Мақсуда Ворисова: “Аҳолининг барча қатламларига юқори сифатли ва тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатишни ташкил этиш лозим”

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисова қашқадарёлик сайловчилар билан учрашувда сайловолди дасутури ҳақида гапирар экан, аҳолига кўрсатиладиган тиббий хизмат сифатини ошириш тўғрисида ҳам тўхталиб ўтди.

– Пандемия замонавий соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликларни очиб берди. Биз соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўрамиз. Фуқароларимизнинг саломатлиги биз учун асосий устувор масаладир. Мамлакатнинг барча ҳудудларида тиббий хизмат кўрсатишда бир хил шароит ва кафолатлар берилиши шарт, деб ҳисоблайман.

Бугунги кунда Қашқадарё вилоятининг туман ва шаҳарларида 92 оилавий поликлиника, 110 та қишлоқ врачлик пунктлари аҳолига бирламчи тиббий ёрдам кўрсатмоқда. Оилавий поликлиникаларда 1 минг 428 нафар врачлар хизмат қилмоқда. Вилоятда оилавий поликлиникаларда шифокорларга бўлган эҳтиёж 273 нафарни, ҚВПларда эса 139 нафарни ташкил этади. Бу нима дегани? 

Демак мана шу поликлиника ва ҚВПларда аҳолимизга тўлақонли тиббий ёрдам кўрсатишнинг имкони йўқ. Чунки врач йўқ. Биз қачонки, врачларни тўлиқ ўз ўрнига қўйсакгина у ердан биз сифатли, самарали ва малакали тиббий ёрдам оламиз. Демак мана шу жойларда врачлар учун зарур шароитлар яратилиши керак. Нима учун Қашқадарёнинг боласи бориб олий таълимда етук врач бўлиб етишадию жойига қайтиб келмайди. Мана шу жойда шароит йўқлигидан қайтиб келмайди. 

Барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган, давлат томонидан кафолатланган тиббий хизматлар рўйхатини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш, соҳада малакали кадрлар, янги ускуналар, ташхис ва даволаш усуллари билан таъминлаш бўйича ҳал қилувчи чоралар зарур.  

Соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштиришда “аҳоли жон бошига” ва “даволанган ҳолат учун” тамойилларини жорий этиш керак. Соғлиқни сақлашни молиялаштиришнинг манзилли ва самарали усулларини татбиқ этиш, кадрларни тайёрлаш ва тиббий хизмат кўрсатиш сифатини ошириш, муносиб иш ҳақи билан таъминлаш чораларини кўриш асосий вазифам деб ўйлайман. Олис ва чекка ҳудудларда шифокорларга бўлган эҳтиёжни қоплаш учун “Қишлоқ шифокори” дастури амалга оширилади. Мактабгача таълим, мактаблар ва ўрта махсус таълим ташкилотларида “Соғлом ҳаёт” дастури бўйича факультатив курслар ташкил қилиш зарур. 

Мавжуд муаммони бартараф этиш мақсадида дастурда кейинги 5 йилликда туғруқхоналардаги шифо ўринларини кенгайтириш, уларни замонавий тиббий жихозлар ва воситалар билан таъминлаш бўйича аниқ режа ишлаб чиқилади.

Тиббий ходимларнинг шаъни, соғлиғи, қадр қимматини оёқ ости қилувчилар, хизмат вазифасини бажаришга қаршилик кўрсатувчиларга нисбатан қонунчиликда тегишли жавобгарлик белгилаш мақсадида жиноий жавобгарлик тўғрисида қонун қабул қилинади.

 

Ўлмас Баротов,  

Жамшид Норқобилов (сурат), ЎзА

 
 
 

Теглар

Сайлов-2021
← Рўйхатга қайтиш