“Даромадингиздан харажатингиз кам бўлса, фалсафа тоши қўлингизда экан”, дейди америкалик машҳур олим ва давлат арбоби Бенжамин Франклин. Неча минг йиллик давомида кўп синовларни бошидан ўтказган халқимизда эса “Донни аяган донга етар, нонни аяган нонга”, деган ҳикмат бор.
Тежамкорлик, камтарлик, бир сўз билан айтганда, иқтисодий маданиятнинг тоши қанчалик тарози босишига ишора қилувчи бу сўзларнинг қадр-қиймати бугунга келиб янада ортган. Жумладан, дунё бўйлаб оқибатини олдиндан айтиш мушкул бўлган мураккаб жараёнлар иқтисодиётга жиддий таъсир ўтказаётган, ҳар бир давлат ва жамият учун маблағ топиш, жамғариш, кўпайтириш тобора қийин бўлиб бораётган ҳозирги шароитда бюджетдан самарали фойдаланиш, тежамкорлик ва аниқлик ҳар қачонгидан долзарб тус олган.
Шундай деймиз-у, лекин айни замон талабига парадокс равишда гоҳ-гоҳида бюджет маблағларининг ноўрин сарфланиши “кун мавзуси”га айланган ҳолатлар ҳамон кузатилаётганини инкор қилолмаймиз.
Бюджетдан молиялаштириладиган қайсидир давлат ташкилоти халқаро тадбир қатнашчиларининг биргина тушлиги учун бир неча юз миллион сўмларни харажат қилгани сингари чучмал вазиятлар, афсуски, бармоқ билан санарли эмас.
Ёки яна бир ташкилот онлайн платформа яратиш учун бюджетдан эшитсанг, капалагинг учадиган маблағни йўналтиргани, ҳокимликларнинг қимматбаҳо автомашиналар харид қилиши жамоатчиликда ҳақли норозиликни келтириб чиқармоқда. Ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан аниқланган бюджет маблағларини мақсадсиз ишлатиш ва талон-торож қилиш, камомад ва ўзлаштиришга оид қонунбузилишлар, ушбу жиноятлар учун жавобгарликка тортилган мансабдор шахслар ҳақидаги статистик рақамлар ҳам у қадар қувонтирадиган эмас.
Гап кўпнинг ризқу насибаси бўлган, яъни, аҳолининг турмуш фаровонлигини, иқтисодий-ижтимоий соҳаларни яхшилашга, ўсиб келаётган авлод келажагига сарф этилиши лозим саналган давлат бюджети маблағлари ҳақида борар экан, бу масалада тирноқчалик ҳам масъулиятсизликка йўл қўйиб бўлмайди.
Ўзгариш бор, ишонч кам
Ўтган йили янгиланган Конституциямизда давлат бюджетини шакллантириш, унинг даромад ва харажат қисмларини белгилаш, шунингдек, ижросини таъминлашда фуқаролар ҳамда фуқаролик жамияти институтлари фаол қатнашиши, жамоатчилик назоратини амалга ошириши кафолатлари яратилди.
Маълумотларга кўра, жорий йил январь ойига юртимизда 30 мингга яқин бюджет ташкилоти ва давлат корхоналари мавжуд бўлиб, улар сарф этаётган харажатлар очиқлигини таъминлаш чоралари кўрилаётир. Шу билан бирга, 2019 йилдан бошлаб бюджет маблағларини тақсимлашда фуқаролар ҳам бевосита иштирок этмоқда. Бунинг самараси ўлароқ, туман (шаҳар)лар бюджетлари қўшимча манбаларининг камида 10 фоизи жамоатчилик фикри асосида шакллантирилмоқда.
2020 йилда қабул қилинган Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан илк бор республика бюджети харажатлари вазирлик ва идоралар кесимида Олий Мажлиси палаталари томонидан, маҳаллий бюджетлар харажатлари эса халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари томонидан тасдиқланиши белгилаб қўйилди. Маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг фаолиятига бевосита боғлиқ бўлган ҳамда тўлиқ маҳаллий бюджетлар ихтиёрида қолдириладиган даромад турлари кенгайтирилди.
Мазкур йилдан бошлаб барча давлат мақсадли жамғармалари ва четдан жалб қилинган ташқи қарз маблағлари ҳисобидан амалга оширилаётган харажатлари консолидациялашган давлат бюджетида акс эттирилиб, бюджет қамрови ва очиқлиги даражаси кучайтирилди. Халқаро стандартларга мувофиқ умумий фискал балансининг ҳисобини юритиш йўлга қўйилди. Янги таҳрирдаги Солиқ кодексида солиқларни ортиқча ундирганлик учун давлат солиқ хизмати органларининг жавобгарлиги кучайтирилди, солиқларни ҳисоблаш ва тўлаш тартиблари соддалаштирилди.
Лекин шунча шаффоф тизим яратилаётганига қарамасдан, бюджет маблағларини ноқонуний харж этиш, мақсадсиз сарфлаш ҳолатлари камайиши ўрнига, ортиб бораётгани таажжубли ҳол. Қурилиш, таълим, тиббиёт ва бошқа турли соҳаларда мансабдорларнинг бюджет маблағларини талон-торож қилганига доир хабарларга бот-бот дуч келишимиз оғриқли ва таассуфли.
Халқ демократик партияси депутатлари ва фаоллари бу масалада қандай позициядалар?
Партиянинг Сайловолди дастурида қандай таклиф-ташаббуслар бор?
Бели оғримаганнинг нон ейишини кўр
Робия КАЗИМОВА,
ЎзХДП Бухоро шаҳар кенгаши раиси:
– Фуқароларнинг бюджетни шакллантиришда иштирок этишга, асосан солиқлар эвазига йиғилган пул маблағлари қандай ва қаерга сарфланаётганини билишга, керак бўлса, бунинг устидан назорат қилишга ҳаққи бор.
Айтайлик, яқин-яқингача маҳаллага ичимлик суви келтириш ёки ички йўлларни яхшилаш, борингки, поликлиника ёки мактаб қуриш заруратини кўтариб чиққан фуқароларимиз мансабдор шахслардан «Давлат томонидан пул ажратилса, бажарамиз», деган жавобни олар, ўша маҳалладаги кўпчиликни қийнаб келаётган муаммо йиллаб ечилмай турар эди.
Давлат бюджетини шакллантириш ҳамда ижро этиш тартиб-таомиллари очиқлик ва шаффофлик принциплари асосида амалга оширилиши билан боғлиқ конституциявий тамойил жорий этилгач, вазият яхши томонга ўзгармоқда. Аввало, фуқароларнинг бюджет жараёнида иштирок этиш тартиби пайдо бўлди. “Ташаббусли бюджет” амалиёти орқали жойлардаги ижтимоий муаммоларни бюджетга киритиш ва уларни тезлик билан ҳал қилиш имкони яратилди.
Бироқ бу ижобий ўзгаришларга зид ўлароқ ҳалиям айрим бюджет ташкилотлари ва давлат корхоналарида мавжуд пул маблағларини мақсадсиз сарфлаш, керак-нокерак харидларни амалга оширишдаги бемалолчилик буткул йўқолмагани ҳам аччиқ ҳақиқатдир.
Халқимиз бели оғримаганнинг нон ейишини кўр, дейди. Худди шундай, бюджет асосида молиялаштириладиган ташкилот ёки корхонанинг кўп ҳолларда раҳбар ходимлари маблағларни талон-торож қилиши, юқорида айтганимдай, тежамкорликни унутиб қўйиши – бу энди уларнинг молиявий ва ҳуқуқий маданияти, виждони билан боғлиқ масаладир.
Ижтимоий сиёсатни давлат тараққиётининг туб негизи деб ҳисоблайдиган Халқ демократик партияси давлат бюджети маблағларини самарасиз ва мақсадсиз ишлатганлик учун жавобгарликни кучайтириш тарафдоридир. Мақсад ҳар бир сўм халқнинг фойдаси учун ишлатилсин.
Жамиятимиз ҳаётида ижтимоий муаммолар оз эмас. Ишсизлик ва камбағалликни қисқартириш, ногиронлиги бор шахслар, кексалар, хотин-қизлар, ёшлар манфаатлари ҳимоясини ошириш, замонавий таълим ва тиббий муассасалар бунёд этиш, коммунал хизмат кўрсатиш соҳасида йиғилиб қолган камчиликларни бартараф қилиш – булар заррача ҳам долзарблигини йўқотгани йўқ. Мана шундай бир пайтда халқ пули - бюджет маблағларига кўз олайтиришни, юмшоқроқ айтганда, кечириб бўлмайди.
Давлат бюджетидан қимматбаҳо совғалар берилишига чек қўйиш лозим
Нилуфар АБДУМАЖИДОВА,
ЎзХДП Норин туман кенгаши раиси:
– Давлат бюджети битмас-туганмас захира эмас. Бюджет маблағларини шакллантиришдан тортиб сарф этишгача бўлган бутун бошли жараён соат милларидек аниқликни, қонуний тартибни, интизомни, шунингдек, ҳалолликни талаб қилади. Буни ҳар бир мансабдор шахс чуқур ҳис этмоғи керак. Акс ҳолда, давлат ва халқ манфаатидан кўра, ўз манфаати иш фаолиятида устунлик қилиши, бу эса қатор қонунбузилишларга йўл очиши муқаррар.
Партиямиз мазкур йўналишда жавобгарликни кучайтириш билан бирга давлат бюджети ҳисобидан қимматбаҳо совғалар ҳадя этишни ҳам қонуний тақиқлашни таклиф қилмоқда.
Яширишнинг ҳожати йўқ, турли даражадаги амалдорларга байрамлар, тўйлар, туғилган кун ёки бошқа муҳим сана муносабати билан қимматли совғалар юбориш, хизмат сафарларига борганда ноз-неъматга тўла дастурхонлар ёзилиб меҳмон қилиш-у бу меҳмондорчиликлар «арзимас», деб аталадиган совғалар билан якунланиши билан боғлиқ тутум деймизми, одатми, айрим жойларда ҳали-ҳамон сақланиб қолмоқда.
Бундай совғаларни тақдим этиш ёки қабул қилиш манфаатлар тўқнашуви, коррупциявий ҳолат саналади. Беғараз совға қиймати шундай бўлиши керакки, давлат фуқаролик хизматчиси фаолиятида холис қарор қабул қилишига таъсир кўрсатадиган мажбурият юзага келмаслиги шарт.
Хориж тажрибасига назар ташласак, дейлик, АҚШ Давлат департаменти ҳар йили Федерал реестрда совғалар рўйхатини эълон қилади. Ҳар қандай даражадаги мансабдор шахсга ўз мамлакати фуқаросидан олинган совға, агар қиймати 50 доллардан ошса, пора ҳисобланади. Сенаторларга совғалар нархи йилига 300 доллардан ошмаслиги керак, умумий қиймати 75 доллардан ортиқ бўлган совғалар декларация қилинади.
Сингапурда эса вазирлар ва уларнинг оила аъзолари нархи 32 АҚШ долларидан кам бўлган совғаларни олиши мумкин, холос. Каттароқ суммадагисини эса вазирлар ўз ҳисобларидан давлатдан сотиб олишлари мумкин. Канада ҳукумати ходимларига қиймати пул билан ифодаланиши мумкин бўлган ҳар қандай совғаларни қабул қилишга рухсат берилмайди.
Бюджет, вазирлик-идора маблағидан иштаҳаси келиб қолиб шоколад олган, фарзандини хизмат машинасида мактабга олиб борган катта амалдорлар уятга қолганидан истеъфо беришга мажбур бўлгани ҳақида ҳам дунёда хабарлар оз эмас.
Кўриб турганимиздай, қимматбаҳо совғалар олиш ёки тақдим этишга нисбатан бундай қатъий ва кескин ёндашув замирида коррупциявий жиноятларнинг, давлат ғазнасига шахсий манфаатлар аралашуви билан чанг солиш ҳолатларининг олдини олиш мақсади турибди.
Ҳозирги давр бюджет маблағларидан тежамкорлик билан фойдаланишни тақозо этмоқда. Мамлакат ривожи, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, ислоҳотлар самарадорлиги бевосита шунга боғлиқ. Бу борада бюджет маблағларининг мақсадли ва оқилона сарфланиши устидан назоратни, жавобгарликни янада кучайтириш муҳим ва долзарб вазифадир.
Фарида МАҲКАМОВА,
“Ўзбекистон овози” мухбири.
«Ўзбекистон овози», 28.08.2023, №34-35