ЯРАШУВ ИНСТИТУТИ
ЯРАШУВ ИНСТИТУТИ

халқимизга хос кечиримлилик ва инсонпарварликнинг ёрқин намунаси

Дунёда қанча давлат, миллат бўлса, уларнинг бир-бирига ўхшамайдиган ўзига хос жиҳатлари кўп. Ўзбек халқи ҳақида гап кетса, бир-бирининг қувончига шерик бўлиш, мусибатидан қайғуриши, адашиб, хато қилганларни тўғри йўлга солиши, кечиримлилик каби олижаноб фазилатлари эътироф этилади. Суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш ҳамда демократлаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар, айниқса, жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши ва ярашув институтининг жорий этилиши халқимизнинг инсонпарварлик ва кечиримлилик хусусиятини тўла намоён қилди.

Бугун суд тизимида кенг қўлланилаётган ярашув янги ҳуқуқий усул бўлса-да, у миллий қадрият сифатида асрлар давомида такомил топиб келган. Бугунги кунда ярашув институтидан самарали фойдаланилмоқда.

2001 йилда қабул қилинган «Жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят, Жиноят-процессуал кодекслари ҳамда Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартишлар ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун муҳим аҳамиятга эга. Мазкур қонун мамлакатимизда ҳуқуқий демократик жамият қуриш йўлидаги ислоҳотларни чуқурлаштиришда муҳим қадам бўлди. Бунинг натижасида минглаб фуқаролар «қамалган», деган тамғадан асраб қолинди, минглаб оилалар ўртасида душманлик кайфияти пайдо бўлишига тўсиқ қўйилди ва фуқаролар манфаати ишончли ҳамда самарали ҳимоя қилиниши таъминланди.

Мустабид тузум даврида эса айтайлик, автоулов ҳайдовчиси йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, йўловчига тан жароҳати етказса, гарчи у пушаймон бўлиб, жабрланувчига етарлича ёрдам кўрсатган тақдирда ҳам жиноий жавобгарликка тортиларди. Бундан унинг оиласи ҳам азият чекар ва фарзандлари тарбиясига салбий таъсир кўрсатарди.

Ярашув институтининг жорий этилиши билан бундай нохуш вазиятга барҳам берилди. Қадриятларимиз ва халқимизнинг тарихий анъаналарига мос тушадиган бу институт ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноят содир этган ва қилмишидан чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, жабрланувчи билан ярашган ҳамда етказилган зиённи қоплаган фуқаролар жиноий жазодан озод этиладиган бўлди. Жуда кўп фуқароларимиз жиноий жазоларнинг либераллаштирилиши нечоғли инсонпарвар эканини ўз ҳаётларида англаб етдилар. Энг асосийси, судланувчи ярашув орқали «судланган», деган тамғадан халос бўлади. Шунингдек, дастлабки тергов ишларини олиб бориш ва ишни судда кўриб чиқиш учун сарфланадиган муддатлар анча қисқаради.

Ярашув институтининг афзаллиги шундаки, биринчидан, жабрланувчига етказилган зарар тез ва тўлиқ қопланиши таъминланади. Яъни, унинг манфаатлари устувор саналади. Иккинчидан, жиноят содир этган шахс жиноий жавобгарликдан озод этилгани учун судланмаган ҳисобланади. Учинчидан, айбдорни кечириш орқали жазоланмасдан тарбияланади.

Ярашув жамиятда судланганлик ҳолатини камайтирибгина қолмай, унинг узоқ давом этадиган, ҳатто авлодлар тақдирига ҳам таъсир ўтказадиган оқибатларини бартараф қилиш имконини берди. Қолаверса, айбга иқрор бўлишни рағбатлантираётган бу самарали ҳуқуқий институт ортиқча суд-тергов ҳаракатларига барҳам берди. Жараённи тезлаштириш ва соддалаштиришга йўл очди. Фуқароларнинг вақтини тежади.

Шу ўринда айрим мисолларни келтириб ўтсак.

Пойтахтимизнинг Яшнобод туманида яшовчи Аҳрор Умаралиев ҳеч бир сабабсиз А.Комилжоновни уриб, унга тан жароҳати етказган. Суд тиббий экспертизасининг хулосасига кўра, у енгил тан жароҳати олган. Суд мажлисида жабрланувчи А.Комилжонов гумонланувчи А.Умаралиев билан ярашганлиги ҳақидаги ариза билан мурожаат этиб, гумонланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлиги, ярашув ихтиёрий равишда бўлганлигини кўрсатиб ўтди. Суд жабрланувчининг ярашганлиги ҳақидаги аризасини қаноатлантириб, А.Умаралиега оид жиноят ишини тарафлар ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатди.

Раҳимжон Мўминов ярашув институти нечоғли инсонпарвар эканлигини ўз ҳаёти мисолида кўрди. Сабаби, у «Паркент» бозорида фуқаро К.Олимжоновнинг ишончига кириб, 6000 АҚШ доллари эвазига 14 дона эшик ясаб беришини ваъда қилган. Бироқ у ваъдасида турмай пулни эҳтиёжи учун ишлатиб юборган. Дастлабки тергов органи томонидан у айбланувчи сифатида жиноят ишига жалб қилинган. Суд мажлисида жабрланувчи К.Олимжонов судланувчи унга нисбатан етказилган моддий зарарни тўлиқ қоплаб берганлигини ва у билан ярашганлиги ҳақида ариза билан мурожаат этди. Судланувчига нисбатан ҳеч қандай даъвоси йўқлигини, ярашув ихтиёрий равишда бўлганлигини кўрсатиб ўтган. Суд ажримига кўра, жиноят иши тарафлар ярашганлиги муносабати билан ҳаракатдан тугатилди.

Яна бир мисол. Яшнобод туманида яшовчи Р. Маншурматов «Спарк» русумли автомашинасида пиёда Ф.Тошевани уриб юбориб, тан жароҳати етказган. Дастлабки терговда гумонланувчи Р.Маншурматов ва Ф.Тошева ариза билан мурожаат қилиб, жиноят ишини ярашганликлари муносабати билан тугатишни сўраган.

Суд жабрланувчи ва гумонланувчининг аризаларини жиноят иши билан ўрганиб чиқди. Тарафлар ярашганликлари муносабати билан Р.Маншурматовга оид жиноят ишини унинг айблилик ҳақидаги масалани ҳал қилмасдан ҳаракатдан тугатди.

Қисқаси, ярашув институтининг амалда кенг қўлланилиши ўзининг ижобий натижаларини бераётир. Бу институт инсонпарварлик тамойилининг тобора кенгроқ қўлланилиши нуқтаи назаридан жиноят қонунида одиллик тамойилининг ўзига хос кўриниши сифатида намоён бўлмоқда.

Хулоса шуки, мустақиллик йилларида ярашув ҳуқуқий институт сифатида қонун даражасига кўтарилди. Судлар томонидан ҳозирда ярашув институтининг самарали қўлланилаётгани инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари устувор қадрият сифатида эъзозланаётганининг яққол тасдиғидир.

 

Шерзод ЭШМАТОВ,

Жиноят ишлари бўйича Яшнобод туман судининг судьяси.

Теглар

qurultoy
← Рўйхатга қайтиш