MENING FIKRIMнинг истиқболи қандай?
MENING FIKRIMнинг истиқболи қандай?

 

Мамлакатнинг демократик йўлдан бориши ва ривожланиши учун катта стратегик мақсадлар қўйилди. Аввалига Ҳаракатлар стратегияси, эндиликда 100 та мақсадни ўз ичига олган Тараққиёт стратегияси амалиётга жорий этилди.

Дунёнинг илғор давлатлари қаторига кириш, халқимизнинг ҳурматини жойига қўйиш каби эзгу мақсадлар билан яшамоқдамиз. Давлатнинг ривожланганлик ҳолатини билдирувчи мезонлар аниқ. Уларнинг асосини шунга мос равишда мамлакатда олиб борилаётган сиёсат жамоатчилик назорати, жамоатчилик фикри, халқ олдида ҳисобдорлик, халққа хизмат қилиш, деган энг бирламчи масалалар ташкил қилади. Демак, жамоатчилик фикрини билиш механизмлари, институтлари давлат ва жамият учун ниҳоятда муҳим.

Айрим меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни жамоатчилик муҳокамасига қўйиш-қўймаслик масаласини ташаббускорларнинг ўзи ҳал қилиши, йўл ҳаракати қоидаларининг янги таҳрири очиқ муҳокамаларсиз ишлаб чиқилиши айрим саволларни юзага келтиради. Умуман, жамоатчилик фикри билан боғлиқ масалаларда эҳтиёткорликка ўхшаш вазият кузатилаётгандек.

Лекин алдамчи ҳиссиёт бўлиши мумкин. Чунки 2018 йилда мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг очиқлиги, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётий ва самарали бўлишини таъминлаш мақсадида «Mening fikrim» веб-портали яратилган. Мазкур платформа айнан аҳоли фикрини қонун чиқарувчи органга, мутасаддиларга, қонун ижодкорларига етказиш учун шахсан давлат раҳбари илгари сурган ғоя асосида ташкил этилган ва у жуда ҳам муҳим вазифани бажариши керак эди. Орадан 4 йил вақт ўтибди. Мана шу давр мобайнида қанча масала кўриб чиқилди ва улар асосида қанча қарор қабул қилинди? Умуман, порталга йўлланган мурожаат, унда билдирилган фикр ва таклифлар тақдири нима бўляпти?

Порталда келтирилишича, аҳоли давлат ва жамият аҳамиятига молик муҳим масалалар юзасидан қонунчиликка таклифларини электрон жамоавий мурожаат шаклида юбориши мумкин. Мурожаат эса ушбу тизим модератори, яъни Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан экспертизадан ўтказилгандан сўнг веб-порталда эълон қилинади. Электрон жамоавий мурожаат жамоатчилик томонидан етарли миқдорда қўллаб-қувватланганда у тегишлилиги бўйича Олий Мажлис палаталари ёки халқ депутатлари маҳаллий Кенгаши томонидан кўриб чиқилиши ҳам таъкидланган.

Шу кунга қадар «Mening fikrim»га 5400 дан ортиқ жамоавий мурожаат йўлланган ва 28000 дан кўпроқ изоҳ, фирк, таклиф қолдирилган.

Бу портал фаолиятини ўрганганимизда баъзи саволлар пайдо бўлди. Масалан, оригинал таклифлар бор, лекин улар етарлича овоз тўплай олишмаган. Бунга балки одамларнинг портал ҳақида етарлича ёки умуман хабари йўқлиги сабабдир. Етарлича овоз тўплаган таклифлар ҳали амалга ошмаган, айнан шу нарса одамларда порталга нисбатан ишончсизлик руҳини пайдо қилаётгандир?

Таклифларга овоз берганларнинг жуда катта қисми ўша соҳанинг мутахассислари эмас. Шунинг учун кўриб чиқилган таклиф агар амалга ошмаса ҳам қандайдир тартибда сабаблари ҳақида тушунтириш берилиши мақсадга мувофиқ бўлар. Овоз берганлар, таклифни қўллаганлар у нега қабул қилинмаганлигини билишга ҳақли. Шунда овоз берувчиларда уларнинг фикрлари аҳамиятли экани тўғрисида фикр пайдо бўлади. Бу эса одамларнинг ижтимоий ҳаётда фаоллигини оширади.

Шу кунга қадар «Mening fikrim»га 5418 та жамоавий мурожаат йўлланган ва 28228 та изоҳ қолдирилган. Юборилган мурожаатлар етарли миқдорда овоз тўплаган бўлса-да, унда кўтарилган масала, таклиф, фикр эътиборсиз қолиб кетган ёки инобатга олимаган. Яъни, муносиб жавобга эга бўлолмаган.

Масалан, энг кўп овоз жамғарган таклифлардан бирини қуйида келтирамиз.

25 мингга яқин овоз тўплаган бу таклиф, кўриб турганингиздек, 2019 йил 14 декабрда овозга кўйилган бўлса, қарор лойиҳаси 2020 йил 3 июнида lex.uzга жойланган. Маълумот учун, овоз бериш жараёнига 90 кун, овоз бериш тугаган куннинг эртаси кунидан кечиктирмай ваколатли давлат органига жўнатилиши ва мурожаатни кўриб чиқиш ва у бўйича қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмаслиги лозим. Демак, умумий ҳисобда кўпи билан 151 кунда таклифга жавоб берилиши керак. 25 минг овоз, очиғи, телевизор орқали футбол стадионларида кўрганмиз бунча одамни.

Бундан роппа-роса 1 йил аввал «Mening fikrim» порталида IMEI кодларни рўйхатга олишда тўлов ундиришни бекор қилиш бўйича петиция эълон қилинган эди. Мазкур петиция бор-йўғи 3 соат ичида керакли овоз (10 минг)ни тўплаганди. Бугунга келиб овозлар сони қарийб 25 мингга яқинлашди.

Яна битта мурожаат матнини келтирамиз.

Махсус платформа яратган ҳолда, туман ва шаҳар ҳокимларининг иш фаолиятини шу туманда яшаётган фуқаролар ҳамда тадбиркорлик субъектлари томонидан йил давомида баҳолаб бориш механизмини яратиш керак. Бунда халқнинг розилигини баҳолаб бориш асосий мақсад этиб белгиланади. Бу, ўз навбатида, фуқароларнинг туман ёки шаҳар ҳокими фаолиятидан рози ёки норози эканини кўрсатибгина қолмасдан, туман ҳокими фаолиятидан норози бўлиб ёзилаётган шикоят ва аризалар сонининг ҳам кескин қисқаришига олиб келади. Бундан ташқари, ушбу механизм халқнинг нафратини қозонаётган айрим қўштирноқ ичидаги раҳбарларни ошкор этишда ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, коррупцияга қарши курашишда самарали механизм вазифасини ҳам ўташи, шубҳасиз.

Бунда ҳар бир фуқаро ёки тадбиркорлик субъекти яратилажак платформага id.uz тизимидаги ўз логин, пароли ёки электрон рақамли имзоси орқали кириб, ўзи истиқомат қиладиган туман ёки шаҳарнинг ҳокимига баҳо беради. Баҳонинг қуйисида ўз муносабатини билдиради: бунда паст ёки юқори баҳо қўйиш сабабини тушунтириб ўтади…

 

«Mening fikrim»да маҳаллий Кенгашлар депутатлари иштирокини кучайтириш

Халқ демократик партиясининг яқинда бўлиб ўтган пленумида бу масала устувор вазифалардан бири сифатида кўрилиб, чора-тадбирлар белгиланди. Таъкидландики, «Қонунчилик ҳужжатлари таъсирини баҳолаш тизими» ва «Менинг фикрим» порталлари ишини мониторинг қилиш шуни кўрсатадики, айрим истиснолардан ташқари, мазкур порталларда жамоатчилик муҳокамасига қўйиладиган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни киритишда халқ депутатлари Кенгашларидаги партия гуруҳлари ва маҳаллий партия ташкилотлари деярли иштирок этмайди.

Буни эътиборга олган ҳолда, барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлардан келгусида электорат манфаатларига хизмат қиладиган масалалар юзасидан жамоатчилик муҳокамасига қўйилган меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаси бўйича тизимли мониторингни ўрнатиш назарда тутилди.

Шунингдек, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини манзилли ижтимоий ҳимоя қилиш, уларнинг ҳаётий эҳтиёжларини амалга оширишга таъсир кўрсатадиган ҳужжатлар лойиҳасини кенг муҳокама қилишда фаол иштирок этишга ҳам келишиб олинди.

Айни кунларда етарлича овоз тўплаб, «Кўриб чиқиш жараёнида» турган бир нечта таклифлар бор. Жумладан, жамоат транспортлари ойналарини қорайтириш ёки бўлмаса, «UZAUTO MOTORS» АЖ томонидан ишлаб чиқарилаётган автомошиналарни четдан олиб киришда бож тўловларини бекор қилиш ҳақидаги таклифларнинг тақдири нима бўлиши кўпчиликни қизиқтирмоқда.

«Mening fikrim» қонун ижодкорлигида қарор қабул қилиш жараёнларида жамоатчилик фикрини ўрганиш мақсадида, эзгу ниятда ташкил этилган. Унинг самарали ишлаши кўплаб омилларга боғлиқ. Буни тўғри тушуниш керак. Жамоатчилик қўллаган бир қатор таклифлар қонунчиликда ифодасини топаётганини ҳам кўряпмиз. Фақат шуки, мамлакат ривожи, парламент истиқболи учун жамоатчилик фикри, муносабати жуда муҳим.

 

Зилола Убайдуллаева,

Аҳмаджон Қурбонов,

«Ўзбекистон овози» мухбирлари.

«Ўзбекистон овози», 10.05.2022, №18-19

 

 

 

← Рўйхатга қайтиш