Бешариқлик сайловчилар билан учрашув

 

Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Президентликка номзод Мақсуда Ворисованинг Фарғона вилояти бўйича ишончли вакили Зокиржон Зоҳидов Бешариқ тумани сайловчилари билан учрашди.

Тадбирда ишончли вакил номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирар экан, Мақсуда Ворисова Халқ демократик партиясининг электорати бўлган эҳтиёжманд фуқароларни сифатли тиббий хизмат билан таъминлаш бўйича бирламчи бўғинда узоқ йиллар фидойилик кўрсатганлиги, унинг таклифлари ва шахсий ташаббуси асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасида аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш борасидаги ислоҳотларни ҳаётга тадбиқ этиш бўйича парламент комиссияси ташкил этилганини, комиссия самарали фаолият олиб боришга масъул этиб белгиланганини айтиб ўтди.

Мақсуда Ворисованинг асли касби шифокор. Шунинг учун ҳам, сайловолди дастурида бешинчи йўналиш сифатида қайд этилган масалаларга алоҳида ва атрофлича эътибор қаратилгани ҳам таъкидланди.

– Хусусан, унинг қатъий фикрича, пандемия замонавий соғлиқни сақлаш тизимидаги камчиликларни очиб берди. Шу боис соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга халақит бераётган тўсиқларни бартараф этиш чораларини кўриш зарур. Мамлакатнинг барча ҳудудларида тиббий хизмат кўрсатишда бир хил шароит ва кафолатлар берилиши шарт, – деди Зокиржон Зоҳидов.

Учрашувда сўзга чиққанлар эътироф этганидек, номзоднинг сайловолди дастурида мамлакатни ҳар томонлама тараққий эттириш, барча йўналишдаги ислоҳотларнинг ижтимоий самарадорлигини ошириш, аҳоли турмуш даражасини юксалтириш, демократик ўзгаришларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантиришга қаратилган энг муҳим масалалар қамраб олинган.

Номзоднинг ишончли вакили “Мақсуда Ворисованинг сайловолди дастурида илгари сурилган мақсад ва вазифалар ҳозирги кунда жуда долзарб ҳисобланиб, уларни хаётга татбиқ қилиш орқали Ватанимиз равнақи ва тараққиётига муносиб ҳиссамизни қўшган бўламиз”, – деб барча сайловчиларни ЎзХДП номзоди учун овоз беришга чақирди.

 

ЎзХДП Фарғона вилоят кенгаши

Ахборот хизмати

 

 

Теглар

Сайлов-2021
← Рўйхатга қайтиш