Мақсуда Ворисова жиззахлик сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви Жиззах вилоятида бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ташкил этилган учрашувда вилоятдаги туман ва шаҳарлар сайловчилари, талаба-ёшлар, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, маҳаллий кенгашлар депутатлари, партия фаоллари иштирок этишди.

Учрашувни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси Улуғбек Иноятов олиб борди. Сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ҳақида батафсил маълумот берилди.

Сайловчилар ҳузурида чиқиш қилган Президентликка номзод Мақсуда Ворисова сайловолди дастуридаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш мақсадида, аҳолининг барча қатламларининг давлат ва жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш, пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш масалалари устувор мақсадлар сифатида белгилаб олинганини таъкидлади.

Бундан ташқари, Мақсуда Ворисова оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш Сайловолди дастурдаги асосий йўналишлардан экани хусусида тўхталиб ўтди.

Номзод ўз маърузасида Жиззах вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг истиқболдаги имкониятлари ҳақида тўхталди. Хусусан, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни доимий иш билан таъминлаш, ногиронлиги бўлган ва имконияти чекланган шахслар учун барқарор иш ўринлари яратиш, инфратузилмани яхшилаш, ичимлик суви, электр, табиий газ таъминоти билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш зарурлигига эътибор қаратди.

Очиқ, самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган саволлар билан Президентликка номзодга мурожаат қилдилар, вилоятни янада ривожлантиришга борасида таклифларини билдирдилар.

Учрашувда сўзга чиққан фаоллар Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашларини, жиззахликларни сайловда ушбу номзодга овоз беришга даъват қилдилар.

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши

Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Сайлов-2021
← Рўйхатга қайтиш