«ГУЛШАН» ИСТИРОҲАТ БОҒИ ОБОД БЎЛАДИМИ?
«ГУЛШАН» ИСТИРОҲАТ БОҒИ ОБОД БЎЛАДИМИ?

Бу савол очиқ қолаётганга ўхшайди

Газетанинг 2019 йил 4 июнь сонида эълон қилинган танқидий мақолада мазкур дам олиш маскани қаровсиз аҳволда қолгани яқин атрофда яшаётган аҳоли эътирозига сабаб бўлаётгани ҳақида фикрлар билдирилган эди.

Мазкур мақолада кўтарилган масала бўйича Тошкент шаҳар прокуратурасидан 2019 йил 24 июнь ва Тошкент шаҳар ҳокимлиги маданият бош бошқармасидан 28 июнь санаси билан жавоб хати олинди.

Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан берилган жавоб хатида шундай дейилади:

“Мақола Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан тегишли соҳа мутахассислари билан бирга кўриб чиқилди.

Аниқланишича, Тошкент шаҳар ҳокимининг 13.07.2018 йилдаги 1043-сонли қарори “Тошкент шаҳар ҳудудидан оқиб ўтувчи канал ва коллекторларнинг қирғоқбўйи минтақаларини белгилаш ҳақида” чиқарилган бўлиб, қарорда мақолада қайд қилинган ҳолатлар, яъни “Гулшан” маданият ва истироҳат боғини қайтадан реконструкция қилиш ва ишга тушириш масаласи кўрсатилмаган.

 Ўрганишда шаҳар ҳокимлиги томонидан 2018-2019 йилларда “Гулшан” маданият ва истироҳат боғини қайтадан реконструкция қилиш ва ишга тушириш масаласи бўйича алоҳида қарори қабул қилинмагани аниқланди.

Шунингдек, Маданият вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 01.08.2018 йилдаги Маданият ва санъат соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан “Гулшан” маданият ва истироҳат боғини фуқароларнинг кўнгилли дам олишлари учун хусусий шериклик асосида тадбиркор-инвесторларга берилиши белгиланган.

 Тошкент шаҳар ҳокимлигининг маълумотига кўра, боғни замонавий кўринишга келтириш, дам олувчиларга қулай шарт-шароитлар яратиш учун ташаббус кўрсатаётган ташкилот ва инвесторларнинг лойиҳалари кўриб чиқилаётган бўлиб, “Инвесторлар куни” доирасида ташаббускор тадбиркорларнинг лойиҳаси маъқулланган тақдирда, белгиланган тартибда давлат хусусий шерикчилик асосида узоқ муддатли ижара шартномаси тузилиб, тез орада боғ фаолияти йўлга қўйилади.

Тошкент шаҳар прокурори ўринбосари А.Р. Пулатов”

 

Тошкент шаҳар ҳокимлиги маданият бош бошқармаси бошлиғи М.Юнусов имзоси билан берилган жавоб хати киши кўнглини ғаш қилади. Бошқарма бошлиғи “Гулшан” истироҳат боғи билан боғлиқ масалалар бўйича қизиққан барча ташкилотларга биратўла жавоб ёзганга ўхшайди. Хат шундай бошланган: “Маълумот учун: Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига, “Правда Востока” газетаси таҳририятига, “Голос Узбекистана” газетаси таҳририятига, нусхаси Тошкент шаҳар ҳокимлигига”.

“Голос Узбекистана” газетаси таҳририятига” деб ёзилган жавобдан кейин, тўғриси, Тошкент шаҳар ҳокимлиги Маданият бош бошқармаси бошлиғи М.Юнусов “Ўзбекистон овози” газетасида чоп этилган мақолани ўқиган-ўқимаганини ҳам билмай қолдик. Агар ўқиган бўлса, эслатамиз, мақола “Голос Узбекистана”да эмас, балки ”Ўзбекистон овози”да чоп этилган. Тошкент шаҳар ҳокимлигига хат ҳам “Ўзбекистон овози”дан юборилган эди. Демак, М.Юнусов мақолани ўқиб ҳам кўрмаганга ўхшайди.

 Жавоб хатида илгари кўп айтилган гаплар такрорланган. “Гулшан” истироҳат боғи бўйича ташаббускор тадбиркорлар томонидан тақдим этилган лойиҳалар кўриб чиқилаётгани, агар улардан бирортаси маъқул деб топилса, боғ ўшанга тегишли қарор асосида берилиши айтилган. “Қолаверса, Тошкент шаҳар ҳокимлигида инвесторлар ва тадбиркорлар томонидан Тошкент шаҳрида амалга оширилиши кутилаётган ишлар юзасидан таклифлар кўриб чиқиш бўйича инвесторлар куни белгиланган ва мазкур кунларда ташаббускорлар лойиҳалари кўриб чиқилиши юзасидан тавсия берилган”, дейилади жавоб хатида.

– Истироҳат боғи ён-атрофида истиқомат қилаётган аҳоли мурожаатига ҳам икки йилдан буён ана шундай, бир хил мазмундаги жавоб хати бериб келинмоқда, – дейди Шукур Бурҳонов маҳалласида яшовчи отахон Иброҳим Абдуғаниев. – Ҳар сафар “Боғ 2013-2014 йилларда Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан капитал реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди”, дейилади. “Капитал реконструкция қилинди”, деганда, нимани тушуниш керак? Боғдаги майда-чуйда ишларни бажариб, номига битта арка ўрнатиш капитал реконструкция қилишга кирадими?

Газетада танқидий мақола чоп этилганидан кейин ёлғон бўлмасин, туман ободонлаштириш ташкилоти томонидан унча-мунча чиқиндилар олиб кетилди. Лекин бу муаммонинг ечими эмас-ку! Яна қайтариб айтаман, агар боғни таъмирлаш ва тасарруф қилиш масаласи кун тартибига қўйилса, аллақачон ўз эгасини топган бўларди. Хатда ҳар сафар “мазкур кунларда лойиҳалар кўриб чиқилаяпти”, деб ёзилади. Лекин “мазкур кунлар” қачон натижа беради?

Боғга янги директор тайинланган, лекин маблағ йўқлиги учун у ҳам нима қилишини билмай ҳайрон. Ҳатто боғ қоровуллигига штат бирлиги бўлмаганидан кейин аҳвол қанчалик ташвишли эканини тасаввур қилиш қийин эмас. Яқинда боғ ичидаги чойхона биноси ёниб кетди. Қаров бўлмаганидан кейин аҳвол бундан ҳам баттар бўлиши табиий.

Хуллас, ташландиқ ҳолда ётган “Гулшан” маданият ва истироҳат боғи обод бўладими, деган савол очиқлигича қолмоқда.

 

Нуруллоҳ ДОСТОН,

“Ўзбекистон овози” мухбири.

 

Таҳририятдан:

Ушбу мақола чоп этилаётган куни “Гулшан” маданият ва истироҳат боғи атрофида жойлашган “Нодирабегим”, “Шўртепа”, “Баҳор”, “Алишер Навоий”, “Катта Қорасув”, “Шукур Бурхонов” маҳалла аҳлининг бир гуруҳи таҳририятга яна қайта мурожаат билан келишди. Улар боғ ўрнидаги ҳудуд бошқа мақсадларда ишлатиш учун мўлжалланаётгани ҳақидаги гап-сўзлар кўпайиб бораётгани ва бундан хавотирда эканликларини билдиришди. Бу гап-сўзлар асоссиз бўлиши ҳам мумкин. Лекин, шамол бўлмаса, дарахтнинг учи қимирламайди, деб бежиз айтилмайди.

“Гулшан” маданият ва истироҳат боғи атрофидаги 5-6 маҳаллада аҳоли сонининг 3-4 мингдан зиёдлигини, бундан ташқари, шу атрофдаги ўрта ва олий ўқув юртларида ўқийдиган ўқувчи ва талабалар сонини ҳисобга оладиган бўлсак, бу боғнинг фаолият кўрсатиши қанчалик муҳимлиги аён бўлади.

Шу ўринда яна бир масала устида тўхталишга тўғри келади. Матбуотнинг вазифаси давлат сиёсатидан халқни хабардор қилиш, халқнинг муаммолари, таклиф ва истакларини давлат органларига етказиш. Танқидий мақоладаги масала матбуотнинг эмас, одамларнинг масаласи. Шу боис давлат идоралари, хусусан, ҳокимликларнинг матбуотга муносабатини халққа муносабат, деб баҳолаш тўғри бўлади. Матбуотдаги танқидий мақолаларга эътиборсиз қараш, таҳририят номига жавоб хати йўллаш одамларга бўлган ҳурматсизликнинг кўриниши, деб қабул қиламиз ва бундай ҳолатлар билан келиша олмаслигимизни маълум қиламиз.

Керак бўлса, янада аччиқроқ гапларни айтиш ҳуқуқи ва имкониятига эгамиз. Матбуотга масъулият ва ҳурмат билан қараш халққа бўлган муносабатни билдиради.

← Рўйхатга қайтиш