Президент Шавкат Мирзиёев раислигида бугун, 8 апрель куни тадбиркорликни ривожлантириш ва жорий йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури ижроси бўйича устувор вазифалар муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.
Танқидий руҳда бошланган бошланган йиғилиш аввалида давлатимиз раҳбари энди тадбиркорликни ривожлантириш бўйича жуда қаттиқ назорат ўрнатилишини, худди ўтган йилдаги каби ушбу соҳа шахсан Президент назоратида бўлишини таъкидлади.
– Ҳамма ҳудуд ва сектор раҳбарлари бир ҳақиқатни тушуниб олишлари шарт: тадбиркорни қўллаб-қувватламасак, ишчи жойи яратмасак натижамиз яхши бўлмайди. Агар ўтган йил тадбиркорликни қўллаб-қувватлашни шахсан ўзим назоратга олмаганимда шундай натижа билан чиқармидик?! Аҳоли даромади ва харид қобилиятини ошириш учун ҳудудий ва ялпи ички маҳсулот барқарор ўсишини таъминлаш зарур. Бу ишларни тадбиркорлар амалга оширади. Тадбиркор билан дўст бўлиб, янгича ишлашга ўтмас эканмиз, натижа ва самара бўлмайди, – деди Шавкат Мирзиёев.
Президентимиз қанча кўп маблағ берилгани, шарт-шароит яратилгани билан вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, сектор раҳбарларининг дунёқараши ўзгармаётгани, яратилган имкониятлардан ҳалигача тўлиқ фойдалана олмаётганини қаттиқ танқид қилди.
Барча ҳудуд раҳбарларига тадбиркорлик бўйича аҳволи қандайлиги, иқтисодий натижалари ҳақидаги таҳлил ва ҳисоб-китоблар етказилиб, тушунтирилгани айтилди. Қайси раҳбар қандай ишлаганини ўзи кўриб, хулоса қилиши кераклиги таъкидланди.
Ўтган йилда кичик бизнес субъектларига жами 120 триллион сўмлик кредит ва молиявий ёрдамлар ажратилган. Натижада пандемиядан зарар кўрган 104 мингдан ортиқ корхона фаолияти тикланиб, хусусий корхоналар пул айланмаси ўтган йилга нисбатан 33 фоизга ўсди. Тадбиркорлик учун ажратилган кредитлар ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 13 фоизга (25,6 триллион сўм берилган) ўсди.
Жорий йил биринчи чорагида 27 мингта янги тадбиркорлик субъекти ташкил этилди.
Президент соҳадаги камчиликларга тўхталиб, бу борада Қашқадарё ва Навоий вилоятларида аҳвол, айниқса, оғир эканини қайд этди.
Таъкидланганидек, салоҳияти юқори бўлган Қашқадарё вилоятида кичик бизнес ишлаб чиқарган саноат маҳсулотлари ҳажми аҳоли жон бошига атиги 1,9 миллион сўмга тўғри келиб, бу – республика кўрсаткичидан 2 баравар паст (3,5 миллион сўм).Қашқадарёда аҳоли жон бошига йиллик хизмат кўрсатиш ҳажми 3 миллион сўмдан ошмаган ёки бошқалардан 2 баравар кам.
Ушбу вилоятда ҳар минг нафар аҳолига тўғри келадиган кичик бизнес субъектлари сони атиги 4 та, уларда ишловчилар сони 16 нафардан иборат (республикада ҳар минг аҳолига 6 та тадбиркорлик субъекти ва уларда ишловчилар сони 30 тани ташкил қилади).
Навоий вилоятидаги 7 мингдан ортиқ тадбиркор муаммолар ечилмаётгани, улар фаолиятига тўсқинликлар бўлаётгани тўғрисида мурожаат қилган. Вилоятдаги жами 10 та кичик саноат зонасининг 72 гектар ёки 66 фоиз ерига бирорта лойиҳа жойлаштирилмаган.
– Бу – ҳудудлар ичида энг салбий кўрсаткич, – деди Президент.
Йиғилишда ўртача битта кичик бизнес субъектидан тушаётган солиқ тушуми Сирдарё, Бухоро ва Сурхондарёда – 40 миллион сўмни ташкил қилиб, республика кўрсаткичидан 1,5 баравар камлиги қайд этилди.
Давлат томонидан берилган ҳар 1 миллиард сўм молиявий кўмак ҳисобига Бухорода – 35 та, Андижонда – 27 та, Сурхондарёда – 23 та иш ўрни яратилган. Навоийда – бор-йўғи 15 та.
Ҳудудий дастурлар доирасида 2 мингта лойиҳага кредит тўлиқ ажратилган бўлса-да, улар ишга тушмаган. Уларнинг асосий қисми Наманган (309 та), Сурхондарё (293 та), Қашқадарё (280 та), Хоразм (268 та)га тўғри келади.
Бу вилоят, туман (шаҳар) раҳбарлари жойларда кичик бизнес вакиллари билан етарли даражада мулоқот қилмаётганидан далолат бериши қайд этилди.
Йиғилишда юқоридаги камчиликларга йўл қўйгани сабабли Қашқадарё вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, солиқ бошқармаси бошлиғи, марказий банк бошқармаси бошлиғи, Навоий вилояти ҳокимининг биринчи ўринбосари, марказий банк бошқармаси бошлиғи ва солиқ бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилди.
Қашқадарё вилояти ҳокими З.Мирзаев, вилоят прокурори, ички ишлар бошқармаси бошлиғига, шунингдек, Навоий вилояти ҳокими Қ.Турсунов ва вилоят прокурорига “ҳайфсан” берилди.
Президент қатъий огоҳлантириш олган раҳбарлар чорак якунигача ўзгариш қилмаса, барчаси ишдан кетишини таъкидлади.