“Декрет” пули ишлаган ҳар бир аёлга берилиши шарт

 

Инсон борки, у хаста бўлмаслик ёки вақтинча ишга лаёқатсизга айланиб қолмаслиги кафолатланмаган. Шундай экан, у ҳаёти ва фаолияти давомида вақтинча меҳнат қобилиятини йўқотганида, яъни ўзи ёки фарзанди касал бўлганида, қисқа даволанишда, туғруқ даврида ёки ишсиз қолганида ижтимоий қўллаб-қувватлаш давлатнинг вазифаси саналади. Шу кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида мазкур масалага оид қонун лойиҳаси муҳокама қилинмоқда.

Хусусан, бугун Ўзбекистон ХДП фракциясининг навбатдаги йиғилишида “Давлат ижтимоий суғуртаси тўғрисида”ги қонун лойиҳаси кўриб чиқилди.

Таъкидландики, янги таҳрирдаги Конституцияда ҳар ким меҳнат қобилиятини йўқотганида ҳамда ишсизлигида ижтимоий таъминот ҳуқуқига эга эканлиги белгиланган. Шунга қарамай, баъзи муаммолар кузатилмоқда.

Масалан, “декрет” пули ва вақтинча меҳнатга лаёқатсизлик (касаллик) нафақалари иш берувчилар учун ортиқча молиявий юклама бўлгани сабабли, ушбу нафақаларни хусусий секторда тўланмаслик ҳолатлари кузатилмоқда. Ортиқча тўловлардан қочиш мақсадида иш берувчилар томонидан аёлларни, хусусан ҳомиладорларни ишга олмаслик ёки ишдан бўшатиш ҳолатлари кўпайган.

Ўрганишлар натижасида, айрим корхоналар бу тўловларни умуман тўламаслиги аниқланди. Хусусан, 25 та корхонадан 15 таси ёки 60 фоизи “декрет” пули ёки касаллик нафақасини тўламаган бўлса, 12 та корхона ҳеч қандай нафақа пулини тўламаган.

2022 йил 25 июндаги Президент фармонига мувофиқ Ижтимоий суғурта жамғармаси ташкил этилиб, хусусий секторда ишловчиларга “декрет” пулининг минимал (2,5 млн сўм) миқдори қоплаб берилмоқда. Нафақанинг қолган қисми эса иш берувчи зиммасида бўлгани боис тадбиркорлар учун мавжуд тизим молиявий жозибадор эмас.

Мисол учун, ўртача иш ҳақи 2,3 млн сўм бўлган аёлнинг “декрет” пули 7 млн сўм бўлади. Шундан, 2,6 млн сўм Жамғармадан, қолган 4,5 млн сўм иш берувчи ҳисобидан қопланиши лозим. Бироқ аксарият аёлларнинг бу ҳуқуқлари таъминланмаган. 2023 йил натижалари шуни кўрсатадики, туғилишлар сони 962 минг бўлсада, уларнинг атиги 17 фоизи, яъни 168 мингта декрет варақаси очилган, шундан Жамғарма ҳисобидан атиги 16 минг нафар аёлга “декрет” пули қоплаб берилган холос.

Фракция аъзолари ижтимоий ҳимоя тизимидаги бу каби муаммоларни бартараф этиш зарур эканини таъкидлади. Уларнинг фикрича, инқирозга учраётган корхоналар томонидан ёки ходимнинг истагисиз ишдан бўшатиш ҳолатлари бўйича ҳам чоралар кўрилиши мақсадга мувофиқидир.

Ваҳоланки, Меҳнат кодексига асосан меҳнат шартномаси иш берувчининг ташаббуси билан бекор қилинганда иш берувчи томонидан иш ҳақининг 1 баравари миқдорида ишдан бўшатиш нафақаси тўланиши белгиланган. Шунга қарамай, молиявий инқирозга учраган корхоналар ишдан бўшатиш нафақасини тўлолмаслиги оқибатида ходимлар бошқа иш топгунига қадар тўсатдан даромадсиз қолмоқда.

Лойиҳада таклиф этилаётган давлат ижтимоий суғуртаси бўйича тўланадиган нафақалар турлари белгилаш, аҳолини суғурталаш Ижтимоий суғурта жамғармаси томонидан амалга ошириш билан боғлиқ меъёрлар фуқароларнинг ижтимоий ҳимоясини кучайтиришга хизмат қилиши қайд этилди. Шундан келиб чиқиб, депутатлар қонун лойиҳасини биринчи ўқишда концептуал қўллаб-қувватлади.

 

 

 

 

 

Теглар

Депутат Халқ демократик партияси депутатларидан аниқ натижалар Олий Мажлис Партия муносабати Бизнинг депутат
← Рўйхатга қайтиш