Халқ демократик партиясининг Сайловолди дастури муҳокамасига бағишланган мулоқотлар Қашқадарё вилоятида ҳам юқори кайфиятда ўтмоқда.
Ўзбекистон ХДП вилоят кенгашида бўлиб ўтган учрашувда вилоятдаги туман ва шаҳарлар сайловчилари, жамоат ташкилотлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари вакиллари, ёшлар, партия фаоллари иштирок этди.
Мулоқотда Ўзбекистон Халқ демократик партияси Марказий Кенгаши раиси ўринбосари Мақсуда Ворисова сўзга чиқиб, йиғилганларни янги Сайловолди дастури лойиҳаси концепцияси билан таништирди.
Таъкидланганидек, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ўз дастурий мақсадларини, аввало, мамлакатда ижтимоий барқарорлик, фуқаролар ва миллатлар ўртасидаги ҳамжиҳатлик, ҳар бир оила ҳамда бутун халқнинг фаровонлигига эришиш каби умуммиллий манфаатлар устуворлигига асосланиб белгилайди. Жаҳонда кузатилаётган актуал тенденцияга мос равишда энг асосийси, халқимиз, юртдошларимиз учун Ўзбекистонни амалда ижтимоий давлатга айлантириш билан боғлиқ илгари сурилаётган янги ғоялар ҳақида таништирилди.
Янги Сайловолди дастурида давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишга қаратилган 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилмоқда. Барча ижтимоий қатламлар давлат ва жамият бошқарувида иштирок этишига реал шароит яратиш, ҳуқуқий, ижтимоий тафовутлар ошиб кетмаслигига эришиш, қонун устуворлигини, давлатнинг халққа ҳисобдорлигини таъминлаш зарурлигига эътибор қаратилмоқда.
Масалан, ишсизлик бўйича мажбурий ижтимоий суғурта миллий моделини жорий этиш,замонавий тиббиёт ва халқ табобатини қўшган ҳолда даволашстандартларини жорий этиш орқали дорига қарамликни камайтириш каби таклифлар билан чиқилмоқда.
Бундан ташқари, партия адолатли давлат пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш, бунда собиқ жамоа хўжалиги ва ширкат ҳўжалигида ишлаган фуқароларнинг меҳнат даврларини тўлиқ йил сифатида инобатга олиш сингари муҳим масалалар, устувор йўналишлар, ғоя ва ташаббусларни илгари сураётгани тўғрисида атрофлича маълумот берилди.
Қатнашчилар Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг янги Сайловолди дастурига киритиш кўзда тутилаётган таклифлар, ғоя ва мақсадлар билан танишар экан, уларнинг ижтимоий тенглик ва адолат тамойилларига асосланганлиги, аҳоли орасида ижтимоий тафовутларни камайтириш, эҳтиёжмандларга ёрдам бериш каби эзгу ғояларга асосланганлигини ҳар томонлама маъқуллашди.
Муҳокамада сўзга чиққан фаоллар Ўзбекистонда истиқомад қилаётган ҳар бир фуқаро учун адолат тамойиллари асосида муносиб турмуш тарзини яратиш, аҳолининг бандлигини таъминлаш ва фаровонлигини ошириш каби масалалар бўйича фикр-мулоҳаза ва таклифларини билдиришди.