Мақсуда Ворисова Навоий вилояти сайловчилари билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Навоий вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Вилоят марказидаги “Фарҳод” маданият саройида бўлиб ўтаётган тадбирни Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Улуғбек Вафоев очди.

Номзоднинг Навоий вилояти бўйича ишончли вакили Мақсуд Нуруллаев тадбир иштирокчиларини ЎзХДПдан Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди.

Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисова сайловолди дастури юзасидан маъруза қилди. Асосий мақсад сифатида мамлакатда ижтимоий тенглик ва халқ демократияси мезонларига мос келадиган давлат ва жамият барпо этиш белгилаб олинган дастурдан давлат бошқаруви, иқтисодиёт, қишлоқ хўжалиги, тадбиркорлик, таълим, тиббиёт, маданият, қонун устуворлигини таъминлаш, ташқи сиёсат масалаларига доир устувор йўналишлар ўрин олган.

Номзоднинг дастурида Навоий вилоятини жадал ривожлантириш, халқнинг турмуш фаровонлигини ошириш бўйича ҳам чора-тадбирлар бегиланган. Хусусан, минтақавий имкониятларни ҳисобга олган ҳолда, вилоятнинг иқтисодиётни ривожлантиришнинг яхлит, бош режасини ишлаб чиқиш муҳим ахамиятга эга эканлиги таъкидланди. Маърузада маҳаллий ҳокимликлар даражасида ҳаёт учун муҳим ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлар ҳамда кундалик зарур товарларни ишлаб чиқариш бўйича ўрта муддатли ҳудудий дастурлар шакллантирилиши, маҳсулотларни тўлиқ қайта ишловчи корхоналар тизими яратилиб, пахта, ипак, жун, чарм ва зиғирдан харидоргир маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали қишлоқ туманларига саноат олиб кирилиши лозимлиги хусусида тўхталиб ўтилди.

Маърузда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатлами, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, улар учун имкониятлар кўламини кенгайтириш механизмларини такомиллаштириш, Мурувват ва Меҳрибонлик уйлари фаолиятини янада яхшилаш борасида таклифлар билдирилди.

Тадбир иштирокчилари номзоднинг дастурида мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, барча йўналишдаги ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган энг муҳим масалалар қамраб олинганига амин бўлдилар.

Учрашувда сўзга чиққанлар Ўзбекистон Презедиенти сайловида Мақсуда Ворисова номзодини қўллаб-қувватлашларини таъкидлашди.

Мақсуда Ворисова Навоий вилояти сайловчилари билан учрашувлар доирасида Навоий шаҳар тиббиёт бирлашмаси кўп тармоқли марказий поликлиникасида бўлди ва мазкур тиббиёт муассасининг жиҳозланиши, яратилган шароитлар билан танишиб, шифокорлар, беморлар билан суҳбатлашди.

 

Ўзбекистон Халқ демократик партияси

Ахборот хизмати

 

 

 

Теглар

Лойиҳаларимиз Сайлов-2021
← Рўйхатга қайтиш