Ишончли вакил оқдарёлик сайловчилар билан учрашди

 

Жорий йилнинг 12 октябрь куни Оқдарё туманидаги 14-сон мусиқа ва санъат мактабида Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Мақсуда Ворисованинг Самарқанд вилоятидаги ишончли вакили Бадриддин Насриевнинг сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу тадбирда нуронийлар, туман кенгаши депутатлари, фаоллар ва ёш сайловчилар қатнашишди.

Мамлакатимизда муҳим сиёсий жараён, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига қизғин тайёргарлик кўрилаётгани таъкидланди.

Учрашувни халқ депутатлари Оқдарё туман кенгаши депутати, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Оқдарё туман кенгаши раиси И.Мамарасулов олиб борди ҳамда иштирокчиларни ишончли вакил билан таништирди.

Шундан сўнг ишончли вакил Б.Насриев сўзга чиқиб, номзод Мақсуда Варисованинг таржимаи холи, сайловолди дастури билан таништирди ҳамда сайлов жараёни, партия фаолияти тўғрисидаги маълумотларни бериб ўтди. Ишончли вакил ҳар бир йўналишнинг аҳамияти, эртамиз эгаларининг келажагига таъсири, тиббиёт, таълим, мактабгача таълим тизимида киритилиши кўзда тутилган ўзгаришлар ҳақида батафсил ахборот берди.

— Бугун номзоднинг дастури билан обдон танишиб чиқдим, дастурда ижтимоий тенглик, ижтимоий адолат, аҳолининг барча қатламларига бирдек хизматлар кўрсатиш, барчага ғамхўрлик қилиш давлатнинг бурчи каби ғоялар илгари сурилган, – дейди партия фаоли журналист Ойгул Маматова.

Тадбир якунида ишончли вакил Б.Насриев йиғилганларни номзоднинг сайловолди дастури ҳамда сайлов жараёнлари юзасидан қизиқтирган саволларига атрофлича жавоб берди ва жорий йилнинг 24 октябрь куни ўтказиладиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида муносиб овоз беришга чақирди.

 

Ўзбекистон ХДП Самарқанд вилоят кенгаши

Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Сайлов-2021
← Рўйхатга қайтиш