Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган мажлиси тўғрисида

 

2021 йил 27 июль куни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитасининг кенгайтирилган мажлиси бўлиб ўтди.

Унда ЎзХДП Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси аъзолари, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, партия Марказий Кенгаши, вилоят ва туман (шаҳар) кенгашлари масъул ходимлари ОАВ вакиллари иштирок этди.

Мажлисда Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови кампаниясида фаол иштирокини таъминлаш билан боғлиқ долзарб масалалар муҳокама қилинди. Партия Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов партия ташкилотлари олдида турган долзарб вазифалар ҳақида маъруза қилди.

Таъкидландики, Ўзбекистон Халқ демократик партияси мустақил Ўзбекистон тарихидаги барча парламент ва Президентлик сайловида иштирок этган ягона сиёсий партиядир. Шунинг учун партиямиз Президент сайловида фаол қатнашиши бўйича биринчи бўлиб жамоатчиликка маълум қилган эди.

Октябрь ойида бўлиб ўтадиган сайлов аввалги сайловлардан тубдан фарқ қилади. Чунки, бугунги кунда сиёсий партияларнинг ҳокимиятга, ғоя ва мақсадларини амалга оширишга интилиши кескин кучайган. Сиёсий кураш ва рақобат майдонида фаолиятимизни янгича ғоялар ва стратегик мақсадлар билан кучайтиришимиз зарур, деди партия етакчиси.

Мажлисда Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Президнет сайловида иштироки билан боғлиқ асосий тадбирларнинг календарь режаси, партиянинг марказий сайлов штаби, ваколатли вакилни белгилаш тўғрисидаги масалалар кўриб чиқилди.

Янгича сиёсий муҳитда ўтадиган сайловда партиянинг янги сиёсий рекламаси ва мафтункор имижини яратиш билан боғлиқ масала ҳам қизғин муҳокама этилди. Партия Марказий Кенгашида тузилган махсус ишчи гуруҳи бу йўналишда чуқур таҳлилий иш олиб борди, жаҳон мамлакатлари сиёсий партиялари тажрибалари ўрганилди, давлатчилик ва сиёсий мафкуралар тарихи тадқиқ қилинди.

Мажлисда ишчи гуруҳи партиянинг янгича сиёсий брендини яратиш, логотипини янгилаш бўйича амалга оширилган ишлар хусусида маълумот берди. Янги Ўзбекистонда сиёсий жараёнларда катта янгиланишлар, ўзгаришлар рўй бераётгани, Ўзбекистон Халқ демократик партияси рақобат майдонида кучли позицияга эга бўлишга интилмоқда. Мутахассис ва экспертлар, фаоллар ҳамда фахрийлардан партиянинг кўп йиллик рамзларини ўзгартириш бўйича 30 га яқин таклифлар олинди. Ишчи гуруҳ узоқ муҳокамалардан сўнг танлаган таклифлар бўйича фикр-мулоҳазалар ҳам тингланди.

Мажлис иштирокчиларга тақдим этилган партиянинг янги логотип лойиҳаларидан бири параллелограмм шаклида бўлиб, бинафша рангда акс эттирилган, марказида “XDP” деган ёзув оқ фонда ёзилган.

Рамздаги бинафша ранг – меҳр-оқибат, саховатлилик рамзи бўлиб, етакчилар, лидерлар ранги ҳисобланади. Ушбу ранг партия ўз электорати вакиллари манфаатини ҳимоя қилишга, уларнинг орзу-интилишларини рўёбга чиқаришга ва қўллаб-қувватлашга доимо тайёр эканлигига ишорадир.

Мажлисда кун тартибидаги масалалар юзасидан музокараларда сўзга чиққанлар партия олдида муҳим вазифалар тургани, уларнинг ижросини юқори савияда, уюшқоқлик билан бажариш лозимлиги, бу жараёнда партия аъзоларидан қатъият ва фаоллик талаб этилишини таъкидлашди.

Якунда 2021 йил 24 октябрда бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг иштирок этиши мақсадга мувофиқ деб топилди.

Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси 63-моддасига мувофиқ Марказий сайлов комиссиясига Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этиш юзасидан ариза билан мурожаат этиши тўғрисида қарор қабул қилинди. Партиянинг сайловда иштироки бўйича асосий тадбирларнинг календарь режаси тасдиқланди. Шунингдек, мажлисда Халқ демократик партиясининг ваколатли вакили белгиланди.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгашининг IV пленуми Тошкент шаҳрида чақириладиган бўлди.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

Теглар

Сайлов-2021
← Рўйхатга қайтиш