Ўзбекистонда яхши ният билан янги бошланган йилга ном берилади. Авваллари йилга берилган номдан ҳамма билардики, йил давомида маълум даражада бўлса ҳам ўша соҳада янгиликлар қилинарди. Лекин кейинги йилларда номлар ҳам, режалаштирилган ишлар ҳам кенг қамровли бўлмоқда. Яъни, инсон ҳам юксалган сари режаларини кенгроқ ва пухтароқ туза бошлагани сингари давлатчилигимиз юксалган сари режалари ҳам теранлашмоқда.
2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ҳамда Президентнинг Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида белгиланган вазифаларга мувофиқ, аҳолининг ҳаёт даражасини янада юксалтириш, таълим сифатини илғор жаҳон стандартларига мувофиқлаштириш, барқарор иқтисодий ўсишга эришиш ҳамда камбағалликни қисқартириш борасидаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида “Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили”да қуйидаги режаларни амалга ошириш режалаштирилмоқда.
Дастур лойиҳаси (https://2023.strategy.uz/83-2/) жамоатчилик муҳокамаси ва таклифлари учун очиқ.
Давлат хизматлари бўйича
2023 йил 1 июлдан бошлаб, барча давлат органлари ва ташкилотларида “Аҳоли ва тадбиркорларга сервис сифатини ошириш” чора-тадбирлари белгиланиши. Вазирлар 15 кун муддатда ўз тизимида масофадан туриб, шу жумладан, мобиль иловалар орқали кўрсатиладиган хизматларни кўпайтириш, ундириладиган тўловлар миқдорини камайтириш, талаб қилинадиган ортиқча ҳужжатларни бекор қилиш, кўриб чиқиш жараёнлари ва муддатларини кескин қисқартириш, шаффофликни ошириш, аҳоли ва тадбиркорлар билан доимий мулоқот майдончаларини ташкил этиш, ходимларнинг муомала маданиятини юксалтириш, тезкор ва сифатли хизмат кўрсатишга ўқитиш бўйича тадбирлар дастурини тасдиқлаб, аҳоли ва тадбиркорларга эълон қилиш.
Адлия вазирлиги ва Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги бир ой муддатда давлат органлари ва ташкилотларининг аҳоли ва тадбиркорларга кўрсатиладиган сервис хизмати сифатини ошириш борасидаги фаолиятини рейтинг баҳолаш тизимини жорий этиш.
Давлат органлари ва ташкилотлари томонидан анъанавий тарзда кўрсатиладиган қўшимча 200 та давлат хизматларини давлат хизматлари марказлари ҳамда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатишни йўлга қўйиш.
Натижада электрон шаклда кўрсатиладиган давлат хизматлари сони 73 фоизга етказилади. Ҳозирда эса, мавжуд 770 дан ортиқ давлат хизматларидан 262 таси давлат хизматлари маркази, 370 таси (50 фоиз) Ягона интерактив давлат хизматлари порталида кўрсатилади.
Ижтимоий ҳимоя бўйича
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари (ногиронлиги бўлган шахслар, оғир беморлар, кексалар ва бошқалар)га миграция ва фуқароликни расмийлаштириш соҳасидаги давлат хизматларини доимий яшаш ёки вақтинча турган жойига чиқиш орқали кўрсатилган хизмат учун қўшимча тўлов ундирилмаган ҳолда кўрсатишни йўлга қўйиш.
Натижада мазкур шаклдаги давлат хизматлари билан 4 млн.га яқин ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қамраб олиниши таъминланади.
Электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичларини қиёслашдан ўтказиш бўйича давлат хизматларини проактив тарзда (хизмат кўрсатувчи ташкилотнинг ўз ташаббуси билан фуқаро мурожаатини кутмасдан) кўрсатишни йўлга қўйиш.
Натижада йилига ўртача 300 мингта ариза бўйича электр, газ ва сув сарфи ҳисоблагичини қиёслашдан ўтказиш хизматлари проактив тарзда кўрсатилиши таъминланади.
Бюджет маблағлари ҳисобидан жисмоний ва юридик шахсларга субсидия ажратиш билан боғлиқ барча хизматларни Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали кўрсатиш, субсидияларни ажратишнинг мақсадга мувофиқлигини махсус электрон платформа орқали онлайн текшириш тизимини йўлга қўйиш.
Масалан, 2022 йилда нодавлат боғчалар учун электрон тизим орқали субсидия ажратишга ўтиш орқали ҳар ойда 20 млрд. сўм иқтисод қилинган.
Фуқароларнинг пенсия таъминотини яхшилаш ва пенсионерларни қўллаб-қувватлаш мақсадида 2024 йил 1 январдан бошлаб пенсионерга ҳисобланган, лекин ўз вақтида олинмаган пенсияни тўлаш муддати 12 ойдан 24 ойга узайтириш кўзланган.
Натижада 2,4 минг нафардан ортиқ фуқарога 21,7 млрд сўм миқдордаги пенсия тўлаб берилиши имконияти яратилади.
Ногиронликни белгилашга қўшимча енгилликлар
Шу мақсадида 2023 йил 1 мартдан бошлаб ногиронлик идоралараро электрон маълумотлар алмашинуви асосида фуқаролар касаллигининг оғирлиги ва унинг асоратларидан келиб чиқиб уларнинг иштирокисиз белгиланади.
Натижада йиллик 27 минг нафар фуқаро (25 фоиз) тиббий-ижтимоий эксперт комиссиясига бормайди ва уларга ногиронлик сиртдан белгиланади. Ногиронликни белгилашда даволаш муассасаларидан касаллик тарихи кўчирмалари электрон қабул қилинади (Тошкент шаҳрида апробациядан ўтказилган) ҳамда ушбу маълумотлар асосида ногиронлик фуқароларнинг иштирокисиз белгиланади.
2023 йил 1 мартга қадар ногиронликни белгилашнинг ижтимоий моделига босқичма-босқич ўтиш концепцияси лойиҳаси киритилиши, унда:
фуқароларнинг меҳнат қобилиятини йўқотганлик даражасидан келиб чиқиб ногиронликни белгилаш амалиётидан воз кечилиб, унинг ўрнига жаҳон стандартлари асосида ногиронликни белгилашга ҳамда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳаётга ижтимоий мослашуви ва уларнинг соғлиғини қайта тиклашга;
мустақил ҳаракат қилиш имконияти бўлмаган шахсларнинг барча ижтимоий инфратузилма объектларига (жамоат ва ишлаб чиқариш биноларига, соғлиқни сақлаш ва спорт объектларига, маданият ва томоша муассасаларига) монеликсиз кириши учун қулай шароитлар яратилишига;
ногиронлиги бўлган шахсларнинг қулай форматлардаги ахборот технологияларидан фойдаланиши, имо-ишора тилидан ҳамда мулоқотнинг бошқа муқобил шаклларидан фойдаланиш имкониятларини яратишга эътибор қаратиш режаланган.
Ижтимоий моделга ўтиш тавсиялари Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенцияда белгиланган. Концепциянинг қабул қилиниши натижасида ногиронликни белгилашда халқаро классификацияга асосан ахборот технологиялар жорий этилади (касалликлар шифрланади), ногиронлиги бўлган шахслар учун зарурий шароитлар яратилади (пандуслар, кўтарма лифтлар, сурдо таржималар, товушли ва визуал сигнализациялар ва бошқалар) ҳамда уларни реабилитация қилиш бўйича шахсий дастурлар ишлаб чиқилади.
Ташаббусли бюджет
Ушбу амалиётни ҳамда маҳаллаларнинг молиявий мустақиллигини кенгайтириш мақсадида:
2023 йилда жамоатчилик фикри асосида шакллантириладиган лойиҳаларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 8 триллион сўм, шундан “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари учун 4 триллион сўм йўналтириш;
2023 йилда маҳаллалар инфратузилмасини ривожлантириш бўйича лойиҳалар дастурлари доирасида амалга ошириладиган тадбирларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 4 триллион сўм ажратиш кутилмоқда.
Натижада мазкур тадбирларга ажратилаётган маблағлар миқдори қарийб 2 баравар кўпайтирилишига эришилади. Масалан, 2022 йилда ушбу тадбирлар учун 4,3 трлн. сўм маблағ ажратилди.
2024 йил учун ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш дастуридан бошлаб, давлат органлари томонидан таклиф этилган ижтимоий ҳамда муҳандислик инфратузилма объектларини ушбу дастурга “Очиқ бюджет” порталида овоз бериш жараёнида тўпланган овозлар сонига кўра киритиш амалга ошириш амалиёти жорий этиш назарда тутилган.
Натижада ташаббусли бюджет жараёни орқали тақсимланадиган маблағлар миқдори 8 трлн. сўмдан 23 трлн. сўмга (+15 трлн. сўм) етади.
Соғлиқни сақлаш бўйича
Аҳолига бирламчи тиббий хизматларни яқинлаштириш ва уни сифатли тиббий хизматлар билан таъминлаш, касалликларни эрта босқичда аниқлаш, шунингдек, беморларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида:
Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2023 йилда 30 та оилавий поликлиника, 110 та оилавий шифокор пункти ва 520 тагача ихчам маҳалла тиббиёт пунктларини ташкил этиш;
18-40 ёшли 12,6 миллион нафар аҳолини профилактик кўрикдан ўтказиш, 40 ёш ва ундан катта ёшдаги сурункали касаллиги бўлмаган 6,3 миллион нафар аҳолини юрак қон-томир касалликлари ва қандли диабет, 3 миллион нафар аҳолини онкологик касалликларни эрта аниқлаш бўйича скрининг текширувлардан ўтказиш;
спинал мушак атрофияси билан касалланган 112 нафар болаларни дори воситалари билан таъминлаш;
эшитиш заифлиги мавжуд бўлган 250 дан ортиқ болаларда кохлеар имплантация операцияларини ўтказиш, шунингдек, бундай операциялар ўтказилган 132 нафар болаларда нутқ процессорларини алмаштириш чораларини кўриш мўлжалланган.
Натижада мазкур амалий тадбирларга 308,4 млрд. сўм маблағ ажратилади.
Қонун устуворлиги бўйича
Адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш борасида қуйидагиларни назарда тутувчи қонун лойиҳаси белгиланган тартибда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритиш белгиланмоқда:
Жиноятларни тергов қилиш жараёнида “Хабеас корпус” институтини қўллаш амалиётини янада кенгайтириш мақсадида тинтув ўтказиш, телефон сўзлашувини эшитиш ва мулкни хатлашга санкция бериш ваколатини прокурорлардан судларга ўтказиш.
Сўнгги 3 йилда фуқароларга тегишли 4 мингга яқин мулклар терговда хатланган бўлиб, ишни кўриш натижаси бўйича суд томонидан уларнинг атиги 1,3 мингтасига ундирув қаратилган, 2,7 мингта мулк тергов даврида ортиқча хатлангани сабабли, кейинчалик бекор қилинган.
Жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш.
Ҳозирда жиноят ишлари судларга фақат айблов хулосаси билан берилади, натижада судьяларда иш билан танишиш жараёнининг ўзида айбловга мойиллик пайдо бўлади. Жиноят процессида томонлар тенглигини таъминлаш мақсадида ҳимоячи фикрини ҳам судга киритиш белгиланади.
Олий суд, Адлия вазирлиги ва Бош прокуратура мазкур бандда назарда тутилган масалалар бўйича тегишли қонун лойиҳаларини Давлат дастурида белгиланган муддатларда ишлаб чиқиб, киритилишини таъминлаши кутилмоқда.
Таълим сифати бўйича
Соҳани илғор хорижий тажриба асосида ислоҳ қилиш мақсадида:
2023 йил 1 сентябрдан бошлаб ҳар бир туман (шаҳар)нинг биттадан умумий ўрта таълим муассасасида ўқувчиларни иккита хорижий тил ва битта касб-ҳунарга ўргатиш амалиётини босқичма-босқич йўлга қўйиш.
Натижада 76 та мактабда француз тили, 76 тасида немис, 37 тасида инглиз, 10 тасида корейс, 6 тасида хитой ва 3 тасида япон тиллари иккинчи хорижий тил сифатида ўқитилади. Шунингдек, ўқувчилар 10-синфдан бошлаб 64 та ишчи касблар, 21 та соҳада тадбиркорликка, 10 та IT ва “креатив индустрия” йўналишидаги касбларга ўргатилади.
2023/2024 ўқув йилидан бошлаб республиканинг барча вилоятлари ва Тошкент шаҳрида бошланғич синф ўқувчиларини бепул овқат билан таъминлашни йўлга қўйиш.
Натижада, жорий йилда бепул овқат бериш тизими билан 2,5 млн. нафар ўқувчини қамраб олиш ва ушбу мақсадларга 2,7 трлн. сўмга яқин маблағ ажратиш таъминланади.
Аҳмад Қурбонов
тайёрлади.
«Ўзбекистон овози», 8.02.2022, №5