ХОТИН-ҚИЗЛАР СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРНИНГ ҲАМ ФАОЛ ИШТИРОКЧИСИГА АЙЛАНМОҒИ КЕРАК
ХОТИН-ҚИЗЛАР СИЁСИЙ ЖАРАЁНЛАРНИНГ ҲАМ ФАОЛ ИШТИРОКЧИСИГА АЙЛАНМОҒИ КЕРАК

Гулшан АСАТОВА, Ўзбекистон ХДП Марказий Кенгаши Хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш сектори мудири:

— Бугунги кунда ўзбек аёлларининг нафақат оила ва фарзандлар тарбиясидаги ўрни, балки, мамлакатимиз тараққиётига қўшаётган ҳиссаси ҳам беқиёс. Бугун юртимизда хотин-қизларнинг ҳақ-ҳуқуқларини, қонуний манфаатларини таъминлаш, қобилият ва имкониятларини рўёбга чиқариш, бир сўз билан айтганда опа-сингилларимизни жамиятнинг тенг ҳуқуқли, фаол ва бунёдкор аъзосига айлантириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Аёллар ижтимоий ҳимоясини кучайтириш, жумладан, бандлигини таъминлаш, соғлигини мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, уларнинг турмуш даражасини яхшилашга эътибор юксак даражага кўтарилди десак хато бўлмайди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2019 йил 21 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида сўзлаган нутқида, мамлакатнинг сиёсий-ижтимоий ҳаётида аёлларнинг ўрни ва нуфузини мустаҳкамлашга алоҳида тўхталди.

Мазкур маърузадан келиб чиқиб, биз партия ходимлари ўз фаолиятимизни яна бир карра таҳлил қилиб, танқидий кўриб чиқдик.

Барчамизга маълумки, ўтган қисқа давр мобайнида хотин-қизлар манфаатларини ҳимоя қилиш, улар аҳволини тубдан яхшилашга қаратилган Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2 та фармони, 2 та қарори, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 6 та қарори ва 4 та фармойиши қабул қилиниб, изчил амалга оширилмоқда ва самарали натижалар бермоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, улар учун барча шароитларни яратиб беришга алоҳида эътибор қаратилаётгани, аёллар ва оила масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, мазкур сиёсатни мамлакатимиздаги барча идора ва ташкилот раҳбарлари қўллаб-қувватлаётгани ва уни амалга оширишда фаол иштирок этаётганлигига барчамиз гувоҳ бўлаяпмиз. Айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган хотин-қизлар ижтимоий ҳимояси борасида мамлакатимизда мисли кўрилмаган ишлар олиб борилаётганини нафақат мамлакатимиз балким, жаҳон ҳамжамияти, нуфузли халқаро ташкилотлар, чет элликлар ҳам тан олиб, қизиқиш билдиришмоқда, биздан тажриба ўрганишга ҳаракат қилишмоқда.

Ўз навбатида бу масаланинг бутун дунёдаги бугунги ҳолатига эътибор қаратадиган бўлсак, маълумотлар шуни кўрсатадики, жаҳонда мавжуд жамиятлар аҳолисининг ярмини, ҳаттоки ундан кўпроғини аёллар ташкил этади, аммо инсон фаолиятининг ва жамиятнинг кўпгина мураккаб соҳалари, яъни билим, ихтисос, малака, кўникмалар талаб қилинадиган соҳаларида уларнинг иштироки ниҳоятда оздир. Шунингдек, ҳозирги кунда дунёдаги ўта камбағал одамларнинг 60 фоиздан ортиғини, саводсиз аҳолининг эса учдан икки қисмини аёллар ташкил қилади. Мактабга жалб қилинмаган болаларнинг ҳам учдан икки қисми қизлар ҳисобланади. Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотларига кўра, бутун дунёда ҳар учинчи аёл (35%) ҳаёти давомида у ёки бу турдаги зўравонликка дуч келар экан.

Бу мисолларни келтиришимдан мақсад - қиёсий таҳлилгина бугунги ислоҳотларнинг мазмун - моҳиятини янада чуқурроқ англаш имконини беради.

Президентимиз томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатга ана шундай таҳлилий нуқтаи назардан ёндашсак, унда хотин - қизлар ҳаёти билан боғлиқ бир қатор жиддий муаммоларнинг аниқ ечими ифода этилаётганлиги ва бу муаммоларни бартараф этишда мустаҳкам пойдевор бўлаётганининг гувоҳи бўлаяпмиз. Яна бир қувонарли жиҳати хотин-қизларнинг ҳақ - ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, оила ва жамиятдаги нуфузини оширишда республикамиздаги мавжуд барча вазирлик ва идоралар кенг жалб қилинаяпти, бугун аёллар масалаларига барча ташкилотлар ва уларнинг раҳбарлари бошқача кўз билан, яъни ижобий ва жиддий қарашмоқда. Бундай ёндашув амалий ва самарали натижаларни бермоқда, хотин-қизларнинг яхши яшаши, меҳнат қилиши учун барча шароит ва имкониятлар яратилмоқда.

Бундай имконият албатта ҳар бир аёлда меҳнатга, ўз иқтидор ва қобилиятини рўёбга чиқаришга, янги ғоялар устида ишлашга, ташаббускорлик кўрсатишга иштиёқ ҳамда келажакка ишонч уйғотаяпти. Янги-янги ютуқ ва марралар сари етаклаяпти, иқтидорли, қобилиятли, билимли, салоҳиятли хотин-қизлар сафи кенгайиб бормоқда.

Шу ўринда бир мисол, жорий йил 11-17 март кунлари бўлиб ўтган, мамлакатимиз делегацияси ҳам қатнашган БМТ Хотин-қизлар аҳволи бўйича комиссиясининг 63-сессиясида БМТ Бош котиби Антонио Гутерриш қуйидаги фикрларни билдирди: “Қаердаки сиёсий ва ижтимоий ҳаётда хотин-қизлар фаол иштирок этаётган бўлса, ўша жойда иқтисодиёт ўсмоқда, барқарорлик мустаҳкамланмоқда ва фуқароларнинг фаровонлиги юксалмоқда”.

Бу фикрлардан шундай хулосага келиш мумкинки, мамлакатимизда хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, аёлларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий ҳаётида тўлақонли иштирок этишига эришиш, гендер тенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган давлат сиёсати нақадар тўғрилигига ишонч ҳосил қиламиз.

Аччиқ бўлса ҳам тан олишимиз керак, узоқ йиллар аёллар муаммоларига етарлича эътибор қаратилмаган, лекин эътироф этиш жоизки, бугун Ўзбекистонда хотин-қизларни ижтимоий ҳимоя қилиш, уларни ишга жойлаштириш, уй-жой билан таъминлаш, бир сўз билан айтганда ҳар қандай муаммоларнинг ечими юзасидан аниқ, ҳуқуқий механизмлар ишлаб чиқилиб, амалиётга татбиқ этилган ва самарали натижалар бермоқда.

Бугунги кун талаби хотин-қизларни янгича ёндашув, янгича ғоя ва янгича ташаббуслар билан чиқишларига кўмак бериш, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, янгиланишлар, сиёсий жараёнларда уларнинг фаол иштирок этишларини таъминлашдан иборат. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, “Ҳозирги кунда ҳар бир хотин-қиз демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлмоғи шарт.” Бу даъват ўз навбатида барча вазирлик, идора ва ташкилотлар қатори сиёсий партиялар зиммасига ҳам алоҳида масъулият юклайди.

Биз ўз вазифамизга таҳлилий танқид асосида ёндашадиган бўлсак, ҳали олдимизда ечимини кутаётган масалалар анчагина эканлигига гувоҳ бўламиз. Давр шиддат билан ўзгариб бораётган бугунги кунда вақтнинг ҳар бир дақиқасидан унумли фойдаланган ҳолда, бор куч ва имкониятимизни, билим ва салоҳиятимизни сафарбар этиб, хотин-қизларни демократик жараёнларнинг фаол иштирокчисига айлантирмоғимиз лозим.

Хўш, бунинг учун биз энг аввало нималарга жиддий эътибор қаратмоғимиз даркор?

Биринчи навбатда, партия тизимидаги ходимлар ва аъзоларимизни демократик жараёнларнинг фаол иштирокчисига айлантиришга ҳаракат қилишимиз лозим.

Айниқса бу йил мамлакатимизда бўлиб ўтадиган энг муҳим сиёсий жараён - сайловларда хотин - қизлар иштирокини кенгайтириш, улар орасидан сиёсий етук, билимли, салоҳиятли, меҳнаткаш, халқ орасида обрў эътиборга эга бўлган муносиб номзодларни танлаш, уларни депутатликка тайёрлаш, халққа танитиш ҳамда аёлларнинг кўпроқ депутат этиб сайланишига эришиш каби муҳим вазифалар ва уларни самарали амалга ошириш каби юксак масъулият зиммамизда турибти.

Биринчидан, партия тизими ва сафида хотин-қизлар салмоғини кенгайтиришимиз, уларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишимиз зарур, таҳлилларга кўра бугунги кунда 250 000 нафарга яқин хотин-қизлар Ўзбекистон ХДП аъзолари ҳисобланади, партия тизимида эса 200 нафарга яқин хотин-қизлар фаолият олиб бормоқда, шундан 4 та вилоят, 50 та туман кенгашида аёллар раҳбарлик қилмоқда, йиллар кесимидаги мазкур рақамларга қарайдиган бўлсак, ўсиш борлигини кузатамиз, аммо бу мақташга арзигули рақамлар эмас.

Сир эмас, қайси вилоят, туман, шаҳар партия ташкилотларининг раҳбарлари аёл киши бўлса, ўша ерда ишлар тизимли олиб борилмоқда, ижро интизомига риоя этилмоқда, ишга ёндашув тўғри ташкил этилган, бир сўз билан айтадиган бўлсак, аёллар ўз ишига масъулият билан ёндашади.

Демак, партия аъзолари орасида билимли, салоҳиятли, ташаббускор хотин-қизлар кўпчиликни ташкил этишини инобатга олиб, кадрлар захирасини қайта кўриб чиқиш, захира кадрлар билан ишлаш тизимини тубдан такомиллаштириш лозим;

партия сафига инновацион ғояларга эга бўлган, фаол хотин-қизларни кўпроқ жалб этишимиз, уларни раҳбарлик лавозимларига тайёрлашимизни бугунги кун тақозо этмоқда.

Иккинчидан, партиямиздан сайланадиган депутат аёллар сонини кўпайтиришимиз шарт. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашлардаги депутат аёллар сони ҳам бизни қониқтирмайди, таҳлиллар натижалари шуни кўрсатмоқдаги 2014 йилда бўлиб ўтган сайловларда Ўзбекистон ХДПдан Қонунчилик палатасига 8 (25%) нафар аёллар депутат этиб сайланган, 2019 йил эса бу кўрсаткич 5 (18,5%) нафарни ташкил этган, ҚҚР Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар кенгашларида 2014 йил депутат аёллар сони 43 (15%) нафарни, 2019 йил 55 (25,7%) нафарни, туман, шаҳар Кенгашларида эса 2014 йил 384 (16,8%), 2019 йил 416 (23,9%) нафарни ташкил этган, кўриниб турибдики, Бироқ Қонунчилик палатасига хотин-қизлар салмоғи камайган.

Биз бу йилги сайловларга бошқача тайёргарлик билан кириб боришимиз, хотин-қизлар орасидан энг муносиб номзодларни танлаб, депутат этиб сайланишига барчамиз бирдек ҳаракат қилишимиз, бу борада хотин-қизлар қўмитасининг барча бўғинлари билан ҳамкорликни янада кучайтиришимиз лозим;

мазкур ишларга ҳар бир маҳалладан фаол партия аъзоларимизни, жумладан, партия фахрийлари, тарғиботчилар гуруҳи аъзоларини, халқни ўз орқасидан эргаштира оладиган кайвони онахонларни, отинойиларни, кўча бошиларни жалб қилишимиз яхши самра беради.

биз депутатликка кўрсатиладиган номзодларнинг 50 фоизини хотин-қизлар ташкил этиши ва 30 фоизи депутат этиб сайланиши бўйича бошқа муҳим зарурий чораларни кўришимиз лозим.

Учинчидан, барчамизга маълум, Ўзбекистон ХДП ижтимоий кўмакка муҳтож бўлган инсонлар манфаатини ҳимоя қилади ва бу масала партиянинг бош мақсади ҳисобланади. Халқ ичига кириб бориш, уларга яқин бўлиб, дарду ташвишлари, муаммоларини бартараф этишда кўмак бериш партияга хайрихоҳлар сонини оширишнинг энг мақбул йўлларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, мазкур хайрли ишларга депутатликка номзодларни жалб этиш, уларни халққа яқиндан танитиш имконини беради.

Шу нуқтаи назардан янгича усул ва механизмлардан фойдаланган ҳолда оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган, иш билан таъминланмаган хотин-қизлар муаммоларини манзилли ўрганиб, уларга кўмак бериш ишларини тубдан такомиллаштириш лозим;

Боқувчисини йўқотган, ногиронлиги бўлган аёллар, пенсонерлар, ёлғиз кексалар учун қонунчиликда белгиланган имтиёзлардан қай даражада фойдаланаётганликларини янада чуқурроқ ўрганиб, уларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш ишларининг самарадорлигини ошириш олдимизда турган муҳим вазифалардан бири ҳисобланади

Тўртинчидан, хотин-қизлар бандлигини таъминлаш борасида юртимизда амалга оширилаётган ишларда ҳар биримиз масъулиятни, шахсий жавобгарликни ҳис қилган ҳолда ёндашувимиз, реал ва амалий натижа учун ҳаракат қилишимиз лозим.

Айниқса, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган, ногиронлиги бўлган хотин-қизларни, жазо муддатини ўтаб қайтган ҳамда чет эллардан қайтаётган хотин-қизларни иш билан таъминлаш, уларни касбга тайёрлаш ишларини ҳамкор ташкилотлар билан бирга тизимли амалга оширишга жиддий эътибор қаратмоғимиз лозим.

Шунингдек, аёлларга ўз бизнесини ташкил этиш, бизнес ғояларини тайёрлашда ёрдам бериш, узоқ вақт давомида бола тарбияси билан банд бўлган, оғир иқтисодий аҳволга тушиб қолган аёлларни талаб катта бўлган касбга тайёрлаш ҳам олдимиздаги муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Аслида хотин-қизларни иш билан таъминлаш, жуда кўпгина муаммоларнинг олдини олишга хизмат қилади, жумладан, оилавий келишмовчилик, оилавий ажримлар, ҳамда хотин-қизлар ўртасида хуқуқбузарлик ва жиноятчилик каби иллатларнинг камайишига асос бўлади.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, аёлларимизни ижтимоий ҳимояга муҳтож шахсдан, ижтимоий фаол шахсга айлантиримоғимиз лозим. Аёл фаол бўлса, фарзандлари баркамол бўлади, оиласи фаровон бўлади, жамиятимиз эса гуллаб яшнайди.

← Рўйхатга қайтиш