Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари Оилавий (маиший) зўравонликлардан ҳимоялаш чоралари кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун лойиҳасини кўриб чиқишди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг маълумотига кўра, дунёдаги ҳар учинчи аёлга ўз умр йўлдоши томонидан жисмоний тазйиқ ўтказилади. Тазйиқ ва зўравонлик оқибатида ўлим келиб чиққан ҳолларнинг 38 фоизида унинг турмуш ўртоғи ёки у билан бирга рўзғор қуриб яшаётган шахснинг айби бўлади. Шунингдек, болаларга нисбатан куч ишлатиш ҳолатлари ҳам кўп учрайди.
Мазкур Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 592-моддаси ва Жиноят кодексининг 1261-моддасини болага нисбатан оилавий (маиший) зўравонлик қилганлик учун жавобгарлик билан тўлдириш ҳамда оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишлари юзасидан ярашув тўғрисидаги аризани суриштирув ва дастлабки тергов босқичларида эмас, суд муҳокамаси пайтида бериш тартиби жорий қилинмоқда. Яъни, оилавий (маиший) зўравонлик бўйича жиноят ишлари юзасидан ярашув тўғрисидаги ариза фақат ишни судда кўриш жараёнида, суд муҳокамасининг исталган босқичида, аммо суд маслаҳатхонага киришидан олдин берилиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Депутатлар қонун лойиҳасини муҳокама қилар экан, унинг муҳимлигини, унга болалар ва хотин-қизларнинг тазйиқ ва зўравонликка учрашини олдини олиш чораларининг самарадорлигини ошириш ҳамда оилалардаги маънавий-ахлоқий муҳитни яхшилашда алоҳида ўрин тутишини таъкидлаб ўтишди. Қонун лойиҳасини янада такомиллаштириш юзасидан фикр-мулоҳазалар билдирилди. Таклиф ва тавсиялар берилиб, ҳужжат маъқулланди.
Мазкур Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши оилавий (маиший) зўравонлик билан боғлиқ жиноят ишларини ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона кўриб чиқилишига, тазйиқ ва зўравонлик содир этган шахснинг хулқига кўрсатиладиган ижобий таъсирнинг кучи янада ортишига хизмат қилади.
Фракция йиғилишида шунингдек, «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси муҳокама қилинди. Лойиҳа 9 боб ва 56 моддадан иборат бўлиб, Омбудсман ўз олдида турган вазифаларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун қўшимча кафолатлар ҳамда унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қимматини ишончли ҳимоя қилиш чоралари белгиланмоқда.
Шунингдек, ушбу қонун лойиҳаси билан Ўзбекистон Республикасининг иккита кодекс ва бешта қонун ҳужжатларини «Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) тўғрисида»ги қонун лойиҳасига мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда. Бунда Омбудсманнинг дахлсизлиги, назорат функциялари ва Омбудсман маърузаларининг Олий Мажлис палаталари томонидан кўриб чиқиш тартиб-таомиллари очиб берилмоқда. Таклиф ва мулоҳазалардан сўнг қонун лойиҳаси депутатлар томонидан маъқулланди.