ҲАЁТ – УЛКАН ДАРСХОНА
ҲАЁТ – УЛКАН ДАРСХОНА

Ватан билан, юрт билан боғланса, ҳар қандай тушунча қудрат, теранлик, юксалиш касб этади. Бу ҳақиқатга кўп бор амин бўлганман.

Хизмат сафарига чиққанимизда чўл худудида жойлашган хонадонлардан бирига тўхтаб ўтдик.

 — Сув муаммоси яқинда ҳал бўлади. Ҳозирча сув талаб қиладиган экинларни экмай турибмиз. Албатта, ўзбек хонадони атиргулу райҳонсиз ўзига ўхшамайди. Шунинг учун бир жуфт атиргул парваришлаяпмиз. Қўлингизни гул остига юва қолинг меҳмон, ҳарна сув ичгани...

Уй бекаси хиёл майдароқ ғунчалари очилай-очилай деб турган атиргулни менга кўз-кўзлагандай кўрсатди. Ўша мунис гуллар гўё кун бўйи кўнглимга ўз ифорини сочиб, юрган йўлларимни файзиёб этгандек бўлди.

Ҳа, юрт номи билан боғланса, бир жуфт гул ҳам бўстон шодлигини беради. Эҳтимол, ҳамма ҳам Ватан, юрт билан боғлиқ қалбидан кечаётган ҳароратли туйғунинг нима эканини тушунтириб бера олмас, лекин айнан шу ҳиссиёт инсонни жамиятда ҳам, оилада ҳам устун каби ушлаб туради. Унга мақсад, ҳарорат, интилиш беради.

 Ўзбекистон Қаҳрамони, Андижоннинг Олтинкўл туманидаги «Олтинкўл — водий гулшани» фермер хўжалиги раҳбари Сиёсатхон Абдуллаева ҳаётлик пайтида бир суҳбатимизда айтган гапларини доим эслайман:

— Одам битта ўзи учун қаҳрамонликка қадам ташламайди, таваккал қилмайди. Бир йили учқулоқ бўлиб турган ғўзаларим устидан ёмғиру дўл шаррос қуйиб ўтди. Уларнинг бир-икки сонияда шалпайиб ётганини кўриб, иситмам қирққа чиқиб, ўзимни ўнглай олмай қолганман. Кейин менга ишонч билдир¬ган элу юртим, ризқу рўзи шу ер, шу ҳосил билан боғлиқ одамларни ўйладим. Ўрнимдан туриб кетдим. «Одам уддалай олмайдиган иш борми?! Қайта экамиз», — дедим. Беҳаловатлигимиз худога хуш келдими, ҳосил б-и-ир бўлиб берди...

Дарҳақиқат, ортида елкасидан суяйдиган эли, кузатиб турган меҳрли кўзлари бўлмаса, иситма банди-бандидан бўшаштирган аёл ўзини роҳатбахш бир гўшага ташлаган бўлмасмиди? Аёл боши билан этик кийиб, нам ерларга кирармиди?!

«Фидокорона меҳнатлари учун» ордени соҳиби, бокс бўйича Жаҳон ва Осиё чемпиони Ўткирбек Ҳайдаров, Хьюстон шаҳрида ўтказилаётган мусобақада қаттиқ жароҳатланади. Ўшанда у 25 ёшда эди. Соғлиғини ўйлаб олишувни тўхтатса, ўзини эҳтиёт қилса бўларди. Лекин унинг ортида ғалабасини кутаётган Ватани, нон-туз бериб катта қилган эл-юрти бор эди. Шу боис Ўткирбек рингни ташлаб кета олмади, жароҳатланган ҳолида жангни давом эттириб, ғалаба қозонди.

Ватан, ватандошларинг ҳақида суюниб ўйласанг, ўйларинг гавҳар шодасидай тизилиб келаверади. Ўзбекистон халқ артисти, бетакрор овоз соҳибаси Муножатхоним Йўлчиева истиқлол йилларида жаҳоннинг энг нуфузли саҳналарида мумтоз ашулаларимизни маҳорат билан куйлаб, халқимиз руҳияти нақадар бақувват, кўнгли гўзалликка тўла эканини намоён этди. Чет элликларни ҳам шунга ишонтирди, санъатимизни севдирди.

— Саҳнада куйлаётганимда юртимизнинг боғлари, гулзорлари кўз олдимдан ўтади, — дейди Муножатхоним. — Сойларнинг новвот рангли мавжлари, худди қорачиғимда тўхтаб қолгандек бўлади. Шамоллар шивири, отлар дупири қулоғимга эшитилади. Уйимни, яқинларимни эсласам, юрагим хаприқиб кетади...

Нақадар қалбга яқин сўзлар. Демак, вужудимиздаги бор жонли, ҳароратли ҳиссиётлар Ватан билан боғланган. Азалдан шундай яралганмиз. Шунинг учун Ватан билан боғлик ҳар бир сўз, ҳар бир суврат юрагимиздан ўтади.

Халқимиз қалбида оғир жароҳатлар қолдирган Андижон воқеаларидан кейин бир азадор хонадонга ҳамдардлик билдириш ниятида киргандик. Ёш жони завол топган йигитнинг хизмат кийими хонадон тўрига осиб қўйилган, юлдузчалари елкасида ярақлаб турибди. У гўё бир неча дақиқага қаергадир чиққан у ҳозир келиб кийимларини кияди-да, онасининг дуосини олиб, вазифасини адо этишга кетадигандек... Ўғлининг бўйини гулларга тенглаб ўстирган, йигитлар қаторига кирганида Аллоҳга минг шукрлар айтган, куёвлик сарпосини тайёрлаб, катта орзу ҳавас билан тўйга тайёргарлик кўраётганида... Айрилиқдан жигари титилиб, бағри ситилган онага қандай тасалли берамиз? Фотиҳага келиб-кетувчилар учун қўйилган хонтахта атрофида бир сиқим бўлиб ўтирар эканмиз, ҳар биримизнинг қалбимиздан шундай ўйлар кечарди. Шу топда ёмғирлар шодасидан букилиб турган мажнунтол шохларига ўхшардик. Битта шарпа тегса, тўкилиб кетадиган ҳолда эдик гўё ...

Мотам либосидаги аёл (раҳматли йигитнинг онаси) кириб келди. Дуои фотиҳа, тиловатдан сўнг аёл деди:

 — Ватан учун ҳаётини берди. Шуни ўйласам, дардим енгиллашгандай бўлади. Лекин болам бекорга жон бермади... Ҳар бир ота-она ўз боласидан яхшилик кутади. Афсуски, баъзилар ота-онасига иснод келтиради. Турли жиноий ишларга қўл уриб, ота-онани куйдиради.

Мотамсаро аёлнинг сўзларини эшитиб, кўксимизда ербағирлаб ётган ҳиссиётлар тик тургандай бўлди. Онаизорга сўз айтмадик, айтолмадик. Хайрлашаётиб, бир-бир бағримизни бағримизга босдик. Ким-кимдан куч олди...

— Ҳа, Ватан билан боғланса, юрт билан боғланса, таскинлар ҳам кучли бўларкан, — деди қайтишда орамиздаги ёши улуғ олима.

Бир одам тақдир тақозаси билан юртдан кетиб, хорижда истиқомат қилиб қолган экан. Ўзбекистон ўз мустақиллигини эълон қилганда у Ватанга қайтишни истаган, лекин соғлиғи, кексалиги туфайли бунинг иложини топа олмабди. Сўнгра «Юртимиздан бир ҳовуч тупроқ олиб келинглар», — деб Ўзбекистонга бориб-келувчилардан илтимос қилибди. Отахоннинг истаги бажарилибди. Ўша қария ҳар куни чойига бир чимдим тупроқ солиб ичар экан. Бунинг сабабини сўраганларга:

 — Чойимдаги тупроқдан келиб турган ис соғинч, ҳижронда адо бўлган қалбимга мадор бўлади, — дер экан.

Истиқлол шарофати билан хорижда ўқиётган бир йигит хатида: «Онажон, бу ерда ҳамма нарса бор, фақат Ўзбекистон йўқ», — деб ёзади.

Ҳижронзада чол ва талабанинг туйғулари қанчалар бир-бирига яқин, ўхшаш! Демак, «Жонажон Ўзбекистоним, мангу бўл омон!», — деган гап замирида олам-олам маъно-мазмун бор. Шу юрт ҳақида ўйлайдиганлар нафақат атрофимизда, балки хорижда ҳам борлиги қалбда жонбахш туйғуларни уйғотиб юборади. Япониялик таниқли олим, ёзувчи, саёҳатчи Акио Каватонинг журналистларга берган интервьюсини ўқидим. «Ўшa маҳаллар халқ ўзини вақтинча еб-ичишдан, кийиниш, кўнгил очишдан, валютани четга чиқармаслик мақсадида саёҳатдан ҳам чек¬лаган. Бир сўз билан айтганда, миллат Японияни тиклаш, оёққа турғазиш йўлида бирлашди», — дейди у иккинчи жаҳон урушидан сўнгги йилларни хотирлаб.

 Бундай фидокорлик бизга бегонами? Йўқ, асло! Фашизм¬га қарши жангу жадаллар бораётган пайтда момоларимиз қўл қовуштириб ўтирмаган, далага чиқиб меҳнат қилган, ҳатто сандиғидаги мерос зеб-зийнатгача «Аскарлар учун», деб бериб юборган.

Ўзи юпун нимчада қолса ҳам, пахталик камзулини фронтга жўнатган. Бир бурда нонини уруш майдонларидан Ўзбекистонга эвакуация қилинган турли миллат вакиллари билан баҳам кўрган. Қанчалаб етим болаларни ўз оиласи бағрига олган.

Ватан муҳаббати, ватанпарварликнинг замони йўқ, у ҳамиша замонавийдир. Ҳаёт — улкан дарсхона. Ватан эса унинг ҳар кунги ўқитилиши, ўқилиши керак бўлган мавзуси. Шунинг учун Бобурнинг Андижон қовуни орқали акс этган Ватан соғинчини қандай тушунсак, бугун юртдошимиз, мусиқашунос, луғатшунос олима Дилором Кароматнинг ҳинд диёрининг Лакхноу шаҳридан ота-онасига ёзган мактубидаги интизорликни шундай тушунамиз.

Яқинда бир коллежда учрашув ўтказилди. Унда талабалардан бири шундай деб қолди:

— Шоира опа, мен унча яхши ўқимайман. Сиз ватанпарвар бўлиш учун яхши ўқиш, яхши ишлар қилиш керак, дедингиз. Демак, мендан ватанпарвар чиқмайдими?

Бир қараганда оддий, лекин кутилмаган савол. Гап Ватан ва ватанпарварлик ҳақида борар экан, ҳар бир сўз ва жумланинг залвори бўлади.

— Ватан учун буюк ишлар қилиш ҳар кимнинг имконидаги иш эмас. Бунинг учун тарихнинг бурилиш нуқталарида тақдир ўзгача шахсларни яратади. Лекин Ватан учун хизмат қилиш ҳар биримизнинг имконимизда бор. Масалан, ўзимизни ёмонликлардан асраб, ҳалол, тўғри инсон бўлиб етишсак, ўзимиз севган касбкор билан шуғулланиб, рўзғоримизни пешона тери эвазига тебратсак ҳам юрт учун яхши иш қилган, Ватан учун чиройли яшаган ҳисобланамиз, — деб жавоб қайтардим.

Кейинги пайтларда «Ватан» демасдан ҳам юртни севиш мумкин, ҳадеб айтилаверса, оҳори тўкилади, деган мазмундаги гаплар пайдо бўлди. Ватан либос эмас, кийса, оҳори тўкиладиган. У дунё ичидаги дунёмиз. Товушларида виқор, муҳаббат, ҳарорат бор. Нега «Мен нечун севаман Ўзбекистонни» — дея шеър ўқисак, «Ўзбекистон Ватаним маним,» «Ўзбегим» деб куйласак, ўзимизни оддий Мунаввара ё Муниса эмас, буюкликнинг бир қисмидай тасаввур этамиз?! Ўша сўз салобатидан, ўша сўз меҳри, сеҳридан эмасми бу улканлик!

Ватан, деб айтамиз.

Ватан, деб куйлаймиз.

Ватан, деб яшаймиз.

Ва шу туйғулар ичра улғаямиз, юксаламиз.

 

Мунаввара УСМОНОВА,

«Саодат» журнали

 Бош муҳаррири, шоира.

← Рўйхатга қайтиш