Меҳнат қилиб, ҳалол яшаса бўларди. Аммо...

...Суд залида ҳозир бўлганларнинг айримлари панжара ортида ўтирган 20 ёшли йигитларга ачиниш билан қараса, бошқаларининг нигоҳида нафрат кўринади. Тўғриси, уларга бир томондан ачинасан киши. Лекин бир нечта жиноятга қўл ургани учун уларга ғазаб билан қаралади.

Содиқ Ярашов ҳамда Ботир Саидов (исм-фамилиялар ўзгартирилган) 17-20 ёшида жиноятга қўл урган эди. Бироқ улар хулоса чиқармади. Ёшликнинг куч-ғайратидан унумли фойдаланиб, ҳаёт кечириш ўрнига яна жиноятга қўл уришди.

Содиқ ва Ботир ўртоқлари билан Чилонзордаги кафеда ярим тунгача кўнгилхушлик қилишди. Улар кафедан чиқиб, автомашина ҳайдовчисидан Яшнобод тумани Фарғона йўли кўчасида жойлашган уйга элтиб қўйишни сўрашди. Манзилга етишгач, олд ўриндиқда ўтирган Содиқ ҳайдовчига қараб, дўстлари ҳозир уйдан пул олиб чиқишини айтади. Ҳайдовчи кутишга рози бўлади.

— Ака, телефонингиздан уйга қўнғироқ қилсам майлими, — деб сўрайди Содиқ пайт пойлаб.

Ҳайдовчи уяли телефонини узатади. Шу пайтда Содиқ мушти билан ҳайдовчининг кўзига уради. Телефонни олиб кўп қаватли уйлар орасида ғойиб бўлади. Эртаси куни муштумзўрлар учрашиб, уяли телефонни 120.000 сўмга сотишади. Чилонзордаги кафега кириб, ярим тунгача ароқ ичишади. Кўчага чиқиб, яна машина тўхтатишади, — дейишади.

— Қўйлиққа олиб борсангиз.

“Спарк”автомашинаси ҳайдовчиси билан савдолари пишгач, келишилганидек, Содиқ олд ўриндиққа ўтиради. Йўлда ҳайдовчининг телефонидан 3-4 марта фойдаланиб, кимлар билан гаплашгандай бўлди. Манзилга етишгач, дастлаб орқа ўриндиқдагилар тушиб, кўздан узоқлашишади. Содиқ эса ҳайдовчининг телефонини олиб қочиб кетади. Табиийки, ҳайдовчи ўғрининг орқасидан қувади. Бироқ ета олмайди. Эртаси куни улар яна учрашиб, телефонни 520.000 сўмга пуллашади. 5 ноябрь куни эса “Кобальт” русумли автомашина ҳайдовчисининг телефонини олиб қочиб, 300.000 сўмга сотишади. Уларнинг қилмишлари шу билан тугамайди.

Ўша куни Х. Алимов кеч соат 22:00 ларда автомашинасига газ қуйдириб олиш мақсадида рулни шохобчага буради. Шу пайт “Ласетти” русумли автомашинадан Содиқ ва унинг дўстлари маст ҳолатда келиб қолишади, Содиқ бегона одамдан сигарет сўрайди. Йўқ, деган жавобни олгач, Х.Алимовни ҳақорат қилади. Кейин унинг юзига тўсатдан мушт туширади. Х.Алимов йиқилиб тушади Содиқнинг нарироқда турган шериклари ҳам етиб келишади. Улар биргалашиб, уни уриб, тепкилашади...

 Суд судланувчиларга жазо тайинлашда айбига иқрорлигини, қилмишидан пушаймонлигини, оилавий шароити ҳамда ёшлигини инобатга олди. Аммо жиноятга жазо муқаррар.

Улар турли муддатларга озодликдан маҳрум этилди. Энди ёшликнинг энг гуллаган пайти қамоқхоналарда ўтади.

 

Равшан ШОДИЕВ,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

← Рўйхатга қайтиш