"Ёшларга кўмак" лойиҳаси доирасида 8 нафар фуқаро иш билан таъминланди

 

Ўзбекистон ХДП Тошкент вилояти ва Олмалиқ шаҳар кенгашлари ҳамкорлигида "Ёшларга кўмак" лойиҳаси доирасида Олмалиқ шаҳридаги "Uztex Group" МЧЖ корхонасида "Ёшлар бандлигини таъминлаш" мавзусида амалий тадбир бўлиб ўтди.

Тадбирга таклиф этилган Олмалиқ шаҳрида яшовчи, ишлаш истагида бўлган 20 нафардан ортиқ ёшлар корхонадаги иш жараёнлари, ходимларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишдилар. Улардан 8 нафарига "Uztex Group" корхонаси фаолияти маъқул келиб, ишлаш истагини билдирганлари учун ишга қабул қилиш бўйича ҳужжатлари расмийлаштирилди.

Тадбирнинг иккинчи қисмида Халқ депутатлари Олмалиқ шаҳар Кенгашидаги ЎзХДП депутатлик гуруҳининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда партиянинг Тошкент вилояти Кенгаши раиси А. Умаралиев сўзга чиқди. Депутатлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Томорқа ер эгаларини қўллаб-қувватлаш ва аҳоли бандлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги қарорининг Олмалиқ шаҳридаги ижросини муҳокама қилдилар.

Лойиҳа доирасида йиғилиш иштирокчилари “Саховат” МФЙда яшовчи Умида Муродованинг оиласидан хабар олдилар. Оиланинг 5 ёшли қизи Мубинахон депутат Фарҳодбек Умаровнинг ҳомийлиги ёрдамида жарроҳлик амалиётини ўтказганди. Ҳозирда у ўзини анча яхши ҳис этмоқда. Хонадон соҳибаси фарзандининг соғлиғи тикланишида ёрдам берган барча инсонларга миннатдорчилик билдирди.

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Жамоатчилик қабулхонаси Мен ЎзХДПни танладим Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Ёшлар парламенти
← Рўйхатга қайтиш