Наманганлик сайловчилар диққатига!
Наманганлик сайловчилар диққатига!

Шу кунларда мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида сайловолди тарғибот ишлари қизғин давом этмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳам сайловда фаол ва муносиб иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Сайловчилар, электорат вакиллари билан ўтказилаётган учрашувларда партиядан кўрсатилган депутатликка номзодларнинг сайловолди дастурини, унда белгиланган устувор масалаларни жамоатчиликка етказиш, уларнинг ҳаётий аҳамиятини очиб беришга алоҳида эътибор берилмоқда.

Наманган вилоятидан Олий Мажлис Қонунчилик палатасига кўрсатилган депутатликка номзодлар илгари сураётган таклифлар партиямиз дастурий ғояларга асосланган бўлиб, ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий тараққиёти билан боғлиқ кўплаб масалаларни ўз ичига олган.

Акмалжон Умурзоқов, шифокор, Наманган вилояти саломатликни қайта тиклаш шифохонаси бош шифокори, 43-Дўстлик сайлов округидан номзод:

– Биз пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган оилалар, “Мурувват”, “Саховат” ва “Меҳрибонлик” уйларида яшовчилар, аҳолининг бошқа заиф қатламларига тиббий хизмат кўрсатиш, уларни дори воситалари ва тиббий мақсадлар учун мўлжалланган буюмлар билан таъминлаш, шунингдек, ижтимоий дорихоналар  тармоғининг ривожланиши   ва фаолияти устидан қатъий назорат олиб боришни режалаштирдик. Биз жамиятнинг ҳар бир аъзосига саломатлигини мустаҳкамлаш учун тенг имкониятлар яратиш тарафдоримиз!

Сардорбек Азизов, ҳуқуқшунос, Наманган вилояти Адлия бошқармасининг ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи, 44-Сардоба сайлов округидан номзод:

– Ўзбекистон Халқ демократик партияси мамлакатда ижтимоий демократия тизимини шакллантириш тарафдори. Бу аҳолининг барча, жумладан, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун давлат, жамият ва суд-ҳуқуқ соҳаларида тенгликни таъминлаш демакдир. Шундан келиб чиқиб, аҳолининг кам таъминлаган қатламлари учун ҳуқуқий ёрдам ва хизмат кўрсатиш бўйича ижтимоий мақбул бўлган тизим яратиш, шу мақсадда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига бепул маслаҳатлар берадиган “юридик клиника”лар тармоғини ривожлантириш ташаббуси билан чиқмоқчимиз.

Мария Тян, педагог, Наманган тумани халқ таълими бўлимига қарашли “Баркамол авлод” болалар маркази директори, 45-Тошбулоқ сайлов округидан номзод:    

– Биз кам таъминланган оилаларнинг истеъдодли ва қобилиятли фарзандларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш, хусусан, ногиронлиги бўлган болаларни қўллаб-қувватлашни янада кенгайтириш учун етарли имкониятлар мавжуд, деб ҳисоблаймиз. Олис қишлоқ аҳоли пунктларидаги маданият муассасалари, “Баркамол авлод” болалар мактаблари, мусиқа ва санъат мактабларини ривожлантиришни молиялаштириш учун бюджет ҳаражатларини ошириш таклифини илгари суряпмиз.

Анвархон Темиров, иқтисодчи, “Зарафшон текстиль” масъулияти чекланган жамияти директори, 46-Косонсой сайлов округидан номзод:

– Тадбиркорлик субъектларини ўртача номинал ҳисобланган иш ҳақидан юқори маош тўланадиган барқарор иш ўринлари яратишга рағбатлантириш аҳолини иш билан таъминлашда муҳим аҳамиятга эга.  Шундан келиб чиқиб, биз иш ҳақининг ўртача ҳисобланган номинал миқдоридан паст маош тўлайдиган корхона ва хусусий тадбиркорларга қонунда белгиланган солиқ имтиёзларини қўлламаслик, даромадига эса юқори ставка бўйича солиқ солиш керак, деб ўйлаймиз.

Гузалхон Хусанова, педагог, Поп тумани ҳокимлигининг Маданият ва аҳоли дам олиш маркази директори, 47-Поп сайлов округидан номзод:

– Очиғини айтиш керак, кам таъминланган оилалар, айниқса, олис қишлоқлар аҳоли пунктларида яшаётган ёшларнинг спорт билан шуғулланиши ва мароқли дам олиши учун тегишли инфратузилмани ривожлантириш учун қилинадиган ишлар жуда кўп. Шу боис, биз айнан шу масалаларда бир қатор таклифларни илгари сурдик. Эътиборли яна бир томони, мамлакатимизнинг моддий ва номоддий маданий меросидан аҳолининг кам таъминланган қатламлари баҳраманд бўлиши учун қулай имкониятлар яратиш лозим.

Гулчехра Каюмова, педагог, Тўрақўрғон туманидаги “Исхоқҳон Тўра Ибрат” мактаби директори, 48-Тўрақўрғон сайлов округидан номзод:

– Хотин-қизлар билан суҳбатлашганда бир нарсага кўп гувоҳ бўламиз. Мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул аёлларнинг кўпчилиги ишлашни, оиласи даромадига улуш қўшишни хоҳлайди. Шуларни инобатга олиб, тегишли педагогик маълумотга эга, лекин мактабгача ёшдаги бола тарбияси билан машғул бўлгани боис ишламайдиган аёлларни мактабгача таълим ҳудудий органлари тизимида оилавий мактабгача таълим тарбиячиси сифатида уй меҳнатини ташкил этиш керак, деб ўйлаймиз.

Хатамбой Бадалов, шифокор, Наманган вилоят болалар ревматология Бешкапа санаторияси бош врачи, 49-Уйчи сайлов округидан номзод:

– Касбимдан келиб чиқиб, сайловолди дастуримда тиббиёт соҳасида амалга оширилиши лозим бўлган вазифаларга алоҳида эътибор қаратдим. Мулкчилик шакли ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида кам таъминланган оилалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари учун юқори технологияли тиббий хизматлардан фойдаланган ҳолда ҳар йили бепул тиббий кўрикдан ўтказиш тизимини такомиллаштириш керак.

Нурдинжон Исмоилов, ҳуқуқшунос, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Спикери, 50-Учқўрғон сайлов округидан номзод:

– Бугун парламент назоратини кучайтиришни ҳаётнинг ўзи долзарб масала сифатида илгари сурмоқда. Чунки ижро ҳокимияти органлари фаолияти устидан парламент назоратининг кучайиши билан ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ривожланиш ҳолатини таҳлил этиш, белгиланган вазифалар ўз вақтида ва лозим даражада бажарилишига эришиш имконияти ортади. Шунга асосан партиямиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси орқали парламент назоратини изчил йўлга қўйишни мақсад қилган. Хусусан, ногиронлиги бўлган шахсларни қўллаб-қувватлаш, кам таъминланган оилалар аъзолари, жумладан, ишсизлар, аёллар бандлигини таъминлаш билан боғлиқ масалаларда парламент, депутатлик ва жамоатчилик назоратини амалга ошириш режалаштирилди.

Шохиста Турғунова, педагог, Чортоқ тумани Халқ таълим бўлими мудири, 51-Чортоқ сайлов округидан номзод:

– Таълимда ижтимоий тенгликни таъминлаш мамлакатимизда демократик жамиятни шакллантиришнинг муҳим омилларидан бири ҳисобланади. Шунингдек, партия давлат-хусусий шериклик асосида ташкил этиладиган нодавлат таълим муассасаларида фақат ўзига тўқ оилалар фарзандлари ўқий олишига йўл қўймаслик мақсадида ушбу таълим муассасаларидаги тўлов-контрактнинг ижтимоий мақбул миқдорини қонунчиликда белгилаб қўйишни таклиф этади.

Насиба Бозорова, шифокор, Чуст тумани тиббиёт бирлашмаси бошлиғи, 52-Чуст сайлов округидан номзод:

– Партиямиз, аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламлари, жумладан, ногиронлиги бўлган шахслар, ногирон фарзандларини тарбиялаётган ота-оналар, ижтимоий аҳволи оғир бўлган аёллар, фарзандларини тўлиқ бўлмаган оилаларда тарбиялаётган ва яшаш шароитларини яхшилашга ҳаракат қилаётган кам таъминланган оналар учун арзон уй-жойлар қурилиши дастурларини кенгайтиришга ҳам эришади. Биз бу борада имтиёзли ипотека кредит бериш амалиётини такомиллаштириш муҳим аҳамиятга эга деб ҳисоблаймиз. Ва биз уй-жой ва коммунал хизматларнинг ижтимоий мақбуллик даражасини оширишга эришмоқчимиз!

Улуғбек Иноятов, Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси, 53-Янгиқўрғон сайлов округидан номзод:

– Бозор иқтисодиёти муносабатлари чуқурлашган жамиятда ижтимоий ҳимоянинг аҳамияти юқори бўлиши шубҳасиз. Буни жаҳон тажрибаси ҳам исботлаб берди.

Ижтимоий ҳимоя тизимидаги кўплаб муаммоларнинг асосий сабаби пенсия ва нафақалар миқдорини белгилашда муҳим омил бўлган истеъмол саватчаси ва яшаш минимуми меъёрларининг жорий қилинмагани билан ҳам боғлиқ. Аҳолининг муносиб ҳаёт даражасини таъминлаш учун зарур бўладиган яшаш минимумини белгилаш ва истеъмол саватчаси тушунчасини қонун билан мустаҳкамлаш ҳамда ҳаётимизга татбиқ этиш, аҳолининг ижтимоий муҳофазага муҳтож қатламларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш партиямиз Сайловолди дастуридаги энг муҳим йўналишлардан ҳисобланади.

Исроилжон Хошимов, молиячи, Наманган вилояти Қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғининг иқтисодий ислоҳотлар масалалари бўйича ўринбосари, 54-Норин сайлов округидан       номзод:

– Партиямиз ишга жойлашишда қийинчиликларга дуч келаётган аёллар, “Меҳрибонлик уйлари” битирувчилари ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа қатламлар учун ишга жойлашиш бўйича ҳуқуқий кафолатларни ошириш ҳамда “Тенг иш учун - тенг иш ҳақи” тамойилига қатъий риоя этилишига интилади. Бунда партия тегишли вазифалар ижросини таъминлайдиган демократик таъсир механизмларини ишга солган ҳолда ногиронлиги бўлган шахсларнинг бандлигини таъминлаш учун қонунчиликда белгиланган квоталарга қатъий риоя этилишига эришишни кўзда тутган.

Ҳаётхон Маҳмудова, педагог, Тўракўрғон туманидаги 15-мактаб директори, 55-Мингбулоқ сайлов округидан номзод:

– Кишиларнинг яхши яшаши ва муносиб турмуш шароитига эга бўлишида коммунал соҳа ривожи муҳим аҳамиятга эга. Шунинг учун партиямиз Сайловолди дастурида бу йўналишга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.

Коммунал хизматларни амалга оширувчи ташкилотларнинг ишлаб чиқариш билан боғлиқ бўлмаган йўқотишларини қоплаш мақсадида, нарх-наво ва тарифлар оширилиши ҳолатларига йўл қўймаслик учун маълумотлар очиқлигини таъминлаш ҳамда коммунал хизматлар тарифлари устидан жамоатчилик назоратини кучайтириш олдимизда турган энг муҳим вазифалардан бири. Асосий коммунал хизматларни етказиб берувчилар ва улардан фойдаланувчиларнинг ўзаро масъуллигини оширишга доир аниқ процессуал нормалар билан бойитиш керак.

Умуман, партиямизнинг Сайловолди дастурида аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ойлик маошлар, пенсия ва ижтимоий нафақаларни босқичма-босқич ошириб бориш, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, арзон уй-жойлар барпо этиш, қишлоқларда ижтимоий инфратузилмаларни ривожлантириш, ёшларга оид давлат сиёсатини такомиллаштириш ижтимоий соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлар этиб белгиланган.

Сайловчиларни номзодларимизга овоз беришга чақирамиз!

 

ЎзХДП Марказий Кенгаши
Ахборот хизмати

← Рўйхатга қайтиш