Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши ўртасида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти” фаолиятига кўмаклашиш
тўғрисидаги ҳамкорлик
БИТИМИ
2020 йил ____ июнь Тошкент шаҳри
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси (бундан буён матнда Қонунчилик палатаси деб юритилади) ва Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши (бундан буён матнда Ёшлар иттифоқи деб юритилади), бундан буён матнда Тарафлар деб аталувчилар:
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 2 мартдаги
ПФ–5953-сонли Фармони билан тасдиқланган Давлат дастурининг 21-банди ижросини таъминлаш ҳамда ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқий онги ва саводхонлигини ошириш, жамиятда ёшларни сиёсий фаол қатламга айлантириш ҳамда уларнинг сиёсий-ҳуқуқий билим ва кўникмаларини амалда бойитиш, қонунчилик ва қонун ижодкорлиги жараёнига ёшларни жалб қилиш ва қабул қилинаётган қонунларни ёшлар орасида кенг тарғиб қилиш орқали уларнинг парламент ҳаётига дахлдорлигини ошириш мақсадида:
- Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ҳузуридаги “Ёшлар парламенти”нинг (бундан буён матнда “Ёшлар парламенти” деб юритилади) Республика комиссияси таркиби 1-иловага, “Ёшлар парламенти”нинг Низоми 2-иловага, Регламенти 3-иловага, Ташкилий тузилмаси 4-иловага мувофиқ тасдиқлансин.
- Ўзбекистон ёшлар иттифоқига “Ёшлар парламенти” Республика комиссияси билан биргаликда мазкур битим асосида 10 кун муддатда комиссиянинг биринчи ташкилий йиғилишини ўтказсин.
“Ёшлар парламенти” фаолиятига кўмаклашиш бўйича ҳамкорлик қилиш борасида қуйидагилар тўғрисида келишиб олдилар:
1-модда
Ҳамкорлик қуйидаги асосий йўналишлар бўйича амалга оширилади:
“Ёшлар парламенти” фаолиятини ташкил этиш ва унинг фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш;
“Ёшлар парламенти”га ташаббускор, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлган барча тоифадаги ёшларнинг бирлашишини таъминлаш;
ёшларнинг ҳуқуқий онги ва маданиятини, сиёсий билимларини оширишга кўмаклашиш;
ёшларни Қонунчилик палатаси, депутатлар фаолияти билан яқиндан таништириш;
қонун лойиҳалари муҳокамаларида ёшларнинг иштирокини таъминлаш;
ёшларнинг Қонунчилик палата қўмиталари вакиллари билан мулоқотларини ташкил этиш.
2-модда
Ушбу Битимни амалга ошириш доирасида Қонунчилик палатаси:
“Ёшлар парламенти”ни ташкил этиш бўйича тегишли тадбирларни амалга оширади;
ёшларнинг вакиллари Қонунчилик палатаси, қонунчилик муҳокамаси бўйича мажлисларда, фракциялар йиғилишларида иштирок этиши учун шарт-шароитлар яратади;
ёшларнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси фаолияти билан яқиндан танишиши чораларини кўради;
ёшларга оид қонун лойиҳалари муҳокамаларида ёшлар вакилларининг иштирокини таъминлайди.
3-модда
Ушбу Битимни амалга ошириш доирасида Ёшлар иттифоқи:
“Ёшлар парламенти” ва унинг аъзолари фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратади;
Мамлакатимизда қабул қилинаётган қонунларнинг, айниқса ёшларга оид қонунларнинг мазмун-моҳиятини фуқароларга ва ёшларга етказишда кўмаклашади;
“Ёшлар парламенти”га ташаббускор, юксак маънавиятли, мустақил фикрловчи, кенг дунёқараш ва чуқур билимга эга бўлган барча тоифадаги (муомалага лойоқатли бўлмаган ёшлар бундан мустасно) ёшларнинг бирлашишини таъминлайди;
“Ёшлар парламенти”га аъзо бўлиш истагини билдирган ёшлар ўртасида сайловларни ташкил қилади;
“Ёшлар парламенти” аъзоларининг умумий йиғилишларини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашади;
“Ёшлар парламенти” ва унинг аъзолари томонидан ўтказиладиган тадбирларни (конференция, семинар, очиқ мулоқот, учрашув, давра суҳбатлари) ташкил этиш ва ўтказишга амалий ҳамда услубий ёрдам кўрсатади;
“Ёшлар парламенти” аъзоларининг самарали фаолият олиб бориши учун Ёшлар иттифоқининг ҳудудий кенгашлари биноларидан жой ажратади.
4-модда
Тарафлар ушбу Битим доирасида ҳамкорлик қилиш учун тегишли чора-тадбирларни амалга оширади ва масъул шахсларни тайинлайди.
5-модда
Заруратга қараб, ушбу Битимга Тарафларнинг келишувига асосан ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши мумкин.
6-модда
Ушбу Битим номуайян муддатга тузилди ва имзоланган кундан эътиборан кучга киради.
Битимни бекор қилиш Тарафлардан бири бошқа тарафни уч (3) ойдан кам бўлмаган давр ичида ёзма шаклда огоҳлантиргандан кейин амалга оширилади.
Ушбу Битим икки нусхада ўзбек тилида тузилди. Унинг ҳар бир нусхаси бир хил юридик кучга эга бўлиб, бир нусхаси Қонунчилик палатасида, иккинчи нусхаси эса Ёшлар иттифоқида сақланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери
2020 йил _____ ____________ _________-сон |
Н.Исмоилов |
|
|
Ўзбекистон Республикаси Президенти маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Марказий Кенгаши раиси
2020 йил _____ ____________ _________-сон
|
А.Саъдуллаев |