар ҳолати ҳақида Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссиясининг йиллик ахборотини эшитади;

оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия тузади.

13-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларга эришишга қаратилган ягона давлат сиёсати амалга оширилишини таъминлайди;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашга доир давлат дастурлари, миллий ҳаракатлар режалари ва стратегияси ишлаб чиқилиши, тасдиқланиши ҳамда амалга оширилишини ва уларни молиялаштириш учун зарур маблағлар ажратилишини таъминлайди;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқади ва қабул қилади;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича давлат ҳокимияти ва бошқаруви, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ўзаро ҳамкорлигини таъминлайди;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган гендер сиёсат амалга оширилишини таъминлаш бўйича махсус чора-тадбирларни амалга оширади.

14-модда. Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссиясининг эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси:

эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлаш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади;

жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёлларнинг амалда тенглигига эришиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширади;

аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёлларнинг эркаклар билан тенг ижтимоий ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш тизимини такомиллаштириш юзасидан чора-тадбирларни кўради;

жинси бўйича камситилиши туфайли ҳаётида мураккаб вазиятга тушиб қолган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга ёрдам кўрсатиш бўйича махсус муассасалар тизимини шакллантиради;

махсус чора-тадбирлар кўриш ва уларни тугатиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритади;

давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари раҳбар лавозимларига номзодлар кўрсатишда жинси бўйича камситилишнинг олдини олиш принципини таъминлашга кўмаклашади;

давлат бошқаруви органларининг жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларга эришишга қаратилган фаолиятини мувофиқлаштиради;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш ҳолати юзасидан мунтазам мониторинг олиб боради ва уни таҳлил қилади ҳамда жинси бўйича камситиш ҳолатларининг олдини олиш ва уларни бартараф этиш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасида таълим, ахборот-маърифий тадбирларни ўтказиш бўйича фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик қилади;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги қонун ҳужжатлари ижроси устидан назорат олиб боради;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ўқитишни ташкил этади;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича мурожаатларни қабул қилади, кўриб чиқади ва таҳлил қилади ҳамда бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан чоралар кўради;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш соҳасидаги ишлар ҳолати ҳақида йиллик ахборот тайёрлайди ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига тақдим этади;

жамият ҳаёти ва фаолиятининг барча соҳаларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича илмий тадқиқотларни ташкил этади ва ўтказади;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар ва бу соҳадаги халқаро стандартларга риоя этиш масалалари юзасидан халқаро ташкилотлар, чет мамлакатларнинг тегишли органлари билан ҳамкорлик қилади.

Ўзбекистон Республикасининг Хотин-қизлар гендер тенглигини ҳимоя қилиш бўйича комиссияси фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан белгиланади.

15-модда. Давлат органларининг эркаклар ва аёллар тенглигини таъминлаш соҳасидаги ваколатлари

Давлат органлари ўз ваколатлари доирасида:

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашга доир давлат сиёсатини амалга ошириш юзасидан чора-тадбирлар кўради;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган давлат дастурларини ва миллий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

статистика маълумотлари ва жинси бўйича камситишга сабаб бўлиши мумкин бўлган ахборотнинг мунтазам йиғилиши ва таҳлил қилинишини таъминлайди;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар принципи бузилиши юзасидан мурожаатларни кўриб чиқади ҳамда уларни тиклаш бўйича чора-тадбирлар кўради;

эркаклар ва аёлларнинг тенглигини таъминлаш масалалари бўйича кадрларни касбга тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга кўмаклашади ҳамда тегишли чоралар кўради;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича фуқаролар маданияти савиясини ва хабардорлигини оширишга кўмаклашади ва тегишли чоралар кўради;

фуқаролик жамияти институтларини гендер тенглик соҳасидаги стратегия ва режаларни амалга оширишга фаол жалб қилиш мақсадида улар билан ҳамкорликни ривожлантиради;

эркаклар ва аёллар касбий ва оилавий мажбуриятларни бирга бажариши учун зарур шарт-шароитлар, шу жумладан ҳам оналарга, ҳам оталарга бола парваришлаш учун таътил бериш орқали шарт-шароитлар яратади;

меҳнат бозорида эркаклар ва аёллар тенглигини илгари суриш, аввал ишламаган аёлларни ўқитиш ва ишга жойлаштириш учун шарт-шароит яратиш учун хусусий сектор билан ҳамкорликни ривожлантиради.

Давлат бошқаруви органларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ваколатли шахс (кейинги ўринларда ваколатли шахс деб аталади) белгиланади. Ваколатли шахс вазифаларини бажариш давлат бошқаруви органи раҳбарининг ўринбосарларидан бирига юкланади.

Давлат бошқаруви органлари эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича хусусий бизнес ва фуқаролик жамияти институтлари вакиллари иштирокида маслаҳат-кенгаш органларини тузиши мумкин.

16-модда. Ваколатли шахснинг давлат органларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича ваколатлари

Ваколатли шахс:

тегишли соҳаларда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар принципига риоя этилишини таъминлайди;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш ҳолатини таҳлил қилади ҳамда махсус чора-тадбирларни қўллаш мақсадга мувофиқлигини ўрганади, уларни қабул қилиш тўғрисида таклифлар киритади;

фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорликда жинси бўйича камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш юзасидан доимий асосда ахборот фаолиятини амалга оширади;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларни таъминлаш соҳасида гендер кўрсаткичларни шакллантиради;

фуқароларнинг эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича мурожаатларини кўриб чиқади, таҳлил қилади ҳамда зарур ҳолларда улар ҳақида ваколатли органларга, шу жумладан ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари ёки судларга хабар беради;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича давлат бошқаруви органлари ходимларининг профессионал даражасини ошириш чораларини кўради;

жинси бўйича камситиш намоён бўлган ҳолатларни бартараф этиш юзасидан тадбирлар ўтказади.

17-модда. Фуқаролик жамияти институтларининг эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги иштироки

Фуқаролик жамияти институтлари:

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича қонун ҳужжатлари ижроси устидан жамоатчилик назоратини олиб боради;

норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини гендер ҳуқуқий экспертизадан ўтказишда иштирок этади;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашга қаратилган тадбирлар ўтказишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларига кўмаклашади;

аёлларни ижтимоий-ҳуқуқий қўллаб-қувватлаш, оналик, оталик ва болаликни ҳимоя қилиш, аёлларнинг эркаклар билан тенг ижтимоий ва ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш тизимини такомиллаштиришга доир чора-тадбирларни амалга оширишда иштирок этади;

эркаклар ва аёлларнинг бандлик соҳасидаги тенг ҳуқуқларини амалга оширишга, шу жумладан касаначиликни ташкил этишга, оилалар учун ижтимоий хизматлар тармоғини яратишга кўмаклашади;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича давлат органлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қарорларини, давлат дастурлари ва миллий ҳаракатлар режаларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади;

давлат органларида ва судда жинси туфайли камситилган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга кўмаклашади ва қўллаб-қувватлайди;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар маданиятини шакллантиришга қаратилган ахборот-маърифий ва таълим тадбирларини амалга оширади;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш масалалари бўйича давлат органлари, оммавий ахборот воситалари, илмий ва таълим муассасалари ҳамда бошқа ташкилотлар билан ижтимоий шериклик асосида ҳамкорлик қилади.

3-боб. Давлат хизмати соҳасида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари

18-модда. Давлат хизматида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари

Давлат хизматида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ва имкониятларни таъминлаш йўли билан давлат бошқарувида турли жинсдаги шахсларнинг иштироки учун шарт-шароитлар яратилиши кафолатланади.

Давлат аёлларга эркаклар билан тенг шароитларда ва жинс бўйича ҳеч бир камситишсиз халқаро даражада ҳукумат вакили сифатида ва халқаро ташкилотлар ишида иштирок этиш имкониятини яратиб бериш учун тегишли чора-тадбирлар кўради.

19-модда. Давлат хизмати соҳасида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш

Давлат хизматига кирганда ва уни ўташ даврида жинси бўйича бевосита ва билвосита камситишга йўл қўйилмайди.

Давлат хизматига тайинлашда ва маҳаллий давлат ҳокимияти органларига сайловларда номзодлар кўрсатишда ҳар бир жинс номзодларининг тенг вакиллигига риоя қилган ҳолда амалга оширилади.

Эркаклар ва аёлларнинг давлат хизматига қабул қилишда тенглиги, уларнинг малака ва касбга тайёргарлигига мувофиқ таъминланади.

Давлат хизматчилари лавозимларини алмаштириш учун кадрлар захирасини шакллантириш, уларни хизмат бўйича кўтариш эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаган ҳолда амалга оширилади.

Хизматчилар лавозимлари тоифаларини ҳисобга олган ҳолда давлат хизматида эркаклар ва аёлларнинг тенг вакиллигига эришиш мақсадида лавозимларни бир жинсдаги хизматчилар учун квоталаш тизимини белгилашни назарда тутувчи вақтинчалик чораларни қўллашга рухсат берилади. Квоталар вақтинчалик чора сифатида жорий этилади, у давлат органларида эркаклар ва аёллар вакиллигининг мутаносиблигига эришилгани сайин бекор қилиниши мумкин.

Давлат органлари раҳбарлари лавозимларига кадрлар захирасини шакллантиришда эркаклар ва аёллар номзодларининг тенглигига амал қилиниши лозим.

Давлат органлари раҳбарлари, тегишли мансабдор шахслар талабгорнинг қобилияти ва касбга тайёрлигига мувофиқ жинсидан қатъи назар шахсларнинг давлат хизматига қабул қилишда тенглигини таъминлаши шарт.

Ушбу моддада белгиланган талабларнинг бузилиши тегишли буйруқ ва танловлар натижаларини белгиланган тартибда ноқонуний деб тан олиш ҳамда бекор қилиниши учун асос бўлади.

20-модда. Давлат хизматидаги лавозимларни эгаллаш учун танловларда эркаклар ва аёлларнинг тенг иштирок этиши

Давлат хизматидаги бўш лавозимларни, шу жумладан раҳбар лавозимларини танловлар ўтказиш орқали эгаллашда танловларда эркаклар ва аёлларнинг тенг шароитда иштирок этиш учун имконият яратилади.

Фақат бир жинсдаги шахслар учун танловлар эълон қилишга йўл қўйилмайди.

Давлат органларининг кадрлар хизматларига танлов комиссияларига нафақат танловда иштирок этаётган шахсларнинг маълумоти ва касбга тайёрлиги тўғрисидаги маълумотларни, балки давлат хизматининг тегишли лавозимларида ишлаётган эркаклар ва аёллар сонининг нисбати тўғрисидаги маълумотларни тақдим этиш мажбурияти юкланади.

Шунга ўхшаш маълумотлар эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлашга доир чора-тадбирлар кўриш учун давлат хизматчиларини аттестациядан ўтказиш, хизмат бўйича кўтариш масалаларини ҳал қилишда давлат органларининг кадрлар хизматлари томонидан тақдим этилади.

4-боб. Сайлов ҳуқуқини амалга оширишда эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар кафолатлари

21-модда. Сайлов ҳуқуқини амалга оширишда эркаклар ва аёллар тенглигини таъминлаш

Эркаклар ва аёллар ҳокимиятнинг вакиллик органларига сайлаш ва сайланишда тенг ҳуқуқларга эга.

Сиёсий партиялар томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари Кенгашлари депутатлигига номзодлар кўрсатишда эркаклар ва аёллар тенг ҳуқуқлилиги таъминланади.

Сайловда сиёсий партиялар томонидан номзодлар рўйхатини шакллантиришда эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятлар яратилади. Номзодлар партиялар рўйхатларида эркаклар ва аёллар сонига мутаносиб равишда кўрсатилиши лозим.

Ушбу талаб бажарилмаган тақдирда, сайлов комиссияси уч кундан кечикмай тегишли сиёсий партияни йўл қўйилган қоидабузарликдан хабардор қилади ва депутатликка номзоларни рўйхатга олиш учун тақдим этилган ҳужжатларни кўриб чиқишни тўхтатади.

Сайлов жараёнида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш устидан назоратни сайлов комиссияси амалга оширади.

22-модда. Сайлов комиссияларини шакллантиришда эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятларини таъминлаш

Марказий сайлов комиссиясининг ва сайлов ҳамда референдумлар ўтказиш бўйича шаҳар, туман, округ ва участка сайлов комиссияларининг таркибини шакллантиришда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар таъминланади.

5-боб. Иқтисодий ва ижтимоий соҳаларда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари

23-модда. Иқтисодий соҳада ва тадбиркорлик фаолиятида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари

Давлат органлари ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъий назар ташкилотлар раҳбарлари жамиятнинг иқтисодий ресурслари, шу жумладан кўчар ва кўчмас мулк, ер, молиявий активлар, кредитлар, ижтимоий жамғармалар, шунингдек тадбиркорлик фаолиятининг эркин танланган туридан эркаклар ва аёллар тенг фойдаланишини таъминлаши шарт.

Давлат аёллар ва эркакларга тадбиркорлик фаолиятини амалга оширишда тенг ҳуқуқ ва имкониятларни яратиб беради.

24-модда. Меҳнат муносабатларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари

Меҳнат муносабатларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш мақсадида иш берувчи қуйидагиларни таъминлайди:

ишга ёллашда эркаклар ва аёллар учун тенг имкониятларни;

бир хил қийматга эга бўлган меҳнат учун эркаклар ва аёлларга тенг иш ҳақини (мукофотни) ҳамда эркаклар ва аёллар ишининг сифатини баҳолашга тенг ёндашувни;

хизматда кўтарилиш, малака ошириш, қайта тайёрлашда тенг имкониятларни;

технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги сабабли ходимларни ишдан бўшатишда қонунда белгиланган устунлик ҳуқуқларини қўллаган ҳолда эркаклар ва аёллар ҳуқуқларининг тенглигини;

фарзандлари бор эркаклар ва аёллар учун қулай бўлган оилани ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича амалиётни жорий этиш ҳамда ривожлантиришни, ҳомиладор ва эмизикли аёллар учун муносиб меҳнат шароитларини яратишни;

эркаклар ва аёлларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳамда саломатлигини сақлашни таъминлайдиган, шу жумладан репродуктив функцияларни сақлаш бўйича хавфсиз меҳнат шароитларини;

меҳнат муносабатларида шахснинг қадр-кимматини поймол қилишни ёхуд уни камситувчи, ҳақоротомуз муҳитни яратишни мақсад қилувчи ёки унга олиб келувчи номақбул мулоқот ёки хулқ-атворга йўл қўйилмаслигини;

эркаклар ва аёллар учун меҳнат фаолиятини, жамият ҳаётида иштирок этишни оилавий мажбуриятлар билан бирга бажариш имкониятини яратишни, шу жумладан меҳнат қилиш имкониятини берадиган болаларга қараш бўйича муассасалар тармоғини яратиш ва кенгайтиришни.

25-модда. Жамоа шартномалари ва келишувларида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари

Меҳнат муносабатларини жамоа-шартномавий тартибга солишда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлайдиган қоидаларни жамоа шартномалари ва келишувларига киритиш, уларнинг касбий ва оилавий мажбуриятларини бирга олиб бориши учун шарт-шароитларни яхшилаш шарт.

Жамоа шартномалари ва келишувларида қуйидагилар назарда тутилиши лозим:

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш мажбуриятларини ташкилотларнинг ва улар таркибий бўлинмаларининг ваколатли шахсига юклаш;

ходимларни ишга қабул қилиш ва хизмат бўйича кўтаришда эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятларни таъминлаш;

эркаклар ва аёллар меҳнатига ҳақ тўлашда нотенглик шароитларини бартараф этиш.

26-модда. Ижтимоий ҳимоя соҳасида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар кафолатлари

Ўзбекистон Республикаси давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, мулкчилик шаклидан қатъи назар корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, бошқа фуқаролик жамияти институтлари ва мансабдор шахслар аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш чораларини амалга оширишда эркаклар ва аёлларнинг ҳуқуқларини тенг даражада ҳисобга олиши шарт.

Ижтимоий суғурта, пенсия таъминоти ва ижтимоий таъминот соҳасида эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқ ва имкониятларни ёмонлаштиришга йўл қўйилмайди.

27-модда. Оилавий муносабатлар соҳасида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари

Оила, оналик, оталик ва болалик давлат томонидан ҳимоя қилинади.

Эркаклар ва аёллар оилавий муносабатлар соҳасида тенг ҳуқуқлар ва имкониятларга эга.

Оилавий муносабатлар соҳасидаги эркаклар ва аёллар ҳуқуқларининг тенглиги қуйидагиларга асосланган:

эркаклар ва аёллар никоҳининг ихтиёрийлиги;

мажбурий ва эрта никоҳларга йўл қўймаслик;

эр-хотинларнинг шахсий ва мулкий ҳуқуқлари тенглиги;

оила ичидаги низоларни ўзаро келишув бўйича ҳал қилиш;

уйдаги меҳнат хусусида эркаклар ва аёллар ҳуқуқлари ва мажбуриятларининг тенглиги;

болаларни тарбиялаш ва боқишда, вояга етмаган ва меҳнатга лаёқатсиз оила аъзоларининг ҳуқуқлари ва манфаатлари ҳимоясини таъминлашда тенг иштирок этиш.

Эркаклар ва аёллар касбий фаолиятни бола тарбиялаш билан бирга олиб бориши мумкинлиги қонун ҳужжатлари билан таъминланади. Эркаклар ва аёллар ижтимоий имтиёзлардан фойдаланишда тенг имкониятга эга.

Ота-оналар гўдак ёшидаги болаларга, қарияларга ёки касал оила аъзоларига қараш бўйича нафақалар олишда тенг имкониятга эга.

Ҳам ота, ҳам она бола туғилиши муносабати билан ҳақ тўланадиган таътил олиш ҳуқуқига эга. Ушбу таътил муддати қонун ҳужжатларида белгиланади. Болага қараш бўйича таътил муддати ота-онанинг ихтириёрига кўра улар ўртасида тақсимланиши ёхуд ота-она таътилдан қисмларга бўлган ҳолда фойдаланиши мумкин.

28-модда. Уйдаги меҳнатни бажаришда тенг муносабатда бўлиш кафолатлари

Уйдаги меҳнат оиланинг эҳтиёжини қондиришга қаратилган меҳнат фаолиятининг шаклидир.

Уйдаги меҳнат жинси бўйича камситиш учун асос бўлиши мумкин эмас, у эркаклар ва аёллар томонидан тенг даражада бажарилади.

 

6-боб. Таълим ва соғлиқни сақлаш соҳасида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари

29-модда. Таълим ва фан соҳасида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари

Давлат таълим олиш ҳуқуқини амалга оширишда эркаклар ва аёлларга тенг имкониятлар яратилишини таъминлайди.

Давлат қуйидагиларни кафолатлайди:

ўрта, ўрта махсус ва олий таълим олишга, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг барча турларига, таълим ва илмий жараённи амалга оширишда иштирок этишга доир тенг имкониятлар ва ҳуқуқлар;

тегишли таълим дастурларига гендер мавзусини жорий этиш орқали фуқароларнинг гендер хабардорлигини оширишга кўмаклашиш;

эркаклар ва аёлларнинг роли тўғрисидаги нотўғри тасаввурлардан холи ўқув адабиётларини тайёрлаш ва чоп этиш;

ахборот-компьютер технологияларидан фойдаланган ҳолда тегишли ўқув дастурлари ва дарсликларнинг эркаклар ва аёлларнинг тенг ҳуқуқлари ҳамда имкониятларини таъминлаш принципига мувофиқлиги юзасидан мунтазам мониторинг олиб бориш;

эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар масалалари бўйича аҳолининг ҳуқуқий маданиятини оширишга қаратилган ахборот-маърифий тадбирларни рағбатлантириш ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш;

эркаклар ва аёлларнинг таълим олишга, қайта тайёрлаш ва малака оширишнинг барча турларига, таълим ва илмий жараённи амалга оширишда иштирок этишга ҳамда маданият ва маданий қадриятлардан ва меросдан фойдаланишга доир тенг имкониятлар ва ҳуқуқлар.

Таълим соҳасидаги махсус ваколатли орган тегишли таълим дастурлари ва режалари эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятларни таъминлаш принципига мувофиқлигини экспертизадан ўтказишни таъминлайди.

Олий таълим муассасаларининг тегишли таълим дастурлари ва малака ошириш курслари эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатларини таъминлаш бўйича мавзуларни ўз ичига олиши керак.

30-модда. Соғлиқни сақлаш соҳасида эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар кафолатлари

Давлат қуйидагиларни кафолатлайди:

соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўз ҳуқуқларини тўлиқ амалга ошириш, шу жумладан малакали тиббий хизматдан фойдаланиш учун эркаклар ва аёлларнинг тенг имкониятларини, қулай тиббий хизматлар ва оилани режалаштиришни ва репродуктив соғлиқни ҳимоя қилиш;

аёлларнинг турли эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда, айниқса ҳомиладорлик, туғиш ва туғишдан кейинги даврда зарур бўлганда аёлга бепул хизматлар кўрсатиб, шунингдек ҳомиладорлик ва эмизиш даврида тегишли озиқ-овқат тақдим этиб, соғлиқни сақлаш соҳасидаги стратегия ва дастурларни амалга ошириш;

тиббий таълим соҳасида репродуктив саломатликни мустаҳкамлаш, жинси бўйича камситишнинг олдини олишга қаратилган ташаббусларни қабул қилиш;

соғлиқни сақлаш соҳасида эркаклар ва аёллар ўртасидаги тафовутни ҳисобга олувчи илмий тадқиқотларни ривожлантиришга кўмаклашиш.

7-боб. Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

31-модда. Жинси бўйича камситиш ҳолатлари устидан шикоят қилиш

Ўзига нисбатан жинси бўйича камситиш содир этилган деб ҳисоблаган шахс қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ваколатли органларга ёки судга мурожаат қилиш ҳуқуқига эга.

Бунда жинси бўйича камситиш содир этилган деб ҳисоблаган шахсдан давлат божи ундирилмайди.

Давлат органлари, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, оммавий ахборот воситалари ва уларнинг мансабдор шахсларининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) юзасидан жинси бўйича камситиш тўғрисида берилган шикоятлар жабрланувчининг хоҳишига кўра қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда давлат ҳисобидан ажратилган адвокат иштирокида кўриб чиқилиши мумкин.

32-модда. Жинси бўйича камситиш натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш

Шахс жинси бўйича камситиш натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплашни талаб қилиш ҳуқуқига эга.

Жинси бўйича камситиш натижасида етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш тартиби қонун ҳужжатларида белгиланади.

33-модда. Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик

Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқлар ҳамда имкониятлар тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавоб берадилар.

 

8-боб. Якунловчи қоидалар

34-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

35-модда. Қонун ҳужжатларини ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

36-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 

 

Ўзбекистон Республикаси

Президенти                                                         Ш. Мирзиёев

← Рўйхатга қайтиш

Қонун лойиҳасига таклиф беринг!

Илтимос, жавобингизни киритинг

+