Партиянинг фаол аёллари бирлашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси Тошкент вилояти Кенгашининг “Аёллар қаноти” томонидан "Сайлов жараёнларида хотин-қизларнинг иштироки" мавзусида онлайн семинари ўтказилди. Унда пойтахт вилоятининг 150 га яқин фаол аёллари иштирок этди.

Тадбирда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова сайлов қонунчилигига бағишланган маърузаси билан иштирок этди. Парламент қуйи палтаси депутати “Ўзбекистон Республикасининг Сайлов кодексига ўзгартириш киритиш тўғрисида”ги қонун фуқароларнинг сайлов ҳуқуқларини кафолатлаш, сайловолди жараёнида ҳамда сайловда қонун устуворлигини таъминлаш, аҳолининг кенг қатламига фуқаролик позициясини намоён этиши учун имкониятлар яратилгани ва сайлов қонунчилиги билан боғлиқ бошқа муҳим маълумотлар ҳақида тўхталиб ўтди.

ЎзХДП Марказий Кенгаши “Аёллар қаноти” раҳбари Гулшан Асатова семинар иштирокчиларига сайловда фаол иштирок этиш ва номзодни қўллаб-қувватлашда лидер аёлларнинг ўрни ва роли тўғрисида тушунча берди. Жумладан, партиянинг фаол аёллари, чекка ҳудудларда истиқомат қилаётган аёлларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш бўйича семинарлар, учрашувлар ўтказиш, сайлов жараёнлари ҳақида маълумот бериш, партиядан кўрсатилган номзоднинг сайловолди дастурини ёритиб бориш ва сайловолди тарғибот-ташвиқот ишларини уюшқоқлик билан ўтказиш лозимлиги хусусида тўхталиб ўтиб, маърузасининг якунида: “Тошкент вилояти аёлларининг сайлов жараёнларида фаол иштирок этишларига, уларнинг салоҳиятига ва бу ишга маъсулият билан ёндошишларига ишонаман. Барча аёлларимизни президентликка номзод Мақсуда Ворисовага овоз беришга чақираман”, – деди.

Тадбирда сўзга чиққан Халқ депутатлари Ангрен шаҳар Кенгаши депутати Роҳила Абдуқодирова, Халқ депутатлари Оҳангарон шаҳар Кенгаши депутати Дилфуза Абилова фаол аёллар орқали республикамизнинг барча аёлларини сайловда муносиб иштирок этишга чорлаб, партиямиздан кўрсатилган Мақсуда Ворисованинг номзодини қўллаб-қувватлашга чақирди.

 

ЎзХДП Тошкент вилоят кенгаши

 

 

Теглар

«Фаол аёллар» қаноти Лойиҳаларимиз Сайлов-2021
← Рўйхатга қайтиш