Энди бошқача бўлади
Энди бошқача бўлади

 

2019 йили «Янги Ўзбекистонда янги сайловлар» шиори остида парламент ва маҳаллий Кенгашларга бўлиб ўтган сайловда Ўзбекистон Халқ демократик партияси бир қатор муҳим ташаббусларни қамраб олган Сайловолди дастурини тақдим этган эди. Орадан 5 йил ўтди ва, мана, навбатдаги сайлов остонасида турибмиз.

 

Мана шундай паллада партия дастурида белгиланган устувор мақсадларнинг қанчаси ўзининг ҳаётий исботини топмоқда, деган савол туғилиши табиий, албатта. Сайловчилар, жамоатчилик бу саволга аниқ жавобни кутади. Айтиш керакки, Халқ демократик партияси айни масъулиятни англаган ҳолда амалий натижаларга эришиш йўлида собитқадамлик билан ҳаракат қилмоқда.

Кучли ижтимоий сиёсат — ижтимоий давлатчилик пойдевори, барқарор жамият ва фаровон турмуш асоси ҳисобланади. Шундан келиб чиқиб, Халқ демократик партияси томонидан Сайловолди дастурдаги асосий мақсад сифатида янги Конституцияда белгиланган «давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини самарали амалга ошириш механизмларини белгилаш ҳамда демократик ижтимоий давлатни барпо этиш учун» бир қатор устувор йўналишлар таклиф этилган эди.

Партия давлат аҳоли манфаатларини тўлақонли таъминлаш мақсадида кучли ижтимоий сиёсат юритиши лозим, деб ҳисоблайди. Дастурда мазкур йўналишда бир қатор масалаларга эътибор қаратиш кераклиги таъкидланган.

  • аҳолининг эҳтиёжманд қатламлари яшаш шароитларини яхшилаш;
  • ҳар бир инсоннинг бирламчи ҳаётий эҳтиёжларига етадиган энг кам истеъмол харажатларини қонун даражасида белгилаш, яъни «Энг кам истеъмол харажатларини белгилаш тартиби тўғрисида»ги қонунни қабул қилиш;
  • фуқароларнинг бандлигини таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш чораларини кўриш, оилалар, болалар, аёллар, қариялар, ногиронлиги бўлган шахсларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларга ғамхўрлик қилиш шулар жумласидандир.

Сир эмас, йиллар давомида кам таъминланган оилаларга нафақаларни белгилашда аниқ мезонлар йўқлиги, ажратилган маблағларнинг реал эҳтиёжга нисбатан камлиги каби муаммолар ижтимоий адолатга эришиш имконини бермай келаётган эди. Очиғи, шу пайтга қадар қайси оила қандай асосга кўра нафақа олиши керак, деган долзарб саволга конкрет жавобнинг ўзи йўқ эди. Давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг айнан муҳтож фуқароларга етиб боришида ҳам қатор тушунмовчиликлар юзага келганини ҳаммамиз яхши биламиз.

Бугун эса вазият тамомила ўзгарди. Ижтимоий ҳимоя билан боғлиқ масалалар бўйича бутунлай янги тизим яратилди. Хусусан, оилаларга нафақа белгилаш асослари аниқ қилиб қўйилди. Тизимда очиқлик, тенглик, адолат тамойилларига қатъий амал қилиш вазифаси белгиланди.

 

Ўзбекистон – ижтимоий давлат

Ўтган йили янги таҳрирда қабул қилинган Конституциямизда илк бор Ўзбекистон – ижтимоий давлат, деб эълон қилинди. Яъни инсонга эътибор ҳамда ғамхўрлик – давлат ва жамиятнинг энг асосий бурчи экани конституциявий норма даражасида мустаҳкамланди. Давлатнинг ижтимоий соҳадаги мажбуриятлари билан боғлиқ нормалар қарийб 3 баробар кўпайди. Хусусан, бандликни таъминлаш, ишсизликдан ҳимоя қилиш, камбағалликни қисқартириш, ҳар кимнинг уйли-жойли бўлиш ҳуқуқига оид қатор мажбуриятлар киритилди.

Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини янада манзилли қўллаб-қувватлаш мақсадида маълумотлар базалари шакллантирила бошланди. 2021 йилдан бошлаб аҳолининг кам таъминланган қатламларини «ижтимоий ҳимоя ягона реестри»га киритиш орқали рўйхатга олиш механизми жорий этилди, бу эса кам таъминланган оилаларга ўзларига тегишли бўлган ижтимоий ёрдамни бюрократик тартиб-қоидаларсиз автоматик тарзда олиш имконини берди.

 

Албатта, ҳар бир ислоҳот, янги ўзгариш минглаб, миллионлаб инсонлар ҳаётида бурилиш ясайди. Ижтимоий соҳада бугун рўй бераётган янгиланишлар Халқ демократик партияси ғоялари билан уйғундир. Айнан бизнинг электорат манфаатлари билан боғлиқ масалаларнинг тақдири ҳудудларда ҳал бўлади. Шу нуқтаи назардан жойларда масъулларнинг депутатлар корпуси олдидаги ҳисобдорлиги, маҳаллий вакиллик органлари томонидан жамоатчилик назоратининг кучайтирилиши қонунлар, қарорлар, давлат дастурлари ижроси таъминланишида муҳим аҳамиятга эга эканини унутмаслик лозим.

 

Лазиза ШЕРОВА,

«Ўзбекистон овози» мухбири.

«Ўзбекистон овози», 17.07.2023, №28

 

 

 

 

 

Теглар

Сайлов
← Рўйхатга қайтиш