Ишончли вакил тўрақўрғонлик сайловчилар билан учрашди

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Наманган вилояти бўйича ишончли вакили Илҳом Атабаевнинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви Тўрақўрғон тумани 9-сонли Болалар мусиқа санъат мактаби залида бўлиб ўтди. Учрашувда Ўзбекистон ХДП вилоят ва туман кенгаши аппарат ходимлари, бошланғич партия ташкилоти раислари, партия фаоллари, тарғиботчилар гуруҳлари аъзолари, маҳаллий кенгаш депутатлари иштирок этди.

Сайловчиларга номзоднинг таржимаи ҳоли ва фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилди. Ишончли вакил шунингдек, номзоднинг сайловолди дастуридаги устувор йўналишларга тўхталиб ўтди. Жумладан, мамлакатда ижтимоий тенгсизликнинг барча кўринишларига барҳам бериш мақсадида, аҳолининг барча қатламларининг давлат ва жамият ҳаёти, суд-ҳуқуқ тизимида тенглик асосида иштирок этишини таъминлаш, пенсия ва ижтимоий нафақа олувчиларнинг ҳаётий эҳтиёжларини тўлақонли қондиришни кафолатлайдиган пенсия ва ижтимоий таъминотнинг мақбул тизимини шакллантириш, ногиронлиги бўлган шахсларнинг қонуний ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, III гуруҳ ногиронлиги бўлган шахсларга нафақа тайинлаш масалалари устувор мақсадлар сифатида белгилаб олинганини таъкидлади. Бундан ташқари, ишончли вакил оғир ижтимоий аҳволдаги оилаларни ижтимоий турар жойлар билан таъминлаш, аҳолининг даромадига қараб табақалаштирилган солиқ тизимини жорий этиш, асосий озиқ-овқатлар нархларини шакллантириш устидан давлат ва жамоатчилик назоратини қатъий ўрнатиш, қишлоқ туманларига саноатни олиб кириш номзоднинг Сайловолди дастурдаги асосий йўналишлардан экани хусусида тўхталиб ўтди.

Очиқ, самимий мулоқот руҳида ўтган учрашувда сайловчилар ўзларини қизиқтирган савол ва таклифлар билан Президентликка номзоднинг ишончли вакилига мурожаат қилдилар.

Учрашувда сўзга чиққан Ўзбекистон Қахрамони Халчахон Мирзаева, Исҳоқхон Ибрат номидаги мактаб-интернати директори, “Меҳнат-шуҳрати” ордени соҳибаси Гулчеҳра Қаюмова, ёшлар фаоли, архитектор Азиза Турдиева иштирокчиларни номзоднинг Сайловолди дастурини қўллаб-қувватлашга ва сайловда ушбу номзодга овоз беришга чақирдилар.

 

 

Теглар

Сайлов-2021
← Рўйхатга қайтиш